Холецистит: ўт(сафро) пуфаги ялиғланишида табобатнинг ёрдами

0

Холецистит ўт (сафро) пуфагининг яллиғланиши бўлиб, дунёда энг кўп тарқалган касалликлардан биридир. Аёллар холецистит билан эркаклардан кўра 3-4 марта кўпроқ  касалланишади.
Бу хасталик аста-секин ривожланиб, ўнг қовурға остида симилловчи оғриқ пайдо бўлади. Баъзан кўнгил айниб, нажас суюқ келади.
Холецистит ўткир ва сурункали бўлади. Ўткир холецистит парҳезга риоя қилинмаганда, яъни ёғли, қовурилган, жуда аччиқ таомлар тановул қилиниши натижасида ривожланади. Оғриқ ўнг қовурға остида пайдо бўлиб, баъзан елкага, юрак ёки бел соҳасига ўтиши мумкин. Кўнгил айниши, қусиш, қорин дам бўлиши, ич кетиши кузатилади. Тана ҳарорати 38 С даражагача кўтарилиб, бош оғриғи, кўп терлаш юзага келади. Шундай белгилар бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.
Ўткир холецистит аста-секинлик билан сурункалига айланади. Ўт-тош хасталиги, ошқозон шираси етишмовчилиги билан боғлиқ гастрит, сурункали панкреатит (ошқозоности бези яллиғланиши), ҳазм йўллари аъзолари хасталикларидан ривожланади.
Сурункали холециститни дард қўзғалмаганда гиёҳлар ёрдамида даволаш мумкин. Ўт-сафро чиқишини яхшилаш мақсадида сафро ҳайдовчи гиёҳлар қўлланилади. Сафро ҳайдовчи омиллар холеретик ва холекинетик кабиларга бўлинади. Холеретиклар сафро ва сафро кислоталарининг ҳосил бўлишини маромига келтирса, холекинетиклар уларнинг оқишини яхшилаб, сафро халтаси кучини оширади. Гиёҳлар ёрдамида даволаш узоқ давом этади.

Бу касалликда ёрдам берадиган бир неча йиғма чойларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

Тенг миқдорда далачой (зверобой) ўти, маккажўхори попуги ва бўзноч (бессмертник) гуллари олинади, яхшилаб омихта қилинади. Шу йиғмадан бир ош қошиқ олиниб, устига 200 мл қайноқ сув қўшилади ва сув ҳаммомида ярим соат мобайнида паст оловда қайнатилади. Кейин 10 дақиқа совитилади. Яна қайноқ сув қўшиш орқали буғланиш оқибатида йўқотилган суюқлик миқдори 200 мл.га етказилади. Тайёр қайнатмадан кунига 70мл.дан 3 маҳал таомдан 20 дақиқа олдин ичилади.
Оқ қайин (берёза) барги, арча меваси, эрмон (полpоp горpкая) ва бўйимодарон (тисячелистник) ўтлари тенг миқдорда олинади. Аралашманинг бир ош қошиғи 200 мл қайноқ сувга солинади, оғзи берк идишда паст оловда 20-25 дақиқа қайнатилади. Оловдан олиниб, 15 дақиқа дамланади. Сузилгач, бир пиёладан эрталаб ва кечқурун таомдан ярим соат олдин ичилади. Бу мал-ҳам сафро-пешоб ҳайдовчи омил сифатида яхши наф келтиради.
3 сиқим қичитқи ўт (крапива), 2 сиқим момақаймоқ, 2 сиқим наъматак илдизлари аралаштирилади. Бир ош қошиқ йиғма 250 мл қайноқ сувга солинади ва сув ҳаммомида 15 дақиқа қайнатилади. Кейин 3 соат мобайнида дамланади. Бу вақтда 1 сиқим мойчечак (ромашка) гули, 2 сиқим далачой ва 3 сиқим тирноқгул (ноготки, календула) аралаштирилади ва бир ош қошиқ йиғма 200 мл қайноқ сувга солиниб, 40 дақиқа дамланади. Шундан кейин юқоридаги қайнатмага қўшилади. Аралашма ҳажми ярим литрга етгунча қайноқ сув қўшилади. Сўнг таомдан олдин кунига 2 ош қошиқ-дан 4 маҳал ичилади. Шу тариқа 2 ой мобайнида 10 кунлик танаффус (ҳар 5 ҳафтада) билан даволанилади. Даволаш муолажаси йилига 2 марта амалга оширилади.

Арча мевасидан ташқари юқорида келтирилган доривор гиёҳларнинг ҳаммасини дорихоналардан топиш мумкин. Ёзилиши бўйича дамлама тайёрлаш қийин кўринсада, амалда анча осон.
Даволаш жараёнида парҳезга риоя қилиш даркор. Спиртли ичимликлар, аччиқ ва ёғли таомлар қалампир, саримсоқ-пиёз, ёғли гўшт, қўй гўшти, сариёғ, серёғ сут, сариёғ, балиқ гўшти тавсия этилмайди. Қаҳва, какао, шоколод, газли ичимликларни ҳам чеклаш талаб этилади. Сабзавотлар, кўкатлар (укроп, кашнич)ни кўпроқ истеъмол қилиш керак.

Мевали шарбат ичиш ва кунига оз-оздан 6 марта овқатланиш даркор.