Ҳикоя: Бир аёл дарди

0

Кузнинг илк кунлари. Зарифа ўғиллари ва қизига қараб, бир дам хаёлга толди.

«Вақт аёвсиз югуради, бирпасда катта бўлиб қолишди. Ўғилларим худди раҳматли отасига ўхшайди. Ўзларини тутиши ҳам, гапириши ҳам. Айниқса, Сардор отасининг қуйиб қўйгандек ўзгинаси. Илоҳим, умри ўхшамасин!»

— Ойи, энди катта бола бўлиб қолдим, мактаб учун овқат пулини кўпроқ берасиз, шундайми? — Сарварнинг кўзлари чақнади.

— Ойи, менга қўғирчоқ олиб беринг, — кенжатойининг чучук тилларидан сўзлар бийрон чиқаётганди, — ўзи юрадиганидан.

— Менга эса машина! — гапга қўшилди Суҳроб.

Зарифа лабини тишлади. Қўлида бор-йўғи рўзғор учун етадиган пул. У ҳам бўлса, энг асосий озиқ-овқатга аталган. Аёлнинг бўғзига тиқилган оғриқ, хўрлик кўзларига беихтиёр ёш қалқитди. Лекин у кўзидаги намни кўрсатишдан қочиб, дарҳол «Қани, болалар, ҳаммамиз кийинамиз, кечикяпмиз», деб ҳолатига мутлоқ зид равишда қийқириб кулди.

— Пул берасиз-а, ойи? — табиатан инжиқроқ Сарварнинг юзи ўзгарган, қовоқлари уюла бошлаганди.

— Бўлди, ойимни қийнайвермасанг-чи, қара, ойим сени деб йиғлаяпти!

Зарифа шу тоб катта ўғли Сардорни эри Музаффарга жуда ўхшатиб юборди.

— Ойим менга ваъда берган…

— Пулимиз кам, мен ўзимнинг пулимни сенга бераман, — Сардор чўнтагидан майда пулларни чиқарди. — Менинг қорним очмайди, мана, олавер. Лекин ойимни қийнама!

— Керакмас сизнинг пулингиз! Ҳамма ўртоқларимга дадаси «Катта бўлиб қолдинг», деб кўп пул беряпти, — йиғлашга тушди Сарвар. — Менинг дадам йўқ-да, тўғрими, шунга ҳеч ким мени ўйламайдими?!

— Ўғлим! — Зарифа ўғлининг гапларидан титраб кетди ва ерга тиз чўкиб, Сарварнинг кўз ёшларини артди. — Бу нима деганинг, болам, ахир сенинг ойинг бор-ку?! Сен учун ҳамма нарсага тайёр ойинг бор, болажоним, нега йиғлайсан?!

Зарифа рўзғор харажатлари учун аталган пулидан олиб ўғлига узатди:

— Ол буни. Мактабда истаган нарсангни егин, сен чиндан ҳам катта бола бўлиб қолибсан!

— Катта бўлганида қиз болага ўхшаб дод солармиди! — Сардор укасига ғазаб билан тикилди-да, у томонга одимлади. — Бир туширардиму ойим қўймайди-да.

Аёл ўғилларининг ҳолатига бир кулгиси келарди, бир уришгиси. Мийиғида жилмайган аёл кўз ёшларини артди-да, болаларни боғча ва мактабига кузатди. Қўлидаги бесўнақайгина сумкаси билан автобусга бир амаллаб чиқиб олганида ўзи тенги аёлнинг унга жой берганини кўриб, тағин дили ғаш тортди:

«Шунчалик ёши катта кўринаманми?»

Кўчаларни томоша қилаётгандай кўринса-да, Зарифа хаёлан ўтмиш йўлларига боқарди.

«Кўп эмас, ўн беш йил муқаддам гўзал, бир қарашда ўзига мафтун эта олишга арзийдиган ҳусни бор қиз эдим. Ҳар ҳолда, шундай дейишарди. Ҳозир-чи? Ҳеҳ, ўзим қатори аёл жой берганига қараганда… Ёки қўлимдаги сумкам туфайлимикин бу илтифот? Наҳот шу қадар ёши ўтган аёлга ўхшаб қолдим? Бу саволга жавоб бериш учун ақалли уйдан чиқаётганда ойнага қараш керак эди. Қачон ўзимга оро бердим, тузукроқ кийиндим, қачон яхши атирлар сепиб, юзимга ул-бул бўёқ теккиздим? Сочимни тараш кифоя, деб югургилаганча кўчага шошаётганимга ҳам беш йил бўлибди. Ҳа, умр йўлдошим вафот этганидан бери дунё менга зиндон! Ким учун ҳам ясан-тусан қилардим? Ўзинг учун дейсизми? Менда ўзлик қолибдими, фақат болалар бева аёлларни ҳаётда ушлаб турса керак. Йўқ, фақат беваларни эмас, касал, чарчаган, баридан тўйганларни ҳам. Улар мен учун эримдан қолган ёдгорларим, қалб гавҳарларим.

Афсус! Мени бутун оламдан қизғанган инсон бугун ёнимда эмас ва мен ўн йил эрининг хоҳишларига заррача қарши чиқмаган, итоаткор аёл бугун ҳар куни кўчадаман. Рўзғор юкини кўтараман, деб бозорга ҳам чиқдим, идиш ҳам ювдим. Иш кетига иш улаб, меҳнат қилишга мажолим етмайдию, лекин болаларимни ўйлайман…»

Зарифа автобус манзилга етганини сезмай қолишига бир баҳя қолди:

— Вой, шошманг, мен тушаман!..

— Э-э-э, айтмайсизми, хола, туша қолинг  тезроқ!

Зарифанинг пул узатган қўллари титради. Гўё автобус салонидаги одамларнинг бари унинг асл ёшидан хабардору, бу одамнинг «хола» деганини масхаралашдай ҳис этди ўзини. Аёл қалбидаги ҳисларни доимгидай четга суриб, пол ювиш учун югурди.

— Кеч қолдингиз  Зарифа опа, доим шу аҳвол, — бежирим юбка кийган менежер қиз энсасини қотирди. — Бугун нима баҳона, яна болаларми?

— Баҳона эмас, чиндан болалар, — фартугини шошиб тақаётган Зарифа жилмайиб қўйди. — Сиз ҳам фарзандли бўлсангиз, тушунасиз мени.

— Шундоқ ҳам тушуниб, кечикаётганингизга кўз юмяпман-ку, опа, — деди қиз қўлидаги телефондан кўз узмасдан. — Зарифа опажон, малол келмаса, аввал менга аччиқ қаҳва тайёрлаб, кейин иш бошланг.

— Ҳа, албатта.

Зарифа илк бор менежер қизнинг кийимларига, пардози, соч турмагига эътибор қилди. Қўллари шошиб қаҳвага қошиқ суқар, нигоҳ эса қизнинг тирноқларида эди. Аёл қаҳвани атай қизнинг орқасидан айланиб ўтиб, столга қўйди. Атир ифорини туюш учун.

— Ҳаммаси аъло, бирор нуқсон топа олмайсан, — ўзича беихтиёр гапириб юборди аёл.

— Тушунмадим, менга гапиряпсизми?

— Йўқ, йўқ!

Зарифа ишларига ўралашиб кетди. Қўллари тинимсиз ҳаракатда, аммо ўйлари тарқоқ, юраги сиқилган, худди нимадир содир бўладигандай… Бир томондан рўзғор учун ажратилган пул етмаслигини, яна қарз сўрашга эса ийманаётганини ўйлади. «Маошимни олдиндан олиб бўлганман, шундай экан, қарз сўрашдан бошқа иложим йўқ!»

Аёл ютиниб олди-да,  менежер қизнинг олдига кирди.

— Халақит бермадимми? Мен ҳ-ҳалиги… сиз билан гаплашиб олмоқчи эдим…

— Вой, Зарифа опа, доим заб вақтини топасиз-да, — шошиб бошқа, яна-да баландроқ туфлисини кияётган қиз ҳовлиққанидан бошини уриб олди. — Жин урсин!

— Эҳтиёт бўлинг!

— Хўжайиннинг аёли дугоналари билан келаётганмиш, — терилган қошларини учирган қиз энди юзини бўяшга тушиб кетди, — бошимга битган бало бўлиб! Умри давомида эрининг дўконига келмаган аёл бир тўда дугоналари билан ташриф буюряпти. Яхшилаб кутиб олмасак бўлмайди. Зарифа опа, қаққайиб турмай тезроқ айвончага жой тайёрланг. Гуллар ҳам олиб келишсин, ширинликлар ҳам.

Зарифа буйруқларни бажаришга тушди. Анча йилардан бери ея олмаётган ширинликлар, совға қилинмай қўйилган гуллар, барчасини кўркам, кенг айвончага олиб кирди. Аёл ўзи ишлаётган дўконнинг эгалари бадавлат эканидан хабари бор. Аммо уларни ҳеч кўрмаган. Айниқса, хўжайиннинг аёлига ҳамма каби у ҳам қизиқяпти.

— Зарифа опа, сиз чиқаверинг, қолганини хизматчилар қилишади! — менежер қиз аёлнинг уст-бошига ишора қилди. — Фаррош кийимида қаҳва ташиб юрманг тағин, алоҳида официантларни чақирганман.

Бугун Зарифа учун ҳамма нарса йиғилиб келаётгандай эди гўё. Одатдагидай гаплар ҳам унинг қалб торларини бир-бир узиб юборар, ич-ичидан ёлғизликни туярди. Кўксида турган аламнинг ташқарига чиқиши учун яна нимадир етишмаяпти.

* * *

— Ниҳоят, келдингиз, сизни суратларда кўргандим. Вой, Худойим, ҳаётда янада мафтункор экансиз…

— Жуда чиройли дўкон экан…

— Гуллар баҳри дилингни қувонтиряпти…

Очиқ айвондан келаётган овозлар ҳам худди аёллар сепган атирнинг хуш ифори каби майин, ёқимли эди. Хандон отаётган товушлар, бижир-бижирлардан Зарифа на бир дард ва на қайғуни топди. Эшик тирқишидан қараркан, уларнинг юзида фақат шодон кулги, мамнунлик. Фақат бир аёл эшикка орқа ўгириб ўтирар, менежер қизнинг бу аёлга ҳали шарбат, ҳали қаҳва таклиф қилишига қараганда, бу ҳамма кутган, қизиқаётган — хўжайиннинг эрка рафиқаси.

«Жуда чиройли кийинаркан. Қўлидаги соат нақадар нафис. Ён томондан кулиши менга кимнидир эслатяпти…»

— Зарифа опа, — хизматчилардан бири аёлни чўчитиб юборди. — Ёрдамингиз керак, мана бу кийимни кийиб, бизга ёрдамлашинг, икки киши улгурмаяпмиз.

Зарифа хизматчилар кийимини тез-да кийди-да, қаҳва тайёрлашга тушди. У патнис тўла қаҳваларни кўтариб, айвончага ўтганида таниш овоздан қўллари титради.

— Ёшим қирқда.

— Бўлиши мумкин эмас, ахир жуда ёш кўринасиз-ку.

— Ҳамма шундай дейди, лекин чиндан ҳам қирққа кирдим!

Шодон овозлар яна-да баландроқ жаранглади. Бир гала аёллар қуршовидаги хўжайиннинг рафиқасинини кўриш имконсиз. Зарифа алланечук ҳислар остида титраганча патнисни столга қўйди. Қулоқларига чалинаётган овоз, ҳа, бу овоз, қанчалар таниш… Аёл ортга аста-аста қарар, кўзлари билан пайпаслаб таниш овоз соҳибасининг юзини кўришга интиларди. Ниҳоят, бунинг имкони бўлди. Зарифа шундоққина ўн қадам нарида ўтирган аёлни кўрди. Кўрдию  дарров таниди.

— Зулфия?!

Аёлнинг пичирлаган, лекин қалбидан туғён билан отилиб чиққан сўзини ҳеч ким эшитмади. У бир муддат нима қиларини билмай турди-да, дарҳол ортига ўгирилмай хонадан югуриб чиқди. Эшик ортига ўтар-ўтмас, кўксини чангаллаган аёл тез-тез нафас олар, кўзлари эса катта очилган. Лабларидаги титроқ «Бу Зулфия-ку, Зулфия!» дея сўзлар, у қочишни истарди. Шундай қилди ҳам. Дўконнинг нариги қанотидаги ҳали ишга туширилмаган хонага тозалаш баҳонасида кириб олди, эшикни қулфлади, катта деразаларга яқиндагина осилган пардаларни тортиб беркитмоқчи эди, бирдан… Бирдан унинг кўзи қаршисидаги катта тош ойнага тушди. Букилиброқ қолган қоматда қўллар шалвираб турибди. Бир тутам оқ соч тушган пешонада ажинлар кўпайган. Сўлғин юз, ҳеч нима суртилмаган, қуриб қақшаган лаблар ва нурсиз кўзлар. Аёл кўзгу қаршисига жуда яқин келди. «Бу кўзлар… Мен жуда қариб кетибман. Мени ҳаёт қаритибди. Ҳа, айниқса, бу кўзлар аввалгидай шодликдан чақнамаяпти, ёнмаяпти. Ўша бахтиёр кўзлар эмас бу!»

Зарифа бир зум ўтмишга қайтди.

Ўша куни у дугонаси Зулфиянинг ёнига борганди. Зулфия дарсдан чиқа солиб, дугонасига ортидан келаётган йигит курсдоши Музаффар эканини айтиб, ишора қилган. Зарифа эса дугонасининг эс-ҳушини ўғирлаган йигитга қочирма ҳазил қилиб, унинг устидан кулишга уринарди. Шу тариқа Зарифа Музаффарнинг кўнглидан жой олгандир, эҳтимол. Дастлаб қанчалик кўнгли бўлишига қарамай, Музаффар билан алоқа ўрнатиш Зулфияга нисбатан хиёнат деб ҳисоблаган Зарифа муҳаббатини тан олмади. Бироқ Музаффарнинг дил изҳорлари алал-оқибат уни ҳам эритди. Зулфия эса, табиийки, қаттиқ ранжиди ва болаликдаги дугонаси билан муносабатини узил-кесил узди. Ана ўша кундан бери Зарифа Зулфия ҳақида эшитмади ҳам. Бугун эса…

Зарифа ҳозир дугонасига кўринмаслик учун ҳар нарсага тайёр. Бешафқат вақт уни қай даражада ўзгартирганини, мафтункор дугонасининг қаршисида ер чизиб туришини ўйлашни ҳам истамайди. Шу пайт бирдан эшик қаттиқ тақиллади.

— Зарифа опа, эшикни нега қулфлаб олдингиз, очинг! Меҳмонлар бу хонани ҳам кўришмоқчи!

Бу менежер қиз эди. Зарифа унинг гапларини эшитиб, совуқ терга ботди. Йўқ, у бу эшикни оча олмайди. Ахир эшик ортида Зулфия бор. Аммо қамалиб олиш ҳам аҳмоқлик. Нима қилиш керак? Зарифа югуриб бориб, яна тош ойнага разм солди, у ер-бу ерини тўғирлади. Худди ўзгариб қоладигандай енгларини кўтарди, яна туширди. Ва ниҳоят, эшикни очди. Остона ҳатлаб кириб келаётган меҳмонлар аёлга деярли қарагани йўқ, уларнинг фикри пардалару катта тош ойнада. Зарифа эса бу ердан ҳам қочиш пайида… У бошини эгган кўйи кетишга шайланган эди ҳамки, оппоқ қўллар унинг билагидан тутди. Зарифани бутунлай эгаллаб олган титроқ, асаб, ортиқ дош бера олмасди.

— Зарифа опа?

Бу Зулфия эмасди. Зарифа менежер қизга қаради. Қиз эса бир энлик хатни аёлга узатдию, меҳмонлар орасига шошилди.

Зарифа Зулфия бу даврада эмаслигини тушунган, қўлидаги хат ҳам айнан ундан эканини сезиб турарди.

«Сени кўрдиму, неча йиллардан бери ҳаётимга етишмаётган асл дўстлик соғинчини туйдим. Худо хоҳласа, ҳаммасини изга соламиз! Илтимос, рад этма. Ахир ҳаёт ўткинчи, ҳаёт жуда қисқа…»

Эрталабдан буён Зарифанинг кўксига, бўғзига қадалган оғриқ кўз ёшлари орқали тўкилдию аёл эриб кетди. Эҳтимол, бу эрталабки эмас, балки неча йил аввалги виждон азобининг таскин топишига ўхшаш бир нарсадир. Эҳтимол, яхши ҳаёт бўсағасидаги хуш кайфиятнинг бўйидир бу! Зулфия уни кўрган заҳотиёқ ортидан югурмаганини, уни хижолатга қўймаслик учун кетганини ва мана шу икки энлик хатда қанчалар самимият борлигини Зарифа англаганди. Аёлнинг кўз ёшлари қўлидаги хатни ҳўл қиларкан, хотиржамликни ҳис этарди.

Моҳигул
ДИЁРХЎЖАЕВА

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here