Тунги капалаклар қўналғаси…

0

Бугунги глобаллашув ва ахборот асрида ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбиясига ҳар қачонгидан-да зийраклик ила ёндашишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Ёшлар онгу тафаккурини заҳарлаб, уларни тубанлик, разолат ботқоғига етаклаётган омиллар кун сайин қўзиқориндек кўпайиб бораётгани ҳеч биримизга сир эмас. Кеча бир «оммавий маданият» ниқобидаги муаммодан қутулган бўлсак, бугун яна бир маънавият кушандасининг илдизини қандай қуритиш устида бош қотиряпмиз.

Неча йиллардан бери ижтимоий хавфли иллатларнинг илдиз отишига замин яратаётган «оммавий маданият», енгил-елпи ҳаёт тарғиботини тижоратга айлантиришни «анъана» тусига киритган тунги клублар вояга етмаган ёшларимизнинг севимли масканига айланиб, уларни ўз домига тортиб олиб, ҳам маънан, ҳам жисмонан қашшоқлашишида муҳим ўрин тутмоқда. Маишат кўзини кўр қилган, шаҳвоний ҳис-туйғуларини жиловлай олмаганларнинг кўнгилхушлик қилишига, эмин-эркин бўлишига етарлича шароиту қулайликлар яратилган бу каби тунги капалаклар қўналғасида охирги пайтларда юз бераётган даҳшатли жиноятлар барчамизни сергак торттирмоқда.

ТАНИҚЛИ СПОРТЧИНИНГ ЎЛИМИ КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИКНИ «УЙҒОТДИ»

Жорий йилнинг 8 августдан 9 августга ўтар кечаси тахминан соат 00:25 ларда Тошкент шаҳри   Юнусобод туманидаги «Aurum 898» тунги клуби олдида жанжал чиқиб, клуб қўриқчилари ва меҳмон ўртасида можаро юзага келади. Натижада икки нафар қўриқчи тан жароҳати олади. Эркин курашчи, халқаро тоифадаги спорт устаси ҳисобланган Жамшид Кенжаев эса аянчли вафот этади. Айни вақтда ўша мудҳиш воқеа бўйича жиноят иши очилган бўлиб, спортчининг ўлимида айбланаётган қўриқчилар устидан суд ишлари бошланган.

Ушбу мудҳиш манзара ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқалгач, бу ҳолат миллионлаб инсонлар томонидан катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Тошкентдаги клублар фаолиятига бўлган  танқидий эътибор ҳар қанчонгидан жиддий тус олди. Тунги клублар ОАВнинг асосий мавзусига айланди, ҳукумат вакилларию мутасадди ташкилотлар бу борада жиддий ишлар қилишга бел боғлади. Асосийси, тунги клублар билан боғлиқ ҳали қилинажак ишларимиз талай эканлиги тан олинди.

Хабарларга кўра, «Aurum 898» тунги клуб биноси ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан атрофлича ўрганилиб, унинг фаолияти тўхтатиб қўйилган. Ҳафта давомида соат 22:00 дан соат 5:00 гача фаолият олиб борган Тошкентдаги ушбу энг йирик клуб пештоқидан  номи ва реклама баннерлари олиб ташланган.

Содир этилган қотиллик тафсилотлари ОАВда эълон қилинганидан сўнг клуб ҳақида ҳар ким ўз муносабатини билдирди. Кимдир «Тунги клубларни ёпиш зарур. Фарзандларимизга фойдаси йўқ бундай жойларнинг», деса, яна кимдир «Спортчиларнинг руҳий тарбияси билан чуқурроқ шуғулланиб, уларни ҳам назорат остига олиш керак», дея таклиф қилди. 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов иштирокида ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ишбилармонлар алкоголли маҳсулотлар сотишни 21:00 дан сўнг, овқатланиш шохобчаларида 22:00, ресторан, кафе, бар ва тунги клублар томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш соат 23:00 дан кейин қатъий чеклаш тўғрисида огоҳлантирилди.

Қуйида айрим юртдошларимизнинг мавзуга оид фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

«КЛУБЛАРНИНГ КЎП
СИРИДАН ВОҚИФ БЎЛГАНМАН»

Тоҳир МАЛИК, Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси:

— Бундан 10-15 йил олдин «Талваса» романини ёзиш жараёнида асарим учун бир қанча тунги клубларга муҳитни ўргангани борганман. Ўшанда у ердагиларнинг инсонлар эмас, одам шаклидаги махлуқлар эканлигига ишонганман. Мен у жойни тунги клуб демасдим, «бузуқлик клуби», дея номлардим. Ташрифим чоғида кўп сирларнинг шоҳидига айланганман. Тунги клубларга кирганлар билади, унинг ўзига тортадиган оҳанрабоси бор. Бу нима, биласизларми? Афюн. Улар афюн зарраларини ҳаво совуткичларининг (кондиционер) устига сепиб қўйишади. Кейин ҳавога қўшилган маст қилувчи ҳид клубга кирганларнинг ҳушини ўғирлайди, димоғига урилгач, уларда аллақандай хурсандчилик кузатилади, кайфияти кўтарилади. Эртага яна келгиси келади. Тадбиркор ниқоби остида тунги клубларни очиб қўйиб, фалон сўм пул топаётган дўстларимиз Президент уларга яратиб бераётган имкониятларни суистеъмол қилмаса, яхши бўларди. Бизга бундай клубларнинг умуман кераги йўқ!

«ТАҚИҚЛАШ БИЛАН
МУАММО
ҲАЛ БЎЛМАЙДИ!»

Ўткирбек ХОЛМИРЗАЕВ, ҳуқуқшунос:

— «Aurum 898» ва бошқа тунги клублардаги қотилликлар барча мамлакатларда ҳам содир бўлиб туради, бир қарашда кишиларнинг ўзаро жанжаллашуви оқибатида юз берадиган ҳолатлар ажабланарли эмас. Лекин айни вазиятда ушбу қотилликнинг олдини олиш, содир бўлмаслигини таъминлаш зарур эди. Ёки бу каби ҳодиса тунги клуб эмас, бошқа умумий овқатланиш жойида ҳам содир бўлиши мумкин.

Хусусий қўриқлаш фаолиятига қўйилган тақиқларни қайта кўриб чиқиш ва тартибга солиш орқали бу каби воқеаларнинг олдини олишга эришса бўлади. Тунги клублар, кўнгилочар масканлар ва бошқа умумий овқатланиш жойларини ёпиш, қўриқчилар фаолиятини тақиқлаш каби чоралар мазкур муаммони ечишда ёрдам бермайди, қайтанга бундай масканлар «ер остига» кўчиб ўтади, тартибсизлик ва шафқатсиз қотиллик ҳолатлари кўпайиши эҳтимоли ошади.

Кўнгилочар масканларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қалтис вазиятни тўғри баҳолаб, мутаносиб ҳаракат қиладиган, ташриф буюрувчилар ва бошқа шахслар соғлиғи, мол-мулклари хавфсизлигини қонун доирасидан четга чиқмай қўриқлай оладиган, махсус тайёргарликка эга, руҳий ҳолати барқарор қўриқчи профессионалларни қўриқлаш фаолиятига жалб қилиш, бунинг учун эса хусусий нодавлат қўриқлаш фаолиятига ўрнатилган лицензияланадиган фаолият тури сифатида рухсат бериш тўғри бўлади. Тақиқлаш йўли билан эмас, балки қўриқчиларни тайёргарликдан ўтказиш, доимий ўқитиш, фаолиятини тизимли тартибга солиш орқали бу муаммони ечиш лозим.

«ЁШЛАРНИНГ МИЯСИНИ ҚАНДАЙ НАЗОРАТ
ҚИЛАСИЗ?»

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА, блогер:

— Бир марта одам ўлдирилган клуб умуман қайта очилмайдиган қилиб ёпилиши керак. Лекин бу дегани тунги клублардаги муаммоларни уларни ёпиш билан ҳал қилиш мумкин, дегани эмас. Тунги клубга бориб наша чеккан, зино қилган ва ёки одам ўлдирган одам тунги клубсиз ҳам шу ишини қилади. Тунги клубларни назорат қилиш мумкин, лекин ёшларнинг миясини, қизиқ қонини қандай назорат қиласиз?

Улар кўчада, ертўлада, чордоқда, пана-пастқамда давом эттиришади шу ишларини. У ерларга камера қўёлмайсиз, қўриқчи қўёлмайсиз. Ёпиш осон, тартиблаш қийин, муаммоларни бартараф этишда осон йўллардан боравериб, етиб келганимиз шу жой бўлди.

«ХОҲЛАГАН ИШИНГИЗНИ ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН…»

Тимур ЖЎРАЕВ, 27 ёш, тадбиркор

— Бундан 5-6 йил олдин абитуриентлик давримда пойтахтга борганимда ошналар билан бир неча марта тунги клубларга борганман.

Клубга киришим билан димоғимга сигарета ва турфа ёқимсиз ҳид урилган. Кучли шовқин-сурон, ғарб қўшиқларидан қулоғим битиб қолган, рангли лазерларнинг жимирлашидан эса кўзларим тиниб кетган. Турли ёшдаги йигит-қизларнинг бақиришлари, тушунарсиз қилиқларини кўриб, ҳайрон қолганман. Бир томонда фаҳш ишлар билан банд эркак-аёллар, бир тарафда ҳали ақлини танимаган зурриёдлари билан байрам қилаётган бутун бир оиланинг тантанали ўтириши ҳайратимни оширган. Озиқ-овқат, ичимликларга қўйилган нархларни кўриб, бундай масканлар ортидан миллион-миллион даромад келишини англаб етганман. Шунингдек, у ерларда саҳаргача хоҳлаган кишингиз билан хоҳлаган ишингизни қилишингиз мумкин экан. Клуб  меҳмонлари эгнида «dress cout», яъни тунги клуб белгилаб берган кийим бўлса, кифоя.

Бахтга қарши, ўша йили ўқишга кира олмадим. Кейинги йили эса Андижон давлат университети талабаси бўлдим. Шу-шу, клубларга бормай қўйганман. Назаримда, вилоятларга нисбатан Тошкент шаҳрида тунги клубларни кўпроқ учратиш мумкин.

«БОРГАНИМИЗ ҚИММАТГА ТУШГАН»

Исмини сир тутган 22 ёшли йигит:

— Тунги клубга бир марта синфдошимнинг туғилган кунида борганман. Азизнинг 20 ёшини ўша ерда нишонлаганимиз қимматга тушган. Ўша куни соат 01:00 гача саккиз нафар дўст ўтирганмиз. Ёнимиздаги столда ўтирган бир жувон Умарнинг олдига келиб, қўшиқ заказ қилиши ва бунинг учун 10 минг беришини сўраб, аста суйкала бошлаган. Биз у аёлга жиддий оҳангда рад жавобини берганмиз. У эса ширакайфлиги учун жазавага тушиб, жанжал кўтарган. Бу ҳолатни томоша қилиб турган биздан бир неча ёш катта йигитлар Умарни ташқарига олиб чиқиб кетишган. Ташқарида эса анча вақтгача разбор бўлган. Назаримда, улар биздан пул талаб қилган аёлнинг шериклари эди. Мунозарага қўриқчилар нуқта қўйиб, бизларга яхши гапирган ва тинчгина бу ердан кетишимизни таъкидлашган. Ўшандан бери бирор марта ҳам тунги клубларга бормай қўйдим.

Бугунги замонавий дунёда тунги клублар, дам олиш муассасалари ҳам ўз ўрнида керак. Бироқ уларнинг фаолиятини назоратга олиш ва тўғри ишлашларини таъминлаш ҳам лозим. Шундагина нохуш ҳолатларга оз бўлса-да, барҳам бериларди.

Бундай маконлар аллақачон фаҳш, жиноят, ҳуқуқбузарлик, маънавиятсизлик, ҳаёсизлик бозорига айланиб бўлган. У жойлар ер юзининг ажралган бир бўлаги сифатида кишида тасаввур уйғотади. Айримлар кўнгилхушлик учун келса, баъзилар пул топиш илинжида ҳар куни келишдан сира зерикмайди.

Миролим ИСАЖОНОВ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here