ҚОЧҚИНДАГИ АРИСТОН… (4-қисм)

0

 

* * *

 

Ҳа, пешонасида қўлга тушиш бор экан. Қочиб қаерга ҳам борарди? Бу қозоқлар пул илинжида ўлдириб юборишданам тойишмайди…

Йўлдош итоаткорона машинадан тушиб, қария таъқиби остида ниқобли йигитлар ётган ерга борди.

— Уларни эҳтиёт қил! — буюрди қария. — Яралари жиддийга ўхшайди. Ҳар бирини алоҳида-алоҳида кўтариб машинага ортасан. Кўтар!..

— Ана энди сенинг қўл-оёғингни бойлаб қўяман. — деди қария бортни ёпаётиб. — Ҳар эҳтимолга қарши. Чунки, сенга ўхшаган катта ўлжалар бизнинг томонларда жуда кам учрайди. Хафа бўлма, бирпас жонинг оғриса, ўлмайсан!..

Ярим соатлар чамаси йўл юришди чоғи. Қария кутилмаганда машинани тўхтатиб, Йўлдош ётган жойнинг пардасини кўтарди.

— Ана, ўтовга етиб келдинг, йигит! Ҳозир қўл-оёғингни ечаман. Фақат қочишга уринма! Бу ерлардан қочиб кетолмайсан. Мабодо қочишни хаёл қилсанг, итларимни олкишлайман. Ғажиб ташлашади сени!

Йўлдош индамади. Арқондан бўшалгач, яна автомат таъқиби остида пастга тушди.

— Юр, ўтовга қараб юр! — буюрди қария автомат қўндоғи билан унинг бўйнига туртиб. — Секин-секин юр!

Йўлдош итоат билан қора уй ичкарисига қадам қўйди. У ерда беш-ўн чоғли қозоқ йигитлари ўтиришарди. Йўлдош ичкарига қадам босиши билан улардан бири даст ўрнидан туриб орқадаги пардани кўтарди. Не кўз билан кўрсинки, у ерда қўллари бойланган ҳолда хотини Мавжуда турар, сочлари тўзғиган, кўзлари жиққа ёш эди.

— Ифлослар! — беихтиёр қичқириб тик турган йигитга ташланди Йўлдош. — Кучинг аёл кишига етдими? Қани, зўр бўлсанг, мен билан олиш! Қўйиб юбор уни!

Йигитлар бараварига кулиб юборишди. Тик турган йигит эса, ҳолдан тойган Йўлдошни бир зарб билан ерга қулатиб устига ўтириб олди.

— Хўш, боринг шуми? — ҳиринглаб кулганча Йўлдошнинг юзларига пиёладаги қайноқ чойни томчилатиб сўради у. — Сени жа бақувват деб таърифлашганди-ку!.. Жуда бўш экансан… Ҳа, майли, қария нима деса шу!.. Ортиқча ҳаракат қилсанг, жононингга жабр бўлади. Қимирлама!

— Ифлос!.. — йигитнинг кўзларига нафрат билан боқди Йўлдош. — Билиб қўй, агар хотинимни қўйиб юбормасаларинг, кунингни кўрсатаман! Ҳаммангни бўғизлаб кетаман!

— Ҳой, Наби, — қария йигитга юзланди. — Бор, буни ертўлага қамаб қўй! Бирпас ўша ерда ётиб дамини олсин. Кейин гаплашамиз у билан…

Йигит қўлларини кўксига қўйганча Йўлдошни ўрнидан турғазиб ташқарига итариб юборди…

 

* * *

 

— Ифлослар! — ертўладан туриб қичқирди Йўлдош. — Маразлар!.. Мард бўлсанг, менминан уриш!.. Хотинимни қўйвор!.. Ҳезалаклар!..

— Вей, намунча хўрозга ўхшаб қичқирмасанг? — юқорида турган милтиқли қозоқ ҳиринглаб кулганча Йўлдошнинг бошига кичкинагина тошчани ташлади. — Опкелишади хотинчангни! Бирпас сабр қилиб тур!..

Йўлдош шу тобда қорни очлигини ҳам, ҳолдан тойиб, тиззалари қалтираб бораётганини ҳам буткул унутганди. Хаёлида фақат Мавжуда айланар, ҳамон буларнинг қўлига қандай тушиб қолганини тушунолмай гаранг эди.

— Майорнинг иши бу. — деди ўзига ўзи овоз чиқариб. — Порахўрнинг хотини деб уни ҳам… Аммо нега айнан бу саҳрога кеп қолди? Ким опкелди? Нимага? Наҳотки, Мавжуда ҳам қамалган-у, менга ўхшаб камерадан қочган? Наҳотки, иккаламизнинг ҳам тақдиримиз бир хил бўлиб чиқса?..

— Ол, хотинчангни пастга туширяпман! — қичқирди соқчи пастга арқон тушириш асносида. — Бугун бир маишат қил мана шу чуқурда! Эртага эса, ё каттанинг шартига кўнасан, ё турган еринг сенга қабр бўлади. Яхши дам ол! Мен учун ҳам ўпиб қўй жононингни!..

Йўлдош бу тахлит масхараомуз сўзларга қулоқ тутиб ўтирмай эҳтиёткорлик билан Мавжудани пастга тушириб олди ва маҳкам бағрига босиб юз-кўзларидан ўпа бошлади.

— Жоним, асалим! Мени деб сенам озор чекдингми? Сени шу кўйга солиб қўйган мен эмасми? Ўзимни ҳеч қачон кечира олмайман.

— Йўқ, сиз эмас, — шивирлаб эрининг патаклашган сочларини силади Мавжуда. — Сизда айб йўқ. Ҳаммасига ўзим сабабчиман.

— Нега ундай деяпсан? Ахир, мен қамалганим туфайли шу кунлар бошингга тушди-ку!..

— Асло… Ўша… Кетган кунингиз кечгача кутиб ўтирдик Мавлуда билан. Келмадингиз. Соат тунги ўн икки бўлди. Сиздан дарак йўқ. Юрагим ғаш бўлиб ишхонангизга қўнғироқ қила бошладим. Улар бўлса… Қамалди деб айтишди сизни. Жон-поним чиқиб кетаёзди. Ҳеч нарсага қараб ўтирмай шартта қизимни қўлга олдим-да, мелисахонага жўнадим…

— Хўш, хўш, кейин-чи? Кейин нима бўлди?

— У ерда бошлиғингиз ўтирган экан. Кира солиб юзи борми, бўйни борми, чанг солиб юлиб ташладим. Бақир-чақир қилдим… Мени… Шундан кейин қамаб қўйишди…

— Аблаҳлар!.. Уларга баҳона керак қамаш учун. Ҳали шошмай турсин, сенинг ҳам ўчингни оламан ҳаммасидан. Шундай оламанки, туғилганларига пушаймон ейишади…

— Камерада бир… Ҳижобга ўранган ёши каттароқ аёл ўтирган экан. Ўша менинг қочишимга ёрдам берди… Хуллас, менам сизга ўзшаб ўзимча қаҳрамон бўлмоқчи бўлибман. Лекин эплаёлмадим. Йўлда манавиларга дуч келиб қолдим. Аввалига булар яхши одамларга ўхшайди, ҳозир уйимга элтиб қўйишса керак деб хаёл қилибман. Қарасам, булар машинани бутунлай бошқа тарафга буришди. Тўполон кўтара бошлашим билан қўл-оёқларимни бойлаб ташлашди. Оғзимаям латта тиқиб қўйишди…

— Шунақа дегин? — тишларини ғижирлатиб юқорига аламзадаларча тикилиб қаради Йўлдош. — Майли, биз йўлини топамиз. Буларнинг қўлида бекора ўлиб кетадиган аҳмоқ йўқ… Айтганча, Мавлуда-чи? У қани? Фарзандим қаерда?

— Уни қўшнимиз Нигорага қараб туринг деб бериб келгандим… Шўрлик ҳозир бўлганича бўлиб ўтиргандир…

— Э, аҳмоқ, болани ўзингминан олиб борганингда қамай олишмасди-ку!

— Мен қаердан билибман? Тушимга кирибдими бу кунлар?..

— Бўпти, умридан бўлса, ҳеч нарса қилмайди… Биз-чи, жоним, энди бу дўзахдан ҳам қочишнинг йўлини топишимиз зарур. Шундай қилмасак, эртага бошимизга ит кунини солиади бу қозоқлар… Худо хоҳласа, эсон-омон қочиб чиқиб олсак, сени ишончли жойга беркитаман. Бе, топгандаям ҳеч нарса қила олишмайди. Жиноятчи эмассан-ку!.. Аксинча, ўзинг вазирликка ўша майорнинг устидан ариза беришинг мумкин. Баҳонада менга қилаётан туҳматлариям очилади. Адабини ейди. Ўшанда сен тўполон кўтармай, секин ариза беришинг керак эди. Сен бўлсанг…

— Э, билганимда-ку…

— Хўп, хафа бўлаверма, ҳозир… Уф-ф, қорним шунчалик очки, кўнглим ағдарилай-ағдарилай деб кетяпти…

— Менам сиздан баттарман. Анавилар олдимга гўшт қўйишганди. Емадим ифлосларнинг гўштини. Энди ўзимга зиён бўлди. Бошим айланиб боряпти, дадаси!

— Ҳечқиси йўқ, бироз чидагин, бир йўлини топармиз!.. Мен… Ҳозир…

Ертўланинг кенглиги бир метрдан ошиқроқ эди. Негадир бир томонига қамиш тахлаб ташлашибди. Йўлдошни ана ўша қамиш ҳушёр торттирди ва эҳтиёткорлик билан қамишларни бир четга сурди…

— Ажабо!.. Мавжуда, буёққа қара, биз деярли озодликдамиз!..

Мавжуда шошиб эри кўрсатган томонга ўгирилди. Не кўз билан кўрсинки, қамиш орти очиқлик, бир одам бемалол бошини кўтариб юргулик ерости йўли мавжуд эди…

 

* * *

 

— Қани, Худонинг ўзи бизни асради, Мавжуда! — дея хотинини олдинга етаклади Йўлдош. — Юрақол, ҳарқалай, охири бордир бу йўлнинг! Манавиларнинг чангалидан қутулсак бўлди. Қолганига Худо пошшо!..

Мавжуда анчагина ҳолдан тойган, оёқда туришга мажоли йўқ эди. Лекин Йўлдош ҳам ундан кам эмас. Очлик, кучли чарчоқ уни ҳам тобора ҳолсизлантириб борарди. Бироқ дам олишга, бўшашиб ўтиришга вақт йўқ. Нима қилиб бўлса-да, узоқроққа кетиб олган маъқул.

У Мавжудани опичди-да, ўзи энгашганча олдинга интилди.

Ерости йўли жуда қоронғи эди. Устиа устак нималарнингдир чийиллаган овози асабга тегарди.

— Иҳ!.. — Бир чақиримча юришдими-йўқми, Йўлдош кутилмаганда тўхтаб хотинини елкасидан туширди-да, оёғига ёпишди. — Иҳ, ярамас, нимадир тишлагандай бўлди!..

— Вой, нимайкин? — шоша-пиша қоронғида эрининг оёқларини пайпаслай кетди Мавжуда. — Ёмон тишладими? Оғрияптими?..

— Чимиллаб оғрияпти. Ишқилиб яхшиликка бўлсин!..

— Вой, оёғимдан нимадир сакраб кетгандай бўлди! — Мавжуда қўрқиб маҳкам эрига ёпишди. — Бу ерда нималардир борга ўхшайди…

Йўлдош нимадир эсига тушгандек, чўнтакларини пайпаслади.

— Ҳа, мана, топдим. Гугурт борлиги хаёлимдаям йўқ экан-а!..

Гугуртни ёқиб атрофни ёритган ҳам эдики, олдинда чопқиллаб юрган юзлаб каламушларга кўзи тушди.

— Қара, булар, ахир, каламушлар-ку! — деди ҳовлиқиб Йўлдош. — Эҳтиёт бўлиш керак. Сен… Кел, елкамга осил! Мени тишласа майли, сенга зиён етмасин!.. Фақат оёқларингни силкитиб-силкитиб боргин! Ярамаслар оёғингга осилиб олишданам тойишмайди…

Шу тахлит улар яна икки чақиримча йўл юришди. Ниҳоят ерости йўлининг охири кўринди. Уёқдан-буёққа визиллаб ўтиб турган машиналар товушини эшитган Йўлдош ер остидан ташқарига чиқди-ю, Мавжудани ерга тушириб ўзи чалқанча ётиб олди…

 

* * *

 

— Хўш, буёғига нима қиламиз? — сўради Мавжуда аланг-жаланг атрофни кузатаркан. — Шошилмасак бўлмайди. Қозоқлар қидириб келиб қолишса, тағин қўлга тушамиз.

— Тўғри айтасан, — Йўлдош базўр ўрнидан қўзғалиб катта йўл томон тикилиб қаради. — Энди ҳаракатимизни қилишимиз шарт. Менга қара, биз ҳозир бошқачароқ йўл тутамиз.

— Қанақа йўл?

— Машина тўхтатамиз-да, ҳайдовчисини ярим йўлда қолдириб ўзимиз кетамиз.

— Й-йўқ, ўзи қил устида турган бўлсангиз, бошингизга яна бир балони орттириб нима қиласиз?

— Қўрқма, одам ўлдирмайман-ку!.. Шунчаки ташлаб юбораман холос… Умуман, ҳозир ҳам жа фаришта эмасман. Қамоқдан қочганман. Шундай бўлгандан кейин буёғигаям ифлослигимча қолиб турай-чи!

— Билганингизни қилинг! — норози қўл силтади Мавжуда. — Сизга ақл ўргатиб бўлармиди…

Йўлдош эътибор қилмай катта йўл ўртасига чиқди. Узоқдан бир машина ўқдай учиб келарди. Овозига қараганда, юк машинасига ўхшамайди.

У тош қотганча йўл ўртасида тураверди. Машина ниҳоят яқин келиб қаттиқ тормоз берди.

— Вей, жонингдан тўйганмисан? — озғингина, унчалик бўйдор ҳам бўлмаган ҳайдовчини кўриб Йўлдош қувониб кетди. Ҳатто, унинг асабий қичқириши ҳам қулоғига кирмади.

— Бизни шаҳарга обориб қўёлмайсанми? — йўл-йўлакай Мавжудага ишора қилиб ўзи кабинага яқин борди Йўлдош. — Сўраганингни бераман. Тез етиб боришим керак шаҳарга.

— Шуни одамга ўхшатиб тўхтатсанг ҳам айтардинг. — тўнғиллаб қўйди ҳайдовчи. — Йўл ўртасига чиқволишингга бало борми?

— Ҳа, энди тўхтамайсанми деб ўйладим-да!..

— Бўпти, ўтиринглар, оборсам обориб қўяй!..

Эр-хотин дарров кабинага чиқиб ўтиришди. Йўлдош ҳайдовчининг ёнида эди.

— Тўхтат машинани! — тахминан ўн чақиримлар йўл босишгач, ҳайдовчига ўгирилди Йўлдош. — Тез бўл, ташқарига чиқиб келмасам бўлмайди…

— Хўп, фақат тез бўл, шошиб турибман!..

Йўлдош пастга тушди-да, сал орқароққа ўтиб худди ҳожат чиқармоқчидай камарига қўлини қўйди. Аслида мақсади чўнтакдаги тўппончани чиқариш…

Чиқарди ҳам. Ими-жимида ўқланган-ўқланмаганини текшириб кўриб, кўнгли хотиржам тортгач, тўппончани орқасига яширганча ҳайдовчи ўтирган эшикка яқинлашди ва бир зарб билан эшикни очиб йигитнинг иягига тўппонча тиради.

— Туш машинадан!

— Ие, н-нега?.. Бу нима қилганинг?..

Ҳайдовчи кутмаган эканми, дағ-дағ титраб оҳиста машинадан тушди.

— Ана энди тўрт томонинг қибла! Бор, бор, хоҳлаган томонинга кетавер! Сенга тегмайман! Бор дедим!.. Ҳов уёқда қолиб кетган қозоқ амакиларингга салом деб қўйгин!..

Йўлдош шартта машинага ўтирди-ю, газни босди…

Ҳайдовчи эса, ҳамон карахтланган кўйи улар кетган тарафга тикилиб турарди…

 

* * *

 

— Вей, барибир «Нексия» зўр машина-да! — хотинига қараб кулди Йўлдош. — Қара, қамоқдан қочган бир жиноятчи ҳаш-паш дегунча яп-янги машинага эга чиқиб турса. Бундан ҳам каттароқ бахт бормиди-а, нима дединг?

— Кўп мақтанаверманг ҳалитдан! — хижолатомуз жавоб қилди Мавжуда. — Ундан кўра буёғига нима қилишимизни ўйланг!

— Хавотир олма, менам анойи эмасман. Шу уч-тўрт кун ичида кўп нарсани кўрвордим. Ишонасанми, шунча йил мелисада ишлаб сира камераларга эътибор қилиб қарамаган эканман. У ердаги катта-катта суваракларни бир кўрсайдинг… Ўшаларни деб бир кеча ухлаёлмай чиқдим…

Йўлдош бирдан жиддий тортиб Мавжудага юзланди.

— Тўғрисини айт, менга хиёнат қилмадингми ишқилиб?

— Вой, ўйлаб гапиряпсизми? Мен билан шунча йилдан бери яшаб кимлигимни билиб олмаганмидингиз?

— Ҳа, энди… Айтдим-қўйдим-да!..

— Гапингиз қурсин!.. Бошимизга бир дунё офат ёғилиб турибди-ю, бу киши қаёқдаги гапларни гапириб асабимга тегади…

Йўлдош бошқа ҳеч нара демади. Мавжудага ўғринча боқиб мийиғида кулиб қўйди холос…

 

* * *

 

Ҳарқалай, эр-хотин йўлдан адашишмади. Тонг ёришиб қолгани сабаб кўчаларда одамлар онда-сонда кўриниб қоларди. Бир жойга етганда тўхтаб, шаҳарга кетадиган йўлни сўраб олишди.

— Мавжуда, биз кундуз куни шаҳарга кириб боролмаймиз. — уқтира бошлади Йўлдош. — Кел, яхшиси, бирор пана ерда тўхтайлик-да, кеч тушишини кутайлик. Ҳар ҳолда бехавотирроқ бўлади.

— Йўқ, — деди Мавжуда норози бош чайқаб. — Мен кечгача сабр қила олмайман. Боламни ўйласам, юрагим қинидан чиқиб кетгудай бўляпти. Бормасам бўлмайди ёнига. Бечора қизим қон йиғлаб ўтиргандир.

— Ахир, қўлга тушамиз, тушунсанг-чи мундоқ!..

— Боя жа мақтанишингиз бошқачайди шекилли? Энди қўрқа бошладингизми?..

— Э, бу аёлларга бир нарсани тушунтириб бўлмас экан-да!.. Хўп, пешонага ёзилгани-да!..

Йўлдош газни қаттиқроқ босиб тезликни оширди…

Шаҳарга ҳар эҳтимолга қарши айланма йўллар билан кириб боришди. Бу йўллар анча хавфдан йироқ эди. Чунки айлана атроф маҳаллалардан иборат, бу ерларга мелиса, ДАН ходимлари келмайди…

— Соат ҳам бирдан ошибди. — деди у энди-энди пинакка кета бошлаган хотинига юзланиб. — Қорним таталаб кетяпти… Жин урсин, бирор ерда мундоқ тўхтаб овқатланишгаям қўрқади одам…

— Яна озгина чиданг. Ҳозир уйга етиб олсак, егулик олволамиз… Менга қаранг, бизни қаерга яширмоқчисиз ўзи?

— Ҳа-я, эсимдан чиқибди. Ҳозир боргандан кейин тез қизчамизни опчиқасан-у, орқа-кетингга қарамай машинага ўтирасан. Сизларни олис бир қишлоққа обориб қўяман. Тоғли жойлар. Хавфдан узоқ.

— Ўзингиз-чи?

— Мендан хавотир олма. Жин урмайди мени. Насиб бўлса, яна тез кунларда кўришамиз. Манавинақанги қочиб-пусиб юрмайдиган кунлар келсин, ўшанда маза қилиб уччаламиз кўчаларни сайр қиламиз…

Таниш уй рўпарасига келганда Йўлдошнинг кўзлари яқиндагина ўзи ишлаган участка нозири кабинети ёнида турган таниш милиционерларга тушди…

— Уҳ, ярамаслар! — шивирлади Мавжудани туртиб. — Арвоҳга ўхшаб йўлдан чиққанини қара буларнинг!..

— Вой, тўғри уёққа ҳайдаманг! Мана, ҳов анави дом томонга буринг!

— Ўзим ҳам биламан. Ўргатмай қўяқол!..

У машинани кескин ўнг томонга бурди-да, бошқа домларни айланиб ниҳоят қадрдон подьезди олдида тўхтади.

— Сен тез болани олгин-да, — тайинлади хотинига. — Ҳозирги бурилган еримизга бор. Мен ўша ерда тураман…

Орадан ўн дақиқалар ўтди-ёв!.. Йўлдошга бир йилдек туюлиб кетди…

Ҳақиқатан, қочоқ одамга осон эмас. Кўзлари олма теради. Қайсидир тарафдан мелиса келиб қолмасмикан, бирор таниш кўриб сотиб қўймасмикан? деган савол ич-этини еяверади…

Хайриятки, узоқ кутдирмай, қизчасини бағрига босиб Мавжуда етиб келди…

Йўлдош бир аҳволда бўлишига қарамай, қизчасини кўргач, гўё қайта тирилган мурда каби кўзлари мошдек очилди.

— Оҳ, ўзимнинг асал қизи-им! — қизини эркалаган сари кўзларидан ёш қуйилиб келарди. — Сени шунчалар соғиндимки… Қани энди бошқаларга ўхшаб бемалол кўчада юра олсам. Сени бир дақиқаям қўлимдан қўймасдим…

— Тезроқ кета қолайлик!.. — Мавлудани қайтадан қўлига олди-да, эрини туртди Мавжуда. — Бу ерларда ҳамма сизни отнинг қашқасидай танийди. Тағин бошимизга бало орттириб олмайдик!

— Хўп, кетсак кетаверамиз-да!.. Ишқилиб Худо ёр бўлсин!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кутиб қоламиз!

https://t.me/olimjonhayit

 

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc