ҚОЧҚИНДАГИ АРИСТОН… (1-қисм)

0

 

* * *

 

Милиция капитани Йўлдош Расулов эндигина кабинетига кириб курсига ўтирганди. Телефон жиринглаб қолди…

— Мана шу телефонлариям жуда жонга тегди-да, — ўзича ғудраниб қўйди у. — Бирпас ўз ҳолингга қўйишмайди-я!.. Ишқилиб, тинчлик бўлсин!..

У секин гўшакни кўтарди…

Хайрият, бўлимдан экан.

— Расулов, тез етиб келинг бўлимга! — бу товуш ички ишлар бўлими бошлиғи майор Саминовники эди. Гап оҳанги негадир дағал. Нима бўлдийкин?

— Хўп бўлади, ўртоқ майор! — жавоб қилди Йўлдош. — Ўзингиз яхши юрибсизми? Кеннойимлар яхшими?..

— Яхши, сиз тезроқ келаверинг!..

— Бўпти, ҳозироқ етиб бораман!.. Уф-ф, ҳеч тинч қўйишмайди-я! Ҳали «Развод», ҳали манави маҳаллада жанжал чиқиб туради… Мундоқ оёқни узатиб дам олишга вақт йўқ…

Лекин нима қилсин? Милиция ходимининг қисмати шунақа. Сал бўшашсанг, думингни тугиб юборишдан ҳам тойишмайди… Сўз қайтаришга, бўйин товлашга ўрин йўқ…

Йўлдош аввал кийимларини алмаштириб олиш зарурлигини тушуниб секин квартирасига кирди. Ахир, нима бўлганда ҳам бўлим бошлиғининг олдига оппоқ, байрам кийимларида боргани маъқул. Феъли ёмон. Иш кийимда кўрса, олдинги сафаргидек бўралаб сўкиб қолишдан ҳам тоймайди у одам…

Уйда хотини Мавжуда қизчаси Мавлудахонни ўйнатиб ўтирган экан. Уч яшар қизалоқ остонада дадасини кўрди-ю, югуриб келиб бўйнига осилди.

— Ўзимнинг асал қизим, — Йўлдош фарзандини эркалаб оҳиста пастга туширмоқчи бўлди. Аксига олгандек қизалоқ бўйнига маҳкам осилганча қўйиб юбормасди.

— Вой, мунча дадангга ёпишиб олдинг? — кулди Мавжуда эрининг қўлидаги ҳужжатлар солинган сумкани оларкан. — Қани, кел-чи, ўзимга, дадажонинг ювиниб олсинлар, кейин осилаверасан бўйнига!..

Мавлуда ҳали тили чиқмаган бўлса-да, имо-ишора билан фикрини тушунтира олади. Ойиси томон ўгирилиб боши билан «йўқ» ишорасини қилди ва қайтадан Йўлдошнинг бўйнига чирмашди…

— Ол, бу қайсар қизни! — деди Йўлдош кулиб хотинига. — Мени негадир бўлим бошлиғи чақиртиряпти. Тез етиб кел деди!..

— Оббо, шанба кунлариям тинчлик беришмас экан-да, дадаси! — Мавжуда норозиланган кўйи нари кетди. — Ҳеч бўлмаса бугун тегишмаса бўларди-ку!.. Ўзи… Кечаги жанжалдан энди бўшаган бўлсангиз…

— Мен нима қила олардим, хотин?.. Хизматчилик-да! Балки бирор тезкор топшириқ чиқиб қолгандир?!. Ўзинг биласан, бўлим бошлиғи унақа ишларни фақат менга ишонади…

— Ишончиям қуриб кетсин, — секин келиб қизчани эрининг бўйнидан олди-да, каравотга ўтқазди Мавжуда. — Бугун бир манти пиширмоқчийдим. Биргалаши-иб ермиканмиз девдим…

— Бўпти, сен мантига уннайвер, мен ушланиб қолмасликка ҳаракат қиламан…

Йўлдош гапни калта қилиб ваннахонага кирди-да, юз-қўлларини ювгач, байрам кийимларини кийиб шошилинч кўчага йўл олди…

 

* * *

 

Йўлдош кириб келганда, бўлим бошлиғининг кабинетида икки нафар фуқаро кийимидаги эркак ўтирарди. Уни кўришди-ю, бараварига ўринларидан туришди.

— Хўш, Расулов, ишлар қалай? — майор ҳамон жиддий оҳангда Йўлдошдан ҳол-аҳвол сўради.

— Ёмон эмас, ўртоқ майор!..

— Шунақа дегин?.. — у Йўлдошнинг кўзларига синовчан назар билан боқаркан, негадир бош чайқаб қўйди. — Наҳотки?.. Биз… Расуловнинг ишлари пачава деб эшитдик…

— Йўғ-э, Худога шукр, ҳаммаси жойида. Хизматни адо этяпмиз.

— Аъло даражадами?

Йўлдош бошлиқнинг саволига, ишончсиз нигоҳларига тушунолмай, елка қисди.

— Ким билсин?.. Унисини… Унисига сиз баҳо берасиз-да, ўртоқ майор!..

— Бу гапинг тўғри. Хизматингга биз баҳо берамиз… Аммо бугунги баҳо… Жуда-жуда ёмон.

— Нега?..

— Негалигини ўзинг билмайсанми?

— Й-йўқ…

— Ана, кўрдингми? Тағин хизматни қойиллатяпмиз деб кўкрагингга урасан… Кеча қанақа жанжал бўлганди участкангда?

— Кечами?.. — Йўлдош жавоб беришдан аввал шоша-пиша сумкасидан баённома олиб майорнинг столи устига ташлади. Шу аснода бир четда уларни кузатиб турган икки эркакка ўғринча қараб қўйишни ҳам унутмади.

«Шулар кечаги пиёнистанинг қариндошлари бўлишса керак» деган фикр лип этиб хаёлидан ўтди…

— Мана шу баённомада ҳаммаси ёзилган, ўртоқ майор! — деди у столга ишора қилиб.

— Хў-ўш… — Саминов эринмай баённомани кузатиб чиққач, қайтадан Йўлдошга юзланди. — Демак, бу шахс хотинини уриб иккита қовурғасини синдирган. Ахир, бу жиноят-ку!..

— Тўғри, жиноят. — бошлиқнинг гапини маъқуллади Йўлдош.

— Унда сен нега ундан пора талаб қилдинг?

— Нима?.. Мен?.. Пора?.. — Бу гапни эшитиб бирдан Йўлдошнинг ранги ўзгарди. — Қ-қачон?..

— Устингдан жабрланувчининг қариндошлари ариза беришган. Сен пиёнистадан беш юз минг сўм пул сўрагансан. Шунинг эвазига қамоқдан чиқариб юборишга ваъда бергансан.

— Бу… Англашилмовчилик!.. — Йўлдош кўзлари ола-кула бўлиб бир бегона эркакларга, бир бошлиққа тикилди. — Бўлиши мумкинмас. Мен ҳеч кимдан пора талаб қилганим йўқ.

— Юзлаштирайми?

— М-майли… Юзлаштиринг, ўртоқ майор!.. Мен пора сўраганим йўқ…

— Сўрамаганмисан, сўраганмисан, бунинг энди аҳамияти йўқ… Мана бу ўртоқлар миллий хавфсизлик хизматидан келиб ўтиришибди. Сени олиб кетишга келишибди…

— Н-нега?.. Менинг айбим йўқ!..

— Айбинг бор-йўқлигини ўша ёқда аниқлашади энди… Тағинам кабинетингдан, ёки уйингдан судраб келишмаганига хурсанд бўл!.. Мен тўхтатиб қолдим буларни. Ахир, ҳурматинг бор!.. Сержант Мавлутов!..

Майор эшик томонга қараб қичқирди. Шу заҳоти остонада гавдали бир милиционер пайдо бўлди.

— Чақирдингизми, ўртоқ майор?

— Ҳа… Йўқ, сен чиқавер!..

Сержант чиқиб кетгач, Саминов яна Йўлдошга юзланди.

— Кўрдингми, яна сени авайлаяпман. Агар, ҳозир погонларингни юлиб олиб, қўлингга кишан солдириб қўйсам, бўлимдагилар олдида шарманда бўлардинг… Майли, погонларни хавфсизлик идорасига борганингдан сўнг бериб юборарсан… Майли ўртоқлар, ходимимизни, тўғрироғи, собиқ ходимимизни сизларга топширдим…

Икки эркак кулимсираганча секин келиб Йўлдошнинг қўлтиғидан олди.

— Марҳамат, кетдик, капитан!..

 

* * *

 

Йўлдошни олиб киришган камерада соч-соқоллари ўсиб кетган, баланд бўйли, кўз қарашлари совуқ, эллик ёшлар оралиғидаги бир эркак ўтирарди. Янги маҳбусга кўзи тушди-ю, ётган еридан туриб деворга суянди.

Лекин на салом берди, на бир оғиз сўз сўради. Индамасдан Йўлдошнинг ҳаракатларини кузата бошлади…

Ўн йилдан бери милицияда ишлаб ҳеч қачон бу тахлит оғир аҳволга тушмаганди. Бир неча соат ичида 27 ёшли йигитга ўхшамас, худди 50 ёшли эркак қиёфасига кириб қолгандек эди. Ҳатто, кўзларининг остигача шишиб қолган, лаблари бетиним титрарди…

— Ҳа, акаси, сени нима учун қамашди? — ниҳоят унга яқин келиб сўради эркак. — Кимни портлатиб юбординг?

Йўлдош аламдан базўр ўзини тутиб турарди. Эркакнинг масхараомуз саволи баттар ғашини келтирди.

— Ҳали портлатганимча йўқ. Агар яна шундай савол берсанг, мана шу камерангминан қўшиб портлатиб юбораман…

— Вей, ғалча! — эркак кутилмаганда Йўлдошнинг ёқасидан бўғиб, иягига муштини тиради. — Ким бўпсанки, менга дўқ урасан-а?.. Ҳозир сўяман-у, гўштингни хомлигича еб қўя қоламан. Кимлигингни билмайди деб ўйлайсанми, қанжиқ?.. Ментсан, порахўрсан!.. Нима, айтишга ор қилдингми? Сенларда ор нима қилсин?.. Ҳе, хунаса!..

— Оғзингга қараб гапир! — хириллаб бир зарб билан эркакнинг қўлларини олиб ташлади Йўлдош. — Менам анойи эмасман. Сендақаларнинг кўпини кўрганман!..

— Нима қилай? Суюнчи берайми? — эркак аламзадалик билан унитаз ёнидаги кружкада турган совуқ сувни қўлига олди-да, бир кўтаришда симириб яна жойига қўйди. — Ҳали шошмай тур, зўрлигингни ухлаганингдан кейин кўрамиз!

— Қўрқитмай қўяқол! Қўлингдан ҳеч нарса келмайди!..

— Бўпти, кўрамиз…

Шу билан жанжал барҳам топди. Икковлари ҳам бетондан қилинган ўринларига ўтириб сигарет тутата бошлашди.

«Яхшиям сигаретни олиб қўйишмас экан. — хаёлидан ўтказди Йўлдош қаршисидаги бадбашара камерадошига нафрат аралаш қараб қўяркан. — Бўлмаса, манавинақанги ифлосларнинг дастидан инфарктга учраш ҳам ҳеч гапмас…»

То тунга қадар ҳам икки камерадош бир-бири билан гаплашмай ўтирди. Эркак гоҳ пинакка кетиб хуррак ота бошлар, гоҳ даст ўрнидан туриб ҳожат чиқарган бўларди-да, сўнгра ўзидан ўзи қўшиқ хиргойи қила бошларди. Йўлдош эса, бу асаббузарликларга деярли эътибор қилмади. Икки хаёли ўзига қўйилган айбларда, уйда интизор бўлиб кутаётган оиласида эди. Кўзларини юмганча бетонга костюмини тўшаб ётаркан, «Ишқилиб эрталабгача олиб ўтирмай, қўйиб юборишсин-да!.. Туҳматчиларга инсоф берсин-да!» дея ўйларди…

 

* * *

 

Тун ярим бўлди. Йўлакдаги соқчиларнинг ғовур-ғувури ҳам ҳийла босилиб, камерага сукунат чўккандек эди. Фақат анави эркак жуда хунук хуррак отаркан. Йўлдош қўлидаги костюми билан қулоқларигача беркитиб олган бўлса-да, чидаб ётишнинг иложи йўқ эди. Хуррак худди тракторнинг тариллашига ўхшаб асабга тегарди…

Шундоқ ҳам асаблари таранглашиб бўлган Йўлдош охири ўрнидан туриб кетди. Ўзича секин бориб эркакни туртиб қўймоқчи ҳам бўлди… Лекин фикридан қайтди. Нима фойда? Яна жанжаллашишга тоқати йўқ. Ўзининг ташвишлари ҳам етиб ортади…

Бирпас ғудраниб сўкинганча сигарет тутатди. Чекиб ҳам бўлди…

Хўш, энди нима қилади? Ётади яна. Бошқа қиладиган иш йўқ бу ерда. Эрталаб тағин сўроққа олиб чиқишса керак.

— Уф-ф, тушимгаям кирмаган ишлар-а!.. — овоз чиқариб нолиган бўлди Йўлдош. Шу баҳонада анави хурракчи уйғониб кетар деб ҳам ўйлади. Аммо у уйғонмоқчи эмасга ўхшайди. Ёнбош ётиб шу тахлит хуррак отса, чалқанча ётганда нима қиларкин?..

Йўлдош оғир хўрсиниб қайтадан ўринга — бетон «каравот»га чўзилди. Бу гал қулоқларини беркитмади. Эътибор бермасликка ҳаракат қилиб оиласини ўйлай бошлади…

Шу маҳал ниманингдир виз-визлаган товуши… Сўнгра… Бўйнида аллақандай нарсанинг ўрмалаб кетаётганини ҳис этди…

Шошиб ўрнидан турди-да, силкина-силкина ҳалигини ерга туширди…

Во ажабо!.. Суварак ҳам шу қадар йирик бўладими?.. Нақ яримта бош бармоқдай келади-я!.. Қулоққа кириб кетиб қолса борми… Яна овоз чиқариб ўрмалагани-чи!..

«Анавини қаранглар! — кўнглидан ўтказди Йўлдош суваракни оёқлари билан эзғилаб ташлагач. — Парвойи фалак-а!.. Қулоғига кириб кетса, тил тортмай ўлишини ўйламасмикан?.. Йўқ, бу одам анчадан бери камерада ётавериб ҳавосини олволганга ўхшайди. Йўқса, бунчалик бемалол ухламасди… Қара, шунча йил милицияда ишлаб бирор маротаба камерада ётмагани билинди-қўйди. Ҳа, маҳбусларгаям қийин. Бундай сассиқ, суваракзор жойларда ўтиришади. Худо билади, балки ҳали бу ер битга ҳам тўладир…»

— Вей, оғайни, турсанг-чи! — деворларда ўрмалаб юрган катта-катта суваракларга кўзи тушиб Йўлдошнинг тоқати тоқ бўлди ва камерадошини турта бошлади.

— Нима дейсан?.. — эркак ётган ерида кўзини ишқалаб Йўлдошга боқди. — Нима гапинг бор? Айтавер!..

— Анави сувараклар ҳеч ухлатмаяпти. Қандай қўрқмасдан ухлайсан-а? Қулоғингга кириб кетса нима бўлади?

Эркак инқиллаганча ўрнидан туриб ўтирди.

— Бу сувараклар мендан ҳазар қилади. Қўрқма, ҳадемай кўникиб кетасан!..

— Барибир қўрқади одам… Менга қара, касбинг нима ўзи-а?..

— Шуниям билиб ололмадингми?.. — хунук тиржайди эркак. — Сеники нима бўлса, меникиям шу.

— Сен нима учун ўтирибсан бу ерда?

— Одам ўлдирганман.

— Йўғ-э, милиция ходими бўла туриб-а?..

Эркак хохолаб кулиб юборди.

— Нима, милиция ходими одам эмасми? Асабга теккандан кейин қараб ўтириш керакми?.. Мана, сен ўзинг… Пора олибсан-ку!..

— Оғзингга қараб гапир! — беихтиёр ўрнидан туриб кетди Йўлдош. — Мен ҳеч кимдан пора олган эмасман. Туҳмат қилишяпти. Ҳали қараб туришсин, барибир ҳақлигимни исбот қиламан.

— Исбот қилиб бўпсан!.. Сен қаерда ўтирганингни унутиб қўйдинг шекилли… Бу ерга тушганлар-чи, ҳаётда оқланиб чиқмаган… Айтганча, исминг нима?

— Йўлдош.

— Меники бўлса, Маллавой.

— Нима? — кулиб юборди Йўлдош. — Ғалати исминг бор экан.

— Ҳа, кичкиналигимда сап-сариқ бўлган эканман. Шунинг учун ота-онам исмимни Маллавой деб қўйишган…

— Сен афсусланмайсанми қамалганингдан?

— Нега афсусланай? Қилғиликни қилиб қўйгандан кейин… Аммо… Тўғрисини айтайми?..

— Айт.

— Малла секин Йўлдошнинг қулоғига шивирлади.

— Жонимга тегиб кетди бу ерда ўтиравериш…

— Жонингга теккани билан қўлингдан ҳеч нарса келмайди.

— Тўғри, ҳеч нарса келмаслиги мумкин… Лекин… Баъзи режаларим ҳам йўқ эмас…

— Қанақа режа?

— Биласанми, оғайни, мен бу ерда уч ойдан бери ўтирибман. Шу орада қочишнинг йўлларини ўргангандайман.

— Йўғ-э, қўйсанг-чи!.. Бу ер турма эмаски, бирор тешик-ковак топиб қочиб кетсанг.

— Ишонмайсан-а?..

Малла даст ўрнидан туриб ҳар эҳтимолга қарши эшик томонга қулоқ тутиб келди.

— Э, ошна, сенминан биз анави… Нима дейди… Ҳа, энди ҳарқалай мелисада ишлаб озми-кўпми тажриба орттирганмиз… Қолаверса-чи, кўрган бўлсанг, маҳбуслар тўғрисидаги фильмларда мелисаларни кимсасиз йўлларда ўлдириб қочишади одамлар. Ўшалар ҳам бизга ўхшаган одам.

— Хўш, бу билан биз ҳам катта йўлда кетаётиб қочамиз демоқчимисан?

— Албатта-да!.. Эртага икковимизниям терговга олиб боришаркан.

— Терговни шу ернинг ўзида қилишади.

— Э, сен нимани билардинг? Кеча анави соқчиларнинг шивир-шивирини эшитиб қолдим. Шаҳарнинг қайсидир четида бу ярамасларнинг яна битта биноси бор эмиш. Бизни худди ўша ерда тергов қилишмоқчийкан.

— Буларнинг ҳаммаси хом хаёл. — қўл силтади Йўлдош. — Ўша бино қаерда жойлашган, қайси йўл билан борилади… Буларни аниқламай туриб қочишни ўйлаганингга ҳайронман.

— Сен мени билмайсан ҳали, акаси! — кенг елкаларини силкитиб-силкитиб, қоматини намойиш қилган бўлди Малла. — Менам анойилардан эмасман. Бу ерда биқиниб ўтирганимминан-чи, ўрганиб олдим анча-мунча нарсани.

— Нимани ўргандинг?

— У бино шаҳарнинг жуда бир чекка жойида экан. Етиб бориш учун дала йўл орқали ўтиларкан. Агентларим етказишди. Чунки, мен қочсам, улар ҳам манфаатдор бўлишади.

— Қандай?..

— Қандай бўларди?.. Уйдагиларига баъзи нарсаларини етказиб беришим мумкин.

— Менга қара, Малла, — кулди Йўлдош. — Сенинг бу тутаётган ишинг жуда хом. Ўша агентларинг сени қочириб юборишади-да, ўзлари анави соқчиларга қаердалигингни етказишади. Қаёқдаги одамларга ишониб юравераркансан-да!..

— Буёғи билан ишинг бўлмасин!.. Агар мен билан қочмоқчи бўлсанг, марҳамат, бош устига. Истамасанг, мана шу суваракхонада ўтираверасан сарғайиб… Хўш, нима дединг?..

— Билмадим. — елка қисди Йўлдош. — Ўйлаб олишим керак… Бундай ишларда таваккал қилиб бўлмайди…

— Ўзинг биласан. Мен айтдим-қўйдим… Майли, сал нари бориб тур, мен ҳожат чиқаришим керак…

— Уф-ф!.. — Мана шу нарса биринчи кирган маҳалиёқ Йўлдошнинг ғашига тега бошлаганди… Ахир, ҳожатхонани алоҳида қилиб қўйишса бўлмайдими?.. Ички ишлар бўлими ертўлаларида кўрган, у ерларда алоҳида ҳаммаси…

Ишқилиб шу сассиқ жойлардан тезроқ чиқиб кетай! — ўзича ғудраниб қўйди у. — Худо хоҳласа, эсон-омон чиқиб олсам, мелисасидан кетганим бўлсин!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кутиб қоламиз!

https://t.me/olimjonhayit

 

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc