Нон нархининг ошганига аҳолининг муносабати қандай?

0

2017 йилнинг декабрь ойида Сурхондарё вилояти Шўрчи туман деҳқон бозорида қолипли нон 1250 сўмдан сотилаётгани ҳолатини ўрганиб қайтган эди.

Ўшанда биз экспертларнинг биридан мазкур ҳолатга изоҳ беришни сўрагандик ва у шундай жавоб қилган эди деб ёзади Kun.uz нашри.

«Бу масала жуда кўп ва чуқур ўрганиб чиқилган. Олдини олиш жуда қийин бўлаяпти. Аввало, 650 сўмдан сотилиши керак бўлган 500 граммлик буханка ноннинг қиммат сотилишига сабаб —ўзимизда ишлаб чиқарилган ва нон пишириш учун давлат нархида тақдим этилаётган 1 қоп (50 кг) уннинг нархи 52.500 сўмлиги, Қозоғистонда ишлаб чиқарилгани эса бозорда 125 минг сўмлигидир.

Ўзимизда ишлаб чиқарилган 500 граммли қолипли ноннинг 1 донасини 650 сўмдан сотишлари керак. Агар ўзимизда ишлаб чиқарилган ва қолипли нон (буханка) учун мўлжалланган, қопи 52,5 минг сўмлик ун сотиб юборилса қопи 95-100 минг сўмга сотилади. Шуни нон қилиб пишириб сотса, ҳеч нарса чўнтагига қолмайди. Шу сабабли давлат томонидан арзон нархларда тақдим этилаётган унни ё қопи билан қимматроқ сотишади ёки ундан тайёрланган 650 сўмлик ноннинг нархи қимматроқ қилинади.

Бу ерда худди валюта конвертацияси, бензин нархи билан боғлиқ вазиятга ўхшаш ҳолат рўй бермоқда. Уннинг давлат томонидан тақдим этиладиган ва бозор нархи ўртасида 2 баробар фарқ бўлганидан сўнг, ўз-ўзидан чайқовчилик ва қинғир ишларга замин пайдо бўлаяпти-да. Бунга қарши на солиқчи, на бошқаси кураша олмайди.

Буни олдини олишнинг биттагина йўли бор: нархни бирлаштириш, мўътадиллаштириш керак. Фонддан ажратиб бериладиган унни йўқ қилмасак, буни куч усули билан эплаб бўлмайди, бозор механизмларини босқичма-босқич ишга туширибгина вазиятни ўнглаш мумкин. Ана шунда кейинги 3 йилдан бери 650 сўм қилиб белгиланиб, ўзгармасдан келаётган ноннинг нархи 900 сўмлар атрофида мувозанатлашади», деган эди биз билан суҳбатлашган мутахассис.

KUN.Uzда эълон қилинган таҳлилий мақолалардан бирида ун ва ноннинг давлат томонидан белгиланган баҳоси нима сабабдан эркинлаштирилаётганига изоҳ берилиб, қўшни давлатлар ва Россия Федерациясида нон нархининг 2018 йил 1 июнь ҳолатига бўлган солиштирма жадвали келтирилди.

Ноннинг нархи эркинлаштирилгач, ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин ва кескин мунозаралар бўлиб ўтмоқда.

Нарх эркинлаштирилишига қарши бўлганлар ноннинг нархи арзонлиги аҳоли даромадларининг пастлиги ва шунга мослигини важ қилиб келтиришмоқда. Кам таъминланган ва муҳтож ҳамда ногиронларга қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланиши эътибордан қочирилмоқда.

Биз Твиттер ва Фейсбук ижтимоий тармоқларида фойдаланувчилар томонидан билдирилган фикрларнинг айримларини тўплаб чиқдик

ТВИТТЕР

‏@JasurNormetov: Ҳар қандай муаммони «Муносабат» кўрсатуви давлат фойдасига оқлаб берса керак. Қойил, бу ҳам ноёб талант. Бу сафарги мавзу: нон нархининг ошгани…

@Mefistofe_l: Одамлар буханка билан ёпган ноннинг нархи деярли бир хил бўп қолдию, деб ёпган нон олишаяпти шекилли, супермаркетда тушгача ёпган нон тугабди. Ноннинг нархи ошса, гўшт ҳам ошади. Нон билан мол боқувчилар гўштнинг нархини оширса керак, дейман-да.

@Eshittizmi: Нон нархи ошадими-ошмайдими, қишлоқдаги одамларга фарқи йўқ. Улар фақат ўзлари эккан буғдойни Хитой тегирмонидан чиқариб, нон қилиб ейишади.

Лекин Тошкент шаҳрида яшовчи 3 млн. аҳолининг бундай имконияти йўқ. Мен яна бошқа шаҳарларни ёзмадим.

Ноннинг нархи 5 йилдан бери 650 сўм. Орада 2-3 марта ойлик ошди. 850 сўм бўлса, ҳечким норози бўлмаса керак.

@gentlemen_80: Нарх 850 сўм бўлмади-да. Бугундан 1200 сўм этиб белгиланди. Бугун аҳоли реакциясини кузатиш учун нон дўконларини атайлаб айландим. Ўзим гувоҳи бўлдим: пенсионерлар ва юмшоқ қилиб айтганда, кам таъминланганлар (бошқача сўз тополмадим), бундан норози бўлишаяпти.

Вилоятларда шундоқ ҳам 650 сўмлик буханка (ошмасдан олдин) ўзи почти 1200 сўм бўлган эканку. Шунинг учун ҳам индамайсизлар-да!)

@Axmedov_Az: Энг арзони 700, қиммати 1500 сўм эди. Ҳозир ҳам шу.

@Farhod_JON: Бизнинг қишлоқдаги Соҳиба опанинг дўконида бугун ҳам 750 сўмдан сотилаяпти.

@matlub: Аммо нон нархи ошиши унинг сифатига таъсир қилар, деган умиддаман. Чунки буханканинг сифати ачинарли даражада паст эди.

 

ФЕЙСБУК

Rahimjon Rahmatov: Яхши бўлипти. Шундоқ ҳам 650 сўмлик нон вилоятларда 1000-1400 гача сотилаётган эди. Энди ҳақиқий муҳтожларга ойлик компенсация тўланаркан.

* * *

Mirkozim Buxoriy: Энди нонларимизнинг сифати ошади.

* * *

Шерзод Эгамов: Ўзи неччи йилдан бери 650 сўм. Уят бўлиб кетди. Машина, бензин, ойлик, доллар ошди, нон ҳам ошсин-да, бўлмаса ҳеч ким қадрига етмайди. Ҳозир одамлар нарсани нархига қараб қадрлайдиган бўлиб кетишган.

* * *

Rauf Yakubov: Нархлар либерилизация қилинаётган бўлса, нимага пахта ва ғалланинг халкдан сотиб олиш нархи либераллашмаяпти? Либерал эркин нарх бўлса, дунё буйича 1 тонна пахтанинг нархи 8000 $ дан далангиз бошидан олиб кетилади, бу дегани 48.000.000 сўм. Агар бу нархлар ҳам либерал бўлса, унда ноннинг нархини 12000 қилса ҳам оддий халққа фарқ этмасди.

* * *

Feruz Han: Бир вақтлар одамлар купонга нонга навбатда туришган. Ҳеч ким очидан ўлмаган. Менимча, буханка нон ейдиган оилалар жуда кам бўлса керак. Бизнинг оилада қора буханка олинмаса агар, болалар ҳам емайди бу нонни, ойда-йилда бир олинмаса доимий оби нон сотиб оламиз. Кунда икки донадан. Бу ҳам ортиб қолади — кесиб қуритиб қўяман.

* * *

Alisher Xonnazarov: Ана энди ноннинг қадрига етадиган вақт келди. Айрим ноинсоф фуқаролар ноннинг уволидан қўрқмасдан ҳожатхонага, чорва молларига ем сифатида бериб, ҳаддидан ошиб кетган эди! Ноннинг энг азиз неъматлигини кўпчилик ёддан чиқариб қўйган эди.

* * *

Камол Абдуллаев: Барқарор ушлаб турилган нархлар охирги пайтга келиб нима аҳволга келди?! Аввал аҳолининг қуйи ночорроқ табақасини ўйлаш керак эди. Фейсбукда «шукур қилинглар», деб ёзаётганлар ўзи тўқ, шунинг учун уларга фарқи йўқ. Ваҳоланки, улар озчиликни ташкил қилади ва чекка вилоятлар тумандаги хақиқий ҳолатдан хабари йўқ. У ерларни ҳаттоки ҳаётида кўрмаган, бунинг устига, кўпчилиги пойтахт ва пойтахт атрофидаги шаҳарлардан бўлган ёшлар, холос.