Туркияда Эрдўғанга суиқасдни тасвирга олган фильм режиссёри 6 йилга қамалди

0

7 сентябрда туркиялик кинорежиссёр Али Авчи “Уйғониш” бадиий фильмида террорчиликни тарғиб қилгани учун жазоланди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлигига асосланиб kun.uz хабар берди.

Ушбу фильмда 2016 йил июлда Туркияда содир этилган давлат тўнтарувига уриниш агар амалга ошганда нима бўлиши ҳақида сўзланган бўлиб, унда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг оиласи ўлдирилади.

Авчи фильмнинг трейлери чиққандан кейин ҳибсга олинган. Фильм сюжетига кўра, зобит Эрдўған ибодат қилаётганда унинг гарданига ўқ узади. Сценарий бўйича, Эрдўғаннинг бутун оиласи, жумладан унинг куёви – Туркия молия вазири Барат Албайроқ ҳалок бўлади.

Истанбул суди Авчини Фатҳулла Гулен ташкилоти билан ҳамкорликда айблаб, 6 йил-у 3 ойга озодликдан маҳрум этган. Туркияда тўнтарувга уринишни ташкиллаштириш ортида айнан Гулен ва унинг тарафдорлари турган, деб ҳисобланади.

Суднинг фикрича, Авчи фильм орқали жамиятда “террорчилик ташкилоти” ғоясини тарғиб қилишга ҳаракат қилган. Судланувчи Эрдўғаннинг ўзи ҳам исёнчиларнинг нишони бўлгани ҳақида айтганини таъкидлаб, ўзига қўйилган айбловни рад этган. У ўзини оқлаш мақсадида агар террорчиликни тарғиб қилишни истаганда Эрдўғанни ўлдирилган эмас, балки мамлакатдан қочган кўринишда акслантирган бўлишини айтган.

“Бу фильм агар тўнтарув амалга ошганда нима бўлиши ҳақида. Мени Эрдўғанга тўппонча ўқталган саҳна учун жазолашмоқда. Бироқ исталган одамдан сўранг, тўнтарувдан мақсад Эрдўған бўлган, буни президентнинг ўзи ҳам айтади. Агар мен террорчиликни тарғиб қилганимда Эрдўғанни ибодат қилаётган ҳолда эмас, балки қочиш режасини тузаётган ҳолда кўрсатардим. Агар мен яширин мурожаат қилишни истаганимни исботлай олишса, мен умрбод қамоққа боришга тайёрман”, деб айтган Авчи.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: