Лотереяда ютиб олинган пуллар касофати

0

Бу инсонларга омад кулиб боқиб, бир кунда бой бўлиб кетишгани рост. Аммо улар пулларини нимага сарфлашди?

Албатта, лотереяда катта пул ютиб олган ҳар қандай одамнинг ҳаёти кескин ўзгариб кетиши мумкин. Ахир катта пулнинг ўзига яраша сеҳри ва кучи бўлади. Бироқ баъзи инсонлар осмондан тушган пулларни нима қилишни билмай қолади. Оқибатда кечагина миллионлаб доллари бўлган инсон эртаси куни сариқ чақасиз қолиши ҳеч гап эмас. Тарихда бунга мисоллар жуда кўп. Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, лотереяда омади чопиб, ғолиб бўлганларнинг 70 фоизи бир неча йил ичида бор-йўғидан айрилар экан. Қуйида осонгина бойиб кетган инсонларнинг ҳаёти билан боғлиқ ажабтовур ҳангомаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Лотереяда ютган куним
ҳаётимдаги энг ёмон
кунимдир»

Америкалик Билли Боб Харреллга 1997 йили омад кулиб боқди. У «Texas Lotto» лотереясидан ақл бовар қилмас миқдорда катта пул — 31 миллион доллар ютди ва дарров ишдан бўшаб ранчо сотиб олди, камига ўзига ҳамда оила аъзоларига атаб бир нечта уй ва автомобиллар харид қилди. Аммо орадан бир йил ўтиб, Билли Бобни хотини ташлаб кетди ва бу воқеа янги миллионерни тушкун ҳолга солиб қўйди. 1999 йилнинг 22 май куни Харреллни ўз уйида ўлик ҳолда топишди. У кўкрагига теккан ўқдан ҳалок бўлганди. Биллининг яқинлари унинг ўз жонига қасд қилганига ишонмади, бироқ Харрелл ўз ҳаётидан мамнун эди, деб бўлмасди. Ўлимидан бир неча кун аввал Билли Боб ўзининг молиявий маслаҳатчисига шундай деганди: «Лотереяда ютган куним ҳаётимдаги энг ёмон кунимдир».

«Пул — бало-қазонинг илдизи»

Аммо лотереядан жек-пот ютиб, босар-тусарини билмасдан харажат қилиб, кейин орадан бир неча йил ўтиб бўлса-да, одатий ҳаётга қайтганлар ҳам бор.

2002 йили Буюк Британияда истиқомат қилувчи 19 ёшли ахлат йиғувчи Майкл Кэроллнинг чин маънода омади чопди. У лотереядан 10 миллион фунт (13 миллион доллардан ошиқроқ) ютиб олди. Лекин орадан саккиз йил ўтиб, бу пулдан бир чақа ҳам қолмади. Бир кунда миллионерга айланган Кэролл тез орада ичкилик ва гиёҳванд моддаларга ружу қўйди. Шунингдек, қиммат автомобиллар ва фоҳишаларга ҳам аямай пул сарфлади. Хотини билан ажрашиб, икки марта қамалиб чиқди.

Сўнгги ярим миллион фунтни 2008 йили тугатган Кэролл автомобиллари ҳамда кўчмас мулкини сотишга мажбур бўлди ва бу пулларга яна айш-ишрат қилишда давом этди. Бу пуллар ҳам тугагач, Майкл тушкунликка тушиб, ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлай бошлади. Аммо Шотландия ўрмонларида тунаган кунларининг бирида ҳали ҳамма нарсани бой бермагани, унда аввалги ҳаётига қайтиш имконияти борлигини англаб етди. Ҳозир КЭРОЛЛ қандолат фабрикасида ишлаб, ҳафтасига 204 фунт маош олади. Ишга велосипедда қатнайди, сузиш билан шуғулланади ва пулни барча бало-қазонинг илдизи, деб ҳисоблайди.

Хор-зорликда ўлган миллионер

2001 йили Россиянинг Уфа шаҳрида яшовчи Муҳаметзяновлар оиласига омад кулиб боқди. Улар лотереядан 29 миллион рубль ютиб олишди.

Ичкиликни хуш кўрувчи эр-хотин бошларига бахт қуши қўнганини нишонлашга аҳд қилишди ва бу «нишонлаш» бир неча йил давом этди. Ароқхўр эр-хотин доим маст-аласт ҳолда юргани камлик қилгандай, пулни ўнгу сўлига қарамасдан сарф қилар, таниган-танимаган одамларига катта-катта қарз берарди. Яхшиям, Муҳаметзяновлар пуллари борлигида бир қанча кўчмас мулк ва автомобиль олиб қолган экан. Оила бекаси Надежда Муҳаметзянова лотереядан ютганларидан сўнг орадан беш йил ўтиб, 52 ёшида вафот этди. Айтишларича, у умрининг сўнгги ярим йилини хор-зорликда ўтказган. Надежданинг эри ва ўғиллари эса ҳозирда ижарага берган уйларидан тушадиган пулга кун кўришади.

Ютуқ — тақдир синови

Россиянинг Ленинград вилоятида яшовчи 26 ёшли Альберт Бегракян 2009 йили «Гослото»дан 100 миллион рубль ютиб олганда, қанчалик қувонганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Альберт Санкт-Петербург шаҳри марказидан бир нечта квартира, «Lexus» маркали автомобиль, Краснодар ўлкасидан ер участкаси сотиб олди. Яқин қариндошларини ҳам қуруқ қўймади. Уларга 12 миллион рубль берди. Аммо орадан икки йил ўтиб, 100 миллиондан асар ҳам қолмади. Устига-устак, Бегракян ютуғи учун солиқларни тўлиғича тўламагани сабабли давлатдан 4 миллион рубль қарз бўлди. Бегракяннинг айтишича, у ютиб олган пулларини тез сарфлаган бўлса-да, ақл билан ишлатган. Лотереядан омади чопгани эса тақдирнинг унга юборган синови.

Ақл билан иш қилинса…

Россиялик яна бир омадли инсон Евгений Сидоров ҳам 2009 йили лотереядан 35 миллионов рубль ютиб олган эди. Аммо Евгений Альберт Бегракяндан фарқли равишда дарҳол қишлоққа жўнаб кетди ва молхона қуриб, хўжалик ишларини йўлга қўйди. Ҳозир у балиқчилик билан шуғулланади ва бахтли ҳаёт кечирмоқда.

Лотереядан ютган пулларини хайрия жамғармаларига берадиганлар ҳам учрайди. Масалан, канадалик Томас Крист 2013 йили рекорд даражадаги сумма — 37 миллион канада долларини (28 миллион АҚШ доллари) бир центини ҳам ўзида қолдирмасдан тиббий тадқиқотлар учун бериб юборди. Чунки Томаснинг хотини саратон туфайли дунёдан кўз юмган эди.

Британиялик пенсионер Маргарет Лаури эса кутилмаганда 27 миллион доллар ютиб олди. Аслида, Маргарет момо кўпи билан бир миллион доллар ютишни орзу қиларди. Шу боис, онахон ўз ютуғини бошқалар билан баҳам кўришни лозим деб топди ва турли хайрия ташкилотларига жами 26 миллион доллар ўтказди. Ўзига эса орзусидагидек, бир миллион қолдирди.

Шу ўринда психолог Роман Сулаймоновнинг сўзларини келтириб ўтишни ўринли деб топдик. «Катта миқдорда пул ютиш, албатта, қувонарли ҳол. Аммо катта пул бир вақтнинг ўзида руҳият учун синов ҳамдир. Инсон ўз бойлигини қайта ҳисоблаб чиқади ва бунинг учун маълум вақт керак. Чунки одам кўпинча оқибатини ўйламасдан турли кераксиз ишларга қўл уради», дейди психолог.

БОШПАНАСИЗ
ЖОННИ БОББИТГА ДЕБ ЙИҒИЛГАН
400 МИНГ ДОЛЛАР

Уйсиз инсонга деб пул йиққанлар энди юз минглаб долларларни ҳақиқий эгасига беришни хоҳлашмаяпти.

2017 йилнинг ноябрь ойида уй-жойсиз Жонни Боббит ўзининг охирги 20 доллар пулига бир канистр бензин сотиб олиб, уни трассада ёқилғиси тугаб ўчиб қолган Кейт Макклюрнинг автомобилига қуйиб берган эди. Кейт ва унинг ёш ҳамроҳи миннатдорчилик сифатида Боббит учун ижара уй олиш мақсадида краудфандинг кампанияни бошлаб юборишди.

Аввалига улар Жонни учун 10 минг доллар тўплашни ният қилишганди, аммо орадан бир ой ўтиб, хайрия тариқасида йиғилган пуллар 300 минг доллардан ошиб кетди. Шундан сўнг Макклюр бойфренди билан бирга Боббитга уй ҳамда автомобиль олиш ҳақида ўйлай бошлади. Турган гапки, Жоннининг номига банкда ҳисоб рақами очилиб, қолган пуллар омонат дафтарчага қўйилар эди.

Бироқ Боббитнинг сўзларига кўра, жуфтлик ваъда қилинган бошпана ўрнига унга ўз ҳовлисидан жой ажратган ва шалоғи чиққан автомобиль олиб берган. Ўз навбатида, Кейт Макклюр Боббит унга берилган барча пулларни гиёҳванд моддаларга сарф қилаётганини, шу сабабли уйсиз эркакни ортиқча харажатлардан тийилишга ундаётганини баён қилган. Жуфтлик Боббит гиёҳванд моддаларга қарамликдан қутулиб, ўзига яраша иш топмас экан, хайрия йўли билан йиғилган пулларни унга бермасликка аҳд қилишганини ҳам айтган.

Жонни Боббит эса Макклюр хайриядан тушган пулларни янги «BMW» харид қилишга ва Калифорнияда дам олишга сарфлаб юборган, деган гумонда.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here