МЕҲРИГИЁҲ

0

Йиғи овози баландлашганидан сўнг, болалар ҳам уйғониб кетди. Қизлар салга қўрқиб йиғлаб юбораверишини билгани учун Бобораҳим болаларининг ҳаммасига битта хонада жой солиб беришини таъйинларди хотинига. Лазизбек ҳеч нарсани англаёлмай бир опасига, бир йиғи овози келаётган томонга қаради. Сўнг ишонқирамай, кафтлари билан кўзини қайта-қайта ишқалаб, яна дераза томонга қаради. Наҳотки?!

Лазизбек ҳанг-манг бўлганича дераза олдига, бири-бирига суяниб ўтирган ота-онасининг олдига келди. Бўлмиши мумкин эмас. Отаси йиғлаяпти. Лазизбек шу пайтгача бувисининг эртакларида яшаб келган эмасми, эркаклар ҳеч қачон йиғламаслигига ишонар, ўзи ҳам шу пайтгача кўрмаганди. Энди бўлса, эртаклардаги қаҳрамонларнинг ўрнига қўйиб юргани – отаси йиғлаб ўтирибди. Ҳув, ануви, тракторининг ховлини ўртасида турган саккиз тишли плугини, жарликка ўтлаб кетган қўйни битта ўзи кўтариб чиқадиган, қўни-қўшниларнинг юрмай қолган машинасини бир қўли билан итариб, юрғизиб юборадиган паҳлавон отаси йиғлаб ўтирибдими?

Лазизбек ҳануз кўзларига ишонмас, анграйиб қолган эди. Ишонч ҳосил этиш учун отасининг олдига чўккалаб, бироз эгилди-да, отасининг болаларидан яшириб ўтирган юзига қаради. Митти қўллари билан кетмондай келадиган кафтни зўрға ўзига тортиб, ниҳоят кўрди…

Отасининг чаккасида ёш думалаб келарди.

– Аканг бизни ташлаб кетди, болам…

Отаси Лазизбекни маҳкам қучди.

– Қаёққа? – ҳайрон бўлди Лазизбек. – қачон қайтади?

Бобораҳим нимадир демоқчи эди, аммо овози томоғига тиқилиб, бунга йўл бермади. Кичкинасини ўзига тортиб, маҳкам қучди.

Шу пайт Лазизбекнинг кўзи кроватда, онасининг бағрида ётган Азизбек акасига тушди.

– Нега алдайсиз? Анаку, уҳлаб ётибди. – деди Лазизбек отасининг бағридан ўзини тортиб, акасига томон ишора қиларкан.

Она шўрлик ортиқ бардошини ютиб туролмади. Лазизбекнинг гапидан сўнг Азизбекни маҳкам қучганича ҳўнграб-ҳўнаграб юборди:

– Уҳлаб ётибди, болаа-ам, ўлмади, болам-м, онасини ташлаб қаерга кетадии-и-и…

Онаси “Ўлмади” деганидан сўнггина Лазизбек бироз нима бўлаётганини тушунгандек бўлди. Гарчи ўлда-жўлда бўлса ҳам. Нималар бўлаётганини яхши англамаётганди. Бу қандай бўлади аҳир. Азизбек акаси эндига еттига кирман деб турган эдику. Туғилган кунини нишонламайдими? Умуман, нега ўлиши керак. Аҳир бобоси, одамлар қариб-қартайиб кейин ўлади, деган эдику. Ҳалиям эсида…

Қўшни боладан гап “еб келиб”, бобосига йиғлаган эди Лазизбек:

– Бобо, нега Жўрақул жаҳлимни чиқараверади. Урай десам, акамга айтман дейди. Менам айтаман десам, сени аканг яқинда ўладику, дейди.

– Бекорларни бештасини айтибди ўша баччағар… – азбаройи жаҳли чиққанидан юзи тугул оппоқ соқолигача қизариб кетган бобоси тўсатдан хонтахтани ҳассаси билан бор кучи билан урди. – Ўлмайди мени неварам, эшитдингми, менинг неварам ҳеч қачон ўлмайди.

– Кашшейга ўхшабми? – Лазизбекнинг эсига бувисининг яна битта эртаги тушиб қолади.

– Кошшейга ўхшаб?! – ажабланади бобоси. – ҳечамда, менинг Азизжоним энг ва энг яхши бола. Сен зумрашадан ҳам.

– Нега?! Ўзимдан катта пақирни кўтариб сув олиб келсам, уйни тозалаб, қўйларни ўтлатиб келсам. Акамга овқат едирсам. У бўлса куни бўйи шифтга қараб ётаверадику. Яна у мендан яхши эканми?

– Чунки… чунки… – бобоси дудуқланиб қолди ва бошқа гап тополмай, минғирлаб қўйди. – Чунки у Азизбекда… Оти билан ҳам азиз.

– Майли… мен ҳамма ишни қилавераман. – ҳудди катталар мулоҳаза қилаётгандек қўлларини уён-буёнга олади Лазизбек. – Фақат акам ўлмасин-а, ваъда берасизми?

– Ваъда бераман.

– Бешни ташланг!

– Мана.

Ўшандан сўнг бобоси ҳар куни намоз ўқиб бўлганидан сўнг Лазизбек бобосининг олдига югуриб келарди:

– Сўрадингизми Ҳудодан.

– Сўрадим.

– Нима деди?

– Узоо-оқ яшайди деди.

– Узоқ яшайди дегани нима?

– Аҳир сенга айтганманку, одамлар қариб-қартайиб қолишади. Ўшанда ўлишади. Аммо Азизбегим қариб қолгунигача тиниб-тинчимас одамлар минг йил яшаш сирини ҳам ўйлаб торпишади. Мана кўрасан…

Кўришга иштиёқманд эди ўша кунларни Лазизбек.

Ва шунга ишонарди ҳам. Аҳир бобоси айтди унга. Бобоси ҳеч қачон ёлғон гапирмасди. Аммо нега бугун отаси йиғлаяпти. Бувисининг қаҳрамонлар йиғламайди, деган эртаклари ёлғон эканда. Агар отаси рост айтаётган бўлса, унда… демак, бобоси алдабди-да.

Азизбекнинг туғилганидан пешонаси шўр эди асли. У пайтлари темир қутилар йўқ эди. Бу бола соғ, бу бола носоғлом туғилади, дея башорат қилса-ю, шунга қараб ота-она бир қарорга келса. У пайтлари болалар туғилаверарди, ярим жонми, ним жонми, фарқи йўқ. Ҳудонинг бергани эди. Пешонада бори эди. Азизбек ҳам шундай болалардан бўлиб чиқди. Бир кун тикка юрса, олти кун тўшакка ётиб олади. Туғилиши биланоқ оғир дардга чалинганми, ёки ҳомила пайтидалигидами, ҳеч ким билмайди. Ибн Синодан кейинги, замонавий тиббиётдан олдинги даврлар эди. Ибн Сино билан, унга замонавий тиббиёт етишмасди.

Аслидаку Азизбек ўтиришни икки, эмаклашни уч ёшида бошлаганди. Кейинчалик, юришга юрди-ю, югуриш насиб қилмаган экан. Бобораҳим билан Роҳатой уни олиб бормаган жойлари қолмади. Ҳар ҳафта туман, ҳар ой шаҳар шифохонасига қатнашарди. Ота-онанинг бир оёғи ташқарида, иккинчи оёғи уйда эди. Қанча профессорларга ҳам олиб боришди. Бедананинг туҳумидеккина-ю, аммо нархи булдозердек баҳайбат дори дармонлар ҳам кор қилмади. Қанчадан-қанча табибларга боришди. Аммо бирортасининг “Малаклар ўз қўллари билан тайёрлаб берган” дамламаларининг нафи бўлмади. Қўшни келин Гулноза деярли оналик қилди деса ҳам бўлади Азизбекка. Ҳамшира бўлгани учун Азизбекни ҳар куни кўриб қўйишни, жойиз бўлса парваришлашни ҳам бажарди, шўрлик.

Ўша пайтлари Гулноза янганинг айтган гаплари ҳам эсидан чиқмайди Лазизбекнинг.

– Азизбек акамни нега бунча яхши кўрасиз? – ўзи билмаган ҳолда “рашки” келиб сўраганди Лазизбек.

– Ҳудойим, менга ҳам фарзанд совға қилишини истайман. Айтишларича, болаларга ёрдам берсанг, сени Яратганнинг ўзи қўлларкан.

Аммо Яратганнинг ишлари олдида Гулноза янганинг уриниши самара бермади. Азизбекнинг териси кундан кунга юпқалашиб, кўзлари қароғларига ботиб бораверди. Ҳар сафар шифокор ҳузуридан қайтган кунлари, онаси болалар қўрқамасин, дея ошхонага ўтиб, оғзини кафтлари билан ёпганча унсиз-унсиз йиғларди. Отаси эса нимагадир бирор нарса эсига тушиб, томга чиқиб кетарди.

Бирор шаҳар, бирор қишлоқнинг на дўҳтир, на табиби қолмади Азизбекни кўрмаган ва бошини чайқамаган. Бобораҳим билан Роҳатойнинг умидларини шифокорлар уза олмас, ҳечам шифохонадан бошлари эгик ҳолда чиқмасди. Кейинчалик, Бобораҳим масжидларга, зиёратгоҳларга ўғлини опичлаб борадиган бўлди. Нафақат қўшни шаҳарлар, балки узоқ-узоқларгадаги муқаддас жойларга ҳам олиб бориб, ўчоқларга олов ёқиб қайтарди. Сўнг яна шифокорнинг ҳузурига қайтади. Аммо барибир ўша гап:

– Ҳудойимга таваккал!!!

Мана бугун эса…

Ўтган йили катта қизини узатганди. Хозир туғруқхонада эди. Хотини “Сизга нима бор, ўзим билиб келаман”, деса ҳам кўнмай, аёлига эргашиб, туғруқхонага кетганди. Азизбекни кўриб қўйган Гулноза янга мажбур бўлди уларни чақиришга…

* * *

Лазизбек ҳали ҳамон ишонгиси келмасди. Аста кроватнинг ёнига бориб, онасининг қучоғида ётган акасини туртди.

– Ака, овқат ейсанми?

Лазизбек ҳаммани адашаётганига ишонарди. Аҳир, Азизбек ҳали қаримадику. Лазизбек бармоқларини тиртаган кўйи Азизбекнинг тугилган муштига теккизди. Сўнг секин силади. Сўнг маҳкам сиқди. Азизбек кўзини очмади.

Бобораҳим ўзини бироз қўлга олиб, Лазизбекнинг елкасидан тутиб ўзига қаратди:

– Бор, бобонгни чақириб кел!

Лазизбек бирдан сергак тортди. Тўғри, бобосини чақириш керак. Аҳир бобоси Ҳудо билан келишиб олганку. Одамлар минг йил яшайдиган дорини яратмагунча, Азизбек ўлмай туриши керак. Азизбек ташқарига отилди. Кўчанинг у бошида турадиган бобосининг ҳовлисига қараб югурди. Югураверди, югураверди. Оёқ яланг чиққани ёдидан ҳам кўтарилди.

Бир гал шундай бўлган эди. Азизбек уйда зерикиб кетавергани учун ховлидаги сўрига олиб чиқишган, уларнинг ховлисида ўйнаётган қўшни болалардан биттаси эса унга варрагини ҳадя этганди. Аммо кутилмаганда варракнинг ипи узилиб, Азизбекнинг қўлида қолди-ю, варра пилдираб, шамол судраган томонга кета бошлади. Ўшанда Лазизбек акасига варракни албатта топиб келишини айтганди. Югураверди, югураверди. Оёқ яланг экани ҳам ёдидан кўтарилди. Тикан борми ерда, шиша синиғими, фарқи йўқ. Нафаси ўпкасига тиқилиб қоладими, пешонасидан дув-дув тер оқадими, фарқи йўқ. йиқиладими, бадани шилинадими, фарқи йўқ. Аммо варракни топиб келганди.

…У югураверди, югураверди. Тикан, шиша синиғи, йиқилиш-сурилиш, ҳеч нарсага эътибор бермади. Тўғри бобосининг хонасига отилиб кирди:

– Бобо? Отам чақиряпти.

“Аллоҳу Акбар”, деди бобоси уни эшитмай, тиз чўккан кўйи.

– Бобо? Отам чақиряпти.

“Аллоҳу Акбар”, деди бобоси уни эшитмай, яна бир бор энкайгач.

Лазизбек шундагина кўриб қолди бобоси тўртбурчак, нақшинкор мато устида ўтирганини. Демак, намоз ўқияпти. Демак, чалғитмаслик керак. Шундай дерди аҳир. Бобоси ўтириб, қўлларини тизларининг устига қўйганча, Лазизбек тушунмайдиган алфозда алланималарни пичирлаб. Сўнг оёққа қалқди.

– Нима дейсан, бўталоғим?

– Отам чақиряпти. Азизбек акам ўлиб қолибди…

– Нима?! Ким айтди сенга бу гапни?

– Отам айтди, бобонгни чақир деди.

Бобоси юрагини чангаллаб, деворга суяниб қолди.

– Ҳа, чол нима бўлди? – остонада бувиси кўринди.

– Уйинг куйди, кампии-иир, уйинг куйди…

Тамом. Бор умиди бобосидан эди Лазизбекнинг. У ҳам йиғлаб юборди. Демак, Азизбек акаси чиндан ҳам… йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Лазизбекнинг эсига кейинги эртак тушди. Тушадиямда, одамлар, реал ҳаёт ёлғон бўлганидан сўнг, ақалли эртакларга умид қилиш керакку. Қаерда кўрганди-я? Ҳа, эслади, Нурилло амакининг дўконида. Ям-яшил бўлиб турганди. Нурилло амакининг ўзи ҳам айтган бу меҳригиёҳ деб. Ўша эртаклардаги ўлган қаҳрамонни қайта ҳаётга келтирадиган – меҳригиёҳ.

Лазизбек Нурилло амакининг дўконига қараб чопди. Нурилло амакининг дўкони мактабнинг рўпарасида. Қўшни маҳаллага бориб келиш керак…

* * *

Лазизбек уйига етиб келганида эшигининг олдида тумонат одам йиғилган экан. У қўрқиб кетди. Юпун кийиниб чиққани ва айниса оёқ яланг юргани учун тезда оқишни бошлаган бурнини этагига артиб, тўп-тўп бўлиб турган одамларга ҳайрон бўлиб тикиларди. Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, яна, у танимайдиган бошқа одамлар. Кўпчилик отасини ўраб олган. Ховлига кирганида унинг қулоғига ичкари хонадан аёлларнинг йиғиси эшитилиб, бир зум тўхтаб қолди. Хонага кимдир кирса йиғи овози бирдан кўтарилар, эшик ёпилгач, яна бироз пасаярди.

– Илоҳим умри билан берган бўлсин, – деди аллаким ёнидаги шеригига. – Ҳудойим уёқдан олган бўлса, буёқдан берибди-да. Азизбек ҳаётга қайтди…

Лазизбек гапираётган амакининг гапини аниқ-тиниқ эшитди. Шеригига гапираётган амакига бир ўгирилди-ю, сўнг яна қўлига – Нурилло амаки бериб юборган “меҳригиёҳ”га тикилди. Миннатдорона жилмайиб қўйди.

“Жиннилар! Нега йиғлаяпти шунча одам? Акам қаёққа кетарди, аҳир мен меҳригиёҳни олиб келдимку. Анави амаки ҳам биларкан”.

Ануви амакининг охирги гапини эшитмай қолганди Лазизбек. Унинг шеригига “Дилобарнинг кўзи ёрибди, Бобораҳим бува бўлди, ўғил экан”, деганини эшитмади Лазизбек. У “Тушиб кетмасин”, дея қўлидаги меҳригиёҳни минг ҳадик, минг эҳтиёт билан ушлаб олган, тўда-тўда одамларнинг оёқлари остида сандирақлаганча, Азизбек акасини излаш билан оввора эди…

Ваҳоб РАҲИМ