Лондонлик «профессор», Путиннинг «жияни» – Трамп штабининг собиқ маслаҳатчиси нега ҳибсга олинганди?

0

Колумбия округи суди 7 сентябрь куни Дональд Трампнинг сайловолди штаби собиқ маслаҳатчиси Жорж Пападопулосга нисбатан ҳукм чиқаради. Бу ҳақда kun.uz хабар бермоқда. 2016 йилги президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви бўйича махсус прокурор Роберт Мюллернинг суриштируви айнан мана шу инсондан бошланганди. Пападопулос нимада айбланмоқда, у Трамп штабида нима билан шуғулланганди?

Лондонлик «яхши таниш» 

Шундай қилиб, Пападопулос ўзининг Трамп штабига маслаҳатчи сифатида ишга олиниши ҳақида 2016 йил март ойи бошида билганди. Унга Трамп сайловда ғалаба қозонадиган бўлса, президентнинг ташқи сиёсатдаги асосий вазифаси Россия билан муносабатларни тиклаш бўлишини айтишади. Ўша пайтда ҳали ўттизга ҳам тўлмаган Пападопулос Лондонда яшарди. У 2016 йилнинг 16 мартида Италияда бўлади ва лондонлик аллақандай «профессор» билан танишади. Пападопулос унга Трамп штабида ишлашини айтганидан сўнг «профессор» россиялик амалдорлар билан катта алоқаларга эга эканлигини билдиради. Пападопулос бу танишув унга Трамп штабида қўшимча вазн бериши ҳақида ўйлаб қолади.

24 март куни Пападопулос «профессор» билан Лондонда учрашади. У ўзи билан рус қизни етаклаб келади ва уни Пападопулосга Путиннинг жияни деб таништиради. АҚШ прокуратурасининг изоҳлашича, Пападопулос кейинроқ қизнинг Путинга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билади. Аммо ўша пайтда Пападопулос Трамп штабидаги бошлиқларига «профессор», «яхши таниши» уни Путиннинг жияни билан таништириб қўйганини ёзади. Пападопулос улар Трамп президент бўлган тақдирда россияликлар билан қандай мавзуларда музокаралар олиб борилишини муҳокама қилишганини билдиради.

31 март куни Пападопулос Вашингтонга Трамп ва маслаҳатчилар гуруҳи билан учрашгани келади. У Трамп ва Путин учрашувини ташкил қилишга ёрдам берадиган одами борлигини маълум қилади. Лондонга қайтган Пападопулос «профессор» ва Путиннинг сохта жияни билан россияликлар ҳамда Трамп штаби вакиллари учрашувини ташкиллаштириш устида ишлайди.

26 апрель куни «профессор» Пападопулос билан Лондондаги меҳмонхона ресторанида учрашади ва Москвадан келганини, юқори лавозимли амалдорлардан россияликлар Хиллари Клинтон ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлишганини эшитганини айтади. «Руслар Клинтоннинг электрон ёзишмаларини қўлга киритишган. Уларда минглаб ёзишмалар бор!», дейди у.

Пападопулос 2016 йил апрель ойи охирларида штабга Путин Трамп ва унинг жамоасини қабул қилишни истаётганини айтишгани ҳақида ёзади. Аммо сайлов штаби бошлиғи Пол Манафорт «Дональд Трамп бундай ташрифни амалга оширмайди», дея Пападопулоснинг Трампнинг Москвага ташрифини уюштириш ҳаракатларига чек қўяди.

Икки киши билган нарса сир эмас 

2016 йилнинг май ойида Пападопулос Лондондаги барлардан бирида ўша пайтда Буюк Британиянинг Австралиядаги элчиси бўлиб ишлаган Александр Доунер билан учрашади. Трампнинг маслаҳатчиси мастликда Россия томони Хиллари Клинтонни қоралайдиган маълумотларга эга эканлигини айтиб қўяди.

Доунер бу ҳақда ФҚБ ходимларига хабар беради ва июль охирларида Лондонга учиб келишади. 2 август куни элчининг кўрсатмалари ҳақидаги ҳисобот Вашингтонга жўнатилади ва у АҚШдаги сайловларга хориждан аралашув бўлганлиги бўйича иш очилишига асос бўлади.

Иқрор   

ФҚБ 2017 йилнинг 27 январь куни Пападопулосни сўроқ қилганида у «профессор» Клинтон ҳақидаги маълумотлар ҳақида гапирганини маълум қилади, аммо бу суҳбат Пападопулоснинг Трамп штабига ишга олинишидан аввал бўлганлигини айтиб ёлғон кўрсатма беради.

Россиялик қиз билан суҳбатлашгани ҳақида кўрсатма берар экан, у шунчаки салом-алик қилганлигини айтади. Аммо бюро ходимлари Пападопулос сайловолди кампанияси давомида у билан электрон ёзишмалар олиб борганини ва ташқи сиёсат масалаларини муҳокама қилиш учун Россияга сафар уюштириш имкониятлари ҳақида Skype орқали бир неча марта суҳбатлашганини исботлашади.

16 февраль кунги сўроқдан сўнг Пападопулос мобиль телефони рақамини алмаштиради ва ёзишмаларини яшириш мақсадида Facebook’да 2005 йилдан буён мавжуд бўлган аккаунтини ўчириб ташлайди.

Пападопулос июлда Вашингтондаги Даллес номидаги халқаро аэропортда ҳибсга олинади.

2017 йилнинг 5 октябрь куни у ФҚБ агентларига ёлғон кўрсатма берганига иқрор бўлади.

Сирли «профессор» ва россиялик қиз ким эди?

Профессор дея тилга олинган шахс Лондон дипломатия академиясининг фахрий директори, «Валдай» клуби эксперти Жозеф Мифсад бўлиб, у Россия билан яқин алоқаларга эга эканлигини бир неча марта таъкидлаган.

Россиялик қиз эса Ольга Полонская исмли талаба бўлиб, Мифсаднинг сўзларига кўра, у профессорга стажёр бўлишни истаган ва Россия ҳукумати билан ҳеч қандай алоқага эга бўлмаган. Аммо бошида профессор уни Пападопулосга Кремль билан яқин алоқага эга, АҚШ билан муносабатларни яхшилашга интилувчи инсон сифатида таништирган.

Штабдаги «кўнгилли»

Президент Дональд Трамп эса Twitter’да Пападопулос унинг штабида шунчаки қуйи поғонадаги кўнгилли бўлганини маълум қилди.
«Ёлғончи ОАВ ортиғи билан ишламоқда. Юрист Пол Манафортнинг сўзларига кўра, «фитна» ҳақида ҳеч қандай далил йўқ ва терговда айтилган воқеалар унинг сайловолди кампаниясига қўшилишидан анча олдин бўлиб ўтган. Ёлғончилиги фош бўлган Жорж исмли бу ёш кўнгиллини камдан-кам одам танирди. Яхшиси, демократларни текширинг!», деб ёзди у.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: