Ғаройиб ҳодисалар изидан: «АЛАМУТ ҚАЛЪАСИНИНГ ОЛТИН ХАНЖАРИ»

0

 

ОЛТИН ХАНЖАР СИРИ

 

Ўз даврида баланд қоялар устида қад ростлаган «Аламут» қалъаси (таржима қилинганда, «Бургут ини») ни Султон Фаттоҳаль-Мулк ҳам забт этиш учун кўп бор уриниб кўрган. Ҳар гал омадсизликка юз тутаверган. Лекин қалъани олиш учун келиб муваффақиятсизликка учраган биргина у эмасди. Қалъани эгаллашга уринган ҳар бир шахснинг бўйнига олтин ханжар келиб санчилаверган. Бу ханжар буюк Ҳасан ибн-ас-Сабоҳга итоат этган. Бу шахс тарихда «Тоғлар оқсоқоли» номи билан ҳам машҳур бўлган. Салжуқийлар султонлари, ҳиндлар, Хива хонлари, Иерусалим тўпанақчилари ҳам «Аламут» қалъасини забт этиш уёқда турсин, у томон назар ташлашга-да қўрқишган. Мана, масалан, юқорида номи тилга олинган ал-Мулк ҳам бир куни тунда уйғониб кетган-у, пешонасига олтин ханжар тўғриланганини кўрган. У ҳаммасини англаб етди. Ўша лаҳзадаёқ армиясини олиб ортга қайтди. Чунки ханжар иккинчи марта огоҳлантириб ўтирмасди. Қаншаридан олиши маълум эди.

 

ЕНГИЛМАС «ТОҒЛАР ОҚСОҚОЛИ»

 

Ўша даврларда қалъанинг бу қадар мустаҳкамлиги хўжайини «Тоғлар оқсоқоли» билан боғлиқлиги ҳақида турли миш-мишлар тарқалган. Оқсоқол одамларни ўзига бўйсундириш бобида ўз қудрати ва сирларига эга эди. Аскарлар, хизматкорлар нафақат ёруғ дунёда, балки нариги дунёда ҳам унга хизмат қилишган. Ҳар бир аскар оқсоқол учун ўйлаб ўтирмай жон беришга тайёр турган. Оқсоқолнинг қўл остидагилар садоқати эвазига Азроил жонини олгач, тош босган майдон ёки дўзахда эмас, аксинча жаннатда роҳат олишларига ишонишарди.

Ҳасан ас-Сабоҳнинг юзлаб садоқатли ва ишончли лашкарлари бўлган. Улар Сабоҳнинг фармонини ижро этишда ҳеч қандай тўсиқларга ён беришмасди. Керак бўлса, сабр қилишарди, кутишарди, аммо натижада фармон адо этиларди. Мисол келтирамиз. Кунларнинг бирида фидойи аскарлардан икки нафарига граф Тулузскийни ўлдириш вазифаси ишониб топширилди. Шубҳасиз, граф қудратли, уни ўлдиришнинг ўзи бўлмасди. Аскарлар насронийлар динини қабул қилишни маъқул билишди. Фақат шу йўл билангина графга яқинлаша олишларини англашди. Динни қабул қилгач, насронийлар армиясига қўшилиб олишди. Кўплаб жангларда фаол иштирок этишди. Графнинг ишончига киришди. Орадан икки йил ўтгач, ниҳоят фармон ижро этилди. Граф Тулузскийни ўша машҳур олтин ханжар ёрдамида ўлдиришди.

Лекин Ҳасан ас-Сабоҳ учун бу ҳам камдек эди. У ўзига ўзгаларни итоат эттириш, уларни қўрқитишнинг янада оригинал усулини топди. Бу нақ даҳшатнинг ўзи эди…

 

ЖАМШИДНИНГ ГАПИРУВЧАН КАЛЛАСИ

 

Кунларнинг бирида оқсоқол ётоғига 20 нафардан зиёдроқ ассасинни чорлади. Улар кириб даҳшатли манзарага гувоҳ бўлишди. Полда бир идиш турарди. Ичида овқат, овқатга эса одамнинг кесиб олинган калласи қўшилибди. Ҳасан ас-Сабоҳ ассасинларга тушунтирди.

— Бу калла, — деди оқсоқол. — Жамшид деган аскаримнинг калласи. У биринчи бўлиб ортимдан эргашганлардан бири эди. Аммо яқинда менга қарши ҳаракатлар содир этиб қўйди. Мен унинг калласини олишга мажбур бўлдим. Аммо Жамшид ўлиб ҳам қутулгани йўқ. Менинг буйруқларимни бажаришда давом этяпти. Энди сизлар унинг калласига савол беринг, албатта жавоб қайтаради. Мен уни қисқа муддатга тирилтираман. У сизларга менга қарши чиққанлар боқий дунёда қандай «жаннат»га тушишларини айтиб беради. Сизлар ҳам саволларингизни бераверинг!

Калла Сабоҳнинг хоҳишига кўра, жонланиб тилга кирди. У оқсоқолга қарши борганлар боқий дунёда қандай азобларга маҳкум этилишини гапириб берди. Кейин оқсоқол қиличи билан бошни иккига бўлиб ташлади. Шундагина ассасинлар боқий дунёда ҳам Сабоҳнинг фармонларини сўзсиз адо этишга мажбур бўлишларини яна бир бор тушуниб етишди.

yandex. ru