Ярми бўш «Сантьяго Бернабеу»га янги супер-юлдуз керакми?

0

Келаси ҳафта трансфер бозори якунланиши арафасида «Реал» мухлислари клуб раҳбарияти ҳамон Роналдуга муносиб ўринбосар олиб келинмаганидан ташвишда.

«Реал Мадрид» июль ойи бошида ўзининг барча даврлардаги энг яхши тўпурарини «Ювентус»га кузатиб қўйгач, унинг ўрнига ўринбосар олиб келишни унутиб қўйди, чоғи.

Португалиялик супер-юлдуз Туринга кўчиб ўтганига олти ҳафтадан ошган бўлсада, ҳамон унинг «Сантьяго Бернабеу»даги тахти бўш турибди. Стадионнинг ярми эса бўшаб қолган.

«Хетафе»га қарши ўйинга атиги 48 мингдан ортиқ киши стадионга ташриф буюрган. Албатта янги бош мураббий Хулен Лопетеги янги тактик ғояларини амалга татбиқ қилганича йўқ. Боз устига у Иско ва Асенсиодан супер-қаҳрамон яратиш устида иш олиб бормоқда.

Стадион ярми тўлишига илк сабаб албатта ўйиннинг жуда кеч вақтга қўйилгани ҳисобланади. Бироқ Роналду клубга 2009-йилда келиб қўшилганидан бери Ла Лига доирасида юз берган дастлабки паст кўрсаткичга айланди.

Шу йилнинг 24-майида «Мальорка»га қарши 3-1 ҳисобидаги мағлубиятда ҳам «Сантьяго Бернабеу»га 44270 мухлис ташриф буюрганди. Ўтган турдаги кўрсаткич ўша вақтдан бери навбатдаги паст кўрсаткич қаторига кирди.

Бироқ клубнинг олдинда бундан ҳам мураккаброқ масала турибди. Ўтган мавсумни азалий рақиби «Барселона»дан 17 очко ортда қолган ҳолда маррага етиб келган «Реал»ни ўз етакчиси тарк этди ва унинг ўрнига ҳамон янги қаҳрамон таништирилганича йўқ.

Ўтган мавсумда Роналду 44 ўйинда 44 гол уриб жамоа тўпурарига айланган эди. Ундан кейинги тўпурар Бейл ҳисобида атиги 21 гол бор эди.

Уэльслик футболчи энг катта юлдуз клубни тарк этганидан кейин асосий футболчига айланган. «Хетафе»га қарши у гол урди ва Карвахалга голли узатмани амалга оширди. Бу билан Лопетеги нега Бейлга ишонч билдирмоқчи эканлигини исботлай олди.

«Бейл иқтидорли ажойиб футболчи. Ишончимиз комилки, у ва бошқалар бўшлиқни тўлдира олишади.»

Бейл дарҳақиқат бўшлиқни тўлдира оладими? Жароҳатларга мойил вингер 2014-15-йилги мавсумдан бери битта мавсумдан 40 тадан ошиқ ўйинда иштирок эта олганича йўқ.

Карим Бензема ҳам бўшлиқни тўлдира олишига ишониш жуда қийин. Франциялик ҳужумчи «Реал» ва Роналду учун ажойиб ёрдамчи холос. У ўтган мавсумда Ла Лигада 5 гол урган, умумий ҳисобда эса атиги 12 гол урган.

9-рақам эгаси Роналду кетгач ўзини эркин ҳис қилиши мумкин, аммо 30 ёшни қаршилаган ҳужумчининг «олтин даври» ортда қолиб кетди.

Ундан кўра, 22 ёшли Марко Асенсионинг келажаги порлоқ дея оламиз. Айнан у Роналдунинг йўқлигини сездирмаслиги мумкин.

Айнан бу футболчилар «Жирона» ва «Леганес»га қарши учрашувларда клубига олти очкони осонликча олиб бериши мумкин. Бироқ «Атлетик» ва «Севилья»га қарши баҳслар «қироллик клуби» учун осон бўлмайди. Айнан мана шу дербиларда «Реал» Роналдуга эҳтиёж сезади.

Албатта «Реал» Роналдунинг ўрнига янги юлдуз олиб келмаётганининг илк сабаби муқобил вариантларнинг трансфер қиймати юқорилигида. «Челси»даги Азарни, «Тоттенхем»дан Харри Кейнни ёки «ПСЖ»дан Неймар ёки Мбаппени олиб келиш учун 200 миллион евродан кўп маблағни сарфлашига тўғри келади.

Клуб президенти Флорентино Перес бир вақтлар «галактика» йиғиш билан машҳур эди. Бироқ бу ишни айни вақтда «Барселона» амалга оширмоқда. Каталонияликлар Усмон Дембеле ва Филиппе Коутиньо учун ақл бовар қилмас маблағларни сарфлаб бўлди. «Реал» эса охирги марта2014-йилда Хамес Родргес учун «Монако»га 75 миллион евро ишлатган эди.

Шунга қарамай, Роналдуга ўринбосар олиб келмаслик клуб ғазнасига таъсир қилиши мумкин. Мадридликлар стадионга тўлиқ қайтмагунча клуб бундан жиддий зарар кўраверади.

Португалиялик футбочи каби янги бренднинг бўлмаслиги мухлисларга таъсир қилади. Кўпчилик мухлислар юлдузларнинг ўзига мухлислик қилади. Мадридликлар Роналдунинг кетиши ортидан Твиттердаги обуначилари сони миллионтага камайди. Сўнгги ўн йиллик давомида клуб расмий дўконида Роналду исми-шарифи туширилган миллионлаб футболкалар сотилди. Янги юлдуз келмас экан футболчилар сотуви ҳам кескин камайиши аниқ. «Қаймоқранглилар”нинг ёздаги энг йирик трансфери бу «Челси»нинг собиқ посбони Тибо Куртуа бўлди. Бироқ кўчада посбоннинг футболкасини кийиб юриш камдан-кам ҳолатларда учрайди.

Хуллас, Роналдунинг йўқлиги «Реал»нинг қиймати кескин тушиб кетишига олиб келиши мумкин.

 

penalti.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: