Ҳикоя: Бахт излаган беш ўғлон

0

 

Тун ярмидан оққанда Ботирни икки барзанги нимқоронғи ертўлага қопдек улоқтиришди. Орадан бироз вақт ўтиб, Ботир сал ўзига келгач, бу қоронғи, зах ертўлада бир ўзи эмаслигига амин бўлди. Ертўла деворига суяниб ўтирган тўрт йигит Ботирдан кўзларини узмасди. Улар гоҳ бошини, гоҳ белини, гоҳ оёғини қашиб, бир-бирига ҳайрон қараб қўярди. Азобдан киртайган кўзлардан, хўрликдан сарғайган юзлардан сездики, булар ҳам ўзи каби алданганлар. Шу пайт Ботирга яқинроқ ўтирган кенг гавдали йигит ҳолсиз оҳангда тилга кирди:

— Сизни ҳам алдашдими, жўра?

Ботир ёнидаги йигитга қарадию, индамади.

— Хафа бўлманг, бошимизда шундай кунлар ҳам бор экан, — гап ташлади Ботирнинг қаршисида ўтирган озғинроқ йигит.

— Исмингиз нима, жўра? — Ботирнинг ёнидаги йигит сўради.

— Ботир.

— Ҳа, меники Шокир, уники, — йигит Ботирнинг қаршисидаги озғин йигитни кўрсатди, — Усмон. Буларники, — гапга аралашмай ўтирган икки йигитга имо қилди у, — Собир ва Санжар.

— Мен Бухородан, жўра. Сиз-чи?

— Андижондан, — истамайгина жавоб қайтарди Ботир.

— Мен Фарғонадан. Қандай қилиб бу ерга келиб қолдингиз?

— Ношукрлигим ортидан.

— Мендаям шу, жўра, — бошини қашлади Шокир. — Бир яхши ишим бор эди, ота-онамни ташлаб, узоқлардан бахт излаб келдим.

— Бу ер дўзахдан баттар, — суҳбатни давом эттирди жим ўтирган Собир. — Онамни соғиндим. Келганимизга бир ҳафта бўлди. Итга ҳам бунчалик қарашмаса керак. Билмадим, мақсадлари нима буларнинг.

— Шуниям билмайсанми?! — йиғлагудек шеригига қаради Санжар. — Бизни сотишади. Ит искамас жойларга олиб бориб, қўлимизга автоматни бериб, ватанимизга қарши гижгижлашади.

— Ҳа, тўғри, — Усмон чуқур хўрсинди. — Бу ерда йигирмага яқин йигит бор эди. Бир хиллари азобга чидай олмай ўлди, баъзиларини мажбурлаб олиб кетишди. Билмадик, қачон бизни ҳам олиб кетади бу ҳаромилар.

Беш йигит. Ҳаммаси азобда. Неча кунки сассиқ ертўлада бир бурда қаттиқ нонга қаноат қилиб яшаб келишмоқда.

Усмон Фарғонада энг кўзга кўринган уста эди. Шогирдлари бисёр бу йигитчани амакисининг ўғли Рамзнинг яқиндагина Россиядан ишлаб келиб олган «Каптива»си йўлдан урди. Ўз ҳунарининг орқасидан топаётган даромади кўзига чақадек кўринди. Уйланганига бир йилдан ошган куёвболанинг хаёли узоқ юртга бориб ишлаш бўлди. Ота-онаси Усмонни ўртага олишди, дўқ-пўписа қилишди, фойдаси бўлмади. Сабр қилмади, кўзи ёришига саноқли кунлар қолган хотинини, кўзлари жавдираб атрофдан нажот излагаётган ота-онасини ташлаб, Рамзнинг ёрдами билан Россияга учди.

Усмон ўз юртининг таровати, ширинсухан одамлари, танга роҳат ҳавосини орзу қилган жойига келиб англади. Лекин ишини топди. Маоши дурустгина. Ҳамма ернинг ўз бўриси бор деганларидек, Усмон жойлашган мебель цехнинг ҳам «полвон»лари бўлиб, кунларнинг бирида унинг ёнига таёқларини ўйнатиб келишди.

«Ўв, братишка. Бу ерни биз бошқарамиз. Агар тинчгина ишлай десанг, бизга бўйсунасан, маошингнинг ярмини узатасан», деб шарт қўйишганида Усмоннинг фиғони фалакка чиқди. Энг ачинарлиси, ўз ютдошлари уни тўнашга шай эди. Бу эса Усмоннинг ғазабини тоширди.

«Бўри»ларнинг бу қилиғи йигитнинг қалбида нафрат учқунини пайдо қилса-да, Усмон ҳозир жанжалнинг мавриди эмаслигини сезиб, арқонни узун ташлади. Ахир унинг мақсади «Каптива» олиш эди. Орадан бир ой ўтди. Усмон маошини олди. «Эртага уйга жўнатаман», деб турганида, «бўри»лар пайдо бўлди.

— Маош олдингми? Бизнинг улушни чиқар! — илжайди улардан бири.

— Уялмайсанларми ўз биродарларингни шилгани! — қони қайнади Усмоннинг.

— Эй, — дея сал новчароқ йигит Усмонга юзланди, — бизга ақл ўргатма, хўпми. Тирикчилик шу. Кўп гапирмай, пулни узат.

— Бошқалар ишлаб, ҳалол пул топяпти.

— Вэй, жуда доно экансану, а! — яна илжайиб Усмонга яқин келди новча. — Яхшиликча берасанми ё?..

— Нима қиласан бермасам?! — қўлини мушт қилди Усмон.

— Ҳозир кўрасан! — новча шерикларига имлади.

Унинг ортида буйруқни кутиб турган тўрт барзанги Усмонга ташланди. Усмон кучи етганича олишди. Аммо барзангилар ундан устун чиқди. Усмон ҳушини йўқотди… Кўзини очганида қоронғи, зах ертўлада кўрди ўзини. Ертўла эшигини урди, тепди. Ҳеч ким садо бермади. Уни қалин ўрмон четидаги, тахтадан ясалган ир кулбанинг ертўласига улоқтиришганди. Бу ертўлада Усмон ўзидан ташқари яна ўн кишининг инграниб ётганини кўрди. Бир куни тунда ташқарида ғала-ғовур эшитилди. Усмон сергак тортиб, ертўла эшигига қулоқ тутди.

— Бугун тўрттасини олиб кетамиз. Бақувватроқ, йўлга ярайдиганини олинглар. Ҳозир одам танқис, шу тўрттаси жангда ҳалок бўлганларнинг ўрнини тўлдириб туради.

— Хўп бўлади, хўжайин. Яна иккитасини Рифатбей сўрабди. Бозор билан супермаркетда ўзини портлатиши керак экан.

— Сал мундайроғини олинглар. Одам кўрганда ачинмайдигани бўлсин.

Суҳбат тугаб, қадам товушлари ертўла томон одимлади. Усмон ўзини ухлаганга солди. Ора-сирада қаттиқ-қаттиқ йўталиб қўйди. Қора кийимда учта йигит ертўлага кирди. Фонар ёруғида бир-бирига суяниб, қунишиб ётган асирлардан тўрттасини танлади. Биттаси Усмоннинг қаршисига келди. Усмон шарпани сезиб қаттиқ йўталди. Шунда шарпа нари кетди. Усмон секин кўзини очди. Улар йигитларни судрагудек қилиб олиб кетишди. Усмон бу ердалигида ана шундай суҳбатларнинг бир нечтасига яширинча гувоҳ бўлди. Шунда билдики, булар нотинч давлатлар билан ҳамкорлик қилувчи уюшган жиноий тўда экан. Усмон ишхонадаги «бўри»ларга бўйсунмагани учун буларга сотилганини англаб етди. Яна бир куни уюшган тўданинг бундай кулбалари кўплигини, у ерда аёллар ҳам борлигини барзангиларнинг ўзаро суҳбатидан эшитиб қолди. Кейин Шокир келди. Унинг юз-кўзи қонталаш бир аҳволда эди. Кейин Собир билан Санжар. Усмондан аввал келган йигитлар, очликка чидай олмай вафот этди. Уларнинг ўлими Собир билан Санжарга қаттиқ таъсир қилди. Анча пайтгача ўзларига келишолмади. Вақт ўтказиш учун ҳам Шокир бошидан ўтган савдоларни шерикларига сўзлаб берди.

Шокир Бухоронинг энг кўркам йигитларидан эди. Ҳамма нарсаси бадаст. Бозорда озиқ-овқат дўкони бор, бу йигит уйидаги «нотинчлик»дан қочиб, айланиб келиш учун келганини ўкинч билан сўзлади.

Дўсти Равшанга эргашиб, Москвага келди. Шаҳарни  айланиб, кўнглини ёзди. Равшан Шокирни зиёфатга олиб борди. Шу зиёфатда бўкиб ичдию, кўзини очганида ўзини ертўлада кўрди. Мана, тинчлик, ҳаловат истаб келган сайёҳнинг аҳволи. Ҳар куни кўз ўнгида тўполончи жиянлари, меҳрибон ота-онаси, акалари ўтавериб, адойи тамом бўлди бечора.

Собир ҳам ҳар куни уйдагиларидан узр сўрайвериб, шерикларининг дилини ҳуфтон қилди. Бир неча марта «Адашдим, мени кечиринглар», деб уйқусида алаҳсиради. Талабаликнинг олтин даврини суриб юрган бу йигитча шартнома пулини тўлай олмаслик важи ила академик таътил олиб, ишлагани келган. Аслида, Собирнинг имконияти етарли эди. Университетнинг учинчи босқичига ўтганида отаси ишга жойлаб қўйди. Ишхонасида шартнома пулини ўтказиш таклифини билдирганида ношукр йигитнинг ори қўзиди. «Ўзимнинг тану жоним соғ. Пул ишлаб топишга кучим етади», деб беғараз ёрдамдан воз кечди. «Қаҳрамон»лиги тутди. «Мен ёш бола эмасман. Ким юр деса кетадиган. Ўзимнинг каллам бор», деган ҳавойи гаплар билан ота-онасини норози қилиб, Россияга жўнади. Бунгача эса интернет орқали танишган «садоқат»ли дўстлари унга мўмайгина иш таклиф қилишганди. «Шартнома пулингни зумда тўлаб оласан», дея ишонтиришди ва ўзини кўрсатмай ижтимоий тармоқ орқали Собир билан доимий алоқада бўлишди. Бу орада уни бир нечта танишларига рўбарў қилишди. Аммо йигит ўзга юртда беш кун овораи-сарсон бўлиб, кўча кезди. Тунда «одам овловчилар»нинг қўлига тушди. Унинг ҳам арзимаган важ билан оёқ-қўлини боғлаб, ертўлага ташлашди.

Санжар эса гулдек оиласини ташлаб, бир енгилтакнинг ортидан олис юртга бахт излаб келди. Ижтимоий тармоқда танишиб қолган  аёл Санжарнинг миясини пуч ёнғоққа тўлдирди. Тунлари беҳаё гаплар айтиб, хотинидан совитди. Санжар содда, беғубор, маъсума хотинидан ўша хулқи бузуқ аёлни қидирадиган бўлди. Бир куни тунда Санжар ҳеч кимга сездирмай, беҳаё аёлнинг макрларига учиб, уйдан чиқиб, тўғри ўзга юртга келди. Қарасаки, у кутгандай бахт унга эшикларини очмай, кўксидан беаёв итарди. Мана, бир ҳафтадирки, азоб-уқубатда кун кечиряпти.

Ботир йигитларнинг бу ерга келиб қолиш ҳақидаги саргузаштларини эшитиб, юраги эзилди. Биргина хато туфайли шундай қисматга дучор бўлган алп йигитларнинг бугун кўзидан надомат ёшлари оқаётгани Ботирга алам қилди. Ўзи ҳам катта хатога йўл қўйганини пайқади…

Оиласидаги етишмовчилик туфайли Россияга бориб ишлашни режа қилган Ботирни аммаси Фароғат тўхтатганди.

Ботирнинг ота-онаси ёшлигида вафот этган. Аммасининг қўлида вояга етиб, ўз йўлини топиб олганди. Спорт билан мунтазам шуғулланган алпкелбат йигитни кўпгина хусусий корхоналар ишга таклиф этишди. Ботир яхшигина маош эвазига бир ташкилотга ишга жойлашди. Ўша ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишлайдиган кишининг қизига уйланди. Фарзандли бўлгач, Ботирнинг ташвишлари янада кўпайди. Бошқа ерлардан ҳам иш қидира бошлади. Аммо уларнинг таклиф қилаётган маоши кўзига камдек кўринди. Шунда чет элга бориб ишлашни ният қилди.

— Узоқда нима бор?! Тану жонинг соғ. Шу ерда ҳам бировдан кам эмассан. — Аммасининг бу гаплари Ботирга бироз таъсир қилди. Лекин эътирозини яшира олмади.

— Биламан, амма. Кўряпсиз, болалар катта бўляпти. Уларнинг кам-кўсти ортяпти…

— Бекор ўтирмаяпсан-ку. Дурустгина топяпсан. Нима қиласан узоқни орзулаб? Эпини қилган топяпти, бу ёқда ҳам. Топганингга Худо барака берса, ҳеч гап эмас.

Ботир аммасига гап қайтара олмади. Аммо аммаси кетгач, хотини билан кенгашди ва катта сумкани елкасига илиб, аммаси билан хайрлашмай жўнади.

Ботир маҳалладошлари ёрдамида қурилишдан иш топди. Бир муддат ишлади. Фақат маошини олишга келганда муаммо чиқдию, бошлиқнинг қўли баланд келди. Шотирлари Ботирни андак савалашди. Бошлиқ ишчиларининг маошини ўзи ваъда қилганидан кам берар, кимдир қарши чиқса, куч ишлатиб, жойига тушириб қўярди. Бу сафар Ботир бўш келмади. Яна бошлиққа сапчиди. Бошлиқ ҳамма ухлаганда кимгадир қўнғироқ қилиб, Ботирга «харидор» топди. Бир соатга қолмай харидор келиб, Ботирни ҳушдан кеткизиб, олиб кетди. Тақдир чархпалаги шу тариқа уни ҳам ертўлага олиб келди.

Мана, ҳозир ҳамма ўз хаёли билан банд. Ўртага совуқ сукунат тушган. Шунда Шокир гап ташлади:

— Жўралар, бу жойдан чиқишнинг иложи бор! Агар ҳозир ҳаракат қилмасак, эртага биз ҳам қулдек сотилиб кетамиз…

— Кимда режа бор? — шерикларига умидвор тикилди Усмон.

— Уларнинг қўлидан чиқиш осон эмас.

Собирнинг таҳликали гапи Ботирнинг ғашига тегди.

— Бу нима деганинг?! Ҳамма нарсанинг иложи бор. Гарчи шу ерда ўлиб кетсак-да, ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳужжатларимиз ҳам уларда. Энг олдин ҳужжатларни олишнинг йўлини қидириш керак…

Ботирнинг гапи ҳаммага таъсир қилди. Ботирга яқинроқ ўтиришди.

— Нимани таклиф этасиз? — Санжар паст овозда сўради.

— Бу ерда биздан бошқа одам қолмади. Демак, навбат бизга. Олиб чиқиб кетаётганларида бир йўлини қилишимиз лозим…

Йигитлар Ботирнинг сўзини маъқуллашди. Орадан икки кун ўтди. Ертўла эшиги очилиб, учта барзанги пайдо бўлди. Улар ҳолдан тойган тутқинларга бир-бир кўз югуртиришди.

— Сенларга бу ерда ётиш ёқибдими дейман? — дея барзангилардан бири илжайди. — Бўлди энди бугундан хизматга чиқасанлар.

Бу гапдардан кейин бир барзанги Собир билан Санжарга, иккитаси Шокир билан Усмонга «ёрдам»га келди. Пайтдан фойдаланиб, Ботир барзангилардан бирининг нозик жойига зарб билан тепди. Усмон ҳам чаққон ҳаракат билан битта зўравонни ерга йиқитди. Санжар билан Собир ҳам бўш келмай, нима бўлганига ақли етмай меровсираб қолган барзангининг тиззасининг орқасига тепиб, ерга чўккалатишди. Шокир унинг жағига мушт солди.

Йигитлар чаққонлик билан ертўладан бирин-кетин тепага чиқишди. Кичкина кулба ичида стол, иккита стул, битта сандиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Сандиқ ичида ҳужжатлар борлигини сезган Ботир қулфни бузиб, ўзлари учун керакли бўлган нарсаларни олди.

Бешовлон кулбадан ташқарига чиқишиб, қочаётган маҳалида бирдан ўқ овози эшитилдию, Шокир белини ушлаб йиқилди. Ботир Шокирнинг олдига жонҳолатда югурди. Йигитнинг белидан қон оқар, у эса оғриқдан тишини тишига босиб ингранарди. Собир бошини беркитиб, қалтирашга тушди. Санжар осмонга қараб нимадир деб пичирларди. Сал нарида барзангиларнинг қораси кўринди.

— Кетинглар! — аранг сўзлади Шокир. — Бухорога боринг, онамдан мен уч-ун розилик… сўранг.

Шокирнинг боши шилқ этиб, Ботирнинг қўлига тушди.

Усмон Ботирни кетишга ундаса-да, Ботир ўрнидан жилмас, кўзидан дув-дув ёш қуйилар, Шокирни қўлидан қўймай, барзангилар томонга нафрат билан тикиларди. Бироқ Шокир уларни кетмаганига қўймади. Қаҳрамонлик ўшанда содир бўлди. Дастлаб Шокир узоқдан ҳаллослаб келаётган одам ўғриларини чалғитиб тураман, сизлар қочинглар, деган бўлса, сал ўтмай унга Санжар ҳам шерик бўлди.

Қисқа муддатда тўполон бошланди. Ваҳоланки, қолганлар ҳам, аслида, яраланган Шокир ва касалликдан бир тўғрамгина бўлиб қолган Санжар билан узоққа қоча олмасликларига кўзлари етиб турган бўлса-да, муҳокамага ўрин қолмади. Собир, Ботир ва Усмон оёқларини қўлига олганича қочишга тушишди.

Улар амаллаб катта йўлгача етиб келишди. Кейин бир амаллаб йўловчи машинада шаҳаргача кетишди ва тегишли жойга бориб бошларига тушган кўргуликларни сўзлаб беришди.

Афсуски, Санжар билан Шокир топилганида жон бериб бўлишган экан. Бу машъум хабар Ботир, Усмон, Собирни баттар карахт ҳолга солди…

* * *

«Ўзбекистонга хуш келибсиз!» жумласини эшитган йигитлар қулоқларига ишонмас, кўзларидан қувонч ёшлари тўхтамасди. Мусибат уларни шунчалик яқинлаштиргандики, худди оға-инилардек эди. Ўз юртини қўйиб, ўзга юртлардан бахт излаган йигитлар ватанга қайтишди. Аммо уларнинг дилида икки ҳамюртининг аянчли ўлими бир умрга муҳрланиб қолди…

Мансурбек РЎЗИЕВ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here