АТИГИ 13 СОАТ ДАВОМ ЭТГАН БАХТ… (ёхуд англиялик янги куёв тўйдан сўнг 13 соат ўтиб келиннинг кўз ўнгида вафот этди…)

0

 

Англияда яшовчи Мишель Уайт хоним Скотт Пламлини шу қадар қаттиқ севар эканки, унинг оғир хасталигидан тасодифан хабар топгач, тўйни тезлаштириш ҳаракатига тушиб қолди. Аслида улар икки йилдан бери учрашиб юришарди. Аммо Пламли сурункали ошқозон ярасидан азобланишини севгилисидан сир тутарди. Дафъатан Уайтнинг қўлига касаллик варақаси тушиб қолди. Дарров врачларга учрашди. Улар айтишдики, Пламли нари борса икки кун яшаркан. Уайт хоним тўйни тезлаштиришга аҳд қилди. Дўстларни, қариндошларни фавқулодда касалхонага етиб келишларини сўради. Чунки ўша пайт Пламли касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётарди. Аҳволи тобора оғирлашиб борарди.

Мишель ЗАГС бўлимидагиларни ҳам касалхонага келишга кўндирди. Улар шу йўсинда никоҳдан ўтишди. Мишель оппоқ келинлик кўйлагида юзларидан нур ёғилиб севгилисининг ёнида турар, куёв бўлмиш ҳам гарчи сунъий нафас олдирувчи ускунага уланган бўлса-да, барибир бахтиёр эди.

Шундай қилиб орадан 13 соат ўтгач, Пламли севгилиси Мишелнинг қўлида жон таслим қилди.

— Мен бир умр қариялар уйида ишладим, — дейди Мишель қон йиғлаб. — Жуда кўп ўлимларга гувоҳ бўлганман. Лекин суйган инсонинг қўлингда жон берса барибир алам қиларкан. Шунга қарамай, мен бахтиёрман. Негаки, худо бизни ниятларимизга етказди. Ниҳоят биз турмуш қуриб, 13 соат бўлса-да, бир оилага айлана олдик.

Life. ru