ҚОЧҚИНДАГИ АРИСТОН… (3-қисм)

0

 

 

***

— Ҳой, Малла, чўнтакдаги манави савил тўппончани нима қилай? — йўл-йўлакай сўради Йўлдош.

— Ие, ҳалиям кўтариб юрибсанми?

— Ҳа, ўзинг-чи?

— Мен аллақачон итқитворганман… Йўқот, бошимизга бало бўлмасин!

Йўлдош итоаткорона чўнтагидан тўппончани чиқариб бедазор ичига отди…

— Айтмадимми, — ҳалигина узоқ кўринган уйлар энди анча яқинлашиб қолганди. — Бу ерларни биламан деб!..

— Хўш, қаердан биласан? — Маллага савол назари билан боқди Йўлдош.

— Илгариги сафар турмадан қочганимда, тўппа-тўғри мана шу кўриниб турган маҳаллага келгандим. Бир аёл бор. Жуда кетворган. Ўша жонимни сақлаб қолган… Кейин… Ўзиям турли туман енгилтак қизларни уйида сақларкан. Роса кайф қилганман…

— Нима, ўша ерга мениям бошлаб бормоқчимисан?

— Албатта. Шу уйдан бўлак паноҳимиз йўқ.

— Йўқ, — Йўлдош бирдан юришдан тўхтади. — Менинг бузуқиларга тоқатим йўқ, бормайман.

— Бормайсанми? — Малла бирдан орқасига ўгирилиб Йўлдошнинг ёқасидан олди. — Бор, кетавер! Сениям шерик қилиб юрибманми мен аҳмоқ!?. Бор, нега қараб турибсан?.. Лекин билиб қўй, катта йўлга чиқиб ҳам улгурмайсан. Қўлга олишади…

Йўлдош ўйланиб қолди…

Бир жиҳатдан Малланинг гапида жон бордек туюларди. Қочди-қочди, энди ортга йўл йўқ. Порахўр деб қамашган бўлса, қўлга тушди дегунча бўйнига ундан-да баттарроқ айбни илиб қўйишади. Унда Худо билади турмадан қачон чиқади-ю, қачон оиласининг бағрига қайтади…

— Майли, борганим бўлсин. — деди бош эгиб ниҳоят. — Ҳозир қаергаям бораман… Кетдик, бошла!..

— Мана бу бошқа гап…

Малла қишлоққа кириб келишгунча жим юриб борди. Фақат кўримсизгина, дарвозаси қинғир-қийшиқ тахталардан қурилган уй рўпарасига етганларидагина Йўлдошга юзланди.

— Мана, кошонага етиб келдик! Юр, бардам бўл!..

 

* * *

 

Йўлдош ҳовлига киришлари ҳамоно ижирғанишга тушди. Чунки ҳовлининг ўзидан бу аёл қанақалиги кўриниб турарди.

— Падарига лаънат! — ичида сўкинди у хонага кираверишда сочилиб ётган эски латта-путта, бузуқи эркак-аёллар ишлатадиган турли матоҳларга нафрат аралаш тикилиб қараркан. — Қандай кунларга қолдим? Бир умр оиласига содиқ қолган одам энди шу суюқоёқлар билан бир хонада ухлайманми?..

— Э, юрсанг-чи, эркак! — Малла Йўлдошни туртиб ичкарига киритди.

— Вой, ака, келинглар! Хуш кепсизлар! — Йўлдош кўрдики, рўпарасида юзларини оппоқ рўмол билан бекитиб олган-у, фақат кўзлари очиқ қолган ўрта яшар бир аёл кулиб турибди.

“Кўриниши чаккимас. — кўнглидан ўтказди у аёлга бошдан-оёқ разм соларкан. — Дўмбоққина экан. Бунақалар манаман деган эркакниям эритиб юборишга қодир… Йўқ, нималар деяпман ўзим? Шайтонга ҳай беришим лозим. Уёқда… Хотиним менга кўзлари тўрт бўлиб ўтирган бўлса-ю, мен суюқоёқларминан айш қилиб юрсам… Қизиқ, нега юзларини рўмол билан тўсиб олдийкин?.. Янада сирлироқ кўринай деганмикан?.. Ўлиб кетмайдими?..”

— Қани, муллака, ичкарига марҳамат! — Йўлдошнинг хаёлини бўлиб юборди аёл. — Чарчагансизлар. Ҳозир сизларга ўз қўлларимминан ош сузиб чиқаман…

— Оҳ, — Малла аёлга яқин келиб орқасига бир-икки шапатилаб қўйди. — Ҳақиқий Оқиласан-да! Исминг жисмингга монанд… Бугун… Манави акангни бир маза қилдирасан-да!.. Хўш, нима дединг?.. Буям ўзимиздан. Оғзингга сиққанини беради…

— Вой, қаттиқ урманг-да! — ҳиринглаб кулди Оқила. — Баданим чарммиди сизга?.. Қочи-инг!.. Малалака, қочин-инг! Мен ош сузиб чиқай. Кейин гаплашаверамиз…

— Жононларинг кўринмайди? — Малла аёлни қўйиб юбориб ичкарига мўралади. — Ҳайдаб юбордингми ё?

— Вой, йў-ўқ, ўлибманми ҳайдаб? “Мижоз”га кетишган. Ҳализамон кеп қолишади…

Йўлдош кўрсатилган жойга ўтириб бошини чангаллади. Одамнинг кўзи очиқ бўлгандан кейин кўравераркан-да!.. Девор остига тахлаб қўйилган эски-туски кўрпачалар, шундоқ стол устида қалашиб ётган ювиқсиз идиш-товоқлар ғашига тегар, аммо… На илож? Нима бўлганда ҳам ҳозир у қувғинда. Чидашдан бўлак имкони йўқ…

— Зўр эканми? — бехосдан уни туртиб қўйди Малла тиржайиб. — Агар буниси ёқмаса, ҳали ёшгиналари келади. Истаганингни танлаб олаверасан.

— Сен жинни бўлганмисан? — Маллани жеркиб берди Йўлдош. — Умримда бунақанги иш қилмаганман….

— Қўйсанг-чи, нима, фариштамидинг? Сенам ҳамма қатори эркаксан. Қара, шундай кетворган, лўмбиллаган аёл атрофингда парвона бўлса-ю, сен ноз қилиб ўтирсанг… Вей, булар-чи, нафақат уйини, керак бўлса, жониниям беради бизга. Ҳа, бардам бўл!..

— Сен хоҳлаганингни қилишинг мумкин. — деди Йўлдош. — Аммо мени зўрлама. Барибир фойдаси йўқ. Қоринни тўйдирсам, тўйиб ухласам бас. Шунинг ўзи етади.

— Бекорларнинг бештасини айтибсан. Кемага тушганнинг жони бир. Сенга бекордан-бекорга жой, овқат бераётгани йўқ бу аёл. Эвазига унинг ҳожатини чиқаришинг лозим… Бечора эркакка ўч. Сира тўймайди.

— Бор-э, ўзингам жа бузилиб кетганлар хилидан экансан…

— Яхши ўтирибсизларми? — Оқила товоқда буғи чиқиб турган ошни келтириб столга қўйди ва ювиқсиз идишларни бир четга суриш асносида ўзига ҳирс билан тикилиб турган Маллага билинар-билинмас кўз қисиб қўйди. Бу шу кеча «маишат» катта бўлишидан бир дарак эди.

 

* * *

 

— Ошна, бўшашма! — Малла тўрга ўтиб олганча тиззасига Оқилани ўтқазиб нуқул Йўлдошга тегажоғлик қилар, пиёладаги ароқнинг ярмини ўзи ичиб, ярмини аёлга тутарди. — Ароқдан ичсанг-чи, намунча қовоғингдан қор ёғмаса? Ич!

— Ичяпман-ку, — жеркиб берди уни Йўлдош. — Нима, ёш боламидим? Керагини ичаман, кераксизини…

— Оқила, бор, акангнинг ҳам кўнглини ол! — тўсатдан аёлни ўрнидан турғазиб Йўлдош томонга итарди Малла. — Қара, кайфияти йўқ. Чунки, биз жуда чарчаганмиз.

Аёл ўрдак юриш қилиб бориб меҳмоннинг тиззасига чўкмоқчи бўлди. Аммо Йўлдош шу ондаёқ уни нари суриб ўрнидан туриб кетди.

— Вей, Малла, — деди зарда билан. — Устимдан кулмагин дедим-ку сенга! Айш қилгинг келяптими, ўзинг қилавер! Менга халал берма!

— Вой-бў, — заҳархандалик билан кулиб қўйди Малла. — Ноз қиляптиларми? Ё… Анави жойлари сал анақароқми-а? Ха-ха-ха-ха!..

— Нима дединг? Вой ифлос-эй, сени одам деб юрсам… Исботлаб берайми анақамаслигини?.. Ҳозир ўзингни…

— Қўлингни торт! — елкасидан тутиб турғазмоқчи бўлган Йўлдошни итариб юборди Малла. — Индамаган сари ҳаддингдан ошаверма!..

— Қўйинглар, жанжаллашманглар! — орага суқилди Оқила. — Маллака, майли, меҳмонингизнинг кайфиятлари йўқ шекилли. Нариги хонага жой тўшаб бераман. Дам ола қолсинлар!

— Менга жой керак эмас. — деди Йўлдош йўлакка чиқиб апил-тапил ботинкасини кияркан. — Кетаман. Бу ярамас билан шерик бўлгандан кўра…

— Кетаман дейсанми? — янада қаттиқроқ кулди Малла. — Огоҳлантириб қўяй, қўлга тушсанг, мени сотиб юрма!

— Мен сенга ўхшаган майда одаммасман. Сотибмиш…

— Бекор қиляпсан кетиб. Шундай маишатхонани ташлаб-а?.. Эҳ, яхшилик ёқмайдиган одам экансан ўзинг ҳам.

— Маишатинг ўзингга сийлов. Яхши қол!..

— Бўпти, омадингни берсин!.. Лекин барибир бекор қиляпсан. Мана мени айтди дерсан, икки чақирим ҳам юрмай қўлга тушасан.

— Бу менинг ишим, яхши қол!

Йўлдош елкасига костюмини ташлади-да, ташқарига чопди. Ортидан эса, ичкари эшикнинг тарақлаб ёпилгани эшитилди…

 

* * *

 

Ярим тун. Икки ёни далалардан иборат йўл кимсасиз эди. Бу йўлдан чамаси кечалари ўткинчиларнинг ҳам оёғи узилса керакки, мана, тахминан ўн дақиқача йўл босибди ҳамки, биронта чироққа кўзи тушмади…

— Кечир мени, Мавжуда, — хаёлан қизчаси Мавлуданинг қиқирлаб кулишларини, вафодор хотинининг майин жилмайиб туришларини кўз олдига келтираркан, шивирларди Йўлдош. — Қисмат мени шунақанги бузуқ аёллар тўдаси ичига ҳам киритиб қўйди. Лекин сенга хиёнат қилмадим. Бундан ўлганим афзал. Майли, қўлга тушсам, тушарман, яна беш-олти йил қўшиб ҳам беришар. Барибир сенга содиқ қоламан. Чунки сен шунга арзийсан. Ажойиб, меҳрибон, садоқатли аёлсан… Мендан хавотир олма, соппа-соғман. Жин урармиди мени. Ҳозир кимсасиз, нотаниш кўчаларда бир ўзим ёлғиз дайдиб, мелисалар кўзидан қочиб юрибман. Билмадим, қанча вақт шу тахлит дайдийман. Бир нарсани аниқ биламанки, мен ҳеч қачон пора олмаганман. Бу душманларимнинг иши, ҳа! Ўша пиёнистадан пул олиш тугул, башарасига қарашга ор қилардим. Туришини бир кўрсайдинг. Оғзидан сўлаги оқиб, эгнидаги исқирт кийимларга қараган одамнинг кўнгли айнийди. Шунақанги одамсифат маҳлуқлардан қай виждон билан пора сўрайман, ахир!?. Йўқ, адолат тантана қилади бир кун. Бунга ишонаман. Ўшанда бизнинг кўчада ҳам албатта байрам бўлади… Биз ҳам ўша душманларимизнинг кўз ўнгида керагича хурсандчилик қиламиз. Қизчамизни елкамизга миндирамиз-у, эгнимизга энг яхши, чиройли кийимларимизни кийиб ўша кўчаларда сайр қилиб юрамиз. Аламидан куйиб ўлишади бизни кўролмайдиганлар… Айтганча, мана кўрасан, эсон-омон турмасидан қутулиб уйга қайтсам, ҳаётда мелисалик қилмайман. Яхшиси, мактабда дарс бери-иб, тинчгина сизларнинг бағрингизда яшайман…

Йўлдош қанча юрса-да, далаларнинг охири кўринмасди. Онда-сонда кўриниб қоладиган дарахтларни айтмаса, бу ерлар яйдоқ чўлни ҳам эслатиб юборади.

Шу пайт узоқдан машина чироқлари кўринди.

— Оббо, ниҳоят машинани кўрадиган кун ҳам бўлади шекилли. — ўзига-ўзи гапириб бораверди Йўлдош. — Тўхтатиб кўрсаммикан?.. Балки, ўткинчидир. Олисроқ ерларга кетиб ўзимга қулай жой топардим. Йўқ, худо кўрсатмасин, мелисалар бўлишса, тамом бўламан. Шу заҳоти оборадиган ерига обориб қўйишади. Яхшиси, яшириниб тура қолганим маъқул. Таваккал қилишга ҳали эрта. Ярамас, Малла, қаёқдаги қанжиқни деб мендан ажралиб қолди. Ҳа, майли, ҳали кўрамиз, ким олдин қўлга тушаркин…

Йўлдош шундоқ йўл четидаги чинор дарахти панасига ўтди-да, машинанинг ўтиб кетишини кута бошлади. Аксига олгандек, машина рўпарасига етганда, бирдан тўхтади.

“Уф-ф, шуниси етмай турувди. — кўнглидан ўтказди Йўлдош. — Кўринишидан мелиса машинасига ўхшамайди. Ҳа, «Нексия»!.. Демак, йўловчилар. Секин чиқаверсаммикан?..”

Чиқишга ҳожат қолмади. Машинадан тўрт бирдай барзанги тушиб тўри у томон кела бошлашди.

— Ие, нега булар мен томонга келишяпти. Қўлларида…

Йўлдош аниқ кўрди. Барчасининг қўлларига йўғон занжирлар ўралган. — Безорилар шекилли булар… Хўш, нияти нима ўзи?..

— Манавини қаранглар, — барзангилардан бири Йўлдошга яқин келиб қоронғида унинг иягидан тутди. — Буям аниқ аёл илинжида келган. Оқиланинг кетидан келган бўлмасин яна?!..

Орқароқда турган барзанги қўлидаги занжирни айлантира-айлантира Йўлдошга яқинлашди.

— Кимсан? Бизнинг қишлоқда нима қилиб юрибсан?

— Сенинг нима ишинг бор? — Йўлдош ҳам бўш келмай, бир зарб билан иягига ёпишган сурпадай қўлларни олиб ташлади.

— Ў, зўрга ўхшайди-ку бу! — барзангилар бараварига кулиб юборишди. — Айт, Оқилани танийсанми?

— Йўқ, танимайман.

— Опқочма! — орқароқда келгани Йўлдошнинг елкасига қўлини қўйди. — Бизга ҳозиргина етказишди. Сен севгилим Оқилани зўрламоқчи бўпсан.

— Нима? Оғзингга қараб гапир! Мен сен ўйлаган одам эмасман.

— Шунақами? Қани, йигитлар, шу гапи учун бир адабини бериб қўймаймизми?

— Албатта, — шеригининг гапини маъқуллади бошқаси. — Бунақаларнинг эсини киритиб қўймаса, ҳаддиларидан ошиб кетишади. Бу қишлоқни бузуқилар макони деб ўйлашади шекилли-да! Мана сенга!..

Йўлдош ҳам анойи эмас. Нозирлик пайтида деярли кунора бўлимдаги спортзалга бориб озми-кўпми жисмонан машқ қилиб турарди. Шу ҳозир иш бериб қолди. Чотига йўналтирилган оёқни тиззаси билан қайтариб қолди.

— Қаранглар, бу зўрга ўхшайди! — тепмоққа шайланган йигит ҳиринглаб кулиб шерикларига ишора қилди. — Ҳозир сенинг адабингни бериб қўямиз!..

Кўпчилик кўпчилик экан. Йўлдош қанча қаршилик кўрсатмасин, эплолмади. Барзангиларнинг тўрт кишилиги етмагандай, қўлларидаги занжирлар ишга тушганда, ожизлиги билиниб қолди…

Улар ерга чалқанча йиқилгандан сўнг қанча калтаклашди, эсида йўқ. Фақат баданлари қонга беланганини, бутун танаси, суяклари зирқираб оғриётганини билади. Кейин… Машина ўрнидан қўзғалгани ҳам ёдида қолди…

Кўзларини очганда, ҳийла тонг ёриша бошлаган экан. Инқиллаганча ўрнидан туриб кийимларини текшириб кўрди. Ҳарқалай йиртилмабди. Қонга бўялибди холос…

— Ифлослар, — сўкинди Йўлдош тупроққа қон қўлларини ишқалаб артиб. — Аниқ Малла сотган. Ўшандан бошқаси Оқиланинг уйида бўлганимни билмайди… Ҳа майли, буям бир синов бўлди. Ҳали кўрсатиб қўяман сенга!.. Бир амаллаб шу исқирт жойлардан кетиб олай…

Қоронғида пайқамаган эканми, мундоқ разм солса, серқатнов йўлга деярли яқин келиб қолибди. Шундан кейингина Йўлдош енгил нафас олиб яқин орадан анҳор излай бошлади…

Ана, кечаги ўзлари яширинган зовур. Худога шукр, труба ичига… Э, йў-ўқ, яна илонларга рўбарў бўлгиси йўқ… Тўхта, ҳов анави ерда турма машинаси ағанаганди. Қани? Э-ҳа, қўйиб қўйишармиди. Опкетишади-да!.. Қани, зовурга ҳеч ким йўқлигида тушиб қонларини ювиб олсин-чи! Кейин бир гап бўлар…

Оғриққа сал иродасиз одам бўлса, чидолмасдан ётиб қолиши мумкин эди. Лекин Йўлдош тишни тишга босди. Инқиллаб-синқиллаб бўлса-да, зовурга энгашиб кийимларидаги қонларни кетказди. Сўнгра тўйиб зовур сувидан ичди-да, шоша-пиша катта йўл томон ошиқди…

 

* * *

 

Йўлдош чамаси ўн дақиқалар йўл четида машина ўтишини кутиб туриб қолди. Юраги барибир ғаш эди. Тиқ этган товушдан ҳам хавсирар, кўзлари жовдираган кўйи чор атрофга ўғринча боқарди.

Ниҳоят узоқдан «Камаз» кўринди. Йўлдош ҳар эҳтимолга қарши дарахт панасига ўтиб машинани яхшилаб кузатган бўлди. Йўқ, узоққа қатнайдиган оддий машина. Ундан мелиса ҳиди келмаяпти.

Шартта йўл ўртасига чиқди-да, иккала қўлини силкита бошлади. Машина ундан ўн метрча ўтиб таққа тўхтади.

— Оғайни, мени опкетолмайсизми? — сўради у мўйловдор, кўринишидан ўзи тенги ҳайдовчига яқин бориб.

— Қаерга борасиз ўзи? — сўради ҳайдовчи унинг ғижимланган кийимларига, патаклашиб кетган сочларига ҳайрат аралаш тикилиб.

— Узоқроқ… Ишқилиб, дала жойлар бўлса бас.

— Бу ерлик эмасмисиз дейман?

— Ҳ-ҳа… Мусофирман. Йўлдан адашдим.

— Ўтиринг!..

Йўлдош шошиб кабинага чиқиб олди.

— Мусофирман денг? — ҳайдовчи зерикиб келаётган эканми, дарҳол уни суҳбатга тортди. — Қаерликсиз ўзи?

— Менми?.. Қ-қирғизистонлик…

— Шунақами?.. Оббо сиз-эй!.. Дала жойларда нима иш қилмоқчисиз?

— Тирикчилигим ўтиб қолар.

— Унда сизни Қозоғистоннинг яйдоқ жойларига ташлаб кетаман. Лекин эҳтиёт бўласиз. У ерларда бўри кўп дейишади.

— Бўридан қўрқадиган аҳмоқ йўқ. — деди Йўлдош кулимсираб. — Ўрганиб кетганман.

— Шундай дейсиз-у, аммо барибир хавфли…

Ҳайдовчи чап қўлини ўриндиқ остига тиқиб тўппонча чиқарди-да, Йўлдошга узатди.

— Манавини олволинг!

— Ие, қ-қурол?.. Э, йў-ўқ…

— Олавермайсизми?.. Бу бизга деҳқончиликдай гап. Нима бўлгандаям мусулмонсиз. Шундай оғир пайтларда бир-биримизга кўмак бермасак қанақа бўлади? Олинг!.. Қўрқманг, сиз қоладиган ерларда деярли қишлоқ йўқ. Қўлга тушмайсиз… Омадингизни берсин!

Йўлдош аввалига тўппончани олишга ҳайиқди. Билиб бўладими, ахир!?. Бу одамни танимаса. Худо кўрсатмасин, мелисалар атайин ёллаган бўлса-ю, турмадан қочгани етмай, қурол олиб юришдаям айблаб юборишса…

Фақат ҳайдовчининг сўнгги гапидан кейингина хотиржам тортиб қуролни қўлига олди.

— Ишқилиб, айтганингиз рост бўлсин-да! — тўппончани эҳтиёткорлик билан чўнтагига соларкан, ҳайдовчига маъноли боқди Йўлдош.

— Қўрқманг! — кулиб юборди ҳайдовчи. — Бу йўллардан кунига бунақанги қуролларни тонналаб олиб ўтишади. Сиздаги битта тўппонча нима бўпти…

Улар то манзилга етгунча уёқ-буёқдан гаплашиб кетишди. Йўлдош барибир ҳақиқий исмини, қаердан эканини айтмади. Ҳаммасини атайин тўқиб суҳбатдошини ишонтирди…

— Мана шу ерларда тушиб қолсангиз ҳам бўлади. — деди ҳайдовчи унга туркман саҳроларини эслатувчи кимсасиз кенгликка етганларида. — Адашмасам, қишлоққа етиб олиш учун нақ юз километрлар юриш керак бўлади. Шундай экан, қўрқмасдан шу ерларнинг ўзини макон тутиб яшайверсангиз бўлади. Бўриларга эҳтиёт бўлсангиз бас…

— Раҳмат сизга! — деди Йўлдош машинадан тушаётиб. — Ҳожатимни чиқардингиз. Бир умр эслаб юраман…

— Ҳали кўп эслайсиз, оғайни! — хандон отиб кулди ҳайдовчи. — Шундай кунлар келадики, соатига бир неча марталаб эслайсиз…

 

* * *

 

Машина жўнаб кетгач, Йўлдош узоқ вақт бир жойда муаллақ туриб қолди. Ҳақиқатан бу маскан кимсасиз, яқин атрофда тирик жон кўринмас, фақат аҳён-аҳёнда ўтиб қоладиган катта юк машиналарининг овозигина саҳрога жон бағишлагандек бўларди.

“Ана, энди хавфдан сал узоқлашдим шекилли. — ўйлади у. — Буёғига бемалол, қўрқмасдан яшайверсам ҳам бўлар. Фақат… Қорин қурғурни қандай тўйғазаман?..”

Йўлдош чўнтагидаги тўппончани қўлига олиб ўқланган-ўқланмаганини текшириб кўрди.

Эҳ-ҳа, патрон тўла-ку!.. Ҳозир ҳайдовчи айтган ўша бўрими, ё бирор ҳайвон учраб қолганда-ку, отиб кабоб қиларди…

“Айтганча, бу одам нега ўзидан-ўзи менга тўппонча бериб кетди. Танимаса, умрида биринчи марта кўриб турган одамга қурол тутқазиб… Ишқилиб, буям бир балони бошламаган бўлсайди!..”

Шундай хаёллар билан Йўлдош саҳронинг анча ерини пиёда юриб қўйди. Ҳеч зоғ йўқ. Аксига олгандек, қушлар ҳам учиб ўтай демайди…

Тўхта, ҳов анави дўнглик нимайкин? Ғорга ўхшаб кетаркан. Ўша ерга бориб кўрсамикан?

У қадамини тезлатиб кўз очиб юмгунча дўнгликка етиб олди. Олд томони очиқ.

Йўлдош эҳтиёткорлик билан энгашиб пастни кузатган бўлди. Чуқурнинг охири кўринмасди…

— Э, йўқ, — деди ўзини орқага ташлаб. — Бу чуқурга аҳмоқ ҳам тушмаса керак. Яхшиси, мана шу дўнгликни ўзимга пана қиламан. Шунинг ортида ухласа ҳам бўладиганга ўхшайди. Қани, бирпас кутай-чи, ҳеч қурса, бирор адашган қуш учиб ўтиб қолар… Ие, тўхта, анави машина нега тўхтади?..

Ҳақиқатан, қандайдир «Камаз» келиб Йўлдош ўтирган дўнгликнинг тўғрисида тўхтаганди.

У дарров ўзини панага олди-да, кузата бошлади.

Ҳа, ана, машинадан уч киши тушди. Қизиқ, ҳаммаси ниқобли. Ҳа-а, демак, булар ҳам бандитлар. Анави ҳайдовчи бекорга қўлимга қурол тутқазмаганга ўхшайди. Лекин нимага?.. Мақсади нима? Мени танимаса. Ё қўлимдаги сумкани кўриб пули кўп деб ўйлаганмикан?.. Вой, ярамаслар-эй, тағин автомат кўтариб олишибди. Яхши, кўрамиз, автоматинг қандай иш бераркин?!.

Бундан ҳолатларда ўйлаб ўтиришга фурсат етмайди. Пешонага ёзилгани шу экан деб катта тезликда ҳаракат қилиб қолсагина, одам боласи хавфдан, керак бўлганда, ўлимдан қутулиб қолиши мумкин. Йўқса…

Йўлдош таваккал тўппончани жанговар ҳолатга келтирди ва ўзи томон яқинлашиб келаётган кимсаларнинг олдиндагисини нишонга олди.

— Мана бугун қанчалик мерган эканимни яна бир карра синаб кўраман. Ютсам, марра меники, ютқазсам, унда тақдирга тан бераман. Асосийси, барибир турмага қайтиб бормайман. Осонгина ўлим топаман-қўяман… Фақат… Мавжудам, Мавлудамнинг ёлғиз қолишлари ёмон-да! Нимаям қилардим? Пешонада борини кўраверамиз-да!..

— Ҳой, эркак, — шу тобда ниқоблилар таққа тўхташди-ю, олдиндагиси Йўлдошга қичқира бошлади.

— Агар жонингдан умидинг бўлса, таслим бўл! Сени тутиб борганларга ўн минг кўкида ваъда қилишибди!.. Аҳмоқлик қилма! Барибир бизнинг қўлимиздасан! Тезроқ бўл, кутишга вақт йўқ!..

Йўлдош бу гапни эшитиб беихтиёр кулиб юборди. Қара-я, ўн минг кўки!.. Демак, бояги ҳайдовчи хитланган. Ўша юборган буларниям. Оббо хунасалар-эй!.. Қани, қўлга тушириб кўр-чи!..

— Қўлга тушириб кўр-чи зўр бўлсанг! — ниқоблига жавобан қичқирди Йўлдош. — Фақат эҳтиёт бўл, тағин бекорга ўлиб кетмагин!..

Йўлдош тўппончани таваккал олдиндагига тўғрилаб тепкини босди. Хайрият!.. Ҳалиги ниқобли худди ток урган каби орқага сакраб кетди-да, ерга қулаб типирчилай бошлади. Қолганлари эса, жонҳолатда ерга ётиб автоматларини ўқлашга тушди. Аммо улгуришмади. Йўлдошнинг кейинги ўқлари улар томон тўғриланганди.

— Қойил, — телбаларча қичқирарди Йўлдош чала ўликка айланган уч эркакни тимирскилаб чўнтакларидаги пулларни, қўлларидаги автоматларни оларкан. — Мен ютдим. Ҳой, ифлослар, мени ким деб ўйловдиларинг? Бекорга шунча йил мелисада хизмат қилмадим. Сенларга бас кела олмасам, калламни олиб ташлайман. Яхши қол ҳамманг! Қўрқма, ўлмайсан, бор-йўғи оёғингга тегибди ўқ! Оғриқ кетса, тузаласан. Алвидо!

У югурганча машина ёнига келди. Йўқ, ҳозир ўйлаб, бош қотириб ўтиришга вақт қаёқда?!. Таваккал мана шу йўлдан олдинга босавериш керак. Қолганига Худо пошшо. Омади келган бўлса, бошқа давлатга ўтиб кетар. Бўлмаса… Э, бир гап бўлар…

Йўлдош кабинага чиқишдан аввал машина бортини кўздан кечирди…

Қуп-қуруққа ўхшади. Ичкари қоронғи бўлгани сабаб, бир сакраб юқорига чиқди. Афсуски… шу тобда қаердан пайдо бўлди, билмайди. Томоғига кимдир автомат тиради.

— Хўш, йигит, қўлга тушдингми эндиям!?

Йўлдош эҳтиёткорлик билан қурол эгасига боқди. Қаршисида ёши олтмишларга борган, бироқ барваста, серсоқол қозоқ турарди.

— Мендан нима истайсиз, бобой? — сўради у сир бой бермай. — Пулми? Менда пул нима қилсин?

— Йў-ўқ, акаси, — деди қария. — Сенинг турмадан қочганингни аллақачон эшитганмиз. Ҳозир сени тутиб мелисаларнинг қўлига топширсам, ўн минг кўкида оламан. Биласан-ку, бу катта пул. Қайси аҳмоқ шундай катта ўлжани қўлдан чиқариб юборарди. Лекин… Сени қўйиб юборишим ҳам мумкин…

— Айтинг, нима қилсам, мени қўйиб юборасиз?

— Буни ўтовга боргандан кейин айтаман. Мабодо келишиб қолсак, сенгаям, менгаям яхши бўлади. Кўнмасанг, унда мендан хафа бўлма, акаси!.. Қара, йигитларимни яралаб мени бироз хафа қилдинг! Ҳозир тушасан-да, уларни авайлаб машинага ортасан. Кейин тўппа-тўғри бизнинг ўтовга борамиз. Қолган гапларни ўша ерда гаплашиб оламиз. Қани, бўл тез!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кутиб қоламиз!

https://t.me/olimjonhayit

 

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here