РЭПЧИ…

0

 

Қишлоқда шов-шув

 

Ўрта мозор қишлоғида бугун ростакамига шов-щув кўтарилди. Ҳамманинг оғзида бир гап. «Қишлоққа Мамир рэпчи келармиш! Концерт берармиш!» Болалар, бўй йигитлар эрталабдан рэпча кийиниб стадион атрофида кеза бошлади. Маҳалла оқсоқоли Мадамин маймоқ ажриқ босган қишлоқ стадионини ит-мушук, мол-қўйларнинг ахлати, дарахт баргларидан тозалаттириб тайёр қилди. Қариялар эса ҳайрон. «Рэпчиси ким экан?» деб бош қотиришди. Шунда Дўлтавой деган отахон уларга уқтира бошлади.

— Шуниям билмайсанларми, нодонлар? — қарияларга танбеҳ берди Дўлтавой ота. — Ўрисчани ўқиш керак эди, қишлақилар! Рэпчи дегани шолғом экадиган одамга айтилади. Локигин, бир нарсага ҳайронман. Кансет бўлади дейишяпти! Ҳойнаҳой, ўша шолғомчи йигит ашулаям айтиб турса керак…

Олдингиздан қора мушук югуриб ўтганчалик вақтдан сўнг бирдан стадионда шовқин-сурон бўлиб кетди. Ёш-яланг ажриққа тиз чўкиб олди-ю, баравар бақира бошлади.

— Ма-а-ми-и-ир!!! Вой-до-о-о-од, Мами-и-и-ир!!!

Қариялар ҳайрон.

— Ие, нимага булар тиззалаволиб бақириб қолишди? Тинчликмикан? Ё рэпчисига бир бало бўлдимикан? — дейишганча олдинга юришди. Шунда махсус саҳнада эгнига тиззалари, икки ёнбоши йиртилган жинси, футболка кийган, бошига дурра танғиб, устидан кепкасини қийшайтириб қўндириб олган узун бўйли йигит, ёнида тор шимли, футболкали бир қиз пайдо бўлди. Қизнинг футболкасини тикишаётганда мато етмай қолганми, қорни очилиб қолибди.

Дўлтавой ота уларни кўрди-ю, ёнидаги тенгқурларига мақтанди.

— Ана, айтмадимми шолғомчи деб? Кўрларинг, шўрлик йигит шошилибди шекилли, шолғом териб турган еридан тўғри келаверибди. Ана, устидаги кийимларига қараларинг, дала кийими! Ёшлар тўғри даладан келганига ачиниб бақиришяпти чамаси!

Мамир рэпчи йиғилганларга тек қараб турди-да, мини дискдан таралаётган мусиқа жўрлигида ашуласини бошлади:

— Хэлло, привет, салом! Мунча бақирмасейла! Котта холейлага тўй келдими? Ўзийлани босволийла-а-а-а!!!

Шунда ёнидаги тор шимли қиз хониш қила кетди:

— Азизим, хапа бўлишмасин! Устимиздан кулишмасин! Ахир, улар мухлислар, кансет ўтгач, чочимизни юлишмасин!

Қўшиқдан таъсирландими, ёш-яланг баттарроқ ажриққа тиз чўкиб бақирди:

— Муҳаббат ҳақида бўсэ-эн!!!

 

Севги ҳақида қўшиқ

 

Мамир рэпчи микрофонни оғзига худди еб қўйгудек даражада ёпиштириб олди-да, стадиондагиларга сўз қотди:

— Мани уважат қип кеганийлага раҳмат, азиз фанатларим! Ҳозир талабийлага кўра муҳаббат ҳақидаги хит ашуламизани айтиб берамиза! Только бору, терпет қилийла!

Шундай деб ёнидаги тор шимли қизга кўз қисиб олди ва кўзига қора кўзойнагини илиб хониш бошлади:

— Севгилэ-эм! Вой-вой-эй-й! Кеча ночда томорқангга чиқувдим, отанг қўлига палкасини олэ-эб ганят қип ташади-ку!! Почему? Нега? За што қувади, нимага? Энди нима қиламан? Кагда сени кўраман? Гапи-и-и-ир!!!

Рэпчига жавобан қиз ашула айта кетди:

— Қувғинга учрамай десангиз, ярим тун келинг эди! Отамнинг феълини билинг эди! Ажа-аб бўлсин энди, ажа-аб бўлсин!

Стадиондаги ёш-яланг қўшиқдан сармаст бўлиб ҳуштак аралаш қичқирди:

— До-од!!! Ўлиб қола-ма-а-а-ан!!!

Бўй қизлар эса ўз ҳолича қичқиради:

— Мамир ака-а-а-а-а!!! Ўлдирдинги-из мени-и-и-и!!! Мамир ака-а-а-а-а!!!

Мухлислари қичқириғидан руҳланиб кетган рэпчи шартта янги қўшиққа ўтди:

— Анави Темирбойни любовницаси ташлаб қочибди! Кечасиминан итлардан убегат қиганлари капейка бўпти! Бечора мужик! Аламда қоп кетди-ку, Саври-и! Кимга дардини айтсин энди, кимга?

Қиз қўшиқни давом эттиради:

— Темирбойиз ўзи қайсарийди-дэ! Ўйламай қадам босарийди-дэ! Юрадиган қизи тиш қўйдириб қўйинг деса, жаҳли чиқиб кетиб охирги тишиниям синдирибди-дэ! Шўрлик қизнинг чакагини тиндирибди-дэ!

Мамир рэпчи ниҳоятда илҳомланганиданми, югурганча ёш-яланг олдига тушди ва бўй қизларга қараб ашула айта кетди:

— Зуҳра, опэнг қани? Заҳро, опэнг қани? Ғирт жинни қип ташади-ку ўша опэнг мани! Чақи-и-ир опейни, чақи-и-ир! Агар чиқмаса бор-у, духини синдираман опэйни, жавоб, жавоб, жавоб!!!

Ёнидаги тор шимли қиз унга жавобан яна ашула бошлади:

— Опам семичкада! Опам семичкада! Кўпам бушеват қилуврмэнг! Сиз жа чирануврмэнг! Адамизаям ёнида! Духини синдиромийсиз! Опамни кўндиромийсиз!..

 

Отахонлар даврасида

 

Мадамин маймоқ қарияларнинг талабини инобатга олиб Мамир рэпчини улар даврасига олиб чиқди. Дўлтабой ота рэпчининг атрофини айлана-айлана бош қашиб сўради:

— Болам, манавиларга айтиб қўй, шолғомчисан десам ишонишмаяпти! Ўзинг айт!

Мамир рэпчи беўхшов кулиб қўйди-да, ритмда жавоб бера бошлади:

— Отахонла, хэлло, привет, салом димасэйлаям, алик омасейлаям, силани ҳурматлиймиза, ардоқлиймиза! Ценит қиламиза!!!

Йўлчи сартарош деган қария ҳайрон бўлиб ёнидагиларга бир қараб олди-да, рэпчига савол ташлади:

— Болам, қайси тилда гапиряпсан ўзи? Тушунмадик-ку!

Уни Мадамин маймоқ турта-турта уқтирган бўлди:

— Овсар, шаҳар тилида гапиряпти! Қишлақисан-да, тил билмайсан! Ўрган!

Йўлчи сартарош унинг танбеҳига эътибор қилмай, саннай-саннай ортга тисланди:

— Сочингам тўкилиб кетибди! Шолғомпоядаям манавиндай дурра танғиб юрган бўлсанг, қанақасига сочинг тўкилиши мумкин! Қатиқлаб ювиб туриш керак, болам сочни!

Мамир рэпчи бу танбеҳлар ёқмади шекилли, ёнидаги қизга қараб норози хиргойи қилганча стадиондан чиқиб кета бошлади:

— Вей, хит қиворишди була мани! Отсталие все! Қолоғакан, қолоқ! Юр, жоним, юр, шаҳарга добиратса қилийлу!

Қиз рэпчига эргашганча худди шундай хиргойи билан жавоб қилди:

— Нимаям қилардиз? Булани билардиз! Кеб нима қилардиз? Ҳа-а, кемасэйиз ўлардиз! Кетту-у-у-у-у!

Олимжон ҲАЙИТ