Куёв тўра, боринг, аввал оилангиздан мардликни ўрганиб келинг!

0

Бир йигит ёшгина қизга уйланди. Кунларнинг бирида уйига куёвнинг оғайнилари зиёфатга келадиган бўлишди. Одатларига кўра, куёв қўй сўйдирди. Аёлига қўй гўштидан чиройли қилиб таом пиширишини тайинлади.
Қиз қўркиб кетиб, эрига бундай овқат овқат қилишни билмаслигини, ота уйида ўрганмаганлигини айтди.

Эрнинг жаҳли чиқиб:
— Нарсаларингни тайёрла, сени уйингга қайтариб олиб бориб қўяман. Сен овқат қилишни билмасанг, менинг хотиним бўлишга нолойиқсан, — деди.

Қизнинг уйига келиб, қизнинг отасига:
— Бу, сизларнинг молингиз, ўзингизга қайтарилди, — деди. — Овқат тайёрлаш усулларини унга ўргатмагунингизча, менинг ёнимда унга ўрин йўқ!
Ота:
— Икки ой давомида биз билан турсин. Шу муддат ичида билмаган нарсаларини ўргатамиз, сўнг сизга қайтарамиз, — деди.

Қиз ота уйида икки ой яшади. Айтилган вақт ўтди. Эри уни олгани келди. Эри пиширишни яхшилаб ўрганган бўлсагина, уни қайтариб олиб кетиши мумкинлигини таъкидлади.

Отаси:
— Қизимиз, ожизамиз, барча таомларни олий даражада, хусусан, қўй гўштидан ажойиб нарсалар тайёрлашни ўрганди, — деди.
Куёв:
Ундай бўлса, Аллоҳ баракасини берсин. Қани, кетдик, уйга, — деди.
Ота:
— Кетишингиздан олдин, қизимнинг ўрганганига ўзингиз ишонч ҳосил қилиб, кейин кетишингизни хоҳлайман, — деди.

Тирик қўйни келтириб, куёвга:
— Буни сўйинг, — деди. — Қизимизни қай даражада уни пишира олишини ўзимиз кўрамиз, — деди.
Куёв:
— Мен қўй сўйишни эплай олмайман, — деди.
Ота:
— Ундай бўлса, куёв тўра, боринг-да, оилангиздан мардликни ўрганиб келинг! Ўрганиб бўлганингиздан кейин, марҳамат, келиб хотинингизни олиб кетинг, — деди…

Хулоса.

Бир инсонга «Шуни ҳам билмайсанми?» дейиш осон! Лекин унга ўргатишни, шу муддат ичида сабр қилишни билиш, катта маҳорат!
Инсонни Аллоҳ оқил қилиб яратди. У ўрганолмайди, дейиш хато. Лекин аёл киши билмаса, дарров ота – онасига таъна тошларини ёғдиришни бошлайдилар! Ота – онаси беролмаган тарбияни, сиз беринг! Сиз ўргатинг!
Ўзини оила бошлиғи деб ҳисобловчи ҳар бир эркак қўл остида бўлган ожизаси — аёлига гўзал муносабатда бўлиши лозим. Унинг камчиликларини юзига солмай, хушмуомалалик билан ўргатиши даркор. Қиз бола турмуш қургач эрининг қарамоғига ўтади, уни гўзал тарбия қилиш энди эрининг вазифаси. Аёл мисоли ғунча, эркак эса боғбон! Гулнинг сўлиб қолиши ёки гуллаб яшнаши боғбоннинг маҳоратига боғлиқ. Аёлини камчиликларини юзига солиб, уни ерга урадиган, ундан шикоят қиладиган эркакларга ҳайрон қоламан… Гўёки ўзлари мукаммал, айб-нуқсонсиздек! Ўзлари қўлларига ишониб топширилган Гулни парваришлай олмай, яна нолийдилар… Айб кимда? — дегим келади.
Айбдор кишигина ўз хатосини кўрмай, бошқаларга ағдаради. Шуни билингки, аёлингизга отган тана тошингиз биринчи бўлиб ўзингизнинг бошингизга келиб тушади!

Dilim.uz