БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

0

 

УЙҚУ ДОРИ

 

Одам ҳар куни ишлаб чарчайди. Ёш ўтгани сари бу чарчоқ уйқунинг белига тепгани ёмон. Келасан, кечки овқатни истар-истамас тановул қиласан. Ўринга чўзиласан. Аммо ухлай олмайсан.

Мен суриштира-суриштира, охири буниям йўлини топдим. Бир танишим махсус машғулотни ўргатди. Агар шу машғулотни чин кўнгилдан бажарсангиз, тез ухлаб қоларкансиз. Хуллас, ўша машғулот манаман деган уйқу доридан ҳам кучлироқ экан.

Демак… Аввал ўринга чалқанча ётдим. Танамни бўшаштирдим. Секин-секин нафас ола бошладим. Ҳеч нарсани ўйламадим. Нигоҳларим шифтга қадалди. Жин урсин, икки йилдан бери мана шу ярамас шифтни оқламабман-а!.. Йўқ, йўқ, нималар деяпман? Мияни чалғитиш керак, чалғитиш!.. Яхшиси, кўзларимни юмаман!.. Ҳа, ўзимни худди йоглардек тасаввур этаман. Шундан сўнг ўйлай бошлайман. Ана шундай!..

“Мен қуёшман! Мен улкан қуёшман!.. Атрофимни кўм-кўк осмон қоплаган. Жим! Хотиржамлик, хотиржамлик!..Ана, ўзимдан иссиқлик ажратиб чиқармоқдаман! Чалғимайман! Чалғишга ҳақим йўқ. Ҳамма ташвишларга тупураман! Ана, бармоқларим, белим қизиб боряпти! Бошим… Ие, бошим қани? Ҳа, мана у. Агар шу тахлит қизийверса, ҳадемай кал бўлиб қоламан. Йўқ, қизишдан кал бўлмайман. Шампунни янгилаш лозим. Ҳа, ўзим янги шампун ихтиро қиламан. Моғорлаган нондан ушатиб тоғорага соламан. Устига қайноқ сув қўяман. Икки дона тухумни синдириб сувга ташлайман. Пича уксус ҳам қўшаман. Айтганча, икки томчи кока-коладан ҳам аралаштираман. Шунда шампуним яхши кўпиради.

Уф-ф, тағин хаёл олиб кетди-я! Ахир, танишим бу машғулотни ўтаётиб ёқимли нарсалар ҳақида ўйлашни маслаҳат берган!.. Тасаввур қиламан… Бошлиғим чет элга кетаётганди, чегарадан ўтказишмади! Ура-а-а!!!

Тўғри-да, Ўрта Ер денгизи, Гавай оролларига юқоридан текин йўлланма берилса, дарров бошлиғим хотинини ёнига олади-да, йўрғалайди. Биз ходимларни бўлса, картошка теришдан нарига жўнатмайди…

Йўқ, бу туришда умуман ухлай олмайман шекилли. Санаш керак, санаш… Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти… Ие, девормиён қўшним ўтган йили етти юз минг сўм қарз олганди, ҳалиям қайтармади-я ярамас! Икки кунга деб олганди-ку!..

Жим! Хотиржамлик! Асосийси хотиржамлик! Менинг ишларим яхши. Ҳеч қандай кўнгилсизлик мени таъқиб этмайди. Икки ҳафта олдин “Москвич”имнинг олд ойнасини ўғрилар ечиб кетгани у даражада катта кўнгилсизлик эмас, ҳа! Куни кеча машинанинг ўзини олиб қочишганини кўнгилсизлик деса бўлади. Умуман тўғри қилишди олиб қочиб. Аллақачон “Жигули” сотиб олишим керак эди бўшашиб юрмасдан! Ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!.. Ўғри шўрлик ўша “Москвич”ни минаман деб роса азоб чекадиган бўлди-да!

Ҳа, менинг ишларим беш! Мана, яқинда уч хонали квартира эгаси бўлдим. Йигирма йил навбатда тургандим. Ниҳоят квартира беришди. Тўғри, шаҳар марказидан эмас. Аммо яқин атрофдаги шаҳарчалар бемалол кўриниб туради. Уй ҳақиқий, тоза бетондан қурилган. Иккита лифти бор. Бири юк, иккинчиси одам ташийди. Уйнинг шундоқ бурчагида кимёвий мато тозалаш корхонаси бор. Ажойиб корхона экан! Бир ой олдин еттита чойшабни ювдиришга бергандик, кеча ўшани ўн тўртта қилиб қайтаришибди азаматлар.

Мен хотиржамман. Кўзларим ҳам юмилиб боряпти. Қизиқ, нега кўзларим очиқ қоляпти. Миям хотиржам-ку! Ахир, ҳаётим ҳавас қилса арзигулик даражада яхши. Мана, яқинда ўн уч яшар ўғлим чекишни ташлади. Уни мактабдан ҳайдашди, лекин ўғлим хотиржам…

Мен хотиржамман. Танам муздан ҳам совуқроқ… Ие, нега муздан совуқ? Совқотдим шекилли. Эҳ, кўрпа жуда калта экан. Оёғимгача беркитмаяпти. Ҳечқиси йўқ. Танишимнинг машғулоти ёрдамида исиб оламан. Ҳа, ўзимни пул деб тасаввур қиламан..

Мен пулман, пул! Ка-атта пул! Жин урсин, ўша катта пулнинг кўриниши қандай экан?.. Майли, тасаввуримга сиғмаса-да, шу йўл билан “Жигули”га пул йиғиб оламан…

Оббо, соат жиринглаяпти. Тонг отиб қолдими дейман? Нима қилиш керак? Ҳа, ўриндан танишим ўргатгандек чап томоним билан тураман. Ана шундай. Ундан кейин хаёлан такрорлайман:

“Мен тўйиб ухладим! Тўйиб ухладим. Менинг ишларим жуда яхши! Ҳаётим ажойиб кечмоқда!”

Олимжон ҲАЙИТ