Энди юртимиздаги олий таълим муассасаларида масофавий ўқитиш йўлга қўйилади

0

2018 йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграмдаги ҳуқуқий ахборот каналида хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг номи Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби деб ўзгартирилди.

Бизнес ва бошқарув олий мактаби соҳада етакчи хорижий таълим муассасалари билан уларнинг ўқув режалари ва дастурлари асосида магистратура дастурлари юзасидан “икки диплом” (double degree) модели бўйича ўқишни ташкил этиш борасида келишувлар тузиш, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда магистратурада ўқишни ташкил этиш, шунингдек, ўз дастурлари бўйича ўқиш учун номзодларни танлаб олиш мезонларини белгилаш ҳуқуқларига эга.

Шунингдек, қарорда 2018 йил 1 октябрга қадар олий таълим муассасаларида, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасаларида масофавий ўқитишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг ишлаб чиқилиши белгиланган.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 ноябрга қадар Бизнес ва бошқарув олий мактабига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар таркибини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомларнинг ишлаб чиқилиши ҳам назарда тутилган.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: