НОМАҲРАМ… (21-қисм)

0

 

* * *

 

Сарибой қанчалар ишонтиришга уринмасин, Матназар Бек акадан ҳеч қандай яхши гап кутмасди. Чунки, бу одамни яхши билади. Қачонки, ўзининг манфаатига мос келадиган иш бўлсагина Матназарга ўхшаганларни таклиф этиб қоларди.

Бу гал эса…

Шунча азобланишлар, хўрликлардан сўнг Бек аканинг юзига қарашга жирканса-да, ҳозирги ҳолатини, эртанги кунини ўйлаб ноилож ўзи учун жирканч бир ҳилқатнинг остонасини босиб ичкари киришга мажбур бўлди.

Бу ерда Матназарни ҳайратга солувчи манзаралар кўп эди. Айниқса, дарвозада, ҳовлида айланиб кун ўтказадиган соқчи йигитларнинг ўзгача мулозаматлари, югуриб-елиб хизмат қилаётган ёш-ёш қизчаларнинг қўлларини кўксига қўйиб салом беришлари уни ҳақиқатан ҳайрон қолдирди…

— Ие, ўзимнинг эски қадрдоним кеп қопти-ку! — Бек ака қизи Маржона билан бирга овқатланиб ўтирган экан. Матназар кириши билан даст ўрнидан туриб қучоғини очди. Маржона эса ерга қараган кўйи секин салом бериб ташқарига чиқиб кетди. — Қани, укагинам, ўтир! Йўқ, тўрга ўт! Ҳа, ана бу бошқа гап. Қани, сен келдинг, бало келмасин, Аллоҳу акбар!..

Матназар фотиҳа ўқилгач, тезроқ мақсадга ўтилишини кутиб ер остидан Бек акага тикилиб қаради.

— Ука, — дея гап бошлади Бек ака уни узоқ куттиргиси келмади шекилли. — Шу десанг… Мардон жуда қийнаб юборди-да бизни! Биласанми, биз унга ўзимизга ишонгандай ишониб, бутун бошли миллион-миллион пул келадиган бозоримизни топшириб қўйгандик. Ахир, бундай яхшиликни керак бўлса, отасиям қилмайди одамга ҳозирги замонда! Тўғрими?

Матназар бош ирғаб қўйди.

— Бир ойдан бери қочиб юрибди ярамас… Айтанча, сенинг ўзингниям боплаб кетибди-ку!

— Ҳа, энди… Ўзи билади-да! — деб қўйди Матназар майдалашиб ўтиргиси келмай.

— Шунақа. Сен уни гўдаклигидан катта қилгин-у, бир кун келиб ўтирган уйингни бузиб чиқиб кетсин!

— Менга нима ишингиз бор эди? — сўради Матназар гапни бўлиб.

— Сенгами? Кел, эски гиналарни унутайлик. Хатолик сенданам, бизданам ўтди. Бир-биримизни кечирайлик-да, яна ишни давом эттираверайлик! Мен сенга илгариги мавқеингни қайтариб бераман. Фақат бир шарт билан.

— Қандай шарт?

— Шошилма! Шу шартни бажарсанг, нафақат мавқеинг тикланади, балки, менга куёв бўласан.

— Нима? Куёв?

— Қўрқиб кетдингми? — кулиб юборди Бек ака. — Билиб қўй, менам унча-мунчани куёв қилавермайман. Кўнглимга ўтириб қолганинг учун шу гапни айтдим. Маржонага уйланасан. Локигин аввал биз қўйган шартни бажаришинг лозим.

— Хўп, айтаверинг!

— Сен… Мардонни тинчитасан!

— Нима? Укамни-я?

— Ҳа, йўқ дейишга уринма! Бу қарорни мен чиқардим. Бугуноқ бориб ўз укангни йўқ қиласан!

Матназар кутилмаган совуқ ва ёқимсиз гапдан сўнг пешанасида пайдо бўлган тер томчиларини кафти билан арта-арта беихтиёр ўрнидан туриб кетди.

 

* * *

 

Бек аканинг ҳовлисидан чиқаркан, Матназар сочилиб кетган хаёлларини сира йиғиштириб ололмас, ўқтин-ўқтин ишонмаган кўйи чўнтагидаги тўппончани ушлаб-ушлаб қўярди.

Шу аҳволда уч йигитнинг ҳамроҳлигида Мардоннинг дарвозаси рўпарасида машинани тўхтатди. Машинадан тушишга тушди-ю, буёғига нима қилишни билмай боши қотди. Ахир, қай томон кетяпти ўзи? Жигарини ўлдириш ниятида келди-ку!.. Нега? Кимлардандир қўрққани, ёки бойлик илинжидами? Қийналавериш жонига теккани учунми? Кейин нима бўлади?.. Йўқ, йўқ. Мардон яхшиликни билмади. Акасининг юзига оёқ қўйди. Бир марта эмас, бир неча ўн марта шундай қилди. Устидан боплаб кулди. Хиёнатлар қилди. Маҳалла-кўйнинг олдида шармандаи шармисор қилди. Демак, ўлимга маҳкум. Яшашга ҳаққи йўқ. Агар ҳозир ўлдирмаса, бир кун келиб тағин ўзининг ифлос ишларини такрорлайверади. Матназарни ер билан яксон қилаверади… Лекин… Энаси-чи? Ҳойнаҳой шу тобда арвоҳи Мардоннинг ҳовлисида айланиб чирқиллаётгандир… Матназар ўз жигарининг қонига қўлини бўяса, эвазига энаси жазолаб қўймасмикан уни?.. Йўқ, йўқ. Нималар деяпти?.. Бу ишни қилмаса, Бек акадан жазо топади. Бу сафаргиси қаттиқ жазо бўлиб чиқади. Аниқ…

— Ака, вақт кетяпти, кирмайсизми? — Матназарнинг хаёлини ёнида маҳтал бўлиб турган йигитлардан бири бўлиб юборди.

— Нима?.. Ҳа-я, нега туриб қолдик ўзи?

— Билмадим. Боядан бери кутиб турибмиз. Бир жойда қотганингизча туриб қолдингиз.

— Хаёл олиб кетибди, ошна!.. Демак, сенлар шу ерда қолиб кутасанлар. Мен тез чиқаман.

— Фақат чўзманг, иш бошдан ошиб ётибди.

— Буни сенларсизам биламан…

Матназар шошилганча дарвоза қанотини қия очиб ичкарига қадам қўйди.

Ҳовли жимжит эди. Фақат айвонга осиб қўйилган қафасдаги тўтиқушгина бетиним сайраб жимликни бузиб турарди.

— Мардон, қаердасан? — қичқирди Матназар атрофга аланглаб. — Тирик жон борми бу уйда?..

Бир-икки бақир-чақирдан сўнг рўпарадаги уй эшиги ғийқиллаб очилиб кўзларини ишқалаган кўйи Мардон чиқиб келди.

— Ҳа, намунча уйни бошингизга кўтармасангиз? — тўнғиллади у турган ерида. — Нима гап? Тинчликми?..

Матназар укасининг бу муомаласини эшитиб ҳайрон бўлмади. Негаки, у билмайди. Акасини ҳамон тиланчилик қилиб кун ўтказяпти деб ўйлайди.

— Сал пастроққа тушсанг бўларди. — деди Матназар киноя аралаш. — Кўришармидик…

— Гапингиз бўлса, гапираверинг! Шундоғам уйқунинг белига тепдингиз.

— Шунақами?.. Унда эшит. Мен сендан бу сафар қарз сўраб келмадим.

— Унда нимага келдингиз?

— Сени ўлдириш учун юборишди мени.

— Нима?.. — Мардон бирдан ҳушёр тортиб орқага тисланганди. Матназар у шубҳа қилмаслиги учун чўнтагидаги тўппончани қўлига олди.

— Кўрдингми? Мана шу қуролминан сени тинчитишим керак экан.

— Сиз… Қуролни қаердан олдингиз?

— Буюртмачилар беришди. — совуқ кулиб қўйди Матназар. — Кимларнидир қаттиқ ранжитган эмишсан.

Мардон беихтиёр кулиб юборди.

— Вей, ака, ҳазиллашяпсизми?.. — ҳамон кулгидан ўзини тўхтатолмай сўради у. Аммо ўзини тутишидан, юз-кўзларидан безовталана бошлагани кўриниб турарди. — Келиб-келиб сизга юклашдими шу ишни? Ахир, мени ўлдириш осон эмаслигини биласиз-ку!..

— Бола, сен пастроқ туш!.. Ўлдириш кўнглимда бўлса, кирган палламдаёқ бажариб қўя қолардим. Тўнғиз эдинг, тўнғизлигингча қолибсан.

— Оғзингизга қараб гапиринг! — жазава аралаш бақирди Мардон. — Тўнғиз деб сизни айтишмайдими? Ўз укангизни ўлдиришга кепсиз-ку! Қанча ваъда қилишди бу ишингиз учун?

— Бунисиминан ишинг бўлмасин! Ҳарқалай, сен берган қарздан кўп. Бузиб кетган уйингни қайтадан тиклашгаям етади.

— Шунақа денг? Аламда қолган экансиз-да!..

— Бўпти, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас. Кўчада йигитлар кутиб туришибди. Ичкарига таклиф қилсанг, гаплашиб олардик.

— Ўлдирмайсизми? — тўсатдан телбаларча қичқириб қўлларини баланд кўтарди Мардон. — Эркак киши ташқарида туриб ҳам гаплашаверади.

Матназар жаҳд билан айвон сўрисига чиқди-да, укасига яқин бориб тўппончани пешонасига тиради. Мардон шу тобда адойи тамом бўлганди. Ҳатто, қимирлашга ожиздек кўзларини юмиб-очарди холос.

— Сен ярамас, яхшиликча гаплаша оласанми ўзи-йўқми? — хириллаш аралаш шивирлади Матназар. — Сен имонингни ютган бўлсанг, мен ҳали илгаригидайман. Жигарчилик мен учун қадрлироқ, хунаса!.. Намунча катта кетасан?.. Юр, бошла ичкарига! Хотинчанг уйда бўлса, ташқарига ҳайда!

— Х-хўп… Хўп… — Мардон эҳтиёткорлик билан уй эшигини очиб Матназарни олдинга ўтказди. — К-киринг!..

Уй ичи қасрлардек шоҳона ясатилган, ҳар қандай камбағал одам кирса оёқ босишга қўрққулик эди.

Матназар деворлардаги нақшларни, қатор-қатор турк гиламларини, сервантдаги қимматбаҳо идиш-товоқларни эринмай кўздан кечириб маъноли бош чайқаб қўйди.

— Ҳа, яшашинг ёмон эмас. — деди укасининг кўзларига тик боқиб. — Топишинг яхши-да-а?

— Ҳаракатга яраша… Хўш, гапиринг энди!..

— Нимани гапирай? — атайин талмовсираб сўради Матназар. — Чамаси, бизнинг гаплашадиган гапимиз йўқ эди шекилли?

— Балки бордир. Ахир, ўлдиришдан аввал айтадиган гапларингизни ўйлаб келгандирсиз?

— Ҳа-я, сўнгги гапларни гаплашиш шарт-ку!.. Хўш, Бек акангни нега ранжитдинг?

— Ҳа, демак, ўша сизни менинг олдимга юборган экан-да!..

— Сен гапни айлантирма!.. Нега ранжитдинг? Жавоб бер!..

Мардон полдаги гиламнинг бир учини кафтлари орасига олиб иккинчи қўли билан силаб қўйгач, бошини кўтарди.

— Ўнта бармоғини оғзига баравар тиқиб олган ўша акангиз. Қачонгача мен унга улуш бераман? Ўзимнинг тирикчилигим йўқми?

— Ие, ўша одам сени оёққа турғазмадими? Буниям унутиб юбордингми ҳали?

— Ҳечам у оёққа турғазгани йўқ. Мен ўзимни ўтдан чўққа уриб…

— Бекорларни айтибсан. — унинг сўзини бўлди Матназар. — Бунчалар нонкўр бўлма, ука!.. Иккаламизгаям у кишининг яхшиликлари кўп бўлган. Қолаверса, Бек акадан қочиб ҳеч қаёққа бора олмайсан. Ёшлик қилмагин. Агар менинг ўрнимга бошқасини юборганда, аллақачон жанозангга тайёргарлик кўрилаётган бўларди. Ё нотўғрими?..

Мардон бошини ликиллатиб тасдиқ ишорасини қилди.

— Сенга барибир ичим ачийди. — давом этди Матназар. — Чунки, бир қориндан талашиб тушган укамсан. Сендан бўлак бу дунёда яқиним йўқ. Бироқ Бек аканинг буйруғини бажармасам ҳам бўлмайди. Унинг олдида қарзларим кўп. Юр, кийингин-да, менминан юр!.. Фақат аҳмоқлик қилма!..

Мардон шу пайтгача бошқа хаёлда ўтирганди. Акасидан бошқа гап кутганди. Бирдан ўзгариб туришга ундай бошлаши юрагидаги қўрқувни баттар кучайтириб бармоқларигача титрай бошлади.

— Ака, — беихтиёр кўзлари ёшланиб зўрға шивирлай олди у. — Барибир мени ўлдираркансиз-да-а?.. Ҳозиргина ачинаман деётгандингиз-ку!.. Раҳмингиз келмас экан-да менга!..

— Қўй, ука, мени қийнама!.. Яхшиси, вақтни чўзма! Ташқаридаги йигитлар шубҳага тушишмасин!.. Юр!..

Мардон бошқа савол бермади. Индамай кийиниб акасининг олдига тушганча ташқарига йўл олди. Хотини эса, ҳеч нарсага тушунмас, бақрайганча тандирхона ичкарисидан уларни кузатиб турарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Ҳурматли дўстлар, телеграммдаги каналимизга барчангизни лутфан таклиф этаман! Каналда сиз ҳар бир янгилик, ҳикоя, давомли асарларни биринчи бўлиб ўқийсиз!

https://t.me/olimjonhayit

 

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here