Юрагингиз оғрияптими? Ўзингизни мажбурлаб йўталинг..

0

Ҳозирда тараққиёт, ахборот оқимининг жадаллашиши билан бир вақтда ҳаёт ҳам тезлашиб кетмоқда. Кундалик руҳий зўриқишлар, стресслар билан тўлиб-тошган турмушда юрак фаолияти турли синовларга дуч келаётир. Бугун нафақат кексалар ва беморлар, ҳатто турмуш чорраҳаларида омадсизликка учраган ёш-яланглар ҳам беихтиёр юрагини чангаллаб қолганига гувоҳ бўляпмиз. Ушбу хулосалардан нима бўлганда ҳам, ҳар қандай вазиятга тушганда ҳам танамиз «мотори»ни эҳтиётлашимиз зарурлигини англаб етамиз. Чунки юрак шундоқ ҳам танамиздаги қонни аъзо ва тўқималарга ҳайдаб, тўхтовсиз ишлайди. Бошқа аъзолар кундузи ишлаб, кечаси дам олади. Аммо юрак тунда ҳам тинимсиз ишлашга мажбур.

Юракнинг катталиги ҳар бир одамнинг ўз муштидек келади. У бир дақиқада 60-80 марта, йилига 40 миллион мартагача қисқаради. Бир дақиқада 5 литр, бир соатда эса 300 литр, бир кеча-кундуз давомида 7-10 тоннагача қонни ҳайдайди. Нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик, ҳар нарсага сиқилавериш, зарарли одатлар оқибатида биз юрагимизни янада қийнаб қўйишимиз мумкин. Яъни носоғлом турмуш тарзи туфайли томирларда ёғли тиқилмалар ҳосил бўлади. Улар қоннинг томирлар бўйлаб оқишини қийинлаштиради. Бунда қон йўли тўсилиб, миокард инфаркти юзага келади.

Инфаркт хуруж қилганда баъзан касаллик белгилари сезилмайди. Баъзида эса куйганга ўхшаш оғриқ чап қўлдан чап елкага ва кўкрак соҳасига ўтади ҳамда одамни совуқ тер босади. Беморни беҳоллик, бош айланиши, нафас қисиши безовта қилади. Бу ҳолатда киши «Қон босимим бир оз кўтарилгандир», деб тахмин қилиб, шифокорга вақтида кўринмайди.

Эслатма: Бундай пайтда қўл остингизда доимо юрак фаолиятини меъёрлаштирувчи валидол, нитроглицерин, валериана тиндирмаси каби дорилар бўлиши керак. Шифокордан тез-тез маслаҳат олиб туринг. Асабларни таранглаштирувчи ҳар қандай вазиятлардан ўзингизни эҳтиёт қилинг. Овқатланишда енгил ҳазм бўладиган, димлаб пиширилган таомлар ейишга одатланинг. Негаки ёғли, қовурилган овқат юракни зўриқтиради. Ҳафтада 3-4 марта суюқ овқат ичинг, вақти-вақти билан балиқли таомлар тановул қилиш, массаж олиб туриш фойдали.

Шифокор қонни суюлтирувчи дорилар тавсия қилса, уларни ўз вақтида ичинг ёки табиий аспирин ўрнини босувчи мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Масалан, бодринг, помидор, булғор қалампири, узум, қатиқ каби маҳсулотларда салицил кислотаси кўп миқдорда мавжуд.

Юрак ишини қийинлаштирувчи хасталиклар талайгина. Уларнинг кечиши ҳам турлича бўлади. Баъзи бири ревматизм, миокардит каби касалликларнинг юзага келишига сабаб бўлса, бошқалари юракка борадиган йирик қон томирларни зарарлаб, атеросклероз, флебит, яна бири хафақон ривожланишига замин яратади.

Миокардит — юрак мушагининг яллиғланиши. Бу касалликда, асосан, ҳолсизланиш, чарчоқ, нафас қисиши, юрак тез уриши, иситма кўтарилиши каби ҳолатлар кузатилади. Миокардит инфекция баъзи касалликларга таъсирчанлик ёки ревматизм оқибатида юзага келиши мумкин. Айнан шунинг учун ангина, тиш кариеси кабиларни вақтида даволатиш жуда муҳим.

Эслатма: бу касаллик витаминлар ҳамда антибиотиклар ёрдамида даволанади. Бемор 1 ош қошиқ асални ярим пиёла творог билан аралаштириб, кунига 2-3 маҳал 1 чой қошиқдан оч қоринга қабул қилса, фойдаси яхши бўлади.

Асални иссиқ чой ёки сутга қўшиб ичиш тавсия этилмайди. Чунки бунда юрак зўриқиши кучаяди. Ҳар куни нонуштага 1-2 дона ёнғоқ, бир сиқим қора майиз ва 1-2 бўлак пишлоқ ейиш зарур. Бу маҳсулотлар юрак мушагини кучайтиради. Чой ўрнига наъматак, дўлана дамламаси ичиш даволанишда яхши самара беради.

Тахикардия — юрак қисқаришининг тезлашиши. Бу ҳолат кўпинча жисмоний ва руҳий зўриқиш, кўп овқат истеъмол қилиш, кескин ҳаракат қилганда рўй бериши мумкин. Бунда баъзан ҳарорат ҳам кўтарилади. Тахикардияга буқоқ, камқонлик, асаб бузилиши каби ёндош касалликлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу каби юрак қисқаришлари маромининг бузилиши юрак мушакларида модда алмашинуви ва қон айланиши издан чиқишига олиб келиши эҳтимоли бор.

Эслатма: бундай муаммонинг олдини олиш учун кўпроқ жисмоний ҳаракат қилинг. Негаки камҳаракатлилик давомида қон томирлар янада тораяди. Шунингдек, пиёда юришга одатланинг. Оғир жисмоний ишлар юракни зўриқтириши мумкин. Ёғли, сергўшт таомлар ўрнига кўпроқ сабзавотли, кўкатли овқат ва салатлар истеъмол қилинг. Уйқу олдидан ялпиз, дўлана барги солиб дамланган чой ичинг.

Брадикардия — юракнинг секин уриши. Бунда юрак бир дақиқада 60 ёки ундан ҳам кам уради. Бу ҳолат айрим соғлом кишиларда ҳам учраб туради. Унинг сабаби, оч юриш, буйраклар зарарланиши, гепатит ва бошқа юқумли касалликлар бўлиши мумкин. Юрак секин уриши юрак мушаклари яллиғланганда ҳам кузатилади. Бу нуқсонни даволашда, аввало, сабабчи касалликларни бартараф этиш лозим.

Бундан ташқари, аҳоли орасида тебранувчи аритмия, юрак бўлмачаларининг титраши каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Тебранувчи аритмияда юрак бўлмаси бутунлай қисқармай, фақат унинг айрим толалари қисқаради. Юрак қоринчалари тартибсиз ҳолатда бўлади. Бу ҳолат юрак пороги, юрак ишемик касаллиги, буқоқ каби хасталиклар учун хос. Касаллик нафасга алоқадор бўлганда, яъни нафас олганда юрак уришининг тезлашиши кўпинча ўсмир ёшдаги болаларда кузатилади. Бу табиий жараён ҳисобланади.

Эслатма: ҳар куни эрталаб бажариладиган енгил бадантарбия ва меъёридаги жисмоний меҳнат умумий ҳолатни яхшилашга ёрдам беради. Лекин бемор ўзини зўриқтирмаслиги, шифокор тавсияларига амал қилиши лозим.

Кўкрак соҳасидаги оғриқ доим ҳам юрак билан боғлиқ бўлмайди, ўпка ва бошқа нафас аъзолари шамоллашида ҳам шундай нохушлик кузатилади. Бунда энг аввало, ички касалликлар шифокори кўригидан ўтиб, аниқ ташхис қўйдириш зарур.

Тавсия: юрак безовталигида валериана таблеткасини қабул қилинг. Шу билан бирга икки дона йирик шолғомни қирғичдан ўтказиб, шарбатини 1 чой қошиқ асал билан аралаштириб, овқатдан олдин кунига уч маҳал ичинг. Бу малҳам юрак ўйноғини бартараф қилади, унинг кучига-куч қўшади.

Юрак фаолиятини яхшилаш борасида дунёда кўплаб тадқиқотлар ўтказилган. Улардан бири польшалик шифокор Петеленсга тегишли. Унинг таъкидлашича, юрак оғриғида бемор ўзини мажбурлаб йўталиши керак. Бу маслаҳат, албатта, кўпчиликка ғалати туюлиши мумкин. Аммо шифокорнинг аниқлашича, йўталиш натижасида бош мия ва юракка етарли даражада қон етиб бориши таъминланади ҳамда бу беморни кучли юрак хуружидан сақлар экан.

Шу билан бирга юракда муаммо туғилгудек бўлса, сочиқни совуқ сувда ҳўллаб бошнинг пешона, чакка соҳаларини аста-секинлик билан артиш керак. Қалтис ҳаракат қилмасдан, тил остига доим ичиб юриладиган дорини ташлаб, чуқур нафас олишга ҳаракат қилиш лозим. Бу ёрдам бермаса, ортиқча ҳаяжонланмасдан яқинларингизни огоҳлантиринг.

Юрак билан боғлиқ муаммо бўлганда бирон нохушлик безовта қилмаса ҳам даволовчи шифокор кўригидан мунтазам ўтиб туриш зарур.

Юрак саломатлиги биринчи ўринда биз истеъмол қилаётган овқатга боғлиқ. Тўғри овқатланган кишида, биринчи навбатда, қондаги холестерин миқдори паст бўлади, тартибли оватланиш қон босимини ҳам меъёрлаштиради. Даволанишда, энг аввало, юрак-қон томир фаолияти ва асаб тизимига қўзғатувчи таъсир кўрсатадиган спиртли ичимликлар, қаҳва, аччиқ чой, қуюқ ёғли қайнатмалар, дудланган, қовурилган таомлардан воз кечиш зарур. Қўй гўшти, колбаса, сосиска, қази, жигар, ўпка кабилар ўрнига ёғсиз мол гўшти, қиздирилмаган сариёғ, товуқ гўшти, сутли маҳсулотлар, қатиқ, зардоб кабиларни истеъмол қилиш фойдали.

Эксперт кардиолог
Аминбой АБДУЛЛАЕВ
тавсиялари асосида ГУЛШАН тайёрлади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here