«Овсиним тавба қилди! Аммо…»

1

— Ўзим севган йигит билан аҳду паймон қилиб, катта оилага келин бўлганман. Келин бўлиб тушганимга ҳам уч йилдан ошди. Бир қизим бор. Худога шукр, тушган оиламдан нолимайман, ҳаммаси билан муносабатим яхши. Аммо… шу ширингина турмушимда битта оғриқли нуқта бор. Бир кам дунё деганлари, балки, шудир? Бу ҳам бўлса, овсинимнинг менга бўлган муносабати.

Авваллари «Овсин овсинга тош отади», деган гапни эшитсам, очиғи, бу гапнинг туб моҳиятини англолмасдим. Бироқ ҳар бир инсон бошидан ўтказсагина ҳис қила оларкан.

Янги келин бўлиб тушган кунларим елиб-югуриб, барча хизматларни сидқидилдан бажарардим. Янги оилам ҳам мендан хурсанд эди. Фақат овсинимдан ташқари. Негадир у мени кўрса, қовоғини солиб олар, саволларимга ҳам тузукроқ жавоб бермас, гўё мен билан гаплашишни истамаётгандек туюларди. Овсиним иккимизнинг ёшимиз тенг бўлса-да, ҳурмат юзасидан уни «Опа», деб чақирардим.

Овсинимнинг фарзандлари ҳали кичкина ва жудаям беғубор. Улар мени бошқача яхши кўришарди. Бир куни қизчаси ёнимга келиб:

— Келинойи, илтимос, расм чизишга ёрдамлашиб юборинг. Боғча опамиз расм чизиб келинглар, деган. Чизишга қийналяпман, — деди.

Мен кир юваётган бўлсам-да, ишимни ташлаб унга ёрдамлашиш учун хонага кирдик ва қизчанинг расм чизишига, сўнг шеър ёдлашига ёрдам бердим. Қизалоқ билан суҳбатга берилиб, овсинимнинг келганини ҳам сезмай қолибман. Иккимизнинг бундай ўтирганимиз унга ёқмаганлиги юзидан аён эди. Жаҳл билан бизга яқинлашдию қизини силтаганча бақирди:

— Нима, қиладиган ишинг йўқми сенинг? Шунчалик бекорчимисан?

Очиғи, бундай муомалани кутмагандим. Дағ-дағ титраб йиғлаётган қизчани ҳимоя қилишга чоғландим.

— Опажон, уни уришманг. Дарс тайёрлашига ёрдамлашдим, холос!

— Фарзандларимнинг тарбия­сига сиз аралашманг. Бунга ҳақингиз йўқ. Аввал ўзингиз бола туғинг, ундан кейин нима қилсангиз, ўзингиз биласиз!

Уйдан елдек учиб чиқиб, ўз хонамга кирдим. Очиғи, оёқ-қўлим ҳам мажолсиз, гўё менга бўйсунмасди. Йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолибман. Бир маҳал эшик тақиллади. Эшикни очсам, овсинимнинг қизи.

— Келинойи, овқатга чиқинг. Сизни ҳамма кутяпти, — деди у.

Менинг эса иштаҳам йўқ эди.

— Ҳозир умуман иштаҳам йўқ. Бироздан сўнг чиқаман, — дедим шишган кўзларимни артиб.

Қизалоқ индамай чиқиб кетди. Юз-қўлимни ювиб, аста ошхонага яқинлашдим. Эшик қия очиқ, овсинимнинг зардали гаплари эшитилиб турарди.

— Ана, кўрдингизми янги келиннинг аҳволини?! Ҳатто тайёр овқатга чақирсангиз ҳам чиқмайди. Супур-сидирни ҳам, овқатни ҳам ўзим қиламан шундоғам.

Эшик олдида бу гапларни эшитиб, яна оёқ-қўлим бўшашди. Гўё бошимга кимдир гурзи билан ургандек эди. Ахир бу ёлғон: супур-сидирни ҳам, овқатни ҳам доим ўзим қиламан-ку. Оиладагилар эса уни жим тингларди. Кўзларимдан оқаётган шашқатор ёшни артиб, индамай хонамга кириб кетдим. Хаёллар билан андармон ўтирсам, хўжайиним кириб келди. Хонага жаҳл билан киргани юз-кўзидан акс этиб турарди. Унинг дастлабки саволидан адашмаганимни тушундим.

— Нега кечки овқатга чиқмадинг?! — деди у тепамга келиб.

Мен нима дейишни билмай қолдим. Кундузи бўлган воқеани гапириб беришга энди чоғланаётган эдим, эрим яна гапимни бўлди.

— Нега келинойимга гап қайтардинг? Оиламизни менсимай, кечки овқатга чақирса ҳам чиқмабсан. Бу нимаси? Тарбия кўрганмисан ўзи?

Эримнинг охирги гапи юрагимни тешиб юборди. Барчанинг назарида гўё мен ёмонга чиқдим.

— Узр, келинойимга гап қайтарганим йўқ. Ўзлари мени хафа қилди, — дея олдим зўрға.

— Сен уканинг хотинимисан?.. Шундай экан, аканинг хотинини ҳурмат қилишни ўрган! Агар билмасанг, уйингга бориб ўрганиб кел!

Шундоғам тилка-пора юрагимни эримнинг бу гаплари янада эзиб юборди. У мақтаётган келинойисига нисбатан нафрат туйғуси илк бор ўшанда куртак отди. Ўрнимдан туриб, эримга юзландим.

— Келинойингиз мени ёмон кўради. Негалигини билмайман. Келганимдан бери мени қўймайди. Ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ…

Гапимни юзимга тушган тарсакидан сўнг давом эттиролмай қолдим.

* * *

Уйдаги дилхиралигу эрим билан келишмовчилик айнан шу йўсинда бошланди. Лекин энг алам қиларлиси, ҳамманинг назарида мен ёмон эдим. Овсиним эса ўзини қандай оқлашни, ҳар қандай вазиятдан усталик чиқиб кетишни биларди. Энг оғир кунлар фарзандли бўлганимдан сўнг бошланди. Шифокорлар чақалоқ қийналиб туғилгани учун яхши парвариш қилишимни қайта-қайта тайинлаб бир ҳафтадан сўнг рухсат беришди. «Энди овсиним нима деса десин. Лекин бор эътиборимни боламга қаратаман», дедим ўзимга-ўзим. Барибир, қилган ишларим уларнинг кўзига кўринмайди. Ўша кундан бошлаб рўзғор ишларига унчалик ёрдам бермай, бор диққатимни боламга қаратдим. Бу ҳолатдан овсинимнинг фиғони фалакка чиқаётгани аниқ эди. Орадан уч кун ўтиб, овсиним хонамга бостириб келди.

— Ҳой, Шаҳлохон. Сизда виждон борми ўзи?! Бир коса овқатингизни ҳам оқлаб ейиш қўлингиздан келмайдими? Нима, мен сизнинг чўрингизманми? Эртаю кеч сизнинг ўрнингизга ҳам хизмат қиламан.

Шу пайтгача овсинимга бирон марта гап қайтармаган эдим. Лекин ҳозир ҳаммаси бир бўлдию, бор нафрату аламимни сочгим келди.

— Нега мени бунчалар ёмон кўрасиз, опажон? Сизга нима ёмонлик қилдим? Мен билан нимани талашасиз? Кундошдан ҳам ўтиб тушдингиз-ку! Шу уйга келганимдан бери мени тинч қўймайсиз. Ҳаётимни заҳарга айлантириб бўлдингиз!  Хўш, бир-икки кун овқат пиширсангиз, рўзғор ишларини бажарсангиз, нима қилибди? Ахир сизнинг ҳам фарзандларингиз шу уйдан овқат ейди-ку? Аслида, мана шу уйнинг тирикчилигини мен билан баравар қилиш сизнинг ҳам вазифангиз, тушундингизми? Бундан кейин менинг хонамга овозингизни баландлатиб кирманг. Энди эса тезроқ чиқиб кетинг. Сизни кўргани кўзим йўқ!

Шундай дея эшикни қандай ёпганимни ҳам билмай қолдим. Умримда ҳеч кимга бунчалик қаттиқ гапирмагандим. «Мана, Шаҳло, ўзингни ҳимоя қилсанг бўларкан-ку», дедим. Сўнг юрагим бир нохушликни сезгандек гупирлаб ура бошлади. Ҳақиқатан ҳам, адашмабман. Орадан йигирма дақиқа ўтар-ўтмай эрим хонага важоҳат билан кириб келди.

— Шаҳло, нималар қилиб қўйганингни биласанми? Қани менга бошидан тушунтириб бер-чи! Ўзингдан эшитмоқчиман, — деди эрим овози титраб.

— Нимани тушунтираман? Ўзимни-ўзим ҳимоя қилдим. Ахир бу уйда мени ҳеч ким ҳимоя қилмаганидан кейин бошқа чорам йўқ эди-да.

Гапимни тугатар-тугатмас юзимга тарсаки тушди.

— Йўқол кўзимдан! Мени ва оиламни ҳурмат қилмайдиган хотиннинг менга кераги йўқ. Шу чоққача келинойимга ҳатто мен тик боқмаганману, сенга гап қайтаришга йўл бўлсин?! Энди йўқол! Бу уйда бошқа қорангни ҳам кўрмай! Болага эса қўлингни теккизишни хаёлингга ҳам келтирма…

Мен аранг ўрнимдан туриб, ҳеч кимга ҳеч нарса демай уйни тарк этдим. Очиғи, келинлик уйимни бу қадар хўрлик ва азоб билан тарк этаман, деб ўйламагандим. Уйга қай аҳволда келганимни ўзим ҳам билмайман. На қайнонам, на қайнотам ва на эрим мени тўхтатди. Ахир мен шу ниятда турмуш қурганмидим?

Орадан бир ҳафта ўтди ҳамки, улардан дарак бўлмади. Шундан сўнг эримнинг уйига бордим, аммо эшикдан киритишмади. Фарзандимни ҳам кўрсатишмади. Тақдирга тан бериб, ортга қайтарканман, машинанинг қаттиқ чийиллашидан қўрқиб кетдим. Аммо нима бўлганини кўришга ҳам, билишга ҳам ҳафсалам бўлмади. Йўлда фақат ажрашиш ва боламни бағримга босиш ҳақида ўйлардим. Ҳаётдан буткул кўнглим совиган эди. Ҳамма нарсага қўл силтагандим. Кунларим файзсиз эди, соғинч азобида ёниб, йиғлаб чиқардим кечалари. Шундай кунларнинг бирида уйимизда боланинг йиғиси қулоғимга чалинди. Шу пайт эшик очилиб, онам мени имо-ишора билан ёнига чақирди. Ҳайрон бўлдим.

— Меҳмонхонага кир. Уйингдагилар келишибди, — деди онам менга пичирлаб.

Юрагим шув этди. «Улар мен билан ажрим масаласида гаплашгани келишган», деб ўйлаб, нафрат билан хонага кирдим. Хона тўрида қайнотам, қайнонам ва эрим ўтирарди. Уларга салом бердиму, нигоҳим эримнинг қўлидаги болажонимга тушди. Эрим сезди, шекилли, ўрнидан туриб, болани қўлимга тутқазди. Болажонимни бағримга босарканман, кўзларимдан дув-дув ёш оқарди.

— Шаҳлохон, биз сизни тушунмаган эканмиз. Сизни ўз уйингизга олиб кетгани келдик… Ёки биздан шунчалар ранжиганмисиз? Сизни олиб кетишимизни овсинингиз қайта-қайта илтимос қилди.

Қайнонамнинг охирги сўзлари қулоғим остида жаранглади. Наҳотки овсиним менинг уйга қайтишимни хоҳлаган бўлса? Қандай қилиб? Ахир мени кўрарга кўзи йўқ эди-ку?! Кўнглимдан нималар ўтаётганини қайнонам сезди чоғи, яна гапида давом этди:

— Уйга борсангиз, ҳаммасини тушуниб оласиз. Овсинингиз ҳам аёл. У ҳам хато қилган. Энг муҳими, у бугун мана шу хатосини тушуниб етди.

Ўша куни келинлик уйимга қайтиб келдим. Уйга келдиму, ҳаммасини эшитдим. Мен бу ердан кетганимдан сўнг овсиним мен ҳақимда турли бўлмағур гапларни тарқатибди. Камига ўзининг узоқроқ қариндошини эримга олиб бермоқчи бўлибди. Бу қилаётган ишларига Худонинг қаҳри келганми, билмадим, йўлдан ўтаётганида машина туртиб юборибди ва яхшигина жароҳатланибди.

Уни кўргани шифохонага йўл олдим. Оёқ-қўли юзи аралаш оқ бинтга ўралган овсинимни кўриб, очиғи, унга жудаям ачиндим.

— Мен Шаҳломан, опажон, кўзингизни очинг!

У овозимни эшитиши билан кўзини очди. Қийнала-қийнала фақат шу сўзларни айта олди:

— Мени кечиринг, мендан рози бўлинг…

Унинг титроқ қўлларини маҳкам қисдиму кечирганимни ва тезроқ соғайиб, оиласи бағрига қайтиши Худодан сўраётганимни­ айтдим. Овсиним эса фақат йиғлар, гапларимни ҳам эшитмасди…

ШАҲЛОнинг сўзларини Нодира САИДАЗИМОВА
оққа кўчирди.

1 ТА ФИКР

Comments are closed.