ПЎКАНБОЙ АКАНИНГ ПИС-ПИС ДОРИСИ…

0

 

«Сичқонмисан, суваракмисан, нари тур-э!»

 

Беш болам бор. Хотиним Тўхтанисахон, энамминан қўшиб ҳисоблаганда, саккиз жонмиз. Шаҳарда беш хона кавартиримиз бор. Жўражон, маҳмадоналикка йўйманг-у, аммо кейинги пайтда уйимизда жа катта муамммо пайдо бўлган. Шу десангиз, ниманингдир иси келаверади уй ичидан. Сичқонми, суваракми, билиб бўлмайди. Бир сафар мушук ҳам сотволмоқчи бўлдим. Қўрқдим. Беш яшар супрақоқди ўғлим мижғилаб ўлдириб қўядими деб ўйладим. Нима қилишни билмай, охири хотиним Тўхтанисага маслаҳат солдим.

— Хотин, анави кўча бошидаги дўконда писиллатар боракан. Мевалар, гуллар, ҳатто денгизнинг исини берадиган хилиданакан. Шундан биттасини олиб келайми? Уйимиздан бадбўймас, гуллар, мевалар, денгизларнинг иси келадиган бўларди. Пўрим бўп қолардик бизам!..

Шундай деб хотинимга умидвор боқдим. Нега дейсизми? Ахир, хотин-да! Сўрамасам, маслаҳат солмасам кун йўқ. Шартта тўхтатиб ташлайди Тўхтанисам!..

— Тўхтанг, — масалани кўндаланг қўйди Тўхтанисам. — Мева иси келса, мева егим кеп қолади, оберасизми? Денгиз исини димоғимда туйиб узо-оқлардаги денгиз бўйларига боргим кеп кетса, оборасизми?

— Обораманам, обераманам! — дедим бўш келмай.

— Битингизга оберасизми? — шанғиллаб берди хотиним. — Чўнтагида ҳемири йўғ-у, оберармишлар! Бошқа йўлини топинг! Уйдаги бадбўй исларни даф қилинг!..

 

Қовоғ-у нўхатхўрлар

 

Нима қилишни билмай, аста энам ётадиган хонага кирдим. У ерданам ўша ёқимсиз ҳид келяпти экан. Юзим қолиб димоғимгача буришиб кетди. Қарилик бўлса керак-да, энам миқ этмай ўтирибди. Мундай ижирғаниб ҳам қўймайди.

— Эна, сиз сезяпсизми-йўқми, — дедим гапни узоқдан бошлаган киши бўлиб. — Локигин уйимиздан ё сичқон, ё суварак иси аримай қолди. Нима қилсам йўқоларкан-а?

— Қовоқминан нўхатни камроқ ейиш керак, — уришиб берди энам. — Ҳаммангнинг ичинг дам бўп кетган!

— Ие, эна, — дедим бош қашиб. — Қовоқ сомса, манти, нўхат шўрвани емай бўларканми? Ў-ўзингизам ейсиз-ку!..

— Мен сенларчалик емайман. Ҳай бола, қариган чоғимда шарманда қилма мени! Бор, исга чидамасанг, Тўхтамирза жўрангга маслаҳат сол! Ўша балони билади.

— Ростдан-а? Сиз қаердан биласиз?

— Қари билганни пари билмас, бор, бор!

Энамга ишонқирамай бирпас қараб тургач, каллам ишлаб кетгандай сапчиб ўрнимдан турдим. Ҳа-я, Тўхтамирзанинг билмагани йўқ. Бир учрашай-чи, зора бадбўй исдан қутулсак!..

 

Қайдасиз, Пўканбой ака?

 

Вей, энамга тан бердим. Ростданам Тўхтамирза биларкан йўлини. Тўғри, бирпас пайсалга солди, «айтсамми, айтмасамми» дегандай бўлди-ю, барибир айтди.

— Пўканбой ака деган бизнесмен бор, — деди у. — Ҳақиқий бизнесмен. Ўзига Фарангистоннинг ноёб атиридан сепиб юради.

— Бизнесмен дедингми? У нима дегани? Катта савдогарми? Нима сотади ўзи?

— Хомкалла, — деди Тўхтамирза мени масхаралаган каби иржайиб. — Ҳеч нарса сотмайдиям, олмайдиям. Сенга ўхшаб уйини сичқон, суварак иси босганларнинг ҳожатини чиқаради. Бор бизнесиям шу. Уйингга кириб пича ўтирса, тамом, ёқимсиз ис ўрнини фаранг атири эгаллайди. Ишон, бу ис бир ойгача кетмайди.

— Ў, зўракан-ку бизнеси! — дедим оғзимни ланг очиб. — Қ-қанча олади хизмат ҳақига?

— Пул олмайди, — дея юзини терс бурди Тўхтамирза. — Бир «чашка» қаҳва дамлаб берасан. Шуни ичади-ю, кетади. Ҳожатбарор бизнесменлардан у.

— Ҳа-а, ҳақиқатан шундайга ўхшайди. Эҳ, шу одамни ҳозироқ топиб бер! Бизнинг уйданам фаранг атири иси келсин! Суварак, сичқонлар жонга тегди-ку, жўра!

— Ҳовлиқма! Пўканбой акани чақириш учун навбатга ёзилишинг керак. Камида бир ойда навбатинг етади.

— Йўғ-э, — оғир хўрсиндим мен. — Сал олдинроқ чақиришнинг иложи йўқмикан?

— Бўпти, мен бир гаплашиб кўраман. Зора кўндирсам! Ўзим сенга хабар бераман.

Шу кун мен учун росманасига байрамдек кечди. Тўхтамирза жўрамни алқай-алқай, ухлаб қолдим.

Менинг нечта хотиним бор ўзи?

 

Пўканбой ака мардлик қилди. Жўрамнинг гапини ерда қолдирмай, бизникига қадам ранжида қилди. Воҳ, ростакамига бизнесмен экан. Ҳатто дастрўмолчасининг ҳам қирини чиқариб дазмоллатибди. Номақбулга йўйманг-у, жуссасиям негадир ўша фаранг аёллариники каби ҳилвираган, эгилувчан ва нозик экан. Ҳадеганда гоҳ юзи, гоҳ кўзларини кўрсаткич бармоғи билан силаб олишини кўриб оғзим ланг очилди. Бизнесменлар шунақа нозиктаъб бўлса керак-да!..

Бизникига киргач, қаҳва ичиб бўлди-да, ўрнидан туриб бошидаги шляпасини ечди. Вей, боши жуда қизиқ экан Пўканбой аканинг. Кал-у, аммо тўртта узун соч ўрнида қолибди. Пўканбой ака шошилмай киссасидан тароқ чиқарди-да, кўзгуга қараб ўша тўртта сочини ҳали ўнг, ҳали чапига тараб кўрди.

— Сизнингча сочларимни қандай тараганим маъқул? — сўради мендан. — Орқага тараб қўя қолайми?

Мен тепакал бошимни силаганча хижолат аралаш жавоб қилдим.

— Билмадим, ака, тароқ ишлатмай қўйганимгаям, ўттиз йилдан ошди. Ҳалиги…

Пўканбой ака шу каби майда-чуйда ишларини битириб олгандан сўнг асосий масалага ўтди. Илтимосимни ерда қолдирмай, киссасидан ўша менинг тинчимни ўғирлаган пис-пис дорисини олди-да, кийимининг ҳар ер-ҳар ерига писиллатиб сепди ва шундан кейин ҳожатхона, ваннахона, ҳатто балконларгача чиқиб келди. Кўрибсизки, бутун уй ичини ўша машҳур фаранг атирининг иси қоплади. Бахтимга уйдагиларнинг ҳаммаси Сурманиса аммамникига меҳмон бўлиб кетишувди. Яхши бўлди. Уларга росмана сюрприз кўрсатадиган бўлдим…

Афсус… Сюрпризим бошимга бало бўлишини билмаган эканман. Хотиним Тўхтаниса уйга кирибоқ гирибонимдан олди.

— Ҳали йўғимда бегона аёл билан дон олишадиган бўлдингизми? — дея дераза ойналарини очиб ташлади хотиним. — Ким ўша манжалақи, ким? Қани, тез у ярамасни топасиз! Бўлмаса, ажрашаман!..

Энам ҳам тек ўтирмади.

— Ҳали сени шу ниятда катта қилганмидим, ит ули? — қарғаб ҳассасини нақ кўзимга тиқволаёзди энам. — Индамас, ювош десам бунақа қилиқларингам бор экан-да ҳали! Вей, жувонмарг, иккинчи хотинни қачон топа қолдинг-а?..

Хуллас, икки ойдан бери тинчлик йўқ. Пўканбой аканинг пис-пис дориси, яъни, фаранг атири худонинг берган куни дастурхон тепасида муҳокама қилинади. Тўхтанисам мен билан гаплашмай қўйган. Қарғансаям, болаларим орқали қарғаниб оладиган бўлган. Қачон атир эгаси билан юзлаштирсам, кейин гаплашиш-гаплашмасликни ўйлаб кўраркан. Туққан энам ҳам нуқул менга ўқраяди, бош кўтаришга қўймайди. Пўканбой акани кўрсатардим, мен учрашган одам аёлмас, эркаклигини исботлардим, бу бизнес эканига уйдагиларимни албатта ишонтирардим. Пўканбой акани энди беш ойдан кейингина олиб келишим мумкин экан. Навбатда турганлар кўпмиш. Нима қилай? Пўканбой акага бўлиб ўтган ишларни тушунтириш, хотиржам кунлар ортга қайтишини тезлаштириш, уқтириш, илтимос қилиш учун ҳам қабулига кириш зарур экан. Бироқ қабулига киришнинг ўзи бўлмаскан. Нима бўлгандаям, бизнесмен-да!

Олимжон ҲАЙИТ