Янги ўқув йили бошланди

0

5 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида янги 2018/2019 ўқув йили бошланди.

Мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқини тобора кучайтиришга, ўқитувчилик касбининг обрўсини тиклаш ва ошириш қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президентимизнинг 2018 йил 14 августда қабул қилган «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги амалий ишларда кенг имкониятларни очмоқда.

Янги ўқув йилида педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузини юксалтириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позицияга эга, фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашга оид ишларни давр руҳига мос тарзда такомиллаштириш, умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият, олимпия заҳиралари мактаб-интернатлари, академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларида фаоллиги учун олтин ва кумуш медаллар таъсис этилди.

Барча таълим масканларида илк сабоқ “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилмоқда. Дарсларда она-Ўзбекистонимиз, истиқлол, тинч ва осойишта кунларимизнинг қадр-қиммати, ёш авлод истиқболи йўлида кўрсатилаётган бетимсол эътиборнинг моҳияти ўқувчиларга кенг тушунтирилмоқда.
uza.uz