КУН КУЛГИСИ…

0

 

* * *

 

Эркак туғруқхонага келиб чақалоғига дераза ортидан туриб тикилганча ёнидаги дўстини туртди.

— Қара, куляпти, куляпти!

— Э, сенга қарагани ҳам йўқ-ку!

— Аҳмоқ, мен ҳамширани айтяпман, ҳамширани!

 

* * *

 

— Бу йил шаҳарда Хитой гриппи тарқалармиш.

— Унда қўрқмасаям бўлади.

— Нега?

— Хитойларники барибир сифатсиз бўлади.

 

* * *

 

Университетнинг тарих муаллими аспирантлардан сўради:

— Айтинглар-чи, ким Невскийдан ҳам жасурроқ, Суқротдан ҳам ақллироқ бўлган?

Орқа партадан кимнингдир ҳазин овози эшитилди:

— Хотинимнинг биринчи эри…

 

* * *

 

Икки болакай суҳбатидан:

— Менинг дадам жуда ботир. Ҳатто, «Жасурлиги учун» медали ҳам бор.

— Менинг дадам эса қўрқоқ. Ойим йўқлигида нуқул қўшнимиз Ойша холаникида ухлайди.

 

* * *

 

Миянинг ўн фоизи ақлдан ташкил топаркан. Қолган тўқсон фоизи нима учун керак — ҳали ҳеч ким билмайди.

 

* * *

 

Икки нафар тўқсондан ошган қариялар ўтирибди.

Биринчиси:

— Чамамда Азроил бизни унутиб қўйди шекилли.

Иккинчиси:

— Тс-с-с! Эшитиб қолади!

 

* * *

 

— Амаки, дадамга эллик минг сўмликни майдалаб бераркансиз.

— Хўп, қани ўша эллик минг сўмлик?

— Дадам уч кундан кейин опкеб бераркан.

 

* * *

 

Муаллим:

— Қолдиқ овқатлар билан озиқланувчи уй ҳайвонининг номини айтинг!

Ўқувчи:

— Суварак.

 

* * *

 

— Дадаси, мен бугун дўконда шунақанги зў-ў-ўр норкали пальто кўрдим. Нархиям унчалик қиммат эмас экан.

— Хотинжон, куяларимиз билан гаплашгандим. Улар олтмиш йилга етадиган озиқни ғамлаб қўйишибди. Ортиқчаси керакмасмиш.

 

* * *

 

Иккита пашша шифтда ўрмалаб юрарди. Бири иккинчисига деди:

— Одамлар ғирт аҳмоқ-да!

— Нега?

— Ўзинг ўйла, шифтни безашга бир дунё пул сарфлашади-ю, ўзлари полда юришади.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади