СОҒИНДИМ… (қизим Дилафрузга)

0

 

***

Олисдасан, сенга қўлим етмаслиги ёмон-да,

Пешонамга сендайин бахт битмаслиги ёмон-да,

Қайсарданам қайсар қалбим бўзлайверар, кўнмайди,

Ҳеч замонда унга сўзим ўтмаслиги ёмон-да,

Олисдасан, сенга қўлим етмаслиги ёмон-да.

 

***

 

Жоним оғриб қолса, сени эслаб-эслаб йиғладим,

Уй тўридан изгинангни излаб-излаб йиғладим.

Қора қисмат бор бўйимни тузлаб-тузлаб йиғладим.

Зулматга ён берган тонглар отмаслиги ёмон-да,

Дарду алам мендан айро кетмаслиги ёмон-да.

***

 

Эллик учга киргандаёқ қариб қолдим, жон қизим,

Соғинч юкин ортмоқлашдан хориб қолдим, жон қизим,

Сен келажак йўлда узо-оқ туриб қолдим, жон қизим,

Сенгинам бор карвонлар ҳеч ўтмаслиги ёмон-да,

Бошим узра оймомонинг ботмаслиги ёмон-да,

Зулматга ён берган тонглар отмаслиги ёмон-да.

Олимжон ҲАЙИТ