НОМАҲРАМ… (24-қисм)

0

 

* * *

 

Матназарнинг кўнгли негадир ғаш эди. У меҳмонхонада ўтириб бетиним сайраётган телевизорга ҳиссиз термулган кўйи ўтирар, айниқса, Маржонанинг меҳрсизлиги, ҳар қадамда камситавериши, иши тушиб турган маҳаллардагина бошини силаб бироз эркаланиб қўйишларини эслаган сари баттар хуноб бўларди. Аксига олиб кеча кечқурун энаси тушига кирибди. Эски ҳовлилари ўртасига туриб олганча сочини юлиб дод солармиш. Сабабини сўраса, итариб ташлармиш…

— Ака, сизни сўрашяпти ташқарида!.. — ичкарига кириб келган қўриқчини сезмай қолибди. Сесканиб ўрнидан турди-да, унга ҳайрон бўлиб қаради.

— Нима дединг?

— Сизни сўраб келишди.

— Ким экан?

— Айтишмади кимликларини. Тўрт киши. Машиналарида ўтиришибди. Зарур ишимиз бор эди дейишди.

— Кеннойинг келмадими ҳалиям?

— Негадир дараклари йўқ. Ишлари кўпайиб кетди шекилли…

— Бўпти, ҳозир чиқаман…

Матназар кийимларини кийди-да, ҳар эҳтимолга қарши тўппончасини қўйнига солиб ташқарига чиқди. Ҳақиқатан дарвозадан беш-ўн метрлар нарида оппоқ “Нексия” турар, ёнида тўрт чоғли барваста-барваста эркаклар сигарет чекиб туришарди.

Матназарнинг чиқиб келаётганини кўришди-ю, сигаретларини ирғитиб унга пешвоз чиқишди…

Матназар яқин келибоқ, улардан бирини таниди. Подполковник Арслонов. Ҳар гал қамоққа худди шу нусха кузатиб қўярди…

— Келинглар, қайси шамоллар учирди!?

— Нега келганимизни билиб тургандирсан, йигит! — деди Арслонов унга яқинроқ келиб.

— Ўлай агар, билмайман!..

— Сен тўрт кишини ўлдирганликда айбланасан. Ҳозир биз билан бирга юришингга тўғри келади.

— Нима? Қанақа ўлдирганлик? Ўйлаб гапиряпсизми? Мен…

Матназар сўзини тугатиб улгурмай, наридаги уч нафар милиция ходими югуриб келди-да, қўлларини қайириб кишан солди.

— Қани, машинага ортинглар бу нусхани! — буюрди Арслонов уларга. — Қолганини бўлимда сайраб беради…

— Тўхтанглар! — икки елкасидан маҳкам қисиб олишганига қарамай, кутилмаганда қичқирди Матназар. — Тўхтанглар!..

— Нима дейсан яна? — Арслонов йигитларига “Қўйиб юбор” ишорасини қилиб унга яқин келди. — Хўш, ниманг қолиб кетди? Гапир!..

— Илтимос! Сизларга биттагина илтимосим бор!

— Гапир, вақт йўқ!

— Энамнинг қабрига анчадан бери бормагандим. Бирров кириб ўтсам дегандим.

— Қамоқдан қайтгач, ўтаверасан. Ҳозир сени камера кутиб турибди. — деди Арслонов совуққонлик билан.

— Ахир, мен қочиб кетаётганим йўқ-ку! Жон ака, йўқ деманг!

— Бўпти, фақат тез бўласан.

— Ҳа, ҳа, ҳа, шундоқ мўралайман-у, машинага чиқаман!..

 

***

 

Қабристонга икки милиционер ҳамроҳлигида кириб келди.

Матназар пайт пойларди. Энасининг қабри тепасида тиз чўкканча ўтириб нималарнидир пичирларкан, тепасида турган икки милиционернинг чалғишини кутар, улар ҳам ҳадеганда Матназардан кўзларини ола қолишмасди…

Шу кўйи орадан уч дақиқача ўтди. Улар ниҳоят аланглаб атрофни кузатган бўлишди. Пайтдан фойдаланган Матназар эса, тўсатдан қўлларига қабр тупроғидан тўлдитриб-тўлдириб олди-да, иккаловининг кўзлари аралаш сочди.

— Иҳ-ҳ!.. Ифлос!.. Ушла уни, ушла! Қочиб кетади!..

Матназар жонҳолатда қабристоннинг нариги маҳаллага уланган бурчаги томон чопиб борар, милиционерлар кўзларини ишқалаганча, унинг ортидан қолмасди…

Афсуски, мўлжал панд бердими, ўнг оёғи бехосдан очилиб қолган қабрлардан бирига тушиб кетди…

Яхшиямки, салгина ковланган экан. Гавдаси ташқарида қолди.

Милиционерлар эса, бор кучи билан уни тепага тортиб олиб оёғига ҳам кишан солиб қўйишди…

 

* * *

 

Матназар ҳеч нарсага тушунмасди. Милиционерлар уни бўлимга олиб келиб, яхшигина калтаклашди. Қочишга урингани учун жазолашди. Сўнгра бир-икки соат ушлаб туришгач, яна машинага ўтқазишди.

— Сен бошқа турмага борасан. — деди Арслонов совуқ тиржайиб. — У ерда сенга одам ўлдириш, қочиш қанақалигини кўрсатиб қўйишади. Ҳе, хўроз!..

“Ахир, нега бундай қилишди? — машинанинг кичкинагина панжара тутилган тирқишидан ташқарига қараб бораркан, ўйларди Матназар. — Нега суд қилишмади? Нимага бирдан турмага жўнатишди? Қаерга олиб боришади?..”

Шу тобда хаёлига Маржона келди. Унинг келишган қоматини, сузик кўзларини, шартта-шартта гапириб ташлашларини-ю, баъзан кайфияти чоғ маҳалларда бир четдан туриб ноз аралаш тикилиб қўйишларини эслади. Аммо қанча эсламасин, барибир бир нарсага тушуна олмасди. Мана, у билан олти ойдан ортиқроқ яшаб қўйишди. Ҳалиям ораларида Матназар истаганидек илиқлик кўринмайди. Ҳамон шарт қўяди. Тўшакка ётгандан асабийлашишни бошлайди. Сал нотўғри гап айтиб қўйса, ўша заҳоти жеркиб ташлайди. Ахир, шуям эр-хотинликми? Матназарнинг айби нима?.. Айтганини қилса. Қўлидан келганча меҳр кўрсатса…

Машина тун бўйи тўхтамай йўл босди.

Тонгга яқингина қаердадир тўхтагандай бўлди. Кимларнингдир бўралаб сўкингани эшитилди.

Ниҳоят машина эшиги очилиб, Матназарнинг рўпарасида баланд бўйли сержант пайдо бўлди.

— Туш, етиб келдик! —буюрди у. — Қўлларингни орқага қилиб тушгин-да, бортга бошингни тира!..

Матназар бу ерларни билмасди. Ҳаво бу ерларда янада совуқроқ экан. Эти жунжикиб кетди…

— Қани, тезроқ юр! — елкасига автомат билан туртди орқада келаётган милиционерлардан бири. — Чаққон-чаққон қадам ташла!..

Матназарни баҳайбат турма дарвозасидан тўрт қаватли бино ичига олиб киришди.

Нима бўпти? Матназар турма ҳавосига кўниккан. Ҳар бир ёқимсиз ҳид унга таниш. Шунинг учун сира тап тортмай милиционер кўрсатган камерага кирди.

Ичкари нимқоронғи, унитаздан келаётган сассиқ ҳид бутун камерани тутганди…

У эҳтиёткорлик билан икки қаватли каравотга яқин борди. Ҳа, ёлғиз эмас экан. Биринчи қаватда олтмиш ёшларга бориб қолган, соқол қўйган бир эркак бамайлахотир сигарет тутатиб ётарди.

Матназар унга ўғринча назар ташлади. Қаердадир кўрганманми-йўқми деб хаёл қилди. Танимади.

— Ҳа, ошна, хуш кепсан бизнинг кошоналарга! — ётган ерида ғудраниб қўйди эркак. — Менинг исмим Шодиёр. Сен адашмасам, Матназарсан, шундайми?

— Ҳа. Лекин… Сиз қаердан биласиз, отахон?..

— Қаердан биласиз эмиш… —Шодиёр ота қўлидаги тугаб қолаёзган сигаретни унитазга ташлаб каравот четига эндигина ўтирган Матназарнинг тепасига келди. — Нима, турмада биринчи марта ётишингми сўрайсан? Билади-да!.. Ахир, шеригим қанақа одам, қайси айби учун қамалди, ҳаммасини билишим керакми-йўқми?

— Тўғри, фақат асабийлашманг! — қарияни тинчлантирган бўлди Матназар. — Ўйламай сўраб қўйдим-да!..

— Локигин… Сен жуда яхши йигитсан. — давом этди Шодиёр ота. — Ўша бўйнингга илинган тўртта мурданинг эгалари яхши одамлар эмасди. Нима қиласан? Ҳукуматчилик. Қолаверса, сени қаматганлар Худонинг ғазаби. Бекор тенг бўпсан уларминан.

— Пешона экан, ота. — деди Матназар бошини эгиб. — Пешонам шўр бўлмаса, шунақанги ярамасларга илакишиб қолмасдим.

— Сен каттангнинг қизига уйланиб яна бир катта хатога йўл қўйгансан.

— Ие, сиз буларни… Ҳа-я, қаранг, тағин шу саволни бермоқчиман…

— Майли, кўникасан. Биласанми, у қиз… Айтсам, барибир хафа бўласан. Айтмасам, виждоним тинчлик бермайди менга.

— Айтаверинг! — Шодиёр отанинг кўзларига совуқ боқди Матназар. — Шунчасини эшитиб келдим. Бунисигаям чидайман.

— Ўша Маржона деганлари ғирт бузуқи қиз. Сен бекор уйланибсан. Ишонсанг, у жуда кўп эркакларни кўрворган.

— Сиз қаердан биласиз кўрворганини?

— Бир шеригим бўларди. Бир ой бўлди қутулиб чиқиб кетганига. Ўшандан бери ёлғиз эдим бу ерда. Хуллас, ўша йигит уни бир даврада кўрган экан. Ҳаммаси қиморбозлар, каллакесарлар дейди. Фақат отасининг одамлари йўқ экан. Маржона ўша даврада рақс тушган экан. Ўтирган эркакларнинг баданини ушлаб кўрмагани қолмабди. Парвосигаям келтирмайди дейди…

— Ахир, у Хушвақт деган йигитга…

— Гапни бўлма, бола!.. Хушвақтиниям танийман. Маржона унга ўзини топширганмас. Ьуёғидан келсак, у ярамас қиз шу кунгача беш марта анави ерини қайтадан тиклаб олган экан. Бунисига нима дейсан?..

— Наҳотки?.. — Матназар бошини чангаллади. — У Хушвақтнинг аламини олиш учун дадаси билан олишиб ётибди-ку!.. Буни қандай тушуниш мумкин?

— Тўғри, кўнгли кетган бўлса кетгандир. Нима бўлгандаям, аёл. Хушвақт унинг кўнглига ўтиргандир-да! Локигин бокира бўлиб ўзини топширганмас.

— Унда кимга топширган ўзини?..

— Бунисини Худо билади. Мен Худо эмасман. Тепасида шам кўтариб турмаганман. Сенга маслаҳатим шуки, обрўйинг борида ундан қутулишга ҳаракат қил! Йўқса, итдай ўлиб кетишинг ҳеч гапмас.

— Йўқ, ота, — ўрнидан туриб бир қўлини белига тиради Матназар. — Менам итдай ўлиб кетаверадиганлар хилидан эмасман. Ҳали турмадан чиқволай, кўрсатиб қўяман алдашни.

— Қўлингдан ҳеч нима келмайди. — қўл силтади Шодиёр ота. — Уларни билмайсан. Бугун ёвлашса, эртага яна бирлашиб кетаверишади. Сен ким бўпсан? Пашшадай гапсан.

— Кўрамиз ҳали. Пашшаям осонликча ўлмайди. Курашади.

— Бўпти, маҳмадоналик қилавермай, жойингга чиқ! Ётадиган маҳал бўлди. Айтганча, турмадан чиқиб олай дедингми?

— Ҳа, нимайди?

— Сенга айтишдими ўзи неча йилга қамалганингни?

— Бе, суд қилса айтади-да!

— Мен биламан.

— Хўш, неча йил экан?

— Ўн беш йил, бўтам, ўн беш йил.

Матназар кулгиси қистаб эшитилар-эшитилмас, шивирлаб қўйди.

— Яхшиям укамни огоҳлантиришга улгурдим. Аммо барибир, бир ҳафта ичида қочиб кетмасам, отимни бошқа қўяман!

 

* * *

 

Маржона туни билан деярли мижжа қоқмади. Негадир Матназардан дарак йўқ. Милицияга қўнғироқ қилиб кўрди. Айтишмади. Ярим кечаси ўзи бориб ҳам келди. Бу ерда йўқлигини айтишди. Уйига қайтиб юраги ғаш тортган кўйи деразадан ташқарига қараб тонг оттирди…

“Ишқилиб, ўлдириб юборишмаган бўлсин у латтани! — ўйларди кўзлари юмилиб бораётган бўлса-да, ухлаб қолмаслик илинжида бошини силкитиб-силкитиб. — Ҳеч бир ишни қойиллата олмайди ландовур. Тўшакда-ку, ғирт оми экан. Қаёқданам шу шўртумшуққа тегдим ўзи? Падарига лаънат! Қуриб кетганмиди менга эр?..”

Шу пайт ташқарида кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир товуши эшитилгандек бўлиб, Маржона шошилинч ўрнидан турди-да, ташқарига қаради. Ғира-шира қоронғиликда қўриқчилар баланд бўйли, эгнига қора чарм куртка кийиб, бўйнини қалин шарф билан ўраган бир эркакка нималарнидир астойдил тушунтиришарди.

“Шу бўлса керак Мардон. — деди ўзига ўзи. — Ўҳ-ҳў, жа келишганга ўхшайди. Бўйи баландлигини қара, нақ девнинг ўзи-я!..”

Маржона шоша-пиша эгнига халатини илиб ташқарига чиқди.

— Ким экан? — атайин сўради у остонадан туриб.

— Сизнинг олдингизга келибди. — деди қўриқчи йигитлардан бири қаршисидаги Мардонни кўрсатиб. — Матназар аканинг укаси экан.

— Майли, қўйворинглар, кираверсин!..

Мардон илдам қадамлар билан Маржонага яқин келди.

— Сизмидингиз Мардон? — сўради Маржона уни бошдан-оёқ кузатиб чиқиш асносида.

— Ҳа, акам қўнғироқ қилиб тез келишимни айтганди.

— Акангизнинг ўзи қаерда?

— Билмадим. Уни… Кўрмадим мен.

— Шунақа денг?.. Бўпти, ичкарига киринг, сиз билан маслаҳатлашадиган иш бор!..

Мардон итоаткорона Маржонанинг ортидан ичкарига кирди…

— Чарчагандирсиз? — ичкарига кириб ўтиришгач, сўради Маржона қаршисидаги девқомат йигитга зимдан назар ташлаб.

— Ҳа, шунақа десаям бўлади. Туни билан йўл юрдим.

— Унда анави хонага киринг-да, бирпас ухлаб олинг! Менам ухламадим. Бироз дам оламан. Қолган гапларни кейин гаплашамиз.

— Хўп, кеннойи!

Бу гапни кутмаганди.

Маржона ялт этиб Мардонга қаради.

Лекин индамади…

Унга Мардоннинг “кеннойи” дея мурожаат қилиши негадир эриш туюлганди…

 

* * *

 

Умрини алпқомат йигитлар даврасида ўтказиб ўрганган Маржона Мардонни кўргандан бери ўзини буткул йўқотаёзганди. Кўзлари юмилиб кетаётганига қарамай, сира ухлай олмас, уйқу тўла кўзлари нариги хона эшигида эди.

“Оҳ, қандай келишган, норғул йигит экан! — ўйларди ўзича. — Аксига сираям ўхшамайди. Буткул бошқача. Қарашлари жиддий, камсуқум. Қанийди шундай йигитнинг қучоғида бўлиб қолсам!.. Мени эркаласа, юз-кўзларимни бўсаларга кўмиб ташласа. Ахир, бундай йигитларга фақат мен лойиқман! Мендан бошқаси арзимайди… Нима қилсам экан-а?.. Қандай қилиб кўнглига йўл топсам?.. Нима қилсам, ўзимга қаратиб оламан?.. Ҳа-а, топдим!..”

Маржона беихтиёр ўрнидан туриб халатини кийди.

“Олдига кираман. Нимадан қўрқардим? Ҳозир у менинг ихтиёримда. Қочиб ҳеч қаёққа бора олмайди. Кираман-у…”

У секин-секин юриб бориб рўпара хона эшигини очди. Мардон аллақачон ухлаб қолган, ҳатто, қимирлаб ҳам қўймасди…

Маржона эҳтиёткорлик билан каравотнинг бир четига ўтирди. Шу тобда кўзлари чақнар, эҳтирос аъзойи баданини чирмаб олган, бир сония кутишга-да тоқати етмасди…

— Ухлашингдан!.. — шивирлади Маржона уйқудаги Мардоннинг юзларига бармоғини билинар-билинмас теккизиб. — Нега ёнимда ёта қолинг деб айтмадим?.. Ҳечқиси йўқ. Сен бугун менинг жаннатимга кирасан…

Маржона оҳиста ўрнидан турди-да, эгнидаги халатини ечиб бир четга улоқтирди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Ҳурматли дўстлар, телеграммдаги каналимизга барчангизни лутфан таклиф этаман! Каналда сиз ҳар бир янгилик, ҳикоя, давомли асарларни биринчи бўлиб ўқийсиз!

https://t.me/olimjonhayit

 

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here