Ҳикоя: Муҳаббатнинг ташрифи

0

 

Қишлоқ

Қишлоқ этагида одмигина уй. Ичкарига киришда лойсувоқ деворлар, ҳовли ўртасида эски супа, ёнида баланд ўрик савлат тўкиб турибди. Дарахт шохига саватда қурут илинган, устига оқ мато ёпилган. Оғилхона томондан сигирнинг овози эшитилар, у ерда етмиш ёшлардаги Ҳурбуви момо сигир соғмоқда. Онахон оқ рўмол ўраган, узун кўйлагининг этагини биқинига танғиб, ҳалал бермаслик учун қистирган. Зум ўтмай челак сутга тўлди. Ҳурбуви момо сигирни меҳр билан силаб, челакни кўтариб, ошхонага келди. Ошхона деразаси тагида ариқдан зилол сув оқмоқда. Набираси Покиза ўша ариқдан сув олиб, ҳовлига сепмоқда. Ҳурбуви момо набирасига, унинг гўзал қомати, қирқ кокил қилиб ўрилган тим қора сочларига ҳавас билан боқди. Ёшлигини, ширин хотираларини эслади. У дамлар эди. Вақт ўтиб кетавераркан…

Шаҳар

Ҳашаматли уй. Автомат темир дарвоза очилиб, ичкарига «Малибу»да Учқун кириб келди. Портфелини олиб, ичкарилаётганда аёли Саодат салом бериб пешвоз чиқди.

— Ўғлинг қани?

— Ҳали келмади…

Учқун индамай зинадан кўтарилади. Узун йўлакнинг чап тарафидаги эшикни очди. Ўғли Жалолиддиннинг хонаси. Деворда оилавий сурат. Шкаф устида Жалолиддиннинг чет элда ўқишда тушган суратлари тартиб билан тахланган. Учқун чиқиб кетмоқчи бўлдию, кўзи дарс столи устидаги факс қоғозига тушади, олиб ўқийди. Кўз косачалари катталашди…

Қишлоқ

Сўрида Ҳурбуви момо, ўғли Ҳошимжон, келини Латофат ўтирибди. Улар замонавий кийинган, дарвозадан кўчадаги «Каптива» кўриниб турибди. Ёш болалар келиб машинани ушлаб кўришади. Ҳошимжон хавотирда машинага қараб-қараб қўяди. Покиза лаганда тандир гўшти олиб келди. Ҳурбуви момо ҳаммани таомга имлади. Латофат қизини ёнига чорлади. Ҳошимжон аста гап бошлади:

— Қишлоқнинг овқати, барибир, мазали бўлади-да. Роса соғинибман.

— Тўйгунингча еб ол, болам.

Латофат эрига ёв қараш қилди. Ҳошимжон қизига кўз остидан қараб қўйди.

— Она, мана, Покизанинг ҳам бўйи етиб қолди. Шунча вақт сиз билан яшади, энди шаҳарга олиб кетмоқчимиз.

Покизанинг томоғига овқат тиқилди.

— Тўғрисини айтаверинг, Ҳошимжон ака.

— Очиғи, Покизани бир оғайним ўғлига сўраяпти. Тўй қиламиз, онажон.

Ҳурбуви момо ўйчан ҳолда қолди…

Шаҳар

Катта залда хизматкор уй ишларини бажариб юрибди. Жалолиддин ичкаридан чиққанди Саодат дарров уни тўхтатди.

— Қаёққа кетяпсан?

— Ҳар ҳолда, Америкага эмас…

— Менга жаҳл қилма, биз бахтингни ўйлаяпмиз.

— Унда кетишимга кўнардингизлар. Магистратурани ҳам ўқимоқчиман…

— Америкада шунча ўқиганинг етар, биз фарзанд ўстириб роҳатингни кўрайлик…

— Турмуш қуриш ҳали режамда йўқ.

— Йўқ бўлса, бор қил. Орзу-ҳавасли оиламиз, бизга кўз тикканлар қанча?

— Мен ўқишимни давом эттираман, йўғ-э, эттирмоқчиман, илмий иш қиламан. Уйлансам, кейин имконим бўлармикин?

— Топасан, ҳаёт чорасизликка имкон топиб яшаш дегани. Хуллас, олдин тўй, кейин ўқиш!..

Жалолиддин онасининг юзидан ўпиб, чиқиб кетди. Саодат яна нимадир дейишга чоғландию, индамади.

Қишлоқ

Қуёш қизариб шафаққа бош қўймоқда. Покиза кўзларида ёш билан ҳовлига чиқди. Отаси сумкаларини машинага ортди. Ҳурбуви момо тандир нонларни тугунга тугиб, келинига узатди. Покиза ҳовлига аста разм солди. Ҳурбуви момо қўлидаги билакузукни ечиб, набирасига тақди, пешонасидан ўпди.

— Бахтинг бутун бўлсин, болам!

Латофатнинг кўнглидан алланималар ўтди.

— Ойи, сиз ҳам биз билан кетсангиз бўларди!

— Инсон ўз уйини ташлаб кетолмайди. Илдиздан юз ўгириб бўлармиди? Шу қишлоқ менинг ватаним, бу ердан кетолмайман, болам.

Покиза бувисини маҳкам қучди. Кўз олдидан бувиси билан яшаган онлари елдек учиб ўтди. Ҳошимжон ва Латофат ҳам хайрлашди. Покиза йиғлади. Ҳурбуви момо қўлларини дуога очиб, пичирлаб ният қилди ва юзига фотиҳа тортди. Машина аста қўзғалди. Узун йўлда чанг кўтарилди. Қишлоқ болалари машина ортидан югуришди.

Шаҳар

Учқун офисида ҳужжатларни кўздан кечириётганди эшикдан Жалолиддин кириб келиб, жиддий қиёфада курсига ўтирди.

— Ўғлим, энди мана шу офисни сенга топшираман!

— Дада, мен бу ерда ишламайман, Америкага кетмоқчиман…

— Жалолиддин, ўзинг ўқиган, ақлли йигитсан. Мен сени чет элларда ишлайсан, келажагингни ўзга юртларда қурасан, деб ўқитмадим. Сен ватанингга хизмат қилишинг керак. Шу тупроқ, мана шу одамлар сенинг қонинг, аждодларинг, сен олган билимларингни, тажрибангни шу ерда қўллаб, нафинг тегиши керак. Шунда ҳамма сендан рози бўлади, ўғлим.

Жалолиддин жим.

— Майли, яна бафуржа ўйла, аммо уйланасан! Эркак киши вақтида оила қурса, толеи бутун бўлади!

Жалолиддин отасининг нигоҳидан кўзини олиб қочади.

* * *

Покиза саҳарда туриб, уй юмушларини бажарди, ҳовлини супурди. Кейин нонушта тайёрлади. Ҳошимжон ва Латофат уйқудан уйғониб, ҳайрат билан безатилган дастурхон атрофига ўтиришди.

— Қизим, ҳаммасини ўзинг тайёрладингми?

— Ҳа, ойижон!

— Мен улгуролмасдим, қани олинглар.

Латофат қизининг бошидан силаб, узун сочларига меҳр билан тикилди.

— Ёшлигим эсимга тушиб кетди.

Покиза кулиб қўйди.

— Латофат, ўғлинг Шоҳрухни ҳарбий интернатдан олиб кел, опаси келди. Беш-олти кун уйда бўлсин. Эртага келин бўлиб кетса, яна соғиниб қолади.

— Ҳаммамиз соғинамиз.

— Шоҳрухни ҳам қишлоққа олиб борайлик. Далаларни кўрсатамиз, боғларни айланамиз. Бувим, мен, укам бирга яшаймиз.

Покизанинг бу сўзларидан Ҳошимжон ва Латофатнинг ранги ўзгарди.

— Майли, келаверсин-чи!

Қишлоқ

Ёмғир шаррос қуймоқда. Ҳурбуви момо уйда ёлғиз ухлай олмай безовта бўлди. Қаттиқ шамол турди. Ҳовлидаги ўрик дарахтининг шоҳи синди.

Шаҳар

Покиза ўрнидан туриб кетади. Деразадан ёмғирга боқади. Даҳлизга чиқиб, сув ичади. Хонага кириб, ухлаб ётган укасининг бошидан силайди. Тортмадан қоғоз ва қалам олади…

— Латофат, қизинг кўринмайди?

— Тайёргарлик кўраётгандир, ҳозир чиқади.

— Эрта уйғонарди-ку, бориб қара-чи.

Латофат истамайгина хонага кириб, Покизани қидирди ва диван ёнидаги қоғозга кўзи тушди.

— Ҳошимжон ака, бу ёққа қаранг!..

Ҳошимжон қоғозни хотинининг қўлидан юлиб олди. «Дадажон, ойижон, мен сизларни жуда яхши кўраман. Бувимни соғиндим. Шоҳрухни қишлоқни кўрсатгани олиб кетяпман. Биздан хавотир олманглар. Уч-тўрт кунда қайтамиз».

Катта йўлда машина елдек учиб кетмоқда. Латофат эрининг жаҳли чиқаётгани учун қўрқиб қараб қўяди.

* * *

Учқун машинада оиласи билан уй олдига келиб тўхтайди. Қоровул билан гаплашиб, қайтиб келади.

— Дадаси, нима гап?

— Уйдагилар қишлоққа кетишибди.

— Ана, тўй бўлмас экан!..

— Жим бўл. Келишимизни билишарди-ку.

— Бирон гап бўлганга ўхшайди. Ҳошимжон огоҳлантирарди.

— Ойи, дада, иш пишмади, кетдик энди.

— Ўтирларинг машинага.

Ҳамма ўтирди. Учқун ҳайдовчига буйруқ берди:

— Қишлоққа ҳайда!

— Дада, қишлоқда нима қиламиз?

— Келинни олиб келамиз.

Қишлоқ

Сўрида Латофат ўғли билан ўтирибди. Ҳошимжон телефонда сўзлашмоқда. Покиза бувисини етаклаб чиқди. Эшик олдига машина тўхтаб, дарвозадан Учқун оиласи билан кириб келди. Жалолиддин Покизага тикилиб қаради. Покиза уялиб, ошхонага кириб кетди.

Ҳошимжон онасига қудаларни таништирди.

— Онажон, бу дўстим Учқун, келинингиз Латофатхон, бу эса уларнинг ўғли Жалолиддин бўлади.

— Бўйларингга бўй тумор, яқинроқ кел-чи!

Ҳурбуви момо Жалолиддиннинг пешонасидан ўпади.

— Онажон, шундай қилиб, ёшларнинг бир-бирига кўнгли тушса, тўйни бошламоқчимиз.

— Жуда яхши-да. Ўқимишли куёвни Худодан тилагандим. Мана, ниятларим қабул бўлибди. Ўзига шукр.

— Агар истасангиз, тўйдан кейин келин ҳам ўқийверади.

— Қандоқ яхши бўларди. Қишлоқда юриб ўқиёлмади.

Покиза чой олиб келади. Саодат ўрнидан туриб, Покизанинг сочларидан силаб, қучиб қўйди.

— Қизим, келин бўлганда ҳам ўқийверасизми?

Покиза уялиб, жавоб берди.

— Катталар нима деса, шу…

Саодат хурсанд бўлиб кетди.

— Бувисининг тарбиясини олган қиз эпли бўлади. Келин қилсам, Покизани келин қиламан!

Покиза уялиб, уйга кириб кетди. Жим ўтирган Шоҳрух акасига гап ташлади.

— Жалол ака, опам сизга ёқдими?

Ҳамма кулиб юборди. Ҳурбуви момо қўлини дуога очди. Жалолиддин эса  Покизанинг ортидан тикилиб қолди…

Достонбек
РАҲМАТУЛЛАЕВ