Хотин деб ҳар ерда битган гулга ўтламанг!

0

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: «Ахлатхонада битган гулдан эҳтиёт бўлинг», дедилар.

Асҳоблар:

— Ахлатхонада битган гул қандай гул, ё Расулуллоҳ? — деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

— Ёмон муҳитда, исломий тарбиядан узоқ, ахлоқсиз бир оилада етишган аёл, — деб жавоб бердилар.

Яна:

— Эй, Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир? — деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

— Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани, — дедилар.

Бир киши аёлига муҳаббат билан боқса ва аёли ҳам унга шу кайфиятда юзланса, Аллоҳ таоло иккаласига ҳам раҳмат назари билан қарайди ва қўлларини қўлларига қўйганларида иккаласининг ҳам гуноҳлари бармоқлари орасидан тўкилиб кетади. («Саҳиҳи Муслим»дан)

Али ибн Абу Толиб айтадилар: «Ёмон хотин мисоли гўзал кийинган чаённинг ўзидир».

Умар ибн Ҳаттоб: «Хотинларга итоат этманг. Уларга қаршилик қилиб турмасангиз, уйдан барака кетади», — дедилар. Хотиннинг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай қўймайди.

Абулқосим Замаҳшарий айтадилар: «Хотин зоти агар қалбинг улар ишқида гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқалайди».

Ушбу насиҳатларга амал қилган ҳолда мазкур сўзларга ҳам қулоқ солайлик. «Энг яхши хотин шундай хотинки, у ҳаёли ва ориятли бўлади. Энг муҳими, оилада тўкин-сочинлик ва бараканинг сабабчиси бўлади». Шундай одамлар борки, муҳаббат бўстонини оралаб, уйланишга қадам қўймайди ва бу файзу боғининг гулзоридан гуллар термайди, доимо ғам уйида ўзлари якка-ю танҳо ўтиради.

Эркакларнинг камолоти шуки, ким ота-онасига яхшилик қилса, силаи раҳм ришталарини боғласа, аҳли аёли ва фарзандлари билан ҳам хулқини яхши қилса, динини сақласа, молини ҳаромдан ислоҳ қилса, унинг ортиғидан инфоқ-эҳсон берса, тилини сақласа, ўз уйини лозим тутса, (яъни ишдан вақтида келса), ўша эркакларнинг камолотидир (Фузайл ибн Иёз).

Афсуски, бугун орамизда шундай эркаклар кўпайиб бормоқдаки, мўъжазгина оиласи, гулдай аҳли аёли, сурурдай фарзандлари туриб, бошқа «ахлатхона»да ўсган гулзорларга ўтлаб, кириб кетмоқда.

Бегона аёлни севиш — саримсоқ ейишнинг ўзгинаси. Уни ҳарчанд беркитманг, охир-оқибат унинг ҳиди билиниб қолади.

Ҳа, бугун орамизда ўз аҳли аёли, оиласи бўла туриб, бегона иффатсиз аёлга меҳрибончилик қиламан, деб уни ҳар кимдан яширинча беркитиб, ўз никоҳига оладиганлар ҳам бор. Охир-оқибат яшира-яшира, беркитган нарсаси бир кун ошкора бўлганида аёли, дўсту душманининг олдида бурди тўкилиб, уятга қолади. Меҳр-муҳаббатдан, соф иффатли аёлидан, бахтли оиласидан мосуво бўлади. Синган нарса ўз аслидай бўлмайди.

Йўқотилган ишонч қайтиб тикланмайди. Покиза иффатли хотиннинг ўз эридан кўрган хиёнати ҳеч қачон қалбдан ўчмайди. Ачинарлиси, ишонч ва беғуборликни йўқотади. Эркак киши ўз камолоти учун берилган мағрурлик ва салобатни йўқотади. Аллоҳ мана шундай шармандалик ва ориятнинг синишидан сақласин.

Оила мўъжазгина бир жамиятдир, бу жамиятнинг даҳлсизлиги эса унинг жипслигига боғлиқдир. Барчамизнинг оилаларимизни муҳаббат ила жипс қилсин.

«muslim.uz»
сайтидан олинди.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here