Гипертония йил фаслларига ҳам боғлиқ!

0

 

Гипертония нималигини ҳозирда кўпчилик билади, бу артериал қон босимининг ошиши, миокард инфаркти, инсультлар, юрак хуружлари, юрак ва буйрак етишмовчилиги каби асоратларга олиб келувчи асосий сабаблардан биридир. Бу хасталикни халқ тилида «қон босими» дейишади.

Сўнгги пайтларда мазкур хасталик нафақат кексаларда, ҳатто ёшларда ҳам кузатилаётгани барчани ташвишга солмоқда. У, асосан, соғлом турмуш тарзига амал қилмайдиган кишиларда, ичкилик, чекиш, ёғли овқат ҳамда камҳаракатликдан воз кечолмайдиганларда қайд этилмоқда.

Замонавий технологиялар бизга барча қулайликларни муҳайё қилаётган ҳозирги даврда кўпчилик кишиларнинг турмуш ва меҳнат шароитлари камҳаракатликка асосланган. Шунинг учун шифокорлар 40 ёшдан ошган фуқаролар мунтазам равишда қон босимини ўлчатиб туриши кераклигини таъкидлашмоқда.

Хўш, меъёрий қон босими қанча бўлиши керак? Қон босими кўрсаткичи қандай бўлганда гипертония ташхиси қўйилади?

Одатда, қон босими эрталаб ҳали тўшакда ётганингизда энг паст бўлади. Куннинг иккинчи ярмида у бироз баландроққа кўтарилади. Гипертония йил фаслларига ҳам боғлиқ, яъни ёзда пастроқ, қишда баландроқ бўлади. Қон босими одам ҳаяжонланганда ҳам кўтарилади. Масалан, «оқ халат гипертонияси» деган тушунча бор, бу кўпинча таъсирчан одамлар шифокор қабулига кирганда кузатилиши мумкин. Бу вақтинчалик ҳолат, бироз вақтдан кейин меъёрига тушади. Шунинг учун бир марта баланд чиққан қон босимига асосланиб гипертония ташхиси қўйилмайди. Гипертонияга хос белгилардан шикоят қилган беморнинг қон босимини ҳафта давомида камида 3 марта ўлчаб кўриб, кейин аниқ фикрга келиш мумкин.

18 ёш ва ундан катта ёшдаги одамларда энг яхши систолик (юқориси) қон босими — 120 мм. сим. уст. ва диастолик (пасткиси) — 80 мм. сим. уст. ҳисобланади. Қон босими 130/85 мм. сим. уст. га тенг бўлса ҳам меъёр саналади. Бунда юқори чегара — 140/90 мм. сим. уст.

Гипертониянинг 3 босқичи мавжуд:

1-босқичи — 160/100, ички аъзо ва тизимларда ўзгариш бўлмайди. Вақти-вақти билан қон босими кўтарилиб-тушиб туради.

2-босқичи — 180/110, босим кўтарилиши тез-тез кузатилади. Бундай пайтда қон босимини фақат дорилар ёрдамида тушириш мумкин.

3-босқичи — 180/110 дан юқори, шу билан бирга аъзо ва тизимларда миокард инфаркти, мияга қон қуйилиши, буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин бўлган ўзгаришлар аниқланади.

АЛОМАТЛАРИ

Бу касалликда куннинг истаган пайтида бош оғриғи тутиб қолиши мумкин. Баъзан эрталаб уйқудан турганда ёки тунда ҳам безовта қилади. Йўталганда, бошни пастга эгганда, кучанганда оғриқ зўраяди. Шунингдек, айрим пайтларда энсада оғирлик сезилади. Юз ва қовоқлар бироз шишади.

Кўпинча руҳан сиқилганда, баъзан тинч ҳолатда ҳам юрак соҳасида оғриқ кузатилади.

Кўриш қобилияти издан чиқиши мумкин. Жумладан, беморнинг кўз олдини туман қоплагандай, бир нималар учиб юргандай бўлади.

Қулоқда шовқин эшитилади.

БУ МУҲИМ!

Гипертония (артериал гипертензия, хафақон)га дучор бўлган кишиларда гипертоник криз (қон босимининг жуда баланд кўтарилиб кетиши билан боғлиқ барча аъзолар ва инсон ҳаёти учун хавф туғдирувчи ҳолат) содир бўлиши мумкин.

Қаттиқ сиқилиш, оғир жисмоний зўриқиш, қон босимини туширувчи дори-дармонлар қабулини тўхтатиб қўйиш бу ҳолатга замин яратади.

Гипертоник хуруж бирдан бошланиб, қуйидаги аломатлар билан намоён бўлади:

кучли бош оғриғи;

кўриш қобилиятининг бузилиши;

кўнгил айниши ва қайт қилиш;

тери, шиллиқ қаватлар ва юз қизариши;

баъзан кўкракда эзғиловчи оғриқ;

нафас етишмаслиги;

айрим ҳолларда тутқаноқ.

Бундай пайтда беморни қўзғатмасдан, боши остига баландроқ ёстиқ қўйиб, зудлик билан «Тез ёрдам» чақириш керак. Гипертоник хуруж пайтида қон босимини туширувчи дори-дармонларни билиб-билмай юқори дозада ичиб қўймаслик лозим, бу беморнинг ҳаётини хавф остида қолдиради.

УНУТМАНГ!

Қон босимини бирдан эмас, аста-секинлик билан тушириш лозим.

Айниқса, гипертониянинг иккинчи ва учинчи даражали ҳолатида қон босимини тез тушириш инсульт ҳамда миокард инфаркти ҳолатларининг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Бугун жаҳонда гипертония дозаси камайтирилган бир нечта дорилар жамланмаси ёрдамида даволанмоқда. Шунингдек, артериал қон босимини кун давомида бир меъёрда ушлайдиган дорилар кашф этилмоқда. Асосийси, гипертония билан оғриган беморлар фақат шифокор тавсия қилган дориларни белгиланган дозада қабул қилиши лозим. Акс ҳолда, дозани ошириш ёки «Бўлди, тузалдим», деб дорини ичмай қўйиш натижасида гипертоник криз юзага келиши мумкин.

ДАВОЛАШДА НИМАЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ?

1. Беморларни касалхонага ётқизиш.

2. Касалхона кун тартибига риоя қилиш.

3. Парҳезга амал қилиш.

4. Гипотензив дори воситаларини шифокор кўригидан кейин қўллаш.

5. Ҳар доим шифокор назоратида бўлиш.

6. Санатор-курорт шароитида даволаш, физиотерапия.

7. Зарурат бўлганда юрак гликозидлари тайинлаш.

8. Шунингдек, болдирга горчичник, оёққа иссиқ ванналар қилиш ҳамда жисмоний осойишталикни сақлаш тавсия қилинади.

Касалликнинг олдини олиш учун меҳнат ва турмуш шароитларини, соғломлаштириш тадбирларини яхшилаш керак. Ўз вақтида дам олиш, уйқуни яхши ташкил қилиш, корхонада ва оилада ўзаро яхши муносабатларни эришиш жуда муҳим. Касаллик аниқланганда ўз вақтида даволаниш асоратларнинг олдини олишга ёрдам беради. Қон босимини тушириш учун ортиқча вазндан халос бўлиш, чекишни ташлаш, алкоголь ҳамда туз истеъмолини кескин камайтириш лозим. Энг муҳими, соғлом парҳез ва жисмоний машқлардир.

Жаҳон тан олган доктор, парҳезлар бўйича эксперт Мэри Эниг шундай дейди: «Юрак саломатлигини тиклаш учун фақат холестеринни камайтириш эмас, балки витамин В6 га бой озуқаларни кўпроқ истеъмол қилиш, витамин ва минераллар танқислигининг олдини олиш, антимикроб хусусиятли ёғларни (масалан, иситилмаган сарёғ, кокос ёғи) истеъмол қилиш, оқ ун ва шакар истеъмолини кескин чеклаш, рафинадланган ва қиздирилганда таркиби ёмон томонга ўзгарадиган ўсимлик ёғларидан воз кечиш керак».

УЙ ШАРОИТИДА ҚОН БОСИМИНИ ТУШИРИШ
УСУЛЛАРИ

Қон босимини меъёрга келтириш учун қуйидаги тавсияларни қўллаш мумкин:

1. Мунтазам тарзда янги бодринг, бодринг шарбати, брокколи ва бодринг қўшилган салатларни истеъмол қилиш қон босими меъёрда бўлишига ёрдам беради. Салатга соус сифатида зайтун ёғи, олма сиркаси, минерал сув, бироз асал, бироз занжабил, ёнғоқ ва мурч қўшсангиз ҳам бўлади.

2. Кунингизни доим янги сиқилган лимон суви ёки тоза иситилмаган асал ва сув аралашмаси билан бошланг.

3. Кундалик таомномангизга бодомни ҳам киритинг. Бодом юрак касалликларининг олдини олишда ёрдам беради.

4. Табиий, иситилмаган ва шакар аралаштирилмаган асал юрак мускулларини қувватлантиради ҳамда қон айланишини яхшилайди, шунингдек, инфаркт ва инсультдан ҳимоя қилади.

5. Долчин ва асални аралаштириб, нонушта пайти нон билан ёки илиқ чой билан истеъмол қилиб туриш юракни соғломлаштиришга ва инфарктнинг олдини олишда ёрдам беради.

6. 3 чой қошиқ долчин, 2 ош қошиқ табиий асал ва 2 стакан сувни аралаштириб ичиш қон босимини туширишда кўмаклашади.