Гайморитни бошланғич даврида уй шароитида даволаш

0

Гайморитга чалинган беморнинг юқори жағ соҳаси босиб кўрилганда оғрийди, бурнидан йирингли шиллиқ ажралади (гриппда эса бундай ажралма фақат сувга ўхшаш оқ рангда бўлади), қон таҳлилида лейкоситлар миқдори ошганлиги сезилади. Бундай вақтда зудлик билан шифокорга мурожаат этиш зарур. Даво чоралари кўрилса, бемор тузалиб кетади.

Касаллик ўз вақтида даволанмаса, бора-бора менингит (бош ва орқа мия қобиғининг яллиғланиши) ривожланиши ҳам мумкин.

Шунингдек, арахноидит (бош ёки орқа миядаги ўргимчак тўрисимон парданинг яллиғланиши) ва риноген кўз касалликлари рўй беради. Бундай асоратлар юзага келмаслиги учун бемор қунт билан муолажани охирига етказиши керак.

Гайморит энди бошланаётган пайтда сиз уй шароитида қуйидаги муолажаларни бажарсангиз бўлади:

  1. Товани қиздириб, ичига 2-3 ош қошиқ миқдорда гуруч ёки буғдой солинг. Обдон аралаштиринг. Донлар қаттиқ исигач, икки қаватли сурп халтачага солинг ва гаймор бўшлиғи устига қўйиб туринг. Муолажани кунига 2-3 марта бажарсангиз кифоя.
  2. Сувда иккита тухум қайнатинг. Тухумлар пишгач, иссиқ ҳолида буруннинг ҳар иккала ён соҳаларида думалатинг. Бу муолажани то тухумлар совигунича бажаринг. Муолажа кунига икки маротаба амалга оширилади.
  3. Мойчечак, ялпиз ва тоғрайҳоннинг қуритилганидан бир ош қошиқдан олиб сувга солинг ва паст оловда 5 дақиқа қайнатинг. Сўнг бошингизга катта сочиқни ёпиб, қайнатмани қайта-қайта ҳидланг. Бурун шиллиқ қавати куймаслиги учун тез нафас олманг. Муолажа вақти – 10 дақиқа.
  4. Бутун картошкани то юмшагунича пўсти билан сувда пиширинг. Сўнг идишга олиб, иссиқ ҳолида бурун атрофига қўйинг. Бурун соҳасининг териси куйиб қизармаслиги учун картошкани узоқ вақт босиб турманг, аксинча, енгилгина думалатганингиз маъқул.
  5. Гайморитни тузатишда яллиғланишга қарши ва томирларни торайтирувчи дорилар ёрдам беради. Шундайлардан бири эмулсия ҳолидаги “санорин” дориси бўлиб, уни кунига уч маҳалдан ҳар бир бурун йўлига 2-4 томчидан томизасиз. Агар гайморит тумовга қўшилиб бошланган бўлса, 0,05 ёки 0,1 фоизли “нафтизин” эритмасидан фойдаланинг. Бу дорилар бурун шиллиқ пардаси яллиғланишини йўқотиб, томирларни торайтиришда ёрдам беради.

Унутмангки, оддий тумов анча пайтгача давом этса, албатта гайморит келиб чиқиши учун имкон яратади. Шунинг учун ҳам йилнинг салқин фаслларида совуқ сув ичмаслик ва совуқ қотишдан сақланиш лозим. Ҳаво нам кунларда нафақат оёқни, балки бошни ҳам иссиқ тутинг.

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: