“ҲАЙ-ҲАЙ ТВ”. ЭРТАНГИ ТЕЛЕДАСТУРЛАР… (Иккинчи қисм)

0

04:00 да: Ойпарастлар учун “Осмондаги ойимдан, томорқадаги лойимдан” кўрсатуви;

05:00 да: Фарғона водийси нонвойлари фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Устоз-шогирд” туркумидан “Ўв, тандирни қизитмабсан-ку, қизиталоқ! Бир уриб чалпак қип қўяйми?” деб номланган телефильм эфирга узатилади;

06:30 да: Кўп хотинли эркаклар учун “Император” кўрсатуви;

08:00 дан 10:00 гача танаффус;

10:00 да: Сувоқчиларга бағишланган “Гар андаванг соз бўлса…” кўрсатуви намойиш этилади;

11:00 да: Қашшоқ ва юрак касалига йўлиққанлар талабига кўра, “Эшиклар ёпилади, кейинги меҳмон газчилармиш” кўрсатувини томоша қиласиз;

12:45 да:  Жамият учун иллат ҳисобланмиш фоҳишабозликка қарши кураш доирасидаги “Тунги капалак — бу арвоҳ капалак” кўрсатуви;

13:45 дан 18:00 гача профилактика;

18:00 да: Ҳаваскор шоира Ойбегим Қуёшбек қизи ўзининг “Ҳм-м… Савил-эй” деб номланган янги шеърини шеърият мухлисларига ҳавола этади;

18:30 да: Қандли диабет хасталигини бартараф этиш масаласига бағишланган “Шакарим” кўрсатуви эфирга чиқади. Кўрсатувда тиббиёт фанлари номзоди Асалхон Орзуқиловна иштирок этади;

19:30 да: “Сиз уй ҳайвонларини севасизми?” кўрсатувини томоша қилинг. Кўрсатувни хорижлик етук мутахассис Ким Сен Ит хоним олиб боради;

20:30 да: “Сувараклардан қандай қутулай?..” Бу кўрсатувда етук мутахассис Стас Саранчаевнинг қимматли маслаҳатларини тинглайсиз.

22:00 да: Отарчилар ҳаётига бағишланган “Томсувоққа хушим йўқ” таҳлилий кўрсатувини эътиборингизга ҳавола этамиз. Кўрсатув давомида айнан отарчиларимизнинг жонли қўшиқларидан ҳам тинглаш бахтига мушарраф бўласиз.

01:00 да: Уйқусизлик касалига йўлиққанлар учун “Хайрли тонг, хайрли тонг ва яна хайрли тонг… Ёки Олимтой, қўрадаги қўйлар нечтайкан?” ҳажвий тележурналимизни мириқиб томоша қилинг.

Олимжон ҲАЙИТ