Видео: «Аурум 898» тунги клуби қўриқчилари Жамшид Кенжаев қандай ўлдирилганини айтишди

0

 

«Тошкент» телеканалининг «Пойтахт-Вазият» дастурида «Аурум 898» тунги клубида юз берган фожиали ҳодиса ҳақида лавҳа берилди.

Лавҳада айтилишича, Жамшид Кенжаев 8 август куни «China Town» кафесида бўлиб, ўз танишининг туғилган куни муносабати билан уюштирилган зиёфатда иштирок этган. У бу ерда спиртли ичимлик ичган. Кейин, соат 23:30 атрофида тунги клубга борган.

«Унда пичоқ бўлган. Унинг қўлидаги пичоқни кўрган қўриқчилар уни ичкарига қўйишмаган. Жамшид уларни эшитишни истамаган ва зиддият юзага келган», – дейилади лавҳада

Қайд этилишича, Кенжаев икки қўриқчига ошхона пичоғи билан зарба берган. Кейин қўриқчилар унинг ўзини калтаклашган. Бита, пичоқ, оёқ ва қўллар билан етказилган жароҳатлар оқибатида Жамшид Кенжаев шифохонада жон берган.

«Тунги клубнинг 4 нафар қўриқчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 97 ва 277 моддалари бўйича жиноий иш очилган», – дея маълумот берган Тошкент шаҳри  прокуратурасида бўлим ўринбосари Фарҳод Бобониязов.

Лавҳа давомида тунги клуб қўриқчилари спортчини қандай пичоқлаб қўйишгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

 

«У (Жамшид – таҳр.) пичоқ билан зарба бергач, шеригимизни йиқитиб олиб, қўйиб юбормади. Унинг қўлида пичоқ бор эди, ундан тортиб олишнинг иложи бўлмасди. Биз қўрқиб кетгандик», – деган қўриқчилардан бири.

«У ўлдираман деб бақирарди. У жанжални давом эттираётганди. Кейин мен ундан пичоқни тортиб олиб, шок ҳолатда унга пичоқ тиқиб қўйдим», дейди уларнинг яна бири.

Сайёр суд вақтида жамоатчилик вакиллари тунги клуб қўриқчилари бу вазиятда ноқонуний ҳаракат қилишганига урғу қаратишган.

Репортажда қайд этилишича, «Аурум 898» тунги клуби қўриқчилари оғзаки келишув асосида ишга қабул қилинишгани, кунига 60 минг сўмдан иш ҳақи олишгани айтиб ўтилган. Бундан ташқари, қўриқчиларга хизмат вақтида биталар, пичоқлар ва бошқа турдаги қуроллардан фойдаланишга рухсат берилган.

Айни вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари тунги клуб фаолиятини текширишмоқда.

Дастурда марҳум спортчининг ўзи ҳам танқид остига олинган — ваколатли органлар унинг хатти-ҳаракатларига ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида баҳо бериши маълум қилинган.

«2006 йилгача Ўзбекистон эркин кураш терма жамоаси аъзоси бўлган Жамшид кейинги вақтларда ишсиз эди. У тез-тез спиртли ичимлик ичар, турли кўча жанжалларида иштирок этар ва ўзи билан пичоқ олиб юрарди. Афсуски, бунга ҳеч ким эътибор қаратмади», – деган мухбир.

kun.uz