Бухорода йўловчи автобус ҳалокатга учради. Ҳалок бўлганлар бор

0

18 сентябрь куни соат 08:30 атрофида Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида йўловчи автобуси йўл транспорт ҳодисасига учради.

Kun.uz нинг маълум қилишича, автобусдаги газ баллони портлаши натижасида 4 йўловчи воқеа жойида, 1 киши эса шифохонада вафот этган.

Автобусда жами 26 киши бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни вақтда аҳволи оғир бўлган 5 нафар бемор РШТЁИМ Бухоро филиалига ётқизилган. Яна 7 нафар беморнинг аҳволи ўрта оғирликда, 9 нафарининг аҳволи енгил бўлиб, улар Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.

«Жароҳатланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун барча зарурий чоралар кўрилиб, РШТЁИМдан хирург, нейрохирург ва реаниматолог мутахассислари санавияция тармоғи орқали юборилган», дейилади хабарда.

Ҳозирда жабрланганларнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар аниқланмоқда.

Автоҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган.