Балиқчи қушни тепган эркак жаримага тортилди

0

Қўлидаги чизбургерни ўғирламоқчи бўлган чайка (балиқчи қуш)ни тепган эркак энди 124 доллар жарима тўлашга мажбур. Бу ҳақда “news.bigmir.net” хабар берган.

Ҳодиса Нью-Хемпшир соҳилида бўлган. Воқеа сабабчиси Нейт Ранклоснинг таъкидлашича, содир бўлган воқеа шунчаки тасодиф бўлиб, ижтимоий тармоқлар буни жуда бўрттириб юборган экан.

Унинг сўзларига кўра, воқеа ҳақида Фейcбукда ёзган аёл нима бўлганини ҳатто кўрмаган ҳам.

«Мен чизбургер билан қайтиб келдим ва қум устида ўтиргандим, қуш бўлса тўғри менинг бургеримга қараб келди, ҳали ҳам қум устида ўтирар эканман, оёғим билан уни чўчитиб қўймоқчи бўлдим ва, афсуски, қаттиқроқ тепиб юбордим», дейди Ранклос.

Ҳодиса юз берганидан сўнг кўплаб дам олувчилар унга бақира бошлаганлари учун Ранклос соҳилни тарк этишга мажбур бўлди.

Маълумотларга қараганда, бу турдаги қушлар АҚШда федерал даражада ҳимояланади.

Нодира Қурбонбоева тайёрлади.