ТЕРРОРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШ ТАРИХИ… (ёхуд каллакесарликни байроқ қилганлар. Ўн биринчи қисм. Охири)

0

 

КАЛЛАКЕСАРЛИК НАМОЙИШЛАРИ

 

Бағдодийга булар ҳам камдек туюлаверди. У қўрқитиш, бўйсундиришнинг янги-янги усулларини ўйлаб топиб бутун дунёда янада машҳур бўлишни хоҳлайверди. Шу йўлда энди қўлга олинганларнинг бошини танасидан жудо қилиш палласини видеотасмага ёздириб интернет сайтларга тарқаттиришга тушди. Бунга Сурия ва Ироқдаги насронийларга, сунний мазҳабидаги мусулмонларга тегишли ибодатхона, ёдгорликлар, черковларни бузиш жараёнини ҳам тиркаб қўйди.

Жангарилар ўзи назорат остига олган ҳудудларда собиқ ҳукумат вакилларининг компьютерлари ёрдамида ҳар бир фуқаро ҳақида алоҳида маълумотга эга бўлди. Назорат ўтиш жойларидан ўтаётганларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжати компьютердаги маълумот билан солиштириб кўрила бошланди. Агар бу фуқаро собиқ хавфсизлик хизмати вакили бўлса, уни жангарилар олдиндан танлаган мачитларга олиб бориб тавба қилдирар, томоғига тиғ тираб Бағдодийга қасамёд қилдирарди. Шундан кейингина уларга махсус маълумотнома бериларди.

— Дастлаб ҳаммани оммавий тарзда мачитга олиб бориб ўз томонига оғдиришарди, — дейди Мосулда яшовчилардан бири. — Кейин ҳаддиларидан оша бошлашди. Агар олдин аёллардан фақат рўмолда юришни талаб қилишса, кейинчалик паранжи кийишга мажбурлашди. Эркакларнинг соқол қўйиши шарт деб қўйилди. Соқолсиз ҳолда жангарилар қўлига тушсангиз, сўраб ўтирмай сўйиб кетаверишди. Тамаки маҳсулотлари, қўл телефондан кўчада фойдаланиш, кафеларга кириш, фазовий телевидение хизматидан фойдаланиш тақиқланди. Жангарилар хизматига ўтган полициячилар уззукун кўча кезиб қоидабузарларни тутадиган бўлди…

— Уларнинг ўз суди, судьялари, маълумотлар базаси бор эди, — дейди яна бир Мосул фуқароси. — Агар турмуш ўртоғига хиёнатда айбланса, бу эркакми, аёлми, барибир тошбўрон қилиб ўлдириларди. Ўғриларнинг қўлини кесишарди. Ҳезалакларни баланд бино томидан ерга улоқтиришарди. Жосусликда айбланганларни сўйишарди ё отиб ўлдиришарди…

Афсуски, дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангарилар гуруҳининг бу каби ишлари хўжакўрсингагина эди. Улар тарафидан содир этилган ва содир этилаётган террор ҳаракатлари, хунрезликлар юқорида таъкидланган амалларни сира оқлай олмайди. Чунки террорчилар шу кунга қадар миллионлаб бегуноҳларнинг қонини тўкди ва тўкмоқда. Улар содир этган зино, наркотик моддалар савдоси, истеъмоли, гўдакларни чирқиратиб, тирик етимга айлантириш, ҳали дунёни таниб-танимаган гўдаклар қўлига қурол тутқазиб одам ўлдиришга мажбурлаш, уларни қул қилиб ишлатиш ва шу каби қатор ножўя ишлар худонинг қаҳрини келтирса, тезроқ каллакесар жангариларни ер ютса кошкийди.

 

КАЛЛАКЕСАРЛАР «ИСЛОҲОТ»И

 

Дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангарилар гуруҳи оёққа туриб олгач, Мосул шаҳрида ўзининг ислоҳотларини ўтказа бошлади. Мактаблардаги дарслар террор гуруҳи қарашларини ифода этиши шарт этиб қўйилди. Инглиз тили дарслари йўқ қилинди.

— Уларни оқлай олмайман, — деди мосуллик фуқаролардан бири. — Лекин битта иши бор. Коррупцияни йўқ қилишди. Аммо жангариларнинг бошқа ишлари инсониятни жарга қулатишдан бошқага ярамасди…

Шубҳасиз, Ироқ армияси ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. 2016 йили улар «ИШИД» жангариларини Рамади шаҳрида қуршовга олишди. Шаҳар аҳолиси жон сақлаш илинжида дуч келган тарафга қоча бошлади. Жангларни бой берганига амин бўлган жангарилар ҳам оломон орасида билдирмайгина қочиш пайида бўлди.

Кунларнинг бирида шундай воқеа юз берганди. Назорат ўтиш жойларидан бирига икки нафар паранжили аёл яқинлашиб келди. Аскарлар уларни ўтказиб юборишди. Шунда паранжилилардан бири аста аскарларга пичирлади:

— Ёнимдаги аёл эмас, террорчиларнинг етакчиси…

Аскарлар шу заҳоти паранжили шахсни тутишди. Кўришдики, у эркак киши экан. Соқолини олиб ташлаб паранжига ўралиб олибди. Аниқлашлар ростакам аёлнинг сўзларини тасдиқлади. Паранжили эркак энг хавфли жангарилардан бири бўлиб чиқди.

Назорат ўтиш жойи аскарлари иккаласини ҳам командирлари ҳузурига олиб боришди.

— Бизнинг юртни террорчилар эгаллаб олгач, — деди аёл. — Мана шу жангари эримни ўлдирди. Менинг номусимга тегди. Кейин никоҳига олди. Мен барибир бир кунмас-бир кун эрим раҳматлининг, дунёларга ишонмаган номусимнинг ўчини олиш мақсадида барчасига кўндим. Бугун эса уни атайин алдадим. Аёл кийимида ўтиб кета олишига ишонтирдим. Мана, ниятимга етдим. Ундан ўч олдим…

 

ОЛЧОҚЛАР

 

2014 йили Ироқнинг асосий қисмини эгаллаб олган жангарилар тинчгина яшаса бўларди. Бироқ улар янада кўпроқ ҳудудларга, бойликларга эга бўлишни ихтиёр этди. Шу ниятда энди улар террорнинг каттароқ кўринишларини содир этиш ҳаракатига тушди. Бу эса уларга дунёдаги йирик мамлакатларни қарши қўйди.

2014 йил июнида террорчилар Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрига кўз олайтира бошлади. Америкаликлар эса дарҳол юзлаб ҳарбийларни Ироқ армиясига кўмак бериш учун жўнатишди. Орадан икки ой ўтиб жангарилар курдлар водийсига ҳужум уюштиргач, Америка қирувчи самолётлари уларни бомбардимон қилишга тушди. Бу ҳарбий компанияга яна 14 та давлат қўшилди.

Ўн кундан кейин жангарилар америкалик фотожурналист Жеймс Фолининг бошини танасидан жудо қилишди. Бу билан ўзларининг асл башарасини фош этишди. Душманни йўқ қилишда шафқатсизларча жазо усулларидан фойдаланишларини гўёки намойиш этишди.

Аммо Фоли билан боғлиқ қатл ҳали ҳолва эди. Орадан бир неча ой ўтиб бундан-да даҳшатлироқ, аянчлироқ жиноятга қўл уришди. Террорчи каллакесарлар иорданиялик учувчи Муаз аль-Қасосбекни тириклай ёқиб юборишди. Ўша куни жангарилар иорданиялик учувчининг самолётини уриб туширишганди.

2014 йил сентябрида жангарилар Туркия чегарасидаги курдлар шаҳри бўлмиш Кобанини эгаллагач, Америка ҳарбий ҳаво кучлари иттифоқдошлар кўмагида авиация зарбалари ҳажмини кенгайтирди. Бу натижасиз қолиб кетмади. Террорчилар Кобани ҳамда яна бошқа ҳудудларда юзлаб жангариларидан айрилди. Лекин Бағдодий бўш келишни хоҳламасди. Қасос ўти уни ўзга давлатлар сари етаклади. Уч йил давомида дунёнинг 29 та давлатида жами 150 дан зиёд террор ҳаракатлари амалга оширилди. Бунинг оқибатида икки мингдан кўпроқ бегуноҳ одамлар қурбон бўлди. Шу баҳонада Бағдодий «жиҳод»чилар билан ёвлашиш қандай оқибатларга олиб келиши муқаррарлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди.

 

«ИШИД»НИНГ ЭНГ ХАВФЛИ ДУШМАНИ

 

Дунёда фаолияти тақиқланган бу гуруҳ учун Бағдодий идеологиясини тан олмаган ҳар бир шахс энг хавфли душман саналарди. Бағдодийнинг фикрича, дунё иккита давлатдан иборат бўлиши лозим эди. Бири «Давлат аль Ислом», иккинчиси эса «Давлат аль Куфр», тамом.

2015 йил 31 октябрида террорчилар Россияга тегишли самолётни Синай осмонида уриб туширди. Ўша йили 13 ноябр куни Парижда террор ҳаракати содир этилди. Бу Франция ҳамда Россияни Сурия осмонига қирувчи самолётлар йўллашга ва террорчилар объектларига бомбалар ёғдиришга мажбур этди.

Орландодаги ҳезалаклар клуби аъзоларини қириш ҳам айнан дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангариларининг қўли билан амалга оширилганди. Худди шу қотилликлардан кейин Америка террорчиларни ер юзидан супуриб ташлашга қарор қилди.

Бироқ Американинг бу қарори хўжакўрсингагина эканини ҳозир ҳамма билади. Сабаби, шу давлат террорчи каллакесарларга қурол сотади, ҳомийлик қилади, жангариларни махсус тайёргарликдан ўтказади.

Россияни эса жангариларнинг росмана кушандаси деса бўлади. Бу давлат ҳарбийлари Сурияга тиш-тирноғи билан жойлашиб олган жангариларни деярли йўқ қилди. Айни пайтда қолган-қутганларигина қаршилик кўрсатишга уринмоқдаёки қочиш пайида бўлмоқда. Иншооллоҳ, худо яратган ёруғ дунёдек жаннатмакон заминда бу каллакесарларга жой қолмайди ва улар тўппа-тўғри жаҳаннамга йўл олади.

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кутиб қоламиз!

https://t.me/olimjonhayit

 

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc