Чет эл киночилари билан суратга олинган ўзбек фильмлари ва хорижда суратга тушган ўзбек актёрлари (+фото)

0

Санъатдаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар қандай ҳамкорликдан санъаткорлар келгуси ижодида фойдаланади ва малака оширади, қобилиятини чархлайди, ўзга юрт ва халқнинг маданиятларини ўрганади. Илгари бўлиб ўтадиган санъат ва маданият кунлари, ҳамкорликда яратиладиган турли кино ва театр асарлари бунинг ёрқин мисолидир. Улар шартли икки йўналишда кечарди. Бири киностудиялар ҳамкорлигида яратиладиган фильмлар бўлса, иккинчиси алоҳида актёрларнинг у ёки бу чет эл фильмларига якка ҳолда таклиф этилиши.

 

Ўзбек киноси тарихидан иккала йўналишга тааллуқли мисолларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Собиқ иттифоқ давридаги киностудиялар ҳамкорлиги, аввало, икки ва ундан ортиқ давлатларнинг ўзаро молиявий ҳамда ташкилий манфаатларини кўзлаган ҳолда иттифоқнинг «Совэкспортфильм» орқали тузилган шартномалари асосида амалга ошириларди. Ана шундай ҳамкорликда яратилган дастлабки фильмимиз ҳақидаги ҳикоямизни мухлисларга таниш фильм муқаддимаси билан бошламоқчимиз: «…Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир”, дейдилар. Шунга кўра, мавзуни мозийдан, яқин ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг қора кунлари бўлган кейинги «хон замонлари»дан белгиладим».

Биринчи фильмимиз ана шу давр вакили ҳақида суратга олинган.

Аббос Бакиров Саид Олимхон ва Обид Жалилов Қушбеги ролида

Нэлли Отауллаева Ойгул ролида

1. 1955 йили «Мосфильм» киностудиясининг режиссёрлари Владимир Басов раҳбарлигидаги ва «Ўзбекфильм» киностудиясининг Латиф Файзиев раҳбарлигидаги ижодий гуруҳи томонидан яратилган ХХ асрнинг 20-йилларидаги Бухоро амирлигининг тақдири тўғрисидаги «Амирликнинг емирилиши» фильми бўлди. Фильмда Аббос Бакиров, Миробид Жалилов, Шукур Бурҳонов, Санъат Девонов, Сайфи Олимов, Саъдихон Табибуллаев, Қудрат Хўжаев, Турди Исломов каби машҳур ўзбек актёрлари иштирок этган бўлиб, улар қаҳрамонларининг ҳар бир сўзи ва хатти-ҳаракатидан алоҳида тагмаънолар топишга уринишган.

Бахтиёр Ихтиёров Жамолий ролида

Жамол Мониава Азиз ролида.

 

2. Навбатдаги фильм 1979 йили Совет қўшинларининг Афғонистонга кириб келиши тўғрисидаги «Кобулдаги жазирама ёз» номли картина бўлиб, уни ўзбекистонлик режиссёр Али Ҳамроев ва афғонистонлик Вали Латифий 1983 йилда суратга олишган. Фильмда афғонистонлик Жамол Мониава, Жон Муҳаммад, Фаина Саидшоҳ ва машҳур россиялик актёрлар Олег Жаков ҳамда Николай Олялинлар билан бирга ўзбекистонлик Матлуба Олимова, Бахтиёр Ихтиёров, Рустам Саъдуллаевлар турли образларни яратишган.

Амир Темур ҳайкалидан олинган сурат

Буюк Амир Темур-Беҳзод Муҳаммадкаримов 

3. Ҳар бир ижодкор умри давомида ўзи орзу қилган асарини яратиш учун бор куч-ғайратини, ижодий салоҳиятини аямай сарф қилади. Али Ҳамроевнинг ана шундай орзуси ушалиб, 1990-1992 йилларда «Буюк Амир Темур» (Темурланг) бадиий фильми суратга олинадиган бўлди. «Буюк Амир Темур» (Темурланг) фильми Италиянинг «Интернейшнл синема компани» (И.С.С.) билан ҳамкорликда суратга олиш учун махсус «Самарқандфильм» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмасини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг 1990 йил 4 апрель №133-р фармойиши Али Ҳамроев раҳбарлигида амалга оша бошлагач, қувончим ичимга сиғмади. Чунки фармойишда барча молиявий-ташкилий масалалар кўзда тутилган, масъуллар тайинланган эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, икки қисмли, ҳали ўзбек киноси тарихида бўлмаган кенг кўламли бундай фильмни олиш учун 30 миллион сўм сарфлаш мўлжалланди. Фильмда қатнашадиган 250 мингдан зиёд отлиқ аскарлар келишувга кўра, Россиянинг Елец шаҳридаги махсус ҳарбий қисмдан жалб қилиниши лозим эди. Режага кўра, фильм 1991 йилнинг апрелидан бошлаб бир йил давомида Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларида, Қозоғистон, Гуржистон, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Испания, Туркия, Италия ва Франция давлатлари ҳудудларида суратга олинадиган бўлди.

Соҳибқироннинг бутун ҳаётини акс эттирувчи мазкур фильмнинг сценарий муаллифлари италиялик Анжело де Женти, германиялик Фридрих Горенштейн ва ўзбекистонлик Али Ҳамроев, продюсерлар Италиядан Энсо Рисполи ҳамда Жузеппе Коломбо, режиссёр Али Ҳамроев, оператор Ронни Тэйлор, рассомлар Энрико Сабатини ва Жантито Буркьелларо этиб тайинланди.

Али Ҳамроев билан бўлган суҳбатдан сўнг жаҳон киносида анча машҳур кинорежиссёр Микеланжело Антониони тавсияси билан чет эллик ҳамкасблар 1990 йил октябрида Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда соҳибқирон Амир Темур тўғрисидаги дунёда илк бора яратиладиган бўлажак фильмнинг кенг рекламасини тарғиб қилишди. Ҳали йўқ фильмга қизиқиш пайдо бўлди. Тошкентда сценарий муҳокамаси билан бирга 120 кишидан иборат суратга олиш гуруҳи тез суръатлар билан ташкилий ишларни бошлаб юборди. Актёрлар танланиб, цехлар ишга тушиб, декорация, либослар, реквизитлар тайёрлана бошланди. Сўнг турли важлар кўрсатилиб: «Бош қаҳрамонни нега ўзбек ўйнамайди? Нега сценарийда Соҳибқирон жуда қаттиққўл ва қонхўр қилиб кўрсатилган?» деган саволлар ижодий гуруҳнинг тинчлигини бузди. Ахир Амир Темурни жаҳонга машҳур америкалик актёр Шон Коннери ижро этиши фильмнинг ярим муваффақияти, чет эл кинобозорига кенг йўл дегани эмасми?

“Мағрибдан машриққача бўлган ҳудудда Темурийлар салтанатининг барпо этилиши фақат тинч йўл билан амалга ошиши мумкин эмас!” Мутасаддиларга ана шундай тушунтиришлар ва тинимсиз қатнов охири салбий тус олди. Устига-устак, Москвада 1991 йил 19 августда давлат тўнтариши рўй берганини билиб, италиялик ҳамкорлар «Буюк Амир Темур» фильмини суратга олишдан умидларини узиб, юртларига қайтиб кетишди. Али Ҳамроевнинг йигирма йилдан бери аллалаб ўстирган буюк соҳибқирон Амир Темур тўғрисида фильм суратга олиш орзуси саробга айланиб, йўқ бўлди. Бу ўз навбатида чет эл кино аҳлида жуда нохуш миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлди, холос.

Шу ўринда зукко мухлислар «Ахир Соҳибқирон ҳақида фильм яратилди-ку!» дейиши мумкин. Маълумот учун айтиш мумкинки, фильм бюджетининг учдан бир қисмига буюк аждодимиз тўғрисида кино суратга олишдан Али Ҳамроев воз кечгач, режиссёрлар Бақо Содиқов ва Исамат Эргашевга «Буюк Амир Темур» фильмини суратга олиш топширилди. Режалаштирилган уч фильмдан биринчиси суратга олиниб, 1997 йили Тошкент халқаро киноанжумани кунларида Киночилар уйининг пушти залида намойиш этилди. Минг афсуски, залда ўн нафар талабадан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Мезбонлик ҳуқуқидан фойдаланиб, Тошкент киноанжуман дирекцияси номидан машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов фильм оператори Рифқат Иброҳимовга автомашина совға қилди. Натижа «Буюк Амир Темур» фильмининг Ҳиндистонда тайёрланган дастлабки киноматериаллари қарзи ҳисобига Ўзбекистонга берилмади ва киноасарнинг қолган икки қисми ҳам суратга олинмади.

 

4. Киноҳамкорлик соҳасида Латиф Файзиевдек самарали ва сермаҳсул ижод қилган ўзбек режиссёри бўлмаса керак. Қуйида унинг ижодига мансуб ана шундай бешта киноасар ҳақида маълумот бермоқчимиз.

Ҳиндистон. Кўҳна ва ҳамиша навқирон, ажойиботларга тўла гўзал ва сирли диёр. Жаҳонгашта сайёҳларнинг не-не машаққатлар билан бир неча денгизлар оша бу юртнинг жамолини кўришни орзу қилганлари тарихдан маълум. Ўзбек халқининг турмуш тарзи, орзу-умидлари, маданиятида муштараклик бор бўлганлиги учунми, санъатсевар халқимиз азалдан мафтункор ўлканинг санъатига ошуфта. Жумладан, ҳинд киноси билан танишганига ярим асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ўзбек томошабини ҳар бир янги ҳинд фильмини орзиқиб кутади. Киноижодкорлар эса ҳамкорликда фильмлар яратишга интилишади.

Турғун Азизов Саид Олимхон ролида

Олим Хўжаев Шандип бабу ва Виктор Войническу Камол ролларида

Шундай бахт қуши таниқли ва иқтидорли режиссёр Латиф Файзиевга қўнди. Режиссёрнинг дастлабки уриниши маълум сабабларга кўра «Тожикфильм» киностудиясида амалга ошадиган бўлди. Ҳинд рожаси Чандрнинг ўз халқи озодлиги учун кураши тўғрисидаги фильм Ҳиндистоннинг «Факир Чанд Меера» компанияси билан биргаликда Мирзо Турсунзоданинг «Гангдан Кремлгача» номли асари асосида 1975 йили суратга олинди. Унда ҳинд актрисаси Кэти Мирза, ўзбек актёрларидан Олим Хўжаев, Турғун Азизов, тожикистонлик Ҳабибулло Абдураззоқов, Аслиддин Бурҳонов, россиялик Игор Дмитриев, Валентина Титова ва молдавиялик Виктор Соцки-Войническулар турли ролларни талқин этишди.

Гулчеҳра Жамилова Малкани ролида

Гулшан Гровер Нур ролида.

5 Латиф Файзиев дастлабки синовдан ўтгач, ҳинд киночилари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга эришиб, араб эртаклари «Минг бир кеча» асосида машҳур ҳинд кинорежиссёри Умеш Мехра билан 1979 йили «Али бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари», 1984 йили «Севги афсонаси» ҳамда 1991 йили эса «Жунгли қонунларига кўра» фильмларини суратга олди. Барча фильмлардаги қўшиқларни таниқли ҳинд хонандалари Кумар, Лата Мангешкар ва Аша Бхонслилар ижро этишгани, унинг устига, учала фильмда Зикир Муҳаммаджонов, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Ёқуб Аҳмедов, Гулчеҳра Жамилова, Исамат Эргашев, Мурод Ражабов, Бахтиёр Ихтиёров ва Обид Асомов каби ўзбек, Хожадурди Норлиев — туркман, Софико Чиаурели — грузин, Фрунзик Мкртчян — арман ва россиялик Ролан Биков, Елена Санаева ҳамда Дхармендра Деол, Хема Малини, Зинат Омон, Прем Чопра, Санни Деол, Пунам Диллон, Митхун Чакраборти сингари жаҳонга машҳур ва севимли ҳинд киноюлдузларининг суратга тушгани фильмга ўзгача тароват бериб, томошабинларнинг энг севимли фильмларига айланди. Биргина Алибобо саргузаштлари ҳақида Америка, Япония ва Европа киночилари томонидан йигирмадан ортиқ бадиий фильмлар яратилган. Ҳиндистоннинг ўзида эса шу мавзуда 8 та бадиий фильм суратга олинган эди. Юқоридагилар Латиф Файзиев зиммасига катта масъулият юкларди. Шу боис бўлса керак, Али бобо ҳақида фильм олиш фикри туғилганидан то суратга олиш майдонида «мотор» сўзи янграгунга қадар, ташкилий ишларга беш йил вақт кетди. Айниқса, сценарий устида баҳс жуда қизғин бўлди. Чунки яхши фильм олиш учун уч нарса лозим: яхши ва пухта ёзилган сценарий, сценарий ва яна сценарий.

Ҳинд киночилари фильмни ёрқин табиий бўёқлар билан безашни, қувноқ куй-қўшиқ ва рақслар ила бойитишни кўзда тутганди. Латиф Файзиев эса хатти-ҳаракатлар билан ҳамоҳанг тарзда инсоннинг руҳий олами, ички дунёсини кенгроқ очиб беришга уринарди. Шу боис ҳам, ҳар бир эпизод, персонаж ва кадрлар устида икки томон орасида қизғин баҳслар бўлди. Оқибатда, тавсия этилган олти хил сценарийдан, ниҳоят, биттаси танлаб олинди ва суратга олиш ишлари бошланди. Бу борада ўзбек актёрларининг маҳорати устунлик қилди.

Шу ўринда қизиқ бир ҳолат, Хема Малинининг либосчиси бир йўла Дхармендранинг ҳам хизматкори эди. Зинат Омоннинг пардозчиси эса нозик қўллари билан ғиштни бемалол синдирадиган тансоқчиси ҳам эди.

Ёқуб Аҳмедов Қосим ролида.

Дхармендра Деол Али бобо ва Хема Малини Маржона ролларида.

«Али бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари» фильми ўша йиллари «Ўзбекфильм»да бир йилда суратга олинадиган 12 та тўлиқ метражли бадиий фильмлар орасида кўлами ва шуҳрати бўйича тенги йўқ эди. Фильмни суратга олишда юздан ортиқ либослар тикилди, қиличлар ясалди, минглаб камон ўқлари ва тилла тангалар тайёрланди. Фильмда Марказий Осиёдаги энг машҳур каскадёрлар қатнашди. Ўша вақтдаги нарх-навода бир миллион икки юз минг рублга суратга олинган фильм прокати бир миллиард икки юз миллион рублни ташкил этди. Фильмни бир йилнинг ўзида саксон миллион томошабин кўрди. Биргина Ҳиндистоннинг ўзида фильм эллик ҳафта узлуксиз намойиш этилди.

“Али бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари» фильми рус, инглиз ва ҳинд тилларига дубляж қилиниб, «Совэкспортфильм» ташкилоти орқали олтмишта чет давлатга сотилди. Машҳур фильм ўз вақтида дубляж қилинмай, фақат 2008 йили Ўзбекистон телевидениесида кадр ортидан ўзбек тилига ўгирилди, холос.

Зикир Муҳамаджонов Хуан ролида.

Мартиньш Вердиньш Жермен Кавалье ролида.

5. 1986 йили режиссёр Латиф Файзиев Марказий Америкадаги Гуадиана давлатининг миллий-озодлик ҳаракати ҳақида ҳикоя қилувчи «Аждар ови» фильмини Никарагуа киночилари билан ҳамкорликда яратди. Актёрларнинг таркиби: Алишер Пирмуҳаммедов, Баҳодир Йўлдошев, Зикир Муҳаммаджонов, Дилором Эгамбердиева — ўзбеклар, Ҳабибулло Абрураззоқов — тожик, болтиқбўйидан Мирдза Мартинсоне, Лемьбит Ульфсак, Мартинш Вердиньш ва никарагуалик Элли Кулл, Интс Буранслардан иборат бўлган.

Клаудия Кардинале Роксалана ролида.

Харри Кейтел Сандобал ролида.

6. Киностудиялар ҳамкорлигида суратга олинган навбатдаги фильм таниқли ўзбек кинорежиссёри ва ёзувчиси Учқун Назаров ҳамда марокашлик Сухайл Бен-Барка, Жамол Суассининг 1578 йили Марокаш халқининг Португалия, Туниснинг Испания истибдодидан қутулиш учун олиб борган курашлари, Соадатийлар сулоласининг тахт учун жанглари тўғрисида. Картина 1990 йили Италия, Марокаш ва Испания киночилари билан биргаликда суратга олинган «Уч қирол жанги ёки оловли дўмбиралар» фильмидир.

Байналминал актёрлар таркиби қуйидагича: Ўзбекистондан Ёқуб Аҳмедов, Клара Жалилова, Шуҳрат Эргашев, Мелис Абзалов, Фарида Мўминова, Тожикистондан Ҳошим Гадоев, Россиядан Сергей Бондарчук, Александр Пороховшиков, Альберт Филозов, Вера Сотникова, Борис Химичев, италиялик Клаудия Кардинале, Массимо Гини, Хоакин Инохоса ва Уго Тоньяцци, испаниялик Фернандо Рей ва Анхелина Молина, АҚШдан Харви Кейтел, Фарид Мюррей Абрахам, араб актёрларидан Абдураззак Ҳакам, Суад Амиду, Муҳаммад Басри ва Ясмина Бен-Барак каби таниқли актёрлар турли-туман тарихий образларни яратишган.

 

Маҳмуд Эсанбоев Бильге Оол ролида

 

Шуҳрат Эргашев Земарх ролида

 

7. Ҳамкорликда яратилган галдаги фильм ўзбек кинорежиссёри Ғиёс Шермуҳаммедовнинг «Мерос» студияси ва Марокашнинг «Кааик» кинофирмалари билан биргаликда 1994-1995 йиллари суратга олган «Авлодлар садоси: Буюк Турон ва Сўғдиёна» фильмидир. Картина VI ва VIII асрларда Марказий Осиёда туркий давлатчиликнинг ташкил бўлиши ҳамда исломнинг кириб келиши билан боғлиқ баъзи воқеаларни қамраб олган. Фильм Жазоирда ҳамда Ўзбекистоннинг Хива (Ичан қалъа), Қўқон (Шўрсув) шаҳри сарҳадларида суратга олинган. Киногуруҳда ўзбек актёрлари — Беҳзод Муҳаммадкаримов, Карим Мирҳодиев, Шуҳрат Эргашев, Жавлон Ҳамраев, Зикир Муҳаммаджонов, Мурод Ражабов, Мақсуд Отабоевлар, араб киночиларидан эса Муҳаммад Ҳамид Бенгуеттаф, Карима Яхъёвий, Ҳабиб Бухлифа, Муҳаммад Қадрий ва Абдулҳамид Шабунийлар суратга тушган.

Мазкур фильм бешта турли даражадаги киноанжуманларда намойиш этилиб, жумладан, 1995 йил июлда бўлиб ўтган Москва халқаро киноанжуманининг «Кинода тарихий мавзуни акс эттиргани учун» дипломи билан тақдирланган. Унинг бир нусхаси форс тилига дубляж қилиниб, 2005 йилги Теҳрон конференцияси аъзоларига намойиш этилиб, олқишларга сазовор бўлди. Фильм Жазоир давлати томонидан ажратилган икки миллион франкка ҳамда режиссёр ўзига расмийлаштирган юз миллион сўм банк кредити ҳисобига суратга олинган.

Чет эл фильмларида суратга тушиш азалдан актёрлар учун алоҳида мактаб вазифасини ўтаб, томошабинлар орасида ўзгача обрў-эътиборга лойиқ ҳисобланган, чунки у ҳар кимга ҳам насиб қилавермасди. Актёр учун чет эл киносида суратга тушиш унинг қобилиятини хорижда ҳам тан олинганлигининг исботи ҳисобланарди. Собиқ иттифоқ даврида чет эл фильмларида суратга тушиш ўзбек актёрларининг орзуси эди. Қолаверса, таниқли актёрларимизнинг ўз республикаларидаги ва иттифоқдаги обрў-эътибори ҳавас қилса арзигулик эди. Шундай бўлса-да, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Зикир Муҳаммаджонов, Раҳим Пирмуҳаммедов, Олим Хўжаев, Ҳамза Умаров, Борий Ҳайдаров, Латиф Файзиев, Тўлқин Тожиев, Ёқуб Аҳмедов кабиларни Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистонда суратга олинадиган фильмларга вақти-вақти билан таклиф этиб туришарди.

Масалан, халқ артисти Шукур Бурҳонов 1956 йили «Мосфильм»да суратга олинган «Илья Муромец» фильмида Калиншоҳни ўйнагани учун кунига энг юқори ставка — 10 рублдан ҳақ олган экан. Бироқ иттифоқ парчалангач, ўзбек киноси ўзининг аввалги обрўсини йўқота бошлади. Ёш иқтидорли кейинги авлод актёрлари: Шуҳрат Эргашев, Убайдулло Бақоев, Ойдин Норбоева, Талгат Нигматуллин, Матлуба Олимова, Рустам Саъдуллаев, Рустам Ўразаев, Шавкат Ғозиев, Сайдулло Молдахонов, Фарҳод Маҳмудов, Жаҳонгир Зокиров каби актёрлар хорижий давлатлардан тушган ҳар қандай таклифни бажонидил қабул қилиб, каттами-кичикми ролни ўйнашди.

Аммо таққослайдиган бўлсак, аввалгисида актёрлар кўпроқ юрт обрўси учун, кейингилари эса кўпроқ шахсий манфаат учун хизмат қилгандек туюлади. Қани энди, иккала манфаатни бирлаштириш имкони бўлса-ю, улар билан фахрлансак. Нима бўлганда ҳам, ҳозирча уларга холис баҳо бериш мушкул.

Таассуф билан шуни таъкидлаш жоизки, юқорида номлари тилга олинган охиргиси бундан 23 йил муқаддам суратга олинган барча тарихий фильмларнинг аксариятини ҳозирги томошабинлар мутлақо кўрмаган. Шуларни ўйлаб, ўз-ўзимга савол бераман-у, жавоб тополмайман. Нега гапирамиз-у, имконият бермаймиз, имконият топилганда қадрига етмасдан кўролмаймиз? Умумий натижа эса кўпинча ноль!

Шу ўринда Никола ПАГАНИНИнинг қуйидаги гапини келтириб ўтишни жоиз деб билдик:

«Қобилиятлиларга ҳасад қиладилар, истеъдодлиларга зарар берадилар, даҳолардан қасос оладилар».

Ҳабибулло АБДУЛМАЖИД