“БИР ТУТАМ КУЛГИМ БОР, КУЛМАЙСИЗМИ?..”

0

 

 

«ҲАЙ-ҲАЙ ТВ». ЭРТАНГИ ТЕЛЕДАСТУРЛАР… (Биринчи қисм)

 

08: 00 да: Инфарктга учраганлар учун «Ким узоққа сакрайди?» бадантарбия машғулоти.

08: 30 да: Кашандалар учун «Бозорда ўпканинг баҳоси қанчайкан, қўшни?» юмористик кўрсатуви эфирга узатилади.

09: 30 да: Бир гуруҳ қурувчилар талабига биноан «Қур… Қур… Қур овчилар» рукнидаги «Ғишт қолипдан кўчганда» телешоуси намойиш этилади.

10: 30 да: Қассоб оғаларимизга бағишланган «Қассобга ёғ қайғуси, буқага-чи?..» ҳажвий тележурнали.

11: 30 да: «ОЛОЙ РАЛЛИ» автобуслар пойгаси тўғридан-тўғри олиб кўрсатилади. Пойгада шаҳримиздаги №19- йўналиш автобуслари фаол иштирок этади.

13: 00 да: «Маҳалла фаоллари» туркум кўрсатувлари доирасида «Сен зўрми, мен зўр?» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Парпи пиён ёшларга ичкиликнинг зарарли жиҳатлари ҳақида қимматли маслаҳатлар бериб ўтади.

15: 00 да: «Водийларни яёв кезганда…» кўрсатувида олис қишлоқлардан бирида яшовчилар 20 чақирим наридаги шаҳарга жамоат транспортисиз пиёда қатнаш қанчалар тотли экани ҳақидаги жонли лавҳалари билан ўртоқлашишади.

16: 00 дан 20: 00 гача танаффус.

20: 00 да: Ажойиб ва изланувчан бошловчимиз Ғийбатиниса Мишмишова хабарлари асосида қизиқарли ахборот дастурини эътиборингизга ҳавола этамиз.

20: 50 да: Кўринг, ҳавас қилинг! «Қарғиш» халқ ижодиёти халқаро танлови тўғридан-тўғри олиб кўрсатилади. Танловда бизнинг ягона вакиламиз Дийдориниса Қурсинова ўзининг бир донагина қарғиши билан нафақат рақибаларни ортда қолдирди, балки томошабинлардан тортиб ҳайъат аъзоларигача оғзини ланг очиб, тош қотирди. «Хўш, қандай қарғиш эканки, халқаро танловда бизга ғолибликни ҳадя этибди?» дея ҳайрон бўлишингиз тайин. Дийдоринисанинг танлов бош совринини қўлга киритишига сабаб бўлган қарғиш элимиз, аёлларимиз орасида машҳур ўша қарғиш «Ҳе оғзингдан қонинг келсин!» қарғиши эди, ҳурматли томошабин!

22: 00 да: «Ойим… Ойим… О-ойим…» тахаллуси билан элга машҳур шоиранинг яқиндагина оққа кўчирилган «Ҳм-м-м-м…» сарлавҳали шеъри шеърият мухлисларига тақдим этилади. Шеърни шоиранинг ўзи ўқийди.

23: 00 да: «Оповси, келинг, ғийбатлашайли-ик!» ярим ҳазил, ярим чин кўрсатуви эфирга узатилади. Кўрсатувда қарздорлиги кўплиги сабабли гази ўчириб кетилган бир гуруҳ қўни-қўшни аёллар газ ташкилоти раҳбарларининг пўстагини қоқишади.

(ҳажвиянинг иккинчи қисмини яқин соатларда ўқинг)

Олимжон ҲАЙИТ