Нокнинг сиз билмаган фойдалари

0

Нок — раъногулдошлар оиласига мансуб дарахт. Шевада бу мева нашвати, олмурут деб ҳам айтилади. Олимлар уни уч минг йиллар олдин Қадимги Юнонистонда маданийлаштирилган, деб ҳисоблашади. Ўзбекистонда нокнинг бир нечта турлари ўстирилади.

 

Маданийлаштирилган кўчатлари 4-6 йилда ҳосилга киради, апрелда гуллайди, июнь-октябрда меваси пишади. Нок турларининг етилиб пишган, янги узилган меваси, қуритилган қоқиси истеъмол қилинади.

Нок таркиби глюкоза, фруктоза, сахароза, органик кислоталар, ферментлар ва бошқа турли биологик фаол моддаларга бой. Унинг таркибида витаминлар кам. Хусусан, С, В1, В2, В6, РР, Е витаминлари, каротин ҳамда темир, калий, магний, натрий, кальций, рух, молибден, никель, ванадий, йод, фтор ва бошқа микроэлементлар учрайди.

Нок қадимдан халқ табобатида турли касалликларни даволашда қўлланилган. Бу меванинг асосий шифоси чанқоқни қолдириш ва сафронинг (ўт) меъёрий ишини таъминлашдир.

Янги узилган меваси ва қоқисидан тайёрланган қайнатма ва кисель сийдик ҳайдовчи, иситмани пасайтирувчи, яллиғланишга қарши, йўтал ва ич кетишини тўхтатувчи таъсир кўрсатади. Шу жиҳатлари билан яралар ва шамоллашни тез фурсатда даволашга ёрдам беради.

Нок таркибидаги калий юрак фаолияти ишини яхшилайди. Йод моддасига бой бўлгани учун қон томирлари фаолиятини изга солишга ёрдам беради. Янги пишган меваси ичаклар ҳолатини яхшилаб, бактерияларга қарши курашиш хусусиятига эга. Таркибидаги клетчатка меъда-ичак ишини қўллаб-қувватлайди, қабзиятга барҳам беради. Ундаги пектин моддаси организмдан заҳарли моддаларни ҳайдаб чиқаради.

Шунингдек, бу мева стресс ва депрессияга қарши курашиш, меъда-ичак тизимини микроблардан ҳимоя қилиш, овқат ҳазмини яхшилаш хусусиятига эга. Бундан ташқари, нок сурункали буйрак касалликларини даволашда самарали натижа беради. Қирғичдан ўтказиб тайёрланган нокли ниқоб эса сепкилларни йўқотишда фойдалидир.

Буюк ҳаким Ибн Сино ич кетишини тўхтатишда ҳамда сафрони ҳайдашда нокдан фойдаланган. Шамоллаганда майда нокдан тайёрланган қайнатма билан томоқ чайишни буюрган.

Нокнинг дезинфекцияловчи самараси ичаклар ва буйрак-сийдик йўлларининг яллиғланиш касалликларини даволашда кўринади.

Нокни овқатдан 30-50 дақиқа кейин истеъмол қилиш лозим.

Нок юрак-қон томир тизимини тетиклаштириб, буйрак ва пешоб пуфаги яллиғланишининг олдини олади. Шунингдек, жигар ва қандли диабет касалликларида, семизликнинг олдини олишда кунига 3-4 дона яхши пишган нокдан тановул қилинса, шифо бўлади.

Агар беморнинг қон босими кўтарилса, бир пиёла қуритилган нок ва ўрик мевасини аралаштирган ҳолда устига сув солиб, ўрта оловда қайнатилади ҳамда тиндириб қўйилади. Сўнг ундан ҳар куни 3-4 маҳал ярим пиёладан ичиш лозим.

Бод касаллиги безовта қилганда ҳам унинг дамламаси фойдалидир. Бунинг учун қуритилган, майдаланган нокдан 2 чой қошиқ олиб, устига 1 пиёла қайноқ сув қуйилади. 2 соат давомида тиндирилгач, кунига уч маҳал 1-2 ош қошиқдан ичилади. Холециститда ҳар куни наҳорда бу мевадан 2 дона тановул қилиш ёки ёввойи нокдан тайёрланган, шакар солинмаган шарбатидан ичиш яхши фойда беради.

Нокни мунтазам равишда истеъмол қилиш ичак саратонининг олдини олади.

Бундан ташқари, нок паст калорияли мевалар сирасига киради. Унинг энергетик қиймати 100 граммга 58 килокалорияни ташкил этади.

Нокда етарлича миқдорда C витамини мужассам. 100 грамм янги нокда ушбу муҳим витамин кунлик истеъмол миқдорининг 7 фоизи мавжуд.

Нок таркибида, шунингдек, оз миқдорда бета-каротин, лютеин ва зеаксантин мавжуд. Улар C ва А витаминлари билан биргаликда организмни зарарли моддалардан муҳофаза қилади.