Сарри «Милан»нинг икки ҳимоячисини «Челси»га олиб келмоқчи

0

«Милан» ҳимоячилари Алессио Романьоли ва Маттиа Кальдара «Челси» клуби қизиқиш доирасида бўлиб турибди.

Calciomercato нашри тарқатган хабарда айтилишича, Лондон клуби бош мураббийи Маурицио Сарри қишки трансферлар вақтида жамоанинг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш ниятида. А Серияда ишлаш тажрибасига эга мутахассис Романьоли ва Кальдара номзодларига бежиз тўхталмаган.

Алессио 2015 йилдан буён «Милан»нинг асосий таркиб ўйинчиларидан саналади. Маттиа эса шу йилнинг 2 август куни клуб билан 5 йиллик шартномага имзо чекди. Унинг «Ювентус»дан трансфери «россонери»га 35 миллион еврога тушган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ёзда «Челси» «Ювентус» ҳимоячиси Ругани трансферига ҳаракат қилган, бироқ туринликлар бунга рад жавобини беришган эди.