«Фейсбук»даги «блондинкалар»​дан огоҳ бўлинг!

0

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар кундалик турмушда тобора чуқурроқ ўрин эгаллаб бормоқда. Дастлаб ундан қулай алоқа ўрнатиш мақсадида фойдаланилган бўлса, ҳозир ижтимоий тармоқ аллақачон ўзаро мулоқотнинг асосий воситасига айланиб улгурган. «Фейсбук» эса Ўзбекистонда фойдаланиладиган етакчи ижтимоий тармоқлардан бири ҳисобланади, деб ёзмоқда Kun.uz.

Айни пайтда, аккаунт бош суратида чет эллик малла соч хонимлар тасвирланган «Фейсбук»нинг ўзбекистонлик фойдаланувчиларига дўстлик таклифи билан чиқаётганлар кўпайгандан-кўпаймоқда. Бундай таклифлар асосан эркак кишиларга нисбатан юборилаётган бўлиб, профил эгаларининг аксарияти, тармоқ сўровномасида, асли Франциядан экани иддао қилинади. Айримлари ҳатто яшаш жойини Тошкент, Бухоро ёки Жиззах сифатида белгилаб олгани ҳайратланарли ҳолат. Табиий савол пайдо бўлади: бу малла соч хонимларга ўзбекистонликлардан нима керак бўлиши мумкин?

Масала жиддий ёндашмоқчи бўлганимиздаёқ, ушбу ижтимоий ўйиннинг «қурбон»лари пайдо бўлган. Ўз шахсини сир сақлашни сўраган «Фейсбук» фойдаланувчисининг айтишига қараганда, дўстлик таклифидан кўзланган мақсад фирибгарлик йўли билан пул ундириб олиш бўлган.

«Дўстликни қабул қилишим биланоқ, менга инглиз тилида танишув хабарлари кела бошлади. Бу тилни ўрганишга бўлган қизиқишим чатни давом эттиришга ундади. «Burton Stanely»​ деб номланган профил эгаси мен ҳақимдаги айрим (уйланганлик, болаларим бор ёки йўқлиги ва ишим тўғрисидаги) саволларга жавоб олгандан сўнг видеомулоқотга киришиш фикрини ўртага ташлади. Қиз боланинг ўзи шундай таклиф билан чиқсаю (камига чет эллик), биз йўқ деймизми қабилада мен ҳам рози бўлдим. Мулоқот бошланиши билан қиз кийимларидан холи бўла бошлади. У ёғини айтишга тилим бормайди. Шайтон йўлдан урди…»​ – дейди кутилмаган вазиятга тушиб қолган йигит.

Маълум бўлишича, виртуал оламдаги бу малласоч, видеомулоқотни тўлиқ ёзиб олиб, уни тарқатмаслик эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилган. «Фейсбук»нинг ишлаш тизимини яхши тушунадиган дўстлари ёрдамида йигит бу аккаунтга «спам»​ беришга эришади, лекин устаси фаранглар янги «Paola Sandra»​ номи билан очилган профил орқали шантажни давом эттиришган. Машмаша 1500 доллар пул билан тугамаслигини тушунган ҳолда, тақдирга тан бериб, «Фейсбук»ни буткул тарк этиш – энг маъқул вариантдек кўринган ва шундай қилинган. Видеога келсак, «Бағдодда ҳаммаёқ тинч»​, ҳозирча.

«Айтишларича, шоҳ сохта эмиш?!»​

Ўтказилган кичик текширув натижасида аниқ бўлдики, «францияликлар»​ французча билмайди. Улар француз тилидаги хабарларга жавоб бера олишмаган, инглиз тилидаги ёзишмалар ҳам аввалдан тайёрланган бўлиб, шаблон асосида ҳар кимга бирдек жўнатиш учун мўлжалланган. Катта эҳтимол билан бир киши ўнлаб сохта фойдаланувчилар номидан ижтимоий тармоқда иш олиб бормоқда.

Огоҳ бўлинг!

«Фейсбук»нинг ўзбек аудиторияси кунига 4-5 нафар чет элликнинг дўстлик таклифига дуч келаётгани аҳоли орасида бироз тушунмовчиликка сабаб бўлмоқда. «Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур»​ – деб бежизга айтишмаган. Турли хаёллар оғушида, узоқни ўйламасдан интернетдаги нотаниш кишилар билан алоқа ўрнатишга шошилманг, зеро ҳеч бир иш шунчаки, манфаатсиз амалга оширилмайди.