Ўткир Ҳошимов ҳикояларидан туҳфа: «Ҳаяжонланманг» (ҳикоя)

0

Машойихлар билиб айтган экан: дўстнинг эскиси, хотиннинг янгиси яхши бўларкан. Янги хотин дегани-чи, янги калишга ўхшаркан, вей! Иссиққина, юмшоққина. Торгина… Аввалги хотини сигирмижоз эди. Лапанглаб юрадими-ей, овқатни пишиллаб ейдими-ей… Бунисининг юргани билин-майди-я! Мушукка ўхшайди, барака топгур! Бирам одобли, бирам меҳрибон! Икки гапнинг бирида «жоним» дейди.
Унсизгина пилдираб келади-да, тиззасига ўтириб олади. Тиззасига ўтири-и-и-б, томоғини ялайди. Шундай қилса, эркак кишининг асаби ором олармиш. Дўхтир-да, билади… Аввалги эри шундоқ хотиннинг қадрига етмаган экан, номард!
Мана, бугун ҳам диванда ўтире-е-еб, «Саломатлик» журналини ўқиётган экан. Эри эшикдан кириб келиши билан мулойим товушда сўради:
—  Яхши келдингизми, жоним?
—  Яхши, — деди эр, — бугун мажлис бўлди.
—  Ҳаяжонланманг, жоним, ҳаяжонланманг, — деди хотин. Эр ҳайрон бўлди.
— Ҳаяжонланаётганим йўқ. Ишхонада мажлис бўлди. Мажлисда…
— Ана, яна ҳаяжонланяпсиз! Мажлис бўлса бўпти-да! Шунгаям ҳаяжонланиш керакми?
— Ҳаяжонланаётганим йўқ, ахир! — деди эр баттар ҳайратланиб.
— Қўйинг, жоним, арзимаган мажлис деб ҳаяжонланманг. Бир марта гапимга киринг. Илтимос, ҳаяжонланманг!
—  Ҳой, барака топгур, ҳаяжонланаётганим йўқ!
— Ана, қўлингизни пахса қиляпсиз. Биринчи стадия. — Хотин унинг кўзига диққат билан тикилди. — Нима кераги бор ортиқча ҳаяжонни! — Ҳаяжонланаётганим йўқ, дедим-ку! -Эр инграб юборди. — Ҳаяжонланаётганим йў-ў-ўқ!
— Овозингиз титра-а-аб чиқяпти. Демак, ҳаяжонланяпсиз. Одам ҳаяжонланса, юрак тез уради. Юрак тез урса, томирдаги қон оқими кучаяди. Ҳаяжонланманг, жоним, ҳаяжонланманг! Ўтиринг, томоғингизни ялаб қўяман. Фақат ҳаяжонланманг!
—  Ҳаяжонланаётганим йўқ, инсон, ҳаяжонланаётганим йў-ў-ўқ!
—  Кўрдингизми, овозингиз борган сайин баланд чиқяпти, жоним. Одам қаттиқ ҳаяжонланса шунақа бўлади. Аввал овози титраб чиқади. Кейин баландлашади. Қон оқими қучайса, адриналин кўпаяди. Андриалин кўпайса, босим кўтарилади. Босим кўтарилса, қон томирлари зўриқади. — Хотан азза-базза ялинди.  — Хўп денг, жоним, ҳаяжонланманг!
Эр тиззасини муштлади.
— Ҳаяжонланаётганим йўқ, дейман-а, ҳаяжонланаётганим йўқ!
— Ана, бақиряпсиз! Кўзингиз бежо… Иккинчи стадия! Қон томирлари зўриқса, асаб толалари ўлади. Асаб толаси ўлса, одам инсульт бўлади: фалаж! Кўзи ғилай бўли-и-иб, оғзи қийшайи-и-б қолади. Оёқ-қўли ишламай қолади. Мен психиатрман-ку, жоним, биламан-ку! Хўп денг, ҳаяжонланманг!
— Ҳаяжонланаётганим йўқ! — деди эр бўкириб. — Ҳаяжонланаётганим йўқ, ғалча, ҳаяжонланаётганим йў-ў-қ!
—  Оғзингиздан кўпик чиқа бошлади. Учинчи стадия! Фалаж бўлсангиз ундан нари-я, жинни бўп қолсангиз… Хўп деб қўя қолинг, жоним, ҳаяжонланманг!
—  Нима? «Жинни?» Ким жинни?! — Эр аввал столни муштлади. Кейин қўшқўллаб сочини юла бошлади. — Ҳаяжонлана-ётганим йўқ! До-о-од! Войд в-а-од! Ҳаяжонланаётганим йў-ў-ў-қ!
… Ҳушига келиб қараса, хотин нариги хонадан кимгадир телефон қиляпти.
— Аллёёё, бу жиннихонами? Флорочка, ўзингмисан, жоним? Ҳаяжонланма-а-а-ай ўтирибсанми? Эримга неча марта айтяп-ман: ҳаяжонланманг, ҳаяжонланманг, десам, бу яна ҳаяжонланяпти. Пешонам қурсин, аввалги эрим ҳам ҳаяжонланиб-ҳаяжонланиб, уч ойда жинни бўп қолувди. Буниси бир ойгаям бормайди шекилли?.. Нима? Йў-ў-ўқ, у ёғини ўйлаб қўйганман. Гугурт, пичоқ, болта — ҳаммасини бекитиб ташлаганман. Нима дединг? Вой, сенинг эрингни уже опкелишдими? Яна битта койка тайёрлаб қўй, жоним! Эрта-индин меникиям бориб қолади-ёв…