Мурч, кашнич, лавр барги, кунжут. Зираворларнинг сиз билмаган фойдалари.

0

 

Етук тиб олими Абу Али ибн Сино ўз асарларида зираворларнинг ноёб фазилатлари ҳақида кўп тўхталиб ўтган. Таомларга бетакрор маза берувчи зираворлар танамизга мадор, дардимизга малҳам бўлиши ҳам ҳам фанда исботланган. Қуйида улардан айримларининг шифобахш хусусиятлари билан таништириб ўтамиз.

Зира

Зира Марказий Осиёнинг Тянь-Шань, Помир, Олой тоғлари ҳамда Ўзбекистоннинг тоғли жойларида ўсувчи кўп йиллик шифобахш ўсимлик. Овқатга зиранинг тўлиқ етилиб пишгани ишлатилади.

Зира таркибида 3 фоизгача эфир мойи, ёғ, оқсил ва бошқа биологик моддалар бор. Шунинг учун қадимдан меъда-ичак касалликларида, турли оғриқларни қолдириш ҳамда шишларни даволашда қўлланилиб келади. Зира кукунини сув билан аралаштириб ичилса, иштаҳани очиб, қорин дам бўлишдан халос қилади. Зира дамламаси бурун қонашида фойда қилади. Қовурилган уруғи эса сийдик ҳайдовчи дори сифатида буйрак ва қовуқ касалликларини даволашда ёрдам беради. Ибн Сино қора зирани юракнинг тез уришида, ҳиқичоқни қолдиришда, ел ва гижжа ҳайдовчи, овқатни тез ҳазм қилувчи дори сифатида қўллаган.

Мурч

Мурчнинг ватани Ҳиндистон. У фақат иссиқ мамлакатларда етиштирилади. Овқатга зиравор сифатида мурчнинг қуритилган, ўзига хос ёқимли ҳидли, аччиқ, қора рангли меваси ишлатилади.

Мурч таркибида аччиқ таъм берувчи пиперин моддаси, эфир мойлари, ёғ, крахмал ва бошқалар мавжуд. Ибн Синонинг айтишича, мурч меваси тиш ва кўз касалликларини даволашда, иштаҳани очишда, ошқозонга оғир келадиган хамирли, гўштли, қовурилган овқат ҳазмини енгиллаштиришда кўмаклашади. Бундан ташқари, у кучли сийдик ҳайдовчи восита. Буюк ҳаким мурчни асалга тенг миқдорда аралаштириб, ўпка касалликларни даволашда, изтиробли йўталда, кўкрак оғриғида фойдаланган.

Кашнич

Кашничнинг ватани — Ўрта Ер денгизи соҳиллари. У зиравор ўсимлик сифатида бутун дунёда, хусусан, юртимизда ҳам етиштирилади.

Овқатга унинг барги ва уруғи солинса, ўзига хос таъм беради.

Кашнич таркиби эфир мойи, ёғ, оқсил моддалар, органик кислота ва турли витаминларга бой.

Буюк ҳаким Ибн Сино ўз амалиётида кашничдан бош оғриғи, меъда-ичак касалликларини даволашда, қайт қилишни тўхтатишда ҳамда ел ҳайдовчи восита сифатида кенг фойдаланган.

Ҳозир ҳам халқ табобатида кашнич балғам кўчирувчи, ўт ҳайдовчи, овқат ҳазм қилдирувчи, яраларни тез битказувчи восита сифатида қўлланилади. Тиббиётда эса бавосил дардини енгиллаштирувчи дорилар, тинчлантирувчи, гижжа ҳайдовчи, оғриқ қолдирувчи воситалар таркибига қўшилади. Кашнич уруғидан олинадиган эфир мойи ўт ҳайдовчи ва микробларни зарарсизлантирувчи таъсирга эга.

Лавр барги

Лавр — баландлиги нақ 18 метргача етадиган дарахт. Унинг ватани — Ўрта Ер денгизи давлатлари. У бодринг, карам, лавлаги, ловия каби озиқ-овқат маҳсулотларини тузлашда кенг ишлатилади. Овқатга эса хушбўй зиравор сифатида солинади. Чунки фойдали япроғи таркибида эфир мойи, сирка, валериана кислотаси, ошловчи бирикмалар жуда кўп.

Унинг шифобахшлиги шуки, қувватни оширади, танадан заҳарли хилтларни ҳайдайди, жигар ва талоқ хасталиклари, бош оғриғи, бод касалида шифо бўлади. Лавр япроғидан тайёрланган дамлама яраларни битказади, тери касалликларига даво бўлади. Ундан олинган ёғ асабларни тинчлантириб, кексаларда учрайдиган хотира бузилишининг олдини олади.

Лавр япроғидан шифобахш ёғ тайёрланади. Бунинг учун 10 дона лавр баргига 200 г ўсимлик (яхшиси, писта) ёғи қуйиб, усти ёпиқ ҳолда бир ҳафта тиндирилади. Кейин бу ёғни докадан ўтказиб, бўғим касалликлари, невралгия, тери касалликларида суртма дори ўрнида ишлатилади.

Кунжут

Кунжутнинг ватани — Жанубий Африка. У дастлаб эрамиздан аввал Жануби-Ғарбий Осиё давлатларида экилган. Овқатга кунжутнинг уруғи ва ундан олинган мойи ишлатилади. Кунжут уруғида 61 фоизгача мой, биологик фойдали моддалар, Е ва В витаминлари, суяклар учун зарур бўлган кальций моддаси мавжуд.

Халқ табобатида кунжут мойи ва унинг янчилган уруғи танадаги шишган ва кўкарган соҳаларни даволашда ишлатилади.

Нафас қисишида ва астма хуружларида беморга 1 чой қошиқ кунжут мойи ичирилса, нафас равонлашади. Қандли диабетга чалинган беморлар кунжут уруғи қўшилган пишириқлар, мойи қўшилган салат ва таомлар истеъмол қилса, организмни қувватлантириш учун фойдали бўлади. Кунжут уруғидаги фаол моддалар қоннинг ивишини тезлатувчи ва тромбоцитлар миқдорини кўпайтирувчи таъсирга эга. Шунинг учун илмий тиббиётда кунжут мойидан тромбопения, геморрагик диатез каби қон касалликларни даволашда фойдаланилади.

Зарчава

Зарчава Ҳиндистон, Индонезия ва Хитойда кўп ўстирилади. Ҳиди хушбўй, мазаси ўткир, ачимтир бўлиб, майда туйилган ҳолда таомларга солинади. Бу зиравор таомга тилларанг тус беради. Ҳақиқий чойхона палови зарчавасиз пишмайди.

Таркибида эфир мойи, крахмал ва сариқ рангли модда — куркумин мавжуд. Куркумин моддаси ошқозон шираси ва ўт суюқлиги ажралишини кучайтиради, иштаҳани очиб, овқат ҳазмини яхшилайди.

Буюк аллома Абу Али ибн Синонинг таъкидлашича: «Зарчава шираси кўзни ўткирлатишга, қорачиқдаги оқни кетказишда фойда қилади. Тиқилмалардан келадиган сариқликда, қабзиятда у арпабодиён билан қўшиб ичилса, самарали ёрдам беради». Зарчава — табиий антибиотик. Яллиғланиш ва микробларга қарши курашишда унга тенг келадигани йўқ. Шунинг учун буйрак, ўт, жигар касалликларини даволашда кенг қўлланилади. У қонни тозалайди, камқонликда қўл келади, саратоннинг олдини олишда ҳам фойдалидир. Зарчавадан 1 чой қошиғи 1 стакан илиқ сут билан аралаштириб ичиб юрилса, терини таранглаштириб, рангни оқартиради.

Долчин

Долчиннинг ватани — Жануби-Шарқий Ҳиндистон. У Вьетнам, Бирма, Цейлонда ҳам кўп етиштирилади. Овқатга долчин шохларининг пўстлоғи зиравор сифатида қўлланилади. Кўпинча қиймали таомларга қўшилади. Таркиби эфир мойи, шиллиқ ошловчи моддалар, кальций, темир ва А витаминига бой.

Камқонликда овқатга долчин уруғидан солиб ейилса, гемоглобиннинг кўтарилишига ҳисса қўшади. Бу зиравор танада қон айланишини яхшилаб, кишига қувват бағишлайди. Ҳар куни наҳорга бир чимдимдан долчин уруғини чайнаб ютсангиз, ортиқча вазндан қутулишга ёрдам беради. У кайфиятни кўтаради, иштаҳани очади, овқат ҳазмини яхшилаб, меъдани мустаҳкамлайди, турли ичак касалликларидан сақлайди.

Доришуносликда турли препаратларга ёқимли таъм ва ифор беришда ишлатилади. Бу неъматни сувда қайнатиб ичсангиз, ҳиқичоқни босади, кукун ҳолида истеъмол қилсангиз, ҳашарот чаққанда даво бўлади, ярага боғласангиз, тез битказади.

ГУЛШАН тайёрлади.