НОМАҲРАМ… (18-қисм)

0

 

* * *

 

Умрида одам ўлдириб кўрмаган одам бундай лаҳзаларда ўзини йўқотиб қўяди.

Мардон ҳам Марҳаматни ўлдиришга ўлдирди-ю, кутилмаганда аъзойи баданида титроқ туйиб юраги безовта ура бошлади. Тўппончасини чўнтакка жойладими-йўқми, билмайди. Фақат аланглаб, зир югуриб айлана атрофни кузатар, «биронтаси кўриб, эшитиб қолмадимикан?» деган хаёл миясини кемириб борарди.

 «Энди нима қилдим, — ўйлади у дарахт остида ётган мурдага ўғринча кўз ташлаб. — Агар эшитиб ё кўриб қолган бўлишса, адойи тамом бўлдим. Мелисабозлик бошланади. О, Худойим, йўл кўрсатсанг-чи!.. Акамнинг олдига бораман. Ҳа, ўшагина мени қутқариб қолади… Тўхта, ҳайдаб солса-чи? Сотиб қўйса-чи? Йўқ, сотмайди. Нима бўлгандаям жигарим-ку! Наҳотки, акам бўла туриб кўзимга чўп суқса? Ҳа-а, айтаман. Бузуқдан қутулдик, деб айтаман. Ўшанда кечиради. Ўшанда ишонади менга…»

Мардон шуларни ўйларкан, худди иштонини ҳўл қилиб қўйган боладек оёқ учида аста-аста юриб катта кўча томон кетди…

 

* * *

 

— Жон ака, мени кечиринг! Сизни ранжитиб қўйдим! Сизга кўп ёмонликлар қилдим! Кечиринг! — Матназарнинг оёқларига ёпишганча йиғлаб ёлворарди Мардон. — Илтимос, кечира қолинг! Ахир, акамсиз-ку! Жигаримсиз-ку!

— Сенга нима бўлди ўзи? — Матназар укасини қўлтиғидан тутиб турғазди. — Намунча аёлга ўхшаб дод-вой қилмасанг? Нима бўлди? Айт!

Мардон шоша-пиша кўз ёшларини артиб бошини эгди:

— Мен… Анави бузуқини ўлдирдим.

— Нима? Қайси бузуқини?

— Марҳаматни.

— Марҳаматни? Нега?

— У ўлимга лойиқ эди…

Матназарнинг бўлиб ўтган ишлардан хабари бор эди. Лекин бу хабар кутилмаган чиқиб, сал довдирагандек бўлди.

— Ахир, сени қамаб қўйишади-ку! — деди у эҳтиёт шарт очиқ деразани маҳкам ёпиб. — Мурда қаерда? Қаерга яширдинг?

— Қабристонда… У ярамас мени пичоқламоқчи бўлганди.

— Шунақами? Уф-ф… Чатоқ бўпти. Яхши иш бўлмабди… Нима қилиш керак? Менга қара, ҳозирча ертўлага тушгин-да, ўша ерда ёта тур! Мен… Бек акага айтмасам бўлмайди. Иссиғида ҳал қилиш керак… Бор, бу ерда қотиб тургандан фойда йўқ!

Мардон қуллуқ қилганча югуриб ташқарига чиқиб кетди. Матназар эса қўл телефонини олиб, Бек аканинг рақамини теришга тушди…

 

* * *

 

«Тўхта, мен аввал ўйлаб олишим керак эмасми», — Матназар кутилмаганда телефонни жойига қўйиб бошини чангаллади. — Бу бола не кунларни бошимга солмади. Не маломатларга қолмадим унинг дастидан. Энди олдимга кўз ёшини оқизиб келибди. Агар ҳозир индамай кечирсам, мушкулини осон қилсам, бу ишимнинг қадрига етармикан? Туғишган акасига бир неча бор хиёнат қилиб, сотиб келган йигит-а? Йўқ, қадримга етмайди. Бунинг кўзи очилиши лозим. Оғир кунларни кўрсин. Оқ-қорани танисин. Ўшандагина одам бўлади. Буни турмага жўнаттиришим керак. Ҳа, ўшанда кимнинг ким эканини англайди… Йўқ, тўхта, нималар қилмоқчиман ўзи? Мен… Қамоқнинг нима эканини билдим. Бошимдан не кунлар ўтмади. Энди келиб-келиб ўз укамни ўша ерга тиқаманми? Онам-чи? Онамнинг руҳи чирқирамайдими? Ҳа, бундай қилишим нотўғри. Устига-устак у оддий одамни ўлдирмабди. Қаёқдаги бир бузуқини, қачон қараса, менинг бошимни эгиб келган бир ярамасни ўлдирибди. Мен аксинча иш тутишим керак. Ўша ўзимизнинг уйни қайтадан қуриб яхши бир қизга уйлантириб қўйишим керак Мардонни. Билар. Билмаса… Э, билади. Шунча яхшиликлар қиламан-у, билмайдими?»

Матназар шундай ўйлар билан ташқарига чиқди. Бу ҳовлини яқиндагина қуриб битирганди. Ҳовлида айланиб юрган йигитларга керакли юмушларни топширди-да, ертўлага қараб юрди.

 

* * *

 

Бир ҳафта ичида ҳаммаси жойига тушди. Мардонни Бек аканинг ўзи турмадан қутқариб олди. Энди у биларди. Ака-укалар унга ҳеч қачон хиёнат қила олишмайди. Чунки, бўйниларидаги қарз осмонча. Бу йигитчанинг тўйини ҳам ўтказиб берса, янада бўйни эгилади. Ипсиз боғланади. Кўрибсизки, унинг қўли билан қора дори бозори гуркирайверади. Бора-бора Мардонга бериладиган фоизниям камайтириш мумкин. Баҳона бор. Қарзларни аста-секинлик билан узиб бориш керак. Ахир, ҳисобли дўст айрилмас, деган мақол бекорга айтилмаган…

— Мен икки ёшга фақат бахт тилайман! — дея тилак билдирди Бек ака тўй кечаси ўртага чиқиб. — Мана, бугун Мардонбой учун энг бахтли лаҳзалар. Уям бўйдоқ юравермай, ниҳоят уйланишга розилик берибди. Бахтли бўлишсин! Ували-жували бўлишсин!

Бек ака сўзини тугатгач, хизматга шай турган таниқли санъаткорлар билан қўл бериб сўрашган бўлди-да, Матназарни қидира бошлади. Шу тобда Матназар ғирт маст, қозон қаршисида бир-икки эркакни ўтқазиб қўйиб тинимсиз ғўлдирарди:

— В-вей, Бек аканг ким бўпти менинг олдимда? Мен… Бу — менман… Турмалариниям атак-патагини чиқариб юрган одамман… Биласанларми, қиморда, ҳатто ўша Бек акангам менинг олдимдан ўтаверсин! Онасини учқўрғондан кўрсатиб қўяман унақа одамларни!

Бу гапларни Бек ака анча яқиндан туриб эшитди. Аммо сир бой бермади. Ёнидаги қўриқчи йигитларга нимадир деди-ю, индамай ташқарига чиқиб кетди.

 

* * *

 

— Ҳусан, мен анови мишиқига ишониб бекор қилдим, шекилли? — деди Бек ака эртаси куни айвонда чой ичиб ўтириб.

— Кимни айтяпсан?

— Кимни бўларди? Матназарни айтяпман.

— Нима бўлди? Бирор хато қип қўйдими?

— Хато қилса майлийди. Кеча укасининг тўйида сал нотўғри гапларни гапириб қўйди. Нимаймиш, онамни учқўрғондан кўрсатиб қўярмиш-а!

— Астағфирилло! Шунчалик кучайиб кетибдими, у аҳмоқ?

— Ҳа, майли, энди бундай қиламиз. Бугун кечаси йигитлардан уч-тўрттасини олиб уйига боргин-у, борини тортиб ол! Ўзини яхшилаб калтаклат! Бугундан бошлаб кўзимга кўринмасин!

— Тинчитиб юборсак-чи?

— Йўқ, у ўзини-ўзи еб, адойи тамом бўлиши керак. Шундай аҳволга солгинки…

— Ҳовли-чи? Уям бизнинг пулларга қурилган-ку!

— Ҳовлига тегмай тур! Вақти келади ўзи. Айтганча, бугундан бошлаб қатъий назорат қиласан. Матназар ҳеч қаердан иш тополмасин! Қимор ўйнай олмасин. Хуллас, хор-зор бўлиб кўчаларда дайдиб юрсин!

— Хўп, сен айтгандай бўлади ҳаммаси…

Ҳусан ака ташқарига чиққани ҳамоно ичкаридан Бек аканинг сўкингани эшитилди:

— Хунаса!

 

* * *

 

Бугунги кун Матназар учун жуда қийин кечди. Қиш келганидан далолатми, негадир эрталабдан қор учқунлаб, асабни бузгани етмай, ҳар сафар гап-сўзсиз улуш тайёрлаб қўядиган савдогарлар бугунга келиб қўлларини қовуштирганча бир жумлани қайтараверишди:

— Бек акам улушни ўзлари келиб олиб кетарканлар!

Матназар ҳеч нимага тушунмай, бир кўнгли Бек акага қўнғироқ қилиб аниқламоқчи ҳам бўлди. Бироқ ўйлаб қолди. Балки, бирор режани ўйлаб қўйгандир яна?

Шу хаёл уни ниятидан қайтарди-ю, бўшашганча уйига келди…

Шом вақти. Масжиддан сўфининг чўзиб-чўзиб намозга чорлаган овози эшитилади. Дарвозага қўйилган соқчилар ҳам бугун қандайдир бошқача. Гоҳ ичкарига киришади, гоҳ кўчага чиқиб ўзаро шивир-шивир қилишади.

— Нима бўлди? — секин Сарибойдан сўради Матназар кўчага ишора қилиб. — Нега соқчилар безовталаниб қолишди?

— Тўғрисини айтаверайми? — Матназарга тик боқди Сарибой.

— Албатта тўғрисини айт-да!

— Ҳали замон Ҳусан ака келаркан бу ерга.

— Нима иши бор экан?

— Бунисини билмадим-у, аммо… Э, қисқаси, ака, менам билмайман…

У гапини тугатмай, ташқарида таниш машинанинг сигнали эшитилди.

Матназар ҳушёр тортиб секин ўша ёққа йўналди…

У дарвозага етиб улгурмай, ҳақиқатан, ёнида беш-олти нафар йигит билан Ҳусан ака ҳовлида пайдо бўлди.

Матназар югуриб бориб у билан сўрашишга тутинди. Бироқ қўллари ҳавода муаллақ қолди.

Ҳусан ака сўрашиш ўрнига унинг ёқасидан олди.

— Ҳа, хўроз, — дея Матназарни маҳкам бўғиб олди у. — Қачондан бери ўзингдан катталарни ҳақорат қиладиган бўлиб қолдинг?

— Бу… нима деганингиз? — хириллади Матназар. — К-кимни ҳақорат қипман?

— Ўзингни билмасликка оляпсанми, ит? Яхши. Унда яхшилаб эшит. Укангнинг тўйи эсингдами?

— Ҳа, эсимда.

— Ўшанда Бек акани сўкканмидинг?

— Сўккан? Қачон?

— Итдай ичасан-у, кейин нима деганингни эслолмай юрасан. Ўзингга ўзинг қилдинг, бола! Бу ёғига тақдирга тан берасан. Қани, тезда уйингдаги бор пулларни менинг қўлимга топшир!

— Нега?

— Ҳа-а, ҳали мени сўроққаям тутмоқчимисан? Кимлар билан ўйнашиб қўйганингни унутиб қўйибсан, чоғи? Майли, эслатиб қўямиз. Қани, йигитлар, бир четга олиб ўтиб эсини киритиб қўйинглар! Мен унгача уй ичкарисини тинтиб тураман!

Йигитлар буйруқни эшитишлари билан Матназарни икки қўлтиғидан олиб томорқа томонга олиб ўтиб кетишди…

 

* * *

 

Қора дорини шаҳардан анча нарида — далага яқин жойда ярим кечаси сотишади. Бу бозорда савдо қиладиганларнинг барчаси қамалавериб эти қотган, ранглари захил, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган, кўзлари доимо ўйнаб турадиган ўрта яшар эркаклар…

Бу кеча Мардон чет эллик сотувчилардан оғунинг кучлисини сотиб олиб жони кириб қолди. Ўзининг мижозларига ана шу оғуларни нақд уч баравар қимматига пуллади.

Қаршисидаги икки тансоқчига беркитиб қўйганларидан пичасини татиб кўриш учун бераркан, ўзининг ҳам бир маза қилгиси келиб кетди.

— Тўхта, — деди у тансоқчи йигитнинг қўлидаги кичкинагина целлофан халтачани тортиб оларкан, кўзлари аланг-жаланг ён верига ўғринча назар ташлаб. — Бу зормандани аввал мен татиб кўраман. Қани, ростданам кучлимикан? Алдашмаган бўлса, кейинги гал ҳам худди шунақасидан опкелиб сотамиз…

Эндигина оқ кукундан озгинасини бармоғига илиб бурнига яқинлаштирган эдики, кимдир келиб елкасига туртгандай бўлди.

Мардон шоша-пиша халтачани кафтлари орасига яшириб орқасига ўгирилди.

Милиционерларданми, деб ўйлаганди. Сарибой экан.

— Ҳа-а, бу ерда нима қилиб юрибсан арвоҳга ўхшаб? — Сарибойни жеркиб ташлади у. — Ўласанми, бундоқ йўталиб-нетиб келсанг?

— Узр, ака, фалокат юз берди!

— Нима бўлди? Қанақа фалокат?

— Акангизни уравериб ярим жон қилиб ташлашди.

— Нима? Ким?

— Бек аканинг одамлари. Шахсан Ҳусан аканинг ўзи келиб калтаклатди. Ичкаридаги пулларни тийин-тийинигача қўймай олиб кетди.

— Олиб кетди? Ие, ахир… Темир сандиқдаги пулларнинг ярми меникийди-ку! Нима қип қўйдиларинг, итлар?

Мардон беихтиёр Сарибойнинг томоғини чангаллаб бўға бошлади.

— Нима қип қўйдиларинг? Мени хонавайрон қилибсанлар-ку!

— Менда айб йўқ, ака! Қўйворинг!..

Мардон бирдан Сарибойни қўйиб юбориб муштларини тугди.

— Мен уларга кўрсатиб қўяман! Қўрқадиган аҳмоқ йўқ энди. Акам айб қилган бўлса, менда нима гуноҳ? Ўзидан олмайдими ўчини? Ўлдираман! Ўлдираман!

У қаршисидаги йигитларни куч билан итариб юборди-да, сумка тўла пулни қўлтиғига қисганча машинаси томон чопиб кетди.

Сарибой эса, аллақачон ўрнидан қўзғалган машина ортидан югургилаган кўйи қичқириб борарди:

— Мардон ака, борманг! Акангизда айб йўқ! Бекорга ўлиб кетасиз!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here