ҚОЧҚИНДАГИ АРИСТОН… (2-қисм)

0

 

 

***

Малланинг гапида жон бор чиқиб қолди. Эртасига аввал Йўлдошга уйидагилар билан гаплашишга рухсат беришди. Оиласининг тинч-омонлигини билиб сал кўнгли кўтарилгандай камерага қайтиб кирган ҳам эдики, орадан ўн дақиқалар ўтиб-ўтмай, соқчи шарақлатиб эшикни очди.

— Қани, икковинг ҳам тайёргарлигингни кўр! — деди у дағдаға билан. — Судга олиб боришади… Тўхта, деворга ўгирилиб, иккала қўлингни кўтар!..

Маҳбуслар буйруқни сўзсиз адо этишди. Соқчи ҳаммаси жойида эканига амин бўлгач, иккала маҳбуснинг қўлларини кишанлаб турта-турта ташқарига олиб чиқди…

Дарвоза олдида уларни машина кутиб турарди. Малла тушундики, маҳбусларни икки офицергина кузатиб боради.

— Ҳаммаси жойида, — деди у кулиб Йўлдошни туртаркан. — Анави икки «ит»ни бемалол мажақлаб кетса бўлади. Кўрибсанки, ишлар беш!..

— Ҳа, сен балога ўхшайсан. — жавоб қилди Йўлдош кўзларини қисганча нималарнидир ўзларича муҳокама қилаётган офицерларга ишора қилиб. — Бахтимизга хомсемизларини танлашибди. Булар узоққа чопа олишмайди. Нишонга аниқ уришларини-ку, айтмаса ҳам бўлади…

— Вей, — шивирлади Малла. — Мен бекорга йигирма йил жиноят қидирув бўлимида ишламаганман. Ҳарқалай, тажрибам йўқ эмас…

Кўп ўтмай, офицерлар икки маҳбусни ўртага олиб, машинани ҳайдашга буйруқ беришди…

Кетиб боришаркан, Малла билинар-билинмас Йўлдошни туртар, машина дала жойга етиб кела бошлаганини билдиришга уринарди. Ўз ўрнида Йўлдош ҳам унга туртки билан жавоб қайтарган бўлди…

Ана, машина ниҳоят икки атрофи даладан иборат йўлга кириб келди…

Малла безовталик билан икки ёндаги соқчиларга қаради. Улар хотиржам, кўзларини ҳийла юмган кўйи индамай кетиб боришарди…

Йўқ, йўл узоқ давом этмайди. Нари борса, икки-уч чақирим чиқади холос…

Малла кутилмаганда чап биқинида ўтирган офицерни тирсаги билан қаттиқ туртиб юборди. Шундоқ ҳам паст-баланд йўлда чайқалиб бораётган офицер мункиб кетди-ю, Йўлдош ҳам бу вазиятдан унумли фойдаланиб, иккинчи офицерга калла солди…

— Тез эшикни очиб пастга сакраш керак!.. — овозини бироз кўтариб Йўлдошга уқтирди Малла. — Тез бўл, оғайни, вақтимиз жудаям оз!..

— Ҳозир… Манави ярамаснинг тўппончасини олволай!..

Қўли кишанланган эмасми, Йўлдошга ҳушидан кетган офицернинг ёнидаги тўппончани олиш қийинчилик туғдирарди…

Хайрият, эпини топди. Шоша-пиша тўппончани тишлаб олди-да, орқалаб бориб машина эшиги зулфинини суғурди. Шу заҳотиёқ икковлари ҳам олдинма-кетин пастга сакрашди…

 

* * *

 

Йўлнинг икки чети бедазор эди. Икки маҳбус жонҳолатда машинадан сакраб, ўзларини бедазор ичига уришди. Машина эса, юз метрлар нари бориб қирғоққа қулаган, лекин мотор ўчмагани сабабми, ҳамон ғилдираклари пириллаб айланарди…

— Тезроқ югур, — бақирди Малла. — Қўлга тушсак оғзимиздан отишади! Тезроқ юр, оғайни!..

Йўлдош Маллага нисбатан анча енгил ва ихчам эди. Шунинг учун ёнида ҳарсиллаганча қўли кишанли бўлгани сабаб тиззалаб бораётган Маллага қараб кулиб қўйди.

— Менга буйруқ бергунча, ўзинг тезроқ ҳаракат қил! Қара, нафасинг томоғингга тиқилиб бўпсан-ку! Тағин милицияда ишлаганман деб мақтанасан…

— Э, ўчир овозингни!.. — хириллаб бақирди Малла. — Ҳозир бунақа гапларнинг мавриди эмас…

Шу пайт йўл томондан машина шовқини эшитилгандай бўлди. Анча узоқлашиб қолишган экан. Малла ўзини бедалар остига ташлаб Йўлдошни ҳам елкасидан тортиб ётқизди ва аста бошини кўтариб йўл тарафга қаради.

— Ие, милисалар-ку!.. — шивирлади у. — Вой қанжиқлар-ей, қайдан ҳид ола қолишди?.. Қара, анави турма машинаси ёнида тўхташди!.. Хў-ўш, тўрт киши экан, ошна… Нима қилдик энди?.. Итлариям боракан. Аниқ бизни қидириб келишган булар…

Йўлдош ҳам бошини кўтариб йўл четидаги милиция машинасига кўз ташлади. Ҳақиқатан тўрт милиционернинг атрофида иккита овчарка турар, улар итларни ағанаб ётган машина ичкарисига киришга ундашарди…

— Пешонага нима ёзилган бўлса, ўшани кўрамиз. — деди Йўлдош уф тортиб.

— Йўқ, бунақаси кетмайди. — ғудранди Малла. — Кетдик, ҳов анави ёқни кўраяпсанми? Бедазор ёнидан зовур оқиб ўтибди. Кўпригиям каттагинага ўхшайди. Биз эсон-омон ўша ёққа етиб олсак, кўприкнинг ичига кириб кетамиз…

— Бўпти, жилдик!..

Маҳбуслар тиззалай-тиззалай яна олдинга силжий бошлашди…

Кетиб боришаркан, тез-тез милиция машинасига навбатма-навбат кўз ташлаб қўйишар, сўнгра тағин судралишда давом этишарди.

— Итдан тарқаган манави кишан ёмон халал беряпти-да! — сўкинди Малла кўприкка яқин келиб қорни билан суви тизза бўйи келадиган зовурга тушиб бораётиб. — Қандай қилиб қутулиш мумкин-а?..

— Қара, кўприк остидан труба ўтибди. — деди Йўлдош боши билан ишора қилиб. — Буям бизнинг бахтимиз. Ментлар ўлгандаям топа олишмайди… Агар ўша ерга кириб олсак, кишанниям бир амаллаб йўқ қилармиз…

Трубанинг узунлиги тахминан эллик метрлар келар, ичкари зах ва қоронғи эди.

Улар ўртасигача бориб тўхташди-да, бир четга суяниб қулоқларини динг қилишди. Гарчи сув оҳиста шилдираб оқаётган бўлса-да, ташқари дунёни ҳам бемалол эшитиш мумкин…

— Ҳалиям турибди шекилли ярамаслар. — деди Малла юқорини кўрсатиб. — Тезроқ кета қолса ўлармикан?..

— Кетади-да, кетмай қаерга борарди… Хў-ўш, манави кишанларни қандай ечдик энди-а? — Йўлдош тобора кучлироқ оғриб бораётган қўлларини силкий-силкий сув остидан нимадир қидирган бўлди. — Иккаламиз ҳам чўлоқдан баттармиз…

— Ҳа, нимасини айтасан?!. — норози тўнғиллади Малла. — Жа қийин бўлади ечиш… Лекин… Бир марта бошимга тушган… Қиррали тошминан кесиб ташлагандим.

— Ие, — ҳайрон бўлиб унга тикилди Йўлдош. — Ҳали бу қочишинг биринчисимасми?

Малла совуқ тиржайиб қўйди.

— Сен нима деб ўйловдинг? Бутун умрим қочишминан ўтяпти. Илгари икки марта қочганман турмадан… Лекин ҳар сафар тутиб олаверишган.

— Бу гал ҳам қўлга тушсанг-чи?

— Э, йў-ўқ, бу сафар аҳмоғи йўқ. Ўлсам ўламанки, у одамхўрларнинг қўлига тушмайман…

— Менга қара, шу сувда зах тортиб ўтираверамизми? — оёғидан совуқ ўта бошлади шекилли, Йўлдош турган ерида бир-икки депсиниб қўйди.

— Ўтирмай қайга борардинг? — деди Малла. — Ташқарига чиқдинг, анави итлари дарров ҳид олади. Чидайсан. Ундан кўра, сув остини секин қидириб кўрайлик. Балки биронта тош топармиз.

— Тош топганда нима ўзгарарди? Қўлларимизнинг аҳволини қара!

— Бе, шунгаям ақлинг етмайдими? Тажрибасизлигинг шу ердан маълум. Сен топгин, ўзим амаллайман. Буниям йўли бор.

Йўлдош пастга энгашиб сув остини текшира бошлади. Аксига олгандек, тош дегани топила қолмасди…

Шу тобда ташқарида итларнинг безовта вовиллаши эшитилгандек туюлди.

— Тсс! — Малла ҳушёр тортиб Йўлдошга бош ирғади. — Шалоплатишни бас қил, ошна! Эшитаяпсанми, тепада ментларнинг итлари изғий бошлади!?.

— Ҳа, эшитдим. — шивирлади Йўлдош. — Секин-секин нариги бошига юраверсакмикан?

— Йўқ, шу ерда турамиз. Бизни кўришмайди. Қолаверса, ит зоти сувга тушишни ёқтирмайди. Айниқса, овчаркалар жуда айёр бўлади. Жим тур!..

Хайрият, итлар бир муддат уёқдан-буёққа чопиб акиллашди-да, даф бўлишди. Маллани билмайди-ку, Йўлдош бўлганича бўлди. Тер чиқмаган жойи қолмади ўзиям…

— Худога шукр-эй, — атрофни яна сукунат қоплагани ҳамоно биринчи бўлиб Йўлдош енгил тин олди. — Бир асради. Дастлабки имтиҳондан ўтдик ҳисоб.

— Ҳа, гапинг тўғри. Сен биринчи таъқибдан эсон-омон ўтдинг. Оҳ, яримта бўлгандами ҳозир. Ювардик!..

— Яримтага бало борми? Энди нима қилишни ўйлаб кўриш керак. Кечасиминан шу сув ичида ўтирмаймиз-ку, ахир!..

Малла кулиб юборди.

— Мабодо ўтирсак нима бўлади? Ўлиб қоласанми?

— Сенга кулиш бўлса бас. Нима бўлгандаям иссиқ жонмиз. Иккаламиздаям ҳарқалай калла ишлаб турибди. Бир иложини топиш зарур-да!..

— Сен жуда бўш чиқиб қолдинг. — танқид қилган бўлди Малла. — Битта тошниям эплаб топиб беролмадинг.

— Нима, мен сенга вассалмидим? Изла ўзинг ҳам!.. Ў ўзингни бошлиқ деб хаёл қиляпсанми бу ерда?

— Албатта. Чунки, сен менсиз ерминан битта бўп кетасан. Мана, мисол учун, қўлингдаги кишанни менсиз ҳаётда ечолмайсан.

— Балки ечарман? Ҳарқалай менам сен ишлаган ўша мелисада озми-кўпми хизмат қилганман. Баъзи нарсаларни биламан.

— Йўқ, одам мелисада ишлаганиминан тажрибали, учқур бўлиб қолмайди. Бунинг учун бошидан мана бунақанги кунларни кечириши керак.

— Бўлди, жа ўзингни мақтайверма! Ҳали кўрамиз аҳволингни.

— Гап йўқ, кўрсак кўраверамиз…

Малла қулоғини қайтадан динг қилиб ўзича ташқаридан хабар олди. Тинчлик.

— Энди сен бирпас шу ерда тур. — деди Йўлдошга. — Мен секин чиқаман-да, «разведка» қип келаман.

— Яхши.

Малла сувни шалоплатганча ташқарига йўл олди…

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча кеч ҳам тушди. Малла дайдий-дайдий яқин орада биронтаям уй тополмади. Топсам бир амаллаб тунни ўша ерда ўтказамиз деб хаёл қилганди. Афсуски, уй дегани анча олисда экан. Уёқларга эса, қамоқдан қочган одам боришга қўрқади. Ким биларди? Шаҳарга яқин қолади. Биронтаси сезиб қолиб сотиб қўйса…

Шунга яраша ўткир учли бир тош топди. Севинганча труба ичига қайтиб кириб бир четга суяниб олди-да, тошни бармоғига қистириб астойдил кишанни кеса бошлади. Лекин бу иш осон эмас. Шундоқ ҳам қисилиб турган қўллар симиллаб оғрийди. Устига устак бармоқларга тош қистириб қимирлатилаверилса, оғриқ баттарлашади…

Йўқ, Малла бало экан. Бир соатча дам олиб-дам олиб охири кишанларни ўртасидан кесиб ташлади. Ана шу маҳал чунонам енгил тортиб кетдики, сал қурса сакраб ўйинга тушиб юбораёзди.

— Ана, энди сеникини кесамиз. — деди у Йўлдошни четга итариб. — Қимирламайсан. Қўлингни тўполонда кесиб қўймай яна…

— Тезроқ фақат. Мен… Ҳожатга бормасам бўлмайди.

— Э, ҳаёт кўрганмисан ўзинг? Шу ернинг ўзида чиқаравермайсанми ҳожатингни!.. — ҳиринглаб кулди Малла шеригининг елкасига турткилаб. — Сув бўлса оқиб турибди. Қанақанги ифлос нарса бўлсаям, ғинг демай оқизиб кетаверади. Ў мендан уяляпсанми?..

— Бор-э, — тескари қараб сувга тупурди Йўлдош. — Уяладиган даврим ўтиб кетган… Гап деб гапираверакан-да одам!.. Сувгаям ҳожат чиқарадими одам? Гуноҳи азим-ку!..

— Оббо, тақводор бўп кет-э!.. Ҳозир гуноҳни ўйлаб ўтирадиган пайтми?.. Нима қилиб бўлсаям жон сақласанг, ўшанинг ўзи катта гап…

— Бўпти, ишинг бўлмасин. Тезроқ кес кессанг!.. Қўллар симиллаб кетяпти…

Бу гал Малла ярим соат деганда Йўлдошнинг қўлидаги кишанни кесиб олди. Яримта бўлиб қолган кишанни ирими деб ўзларидан узоқроққа итқитишди-да, орқасидан тош ҳам отиб қўйишди…

— Хўш, энди нима қилдик? — сўради Йўлдош кўкариб кетган билакларини ушлаб-ушлаб қўяркан. — Эрталабгача шу сувда ўтириб чиқамиз шекилли.

— Албатта… Локигин, қорин қурғур қулдираб кетяпти.

— Овқатдан гапирмай тур. — деди Йўлдош ютиниб. — Эрталаб анавиларнинг ювиндисига ноз қилибман…

— Ҳечқиси йўқ. Ҳали шундай кунлар келсинки… Тўхта…

Малла кутилмаганда ҳушёр тортиб ташқарига юрди. — Бир нарса эсимга тушиб кетди… Сен шу ерда кутиб тур, ҳозир қайтаман…

Йўлдош ҳеч нарсага тушунмай елка қисди-ю, ўзи ҳам Малланинг орқасидан юрди…

 

* * *

 

— Сен бекор чиқдинг! — Йўлдошга танбеҳ берди Малла. — Ўзим аввал бамайлахотир чамалаб олмоқчийдим.

— Нимани чамалайсан қоронғида?

— Биласанми, шу ерларга қачонлардир келгандайман… Аммо сира эслай олмаяпман. Негадир танишдай-да!..

— Э, бўладиган гапдан гапирсанг-чи! — қўл силтади Йўлдош. — Одамнинг қорни очиб турганда баттар иштаҳани қўзғайсан-а!..

Малла узоқ-узоқларга бирпас тикилиб тургандан сўнг бош чайқай-чайқай, орқага қайтди.

— Юр, барибир эслай олмадим. Тонг отсин, яхшилаб текшириб кўраман…

Икковлашиб яна труба ичига киришди. Ўз бўлишига қарамай, сув тун бўлгани сабабми, барибир муздай эди. Йўлдош ҳам оёғидаги туфлисини ечиб қўлтиғига қистирган кўйи жим ўтирар, шу тобда кўз олдидан қизчаси, хотини пир-пир ўтиб юраги орзиқарди…

«Ҳойнаҳой, хотиним роса сиқилаётгандир. — кўнглидан ўтказди у бемалол труба четига суяниб сигарет тутата бошлаган Маллага кўз қирини ташлаб. — Қизим шундоғам инжиқлик қилиб юрганди. Мени соғиниб ичикиб-нетиб юрмасин-да ишқилиб!.. Тўхта, қочганим аллақачон тарқалгани аниқ. Гўрсўхталар хотинимни сиқувга олишмаётганмикан?.. Э, йўқ, жа борса, уйни тинтишади. Аёл кишини нимаям қила олишарди…

— Қара, қара! — Йўлдош Малланинг турткисидан чўчиб бошини кўтарди.

— Нима?.. Нима бўлди?

— Ҳов анави тешикни кўряпсанми? — Малла қўли билан икки метрча наридаги катта чойнакнинг оғзидай келадиган тешикни кўрсатди. — Кўрдингми?

— Ҳа, кўрдим.

— Яхшилаб қара, ичидан чиқиб келаётган ялтироқ нарсаниям кўрдингми?

— Ие, илон-ку! — беихтиёр бақириб юборди Йўлдош. — Қара катталигини!.. Ие, биз томонга қараб сузяпти.

— Индама. — уни тинчлантирган бўлди Малла. — Агар, илонга тегинмасанг, сенга зиён етказмайди. Бу сув илони. Заҳри кўп бўлади. Қимирламай туравер-чи, нима қиларкин!..

Илон аста уларнинг рўпарасига сузиб келиб тўхтади. Йўлдош яна тешик томон қараган эдики…

— Оғайни, ана, шериклариям чиқиб келишяпти!..

Ҳақиқатан, тешикдан бир неча ўнлаб катта-кичик илонлар сув юзига чиқиб тўппа-тўғри икки маҳбус томон сузиб келишарди…

Йўлдош ҳам, Малла ҳам қимир этмай тураверишди. Айниқса, Йўлдош қаттиқроқ нафас олишга қўрқарди…

Илонлар тўдаси атрофда айланиб сузган бўлишди-ю, кутилмаганда икки маҳбусни ўраб олишди. Каттаси бўлса керак, бояги биринчи бўлиб тешикдан чиққан улкан илон аста сирғалиб келиб Йўлдошнинг оёқларига ўрала бошлади…

Шу лаҳзаларда Йўлдош гўёки бу ёруғ дунёда эмасди. Пешонасида пайдо бўлган совуқ тер бўйниларигача оқиб туша бошлаганди. Оёқлари эса, мисоли ерда эмас. Гавдаси ҳавода муаллақдек сезарди ўзини…

Илон Йўлдошнинг ўнг оёғига тўлиқ ўралиб олгач, бошини кўтариб худди мазах қилаётган каби вишиллаб-вишиллаб қўйди. Бу қилиғи энди ошиб тушганди. Йўлдошнинг тиззалари билинар-билинмас қалтираб йиқилар ҳолатга етди…

Маллага нима бўлди, билмайди. Фақат кўрдики, у ҳам ўрнидан қимирламай қотиб турибди…

Хайрият, Худо раҳм қилдими, ё илонга инсоф бердими, вишиллашдан тўхтаб, қандай ўралган бўлса, шундай оҳисталик билан Йўлдошнинг оёғидан сирғалиб сувга тушди-да, тешик томон сузиб кетди. Воҳ, у кета бошлаши билан қолган илонлар ҳам кетидан эргашди…

— Илтимос, шу ердан ташқарига чиқиб кетайлик! — илонлар тешикка кириб ғойиб бўлгач, Маллани туртди Йўлдош.

Малла ҳам бўлганича бўлган экан чамаси, бехосдан қалқиб кетди.

— Нима?.. Бир нарса дегандай бўлдингми?..

Йўлдош унинг чўчиб кетганини кўриб кулиб юборди.

— Ҳа, ўртоқ тажрибали маҳбус, сизга нима бўлди? — ҳамон кулгидан ўзини тўхтатолмай Маллани туртди у. — Боя жа устимдан кулаётгандинг-ку!.. Илон менинг оёғимга ўралибди-ю, буёқда акам адойи тамом бўпти…

— Бўлди-да энди! — норози тўнғиллади Малла. — Кўрдим, чаккимассан. Индамай туриб берганинг яхши бўлди. Чунки, илонларнинг каттаси сени синаб кўрди. Худо кўрсатмасин, ҳатто қимирлаб юборганингдаям тамом бўлардик.

— Нима бўларди?

— Нима бўлардимиш… Биринчи бўлиб оёғингдаги илон сени чақарди. Қолганлари менга ташланишарди. Кўрмадинг-да, оғзиларини очиб менга тикилганларини!.. Бўпти, юр, таваккал йўлга тушамиз. Ажабмас, Худо йўлимизни очса…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кутиб қоламиз!

https://t.me/olimjonhayit

 

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc