ЎЗГА САЙЁРАЛИКЛАРНИНГ ЕРДАГИ ИШОНЧЛИ ВАКИЛИ…

0

 

Швейцариялик Вернер Жейсли исмли эркак ўн йил бурун ватанни ташлаб Аргентинага кўчиб ўтган. У ерда катта майдонни эгаллаб олган-у, тошлардан қандайдир ғалати каттакон фигураларни бунёд эта бошлаган. Кунларнинг бирида эса сирларини ошкор этган. У айтганки, Швейцарияда яшаган вақтида бир куни у билан телепатия ёрдамида ўзга сайёраликлар боғланган. Айнан ўшалар Вернерга зудлик билан Жанубий Америкага жўнашни, у ерда ўта муҳим миссияни бажаришни буюрган экан. Миссия адо этилиши лозим бўлган жой Сальта саҳроси эди. У 2008 йили бу ерга келиб ўзининг сирли ҳаракатларини бошлаган. Тан олиб айтишича, бу бошқаларга тушунарсиз нақшлар, майдон аслида ўзга сайёраликлар кемалари келиб қўниши учун мўлжалланган аэродром бўлиб чиқди. Саҳрога яқинроқ ҳудудларда яшовчиларнинг айтишича, саҳро тепасида, баланд-баландда шубҳали учиш объектлари кўзга ташланади, ажабтовур товушлар, худди эшикни қарсиллатиб ёпгандаги каби шовқинлар қулоққа чалиниб қоларкан.

Аэродромга ўзга сайёраликлар кемалари бирор марта келиб қўнганми, умуман, ҳақиқатми, ё иллюзиями, бу ҳақда Вернер ҳеч кимга лом-мим демаган. Фақат ўзга сайёраликлар билан учрашган тунни хотирлаган холос.

— 2008 йил 24 ноябр куни, — дея эслаганди Вернер. — Ярим кечаси деразадан ташқарига қараганча ўй сурардим. Кутилмаганда бизга яқин анҳор тепасида, 200 метрдан зиёдроқ баландликда иккита ўзидан кучли нур таратаётган ғалати объект пайдо бўлди. Уларнинг бири сал пастлади-ю, нурлардан бирини мен тарафга тўғрилади. Шу заҳоти миямга нимадир урилгандек қалқиб кетдим. Ва бир вақтнинг ўзида одам товушидан буткул фарқ қилувчи товушда менга буюра бошлашди. Аргентинадаги Сальта саҳросида ўзга сайёраликлар кемалари қўниши учун аэродром бунёд этишимни тайинлашди…

Мана, Вернер бунёд этган худди шу нақшлар айни кунларда сайёҳларнинг энг севимли масканига айланган.

Ўзи эса… Вернернинг ўзи 2011 йили изсиз ғойиб бўлди. Ўшандан бери ҳеч ким уни кўрмаган. Бировлар бошқа мамлакатга кўчиб ўтган бўлиши мумкинлигини тахминласа, бошқаси Вернерни ўзга сайёраликлар олиб кетган бўлиши мумкинлигини айтади. Ҳа, иккинчи тахмин ҳақиқатга яқинроқ. Негаки, Вернер ўзга сайёраликлар кемалари қўнадиган аэродром ёнидаги уйчада ҳужжатлари-ю, кийим-кечаклари, ҳатто пулларигача қолдириб кетган. Шундан келиб чиқиб олимлар Вернернинг ўзга сайёрага учиб кетганига ишона бошлашган.

esoreiter. ru