ДУНЁ ЯНГИЛИКЛАРИ ҚИСҚА САТРЛАРДА…

0

 

Тожикистонда қабристонлар билан боғлиқ муҳим қарор қабул қилинди.

Мамлакат раҳбарлари жойларда қабрлар ҳажмини чекловчи муҳим қарорни имзолашди. Қарорга кўра, бундан буён Тожикистондаги барча қабристонларда ковланадиган қабрлар узунлиги 2 метр, эни 1, 5 метрни ташкил этиши шарт.

Ушбу қарор ижросини жойлардаги маҳаллий раҳбарлар, маҳаллалар фаоллари назорат этади.

vesti. uz

Хитойликлар Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида ўзларининг илк ҳарбий машғулотлар базасини бунёд этишга киришишди. Ушбу база Афғонистон ва Хитойнинг террорга қарши ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

Хитой тарафи базага қуролланган батальон ва Афғонистон жангчиларининг ҳарбий малакасини оширишга мўлжалланган ускуналарни жойлаштиради.

vesti. uz

Туркия президенти Ражап Тойип Эрдўғаннинг Висбаден шаҳар марказидаги олтиндан бунёд этилган ҳайкали олиб ташланди. Германия вакилларининг гапига қараганда, бу ҳаракат Туркия президенти тарафдорлари ҳамда душманлари орасидаги келишмовчиликлар кучайиб кетмаслиги мақсадларида амалга оширилган. Улар яна бир нарсани таъкидлаб ўтишди. Ҳайкал ўрнатилган куннинг ўзидаёқ Эрдўған душманлари уни тухумлар ирғитиш билан қарши олишган. Эрдўған тарафдорлари буни кечирилмас ҳақорат деб аташган ва икки ўртада муштлашувлар бошланиб кетган. Полиция муштлашув иштирокчиларининг уч нафарини қамоққа олган.

РИА Новости

Бразилия ҳукумати Венесуэла билан чегарадош ҳисобланган Рорайма штатига қуролли кучларни жойлаштирди. Ҳарбийлар Венесуэладан мамлакатга оқиб келаётган муҳожирлар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ўртасида тинчлик сақланишини таъминлайди. Бразилия президенти Мишел Темернинг гапига кўра, кейинги вақтларда Венесуэладан минглаб муҳожирлар оқиб кела бошлаган. Шундай кунлар бўлмоқдаки, маҳаллий жиноятчилардан иборат гуруҳлар муҳожирлар хавфсизлигига раҳна солмоқда. Ўз-ўзидан маҳаллий аҳоли тинчлиги ҳам бузилмоқда. Бунга мисол сифатида президент шу йил 18 август куни Пакараима шаҳрида содир бўлган тартибсизликларни келтириб ўтди. Ўшанда бразилиялик жиноятчилар гуруҳи муҳожирлар вақтинча яшайдиган лагерга ҳужум уюштирган. Жавоб сифатида венесуэлаликлар уларнинг машиналарини тошбўрон қилишган. Аслида буларнинг барчаси венесуэлаликлар тарафидан маҳаллий савдогар шафқатсизларча калтакланиб, бор-буди талон-тарож қилингандан сўнг бошланган.

vesti. ru

Колумбиялик «Бош чаноқ» лақаби билан машҳур 22 ёшли Эрик Йеньер Инкапье Рамирес болалигидан скелетларга қизиққан. Боши худди скелет кўринишида бўлиши унинг азалий орзуси эди. Яқинда шу орзусини амалга ошириш учун кўнгилли равишда қулоқ, бурни, тилини кесиб ташлади. Сочларини ҳам қириб ташлаб, ўрнига бош чаноқ суратини татуировка орқали чизиб чиқди. Бош чаноқ татуировкалари кесиб ташланган аъзолар ўрнини ҳам эгаллади. Бир сўз билан айтганда, шундай гўзал ёруғ дунёда итнинг орқа оёғи каби умр кечиришни маъқул кўрди. Мана буни тўқликка шўхлик, бошқачароқ айтганда, ношукрлик деб атаса бўлади.

Daily Mail