ОЧ БЎРИЛАР ТАРБИЯСИНИ ОЛГАН БОЛАКАЙ…

1

 

Испаниялик Маркос Родригес Пантохани ҳақиқатан болалигидан бўрилар тарбия қилган. 19 ёшга киргач, ҳарқалай одамлар орасига қайтди. Аммо одам бўла олмади. Ўзининг тан олиб айтишича, қанча меҳр кўрсатишмасин, барибир бўрилар галаси томон талпинавераркан…

 

ЖОҲИЛ ЎГАЙ ОНА

 

Маркос Родригес Пантоха 1946 йил 8 июн куни Испаниянинг Анёра қишлоғида туғилган. У ота-онаси Мелькор ва Арачелиларнинг учинчи ўғли эди. Испанияда ўша пайтлар фуқаролар уруши тўхтаган бўлса-да, қишлоқ хўжалиги оқсоқ бир аҳволга келиб қолганди. Шунинг учун Маркоснинг оиласидагилар Мадридга кўчиб ўтишга қарар қолишди

Пойтахтда отаси ғишт заводидан дарров иш топди. Ҳаёт энди-энди ўнглана бошлаганда, яна бошларига ташвиш тушди. Маркоснинг онаси қазо қилиб қолди. Ота эса уч ўғилни уддалай олмасди. Уларга она керак эди. Кунларнинг бирида у Маркоснинг бўлғуси ўгай онаси билан танишиб қолди. Турмуш қурадиган бўлишди. Ота тўнғич ўғлини Барселонадаги қариндошлар ихтиёрига берди. Ўртанчисини Мадриднинг ўзида яшайдиган қариндошига ҳадя қилди. Маркосни эса ўзи билан олиб қолди. Янги оила Карденья шаҳарчасига кўчиб ўтди. Ўшанда Маркос эндигина 4 ёшга қадам қўйганди. Ўгай онаси жоҳил экан. Кундузи отаси ишга кетгач, Маркосни чўчқаларни парвариш қилишга мажбур этар, чўчқалари учун қўшниларникидан ем ўғирлашга ундарди. Шунда ҳам барибир Маркос ўгай онадан кунига йўқ деганда беш-олти маротаба калтак ерди. Агар емни кам олиб келса, кечки овқатдан маҳрум бўларди.

Орадан бир неча йил ўтгач, бир куни уларникига жуда бадавлат бир эркак ташриф буюрди. У Маркоснинг отаси билан алланималар ҳақида шивирлашиб гаплашди-ю, Маркосни ўзи билан олиб кетди.

Бойваччанинг уйи жуда ҳашаматли эди. Қолаверса, шу ерга келиб илк бор тўйгунича гўшт еди. Бироқ ухлашга ётишидан олдин бойвачча унга бир гапни айтди.

— Отанг сени менга қул қилиб сотган, — деди у Маркосга. — Шундай экан, бугундан эътиборан сен менинг қулимсан. Ўтовимда 300 та эчким бор. Эртадан бошлаб ўшаларни боқишга чиқасан…

Ўшанда Маркосга жуда-жуда алам қилганди. Тун бўйи ўксиб-ўксиб йиғлади…

Отасини бу иши учун кечира олмади…

 

ЁВВОЙИ, МАҲЛУҚ ДЎСТЛАРИМ

 

Эртаси куни бойвачча уни отга мингаштириб Съерра-Морена тоғидаги ғорлардан бирига олиб борди. Худди ўша ерда ўтов бўлиб, уч юзта эчки қамалган экан. Кейинчалик билдики, бу ерларни йиртқич айиқ ва бўрилар макон тутибди. Бойвачча шунчалар хавфли ва қўрқинчли ғорда уни қолдириб кетишга кўзи қийди.

Тўғри, ғорда яна кекса бир чўпон ҳам бор эди. Ўша Маркосга меҳр кўрсата бошлади. Ҳар куни икковлашиб эчкиларни яйловда боқишар, кечқурун қария уни эчки сутига тўйдирарди. Афсуски, бир куни қария ов қилишга кетди-ю, қайтиб келмади. Бойваччанинг айтишича, кекса чўпонни бўрилар ғажиб ташлаганмиш. Шундай қилиб, Маркос ғорда бир ўзи қолиб кетди.

Тонмайди, бойвачча тез-тез ғорга келиб эчкиларидан хабар оларди. Лекин Маркос ундан беркиниб оларди. Бола-да, яна ўгай онасининг уйига жўнатиб юборишидан қўрқарди.

Бироқ ўсиб келаётган болакай бойвачча ҳар замонда қолдириб кетадиган овқатга тўймасди. Очлик уни қуён, қуш овлашга ўргатди. Қандайдир дарахтлар танасини кесиб шарбатидан ичишни одат қилди. Бора-бора кийик овлашни ҳам ўрганиб олди. Шу ерда қуён қонини анҳорга тўкса, балиқларни чақиришини англаб етди. Кийик овлаганда, уларни тўғри майдалашни ҳам ўзлаштирди.

Тахминан етти ёшида илк бор бўрилар билан тўқнаш келди…

Ҳа, ўша куни бўрон туриб кучли сел келди. Болакай азбаройи қўрқиб кетганидан ўзига пана жой топиш илинжида дуч келган тарафга чопа кетди. Шунда беихтиёр туртиниб кетди-ю, ерга юзтубан йиқилди. Айни йиқилган ерида бўрилар ини бор экан. Инда эса кўпгина янги туғилган бўриваччалар вангиллашарди. Она бўри бу маҳал болаларига емиш топиш ниятида овга чиқиб кетганди. Маркос энди кўзи илинганда, каттакон кийикни судраб келиб қолди. Маркос баҳайбат бу маҳлуқни кўрди-ю, ҳаётдан буткул умидини узди. Лекин уни ҳайрон қолдириб, она бўри Маркосга тегмади. Аксинча, кийик гўштидан бир бўлагини тишлари ёрдамида узиб олиб Маркоснинг олдига ташлади.

 

Маркос тез орада бўрилар билан дўстлашиб олди. Бундан ташқари, тулкилар, ҳатто, илонлар билан ҳам дўст тутинди. Бу маконда Маркоснинг ягона душмани ёввойи чўчқалар эди холос. Қолган жониворлар билан ўшаларнинг тилида тиллаша оларди.

— Мен бўрилар оиласи билан бирга яшардим, — дея эслайди Маркос. — Маҳлуқлар одамлар каби бир гапни айтиб, амалда бошқа иш қилмайди. Улар ҳеч қачон адолатсизликка йўл қўймайди.

 

ОДАМЛАР ОРАСИДА

 

1965 йил аввалида тоғ ён бағрида бир болакай маҳлуқлар билан бирга яшаши ҳақида кимдир маҳаллий полиция маҳкамасига шипшитибди. Полиция ходимлари Маркос яшайдиган бўри инига яқинлашиб келди. Ўшанда Маркоснинг бўрилар галаси билан бирга яшай бошлаганига 12 йил бўлганди. Одамлар савол берса, тушунарди. Аммо жавоб қайтаришга ожиз эди. Гапиришни унутиб қўйганди. Фақат билгани, бўрилар каби ириллаш, ув тортишни уддаларди. Полициячилар яхши ниятда келмаганини пайқаб қоча бошлади. Бироқ отлиқлар дарров тутиб олишди ва уни отга мингаштириб маҳкамага олиб кетишди.

Маркос ҳануз яхши эслайди. Қадрдон бўлиб қолган тоғлар бағридан олиб кетишаётганда, бўри каби узоқ увиллаганди. Афсуски, ўз нафратини, истакларини отлиқларга уқтира олмасди. Чунки инсон тилида гапиришни билмасди.

— Мени отамнинг ҳовлисига олиб келишаётганда, — дея эслайди Маркос. — Қушхонага опкетишяптими деб хаёл қилгандим. Ҳозир қушхонага олиб боришади-ю, мени тилка-тилка қилиб ташлашади деб ваҳимага тушгандим. Отлиқ полициячилар ундай қилишмади. Туғилган ҳовлимга олиб келиб отам билан юзлаштиришди. Ишонасизми, мени дунёга келтирган отамнинг бир туки сесканмади. Аксинча, менга бошдан-оёқ разм солгач, уйда олиб қолишдан бош тортди. Шундан кейин полициячилар мени яна отга миндириб марказий майдонга олиб боришди. Улар мени қамаб барака топмасликларини билишарди. Шу сабабли мени марказий майдонда қолдиришди-ю, ўзлари жўнаб кетишди…

Маркос ўшандан сўнг кўп жойларда бўлди. Чўпонларга эчки, қўй, чўчқа боқишда кўмаклашди. Эвазига унинг қорнини тўйдиришди.

Ҳозир Маркос 72 ёшни қаршилади. Ҳануз ўз тилида яхши гапира олмайди. Лекин бу бўрилар тарбиясини олган одам боласи учун фожиа эмас. Негаки, деярли ҳар куни сайёҳлар у яшайдиган ҳовлига ташриф буюришади. Бўрилар билан яшаган йиллардаги хотиралари билан қизиқишади.

— Мен одамлардан барибир тил ўрганмадим, — дейди хафақон оҳангда Маркос журналистларга. — Улар мени фақат ҳасадга, бировларни кўролмасликка, ёмонликка ўргатишди. Нима қилай? Мен яқинда яна ўша афсонавий тоғ ён бағрига, бўрилар галаси томон кетмоқчи бўлдим. Аммо дарров фикримдан қайтдим. Сабаби, қариб қолдим, бўрилар мени илгаригидек кутиб олишмайди. Одамлар орасида яшаганим учун ҳеч қачон кечиришмайди.

lenta.ru

Екатерина Климушкина

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кутиб қоламиз!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here