Жон Абрахам ҳақида қизиққанлар борми…

0

 

Навбатдаги мақоламиз орқали ҳинд актёрлари орасида ўзининг ажойиб ва хилма-хил роллари билан ажралиб турувчи актёр Жон Абрахам ҳақида сўзламоқчимиз…

 

Болливуднинг энг машҳур актёрларидан бири Жон Абрахам 1972 йил 17 декабрда Мумбайда туғилган. Аслида, актёрнинг ҳақиқий исми Фархан Абрахам. Бўлажак актёр реклама агентлигидаги фаолиятида модель сифатида кўзга кўриниб келаётган бир пайтда спорт турларидан бири — бодибилдинг бўйича мураббий бўлиб ишлаган. Актёр 2003 йилда суратга тушган «Jism» фильми орқали эркак моделлар ҳам кинода ўз ўрнини мустаҳкам топа олишини исботлаган.

Маълумки, Жон Абрахам «Water» киносида энг эсда қоларли образни яратган. Ҳатто ушбу фильм «Оскар-2006» тақдимотида биринчи бешталикка киритилган.

«Ad Labs» компанияси Жон Абрахам билан 6 фильм устида 220 миллионлик шартнома тузган. Бу компания бунга қадар Ритик Рошан билан 320 миллионлик ва Акшай Кумар билан ҳам йирик шартномаларни тузган эди.

Илгари Жон Абрахам суратга тушган фильмларни бошқа дубляж актёрлари овозлаштиришган. Ҳозир актёр ўзининг ҳиндча талаффузидаги камчиликларни бартараф этиб, барча ўйнаган ролларига ўзи овоз беряпти.

Актёр бўш вақтларида мотоцикл ҳайдашни яхши кўради. Ҳар куни эрталаб икки соат гимнастика билан шуғулланади.

Маълум бўлишича, Жоннинг мактаб даврида иккита машғулоти бўлган экан. Улардан бири футбол бўлса, иккинчиси — мотоцикл. Абрахамнинг ёшликдаги бу қизиқишлари актёрлик фаолиятида жуда асқатган. Масалан, у «Dhoom» («Тезлик») киносида босқинчи-ўғри ролини гавдалантирганда, мотоцикл ҳайдашни билгани қўл келган. «Dhan Dhana Dhan Goal» фильмида эса футболчи сифатида намоён бўлган эди. Айни кунларда актёр гитара чалишни ўрганяпти. У яратаётган «Rock Star» фильмидаги образи Жонни шунга ундади.

Жон Абрахам яқинда ҳинд футболининг тижорат бренди бўлишга розилик билдирди. Унинг фикрича, қачонлардир ҳинд футболи жаҳон чемпионатида қатнашиб, чемпион бўлар экан.

Бундан ташқари, актёр мунтазам равишда хайрия ишлари билан ҳам шуғулланиб туради. У «Habitat for Humanity» ташкилоти билан ҳамкорликда 2007 йили Ҳиндистон қишлоқларидаги аҳоли учун беш мингта уй қуриб берди. 2008 йилда эса бу кўрсаткич саккиз мингтага ошди.

Актёр аёллар билан боғлиқ саволларга доим «Мен аёлларни икки турга ажратаман. Биринчиси, яхши аёллар бўлса, иккинчиси, жуда ҳам яхши аёллардир. Мен учун шахсан ҳинд аёл ва қизларидан чиройлиси йўқдек гўё», деб жавоб беради.

Жоннинг таъкидлашича, у умрбоқий севгига ишонади. Севги бутун дунёни қутқаради, дея такрор-такрор сўзлайди актёр. Жон Абрахамнинг шахсий ҳаёти ҳамкасблари каби юлдузлик пиллапояларининг бошланғич нуқтасиданоқ журналиcтлар назарига тушган.

2001 йилда актёр ўзи билан бир неча фильмларда, хусусан, Ҳиндистонда омад чўққисини забт этган «Jism» картинасида суратга тушган латофатли актриса Бипаша Басу билан учрашишни бошлайди. Уларнинг орасидаги муҳаббат тарихи 2010 йилга қадар давом этади. Мухлислару журналистлар жуфтликнинг тўй ҳақидаги янгилигини кутишаётган бир пайтда улар ўртадаги риштанинг узилганлигини эълон қилишади. Бунга нима сабаб бўлганини эса иккала томон ҳам сир тутади.

Жоннинг янги танлаган инсони нафақат моделликка, балки кино саноатига ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ мафтункор Прия Ранчал бўлди. Прия банк соҳасида фаолият олиб борувчи оддийгина қиз эди. Аммо мана шу соддалиги ва очиқкўнгилли билан у актёрнинг қалбини забт этди-да, унинг бир умрлик муҳаббатига айланди ва жуфтлик 2014 йил 3 январда Лос-Анжелосда турмуш қурди.

Н. ҚУРБОНБОЕВА тайёрлади.