ИБЛИС ДЕВОРИ… (2-қисм)

0

Текширувчиларга рўпара бўлишга илҳақ катта-кичик машиналар карвони адоғига биқинига қоплоннинг сурати чизилган эски автобус яқинлашиб, аста тўхтади. Қайси бир мамлакатда
хизматини адо этиб бўлгач чиқитга ташланишга тайёрланган автобусни арзон-гаровга сотиб олиб, у ер бу ерини ямаб-ясқаб, тирикчилигига яратиб юрувчи ҳайдовчи пастга тушди-да,
карвонга назар солди. “Тоза тўпланибди-ку, занғарлар, кечгача пашша қўриб ўтирамиз шекилли”, деб ўзича ғўдранди-да, олға томон юрди. Олдинги ўриндиқда мудраб келаётган йигит керишиб, роҳатланиб эснагач, пастга тушиб, ҳуштак чалиб қўйди-да:
-Ўчоқ-қозон бўлса ош дамлаб еб олишга бемалол улгурарканмиз, – деди.
Бу гапдан кейин яна тўрт киши пастга тушди.
-Икки минг километрни қанча вақтда босиб ўтган бўлсак, икки минг қадамни ҳам худди шунча вақтда босиб ўтамиз, – деди улардан бири.
-Бошга тушганни кўз кўради, – деди уларнинг сабрлироғи.
Автобуснинг ўрта ўриндиғида икки жувон ўтирибди. Ёши каттароғининг исми Ободхон, унинг ёнидагисиники Махсума. Ободхон туғилганида ота-она томонидан шундай исм қўйилиши
сабабини ҳеч ким билмайди. Унинг баъзи хурмачақилиқларидан баҳраманд бўлган айрим одамларнинг “Бу Ободхон эмас, нақ Офатхон!” деб қўйишларини яхши ҳамки ер еткизмайди, йўқса, бечора ота-онанинг гўрларида тик туришлари аниқ. Яна бир эҳтимол борки, унга кўра етти кунлик Ободхоннинг қулоғига азон айтувчи киши тили чучуклиги туфайлими ё бошқа сабаб биланми “Офатхон” деб юборган бўлиши ҳам мумкин.
-Мана, оповси, Худогинага шукур, эсон-омон етиб келдик. Бир қадамлик йўл қолди. Энди бу ёғига шошилманг. Мижоз келса молни арзонга берманг. Бир-икки кун сотмасангиз ҳам қиммат
сўраб тураверинг. Тушунмасангиз дарров менга телпон қилинг. Биринчи марта савдога чиққан одамнинг иши осонмас, ўзимнинг бошимдан ўтган.
-Ободхон опа, мендан қайтмаса Худодан қайтсин, яхшиям сиз бор экансиз. Мол сотилганидан кейин фойдасидан хурсанд қиламиз ҳали.
-Вой, оповси, қўйинг шу бачки гапларни, менга савоб керак.
Агар иблиснинг кулгисини эшитиш мумкин бўлганида шу гапдан кейин автобус қаҳ-қаҳадан ларзага келарди. Иблис телба эмас, бекорга кулмайди. Ободхоннинг қандай савоб илинжида
юргани унга сир эканми? Бу илинжни унинг юрагига яхшилаб жойлаб қўйган иблис билмай яна ким билсин? Ободхон ҳамрохини тижоратнинг “дунё аҳлига номаълум асрори” билан таништириш мақсадида гапдан тинмади. …молни арзон олгину қимматга сот. …арзон олиш учун ҳам, қимматроққа сотиш учун ҳам ўзингни бечораҳол қилиб кўрсат. Ўлмаган эрингни ўлди десанг ҳам бунақа ёлғонни Худо кечираверади, чунки бу ёлғонни
юракдан чиқармайсан, тил учида айтасан. “Етимларим бир бурда нонга зор”, деб йиғласанг ҳам ёлғонга ўтмайди, чунки бу фойдани барибир болаларингга егизасан. “Болаларим!” деб астойдил йиғласанг Худонинг ҳам меҳри жўшиб кетади-ю, фойдани кўпайтириб беради. …молни қариндошларга сотма. Фойданинг бошини ейди бу қариндош ўлгурлар. “Бу молларимнинг сифати яхши эмас, келгуси сафар сизга яхшисидан алоҳида танлаб-танлаб олиб келиб бераман”, деб туравер. Кейинги сафар эсингдан чиқиб қолса гуноҳкор бўлмайсан. …топган пулингни уйим, рўзғорим деб совураверма. Эрингдан яшириб қўядиган молинг ҳам бўлсин. Замон қалтис, хотин кишининг бошига нималар тушади, Худо билади. Ободхоннинг чап елкасига эга чиққан иблис роҳатланади. Унинг энг салоҳиятли шогирдлари ҳам дарсини бу қадар зўр ўзлаштиришмаган эди. Иблис анойи эмас, вақти келиб қолса, бу хотиннинг “Мени шайтон йўлдан урди!” деб фарёд уриши унга маълум. Киёмат бошланиб, дўзахга ҳукм бўлганида барча айбни иблис зиммасига ағдаришини ҳам билади.
Ободхон сингари яшаб ўтганларнинг ана шу даъво илинжида қабр азобларини тотиб ётганлари ёлғиз Яратганга маълум. Бу хотинга ва унга ўхшаш миллионларча даъвогар бандаларга иблиснинг айтадиган гапи аввалдан тайин:
-Ҳа, йўлдан урдим, бу менинг касбим эди. Сенинг бурчинг мен – иблиснинг эмас, Раҳмоннинг сўзларига амал қилиш эди. Мен сени дўзах остонасига қадар олиб келишни орзу қилиб эдим, ниятимга етдим. Энди сенга оқ йўл, дўзах ўтлари сенга муборак бўлсин!
Ҳали бу дақиқага адоғи Аллоҳгагина маълум бўлган саноқсиз йиллар бор. Ободхон ва унга ўхшаганлар бу дунёнинг ёлғончи лаззатларидан тўйиб олишлари керак. Кейин ўлим, кейин
қабр азоблари. Сўнг қиёмат даҳшатида тирилиш. Сўнг эса ҳукм!..
Аллоҳ бандасига ҳидоят берса, иблис орзу қилаётган бу оқибат юз бермас. Ҳозирча Ободхон елкасидаги иблисни қувонтириб жавраётганини ўзи билмайди. Иблиснинг бир хотин гапларидан қувониб ўтириши ҳолва. Ҳадемай унинг навбатдаги тўю тантанаси бошланади. Тўю тантанага “навбатдагиси” деб сифат берилиши бежиз эмас. Банда тер тўкиб, йиғиб-териб тўрт йилдами ё беш йилдами биргина тўй қиладию бор-йўғини совуриб,
шумшайиб қолаверади. Иблис ҳам тер тўкади, залолат аҳлини атрофига йиғиб-тергани замон ҳаяллатмасдан тўйини бошлаб юборади. Бандадан фарқли ўлароқ, у битта тўй билан ниятига
ета қолмайди. Тўйни тўйга улайверади. Автобус ҳайдовчисидан анчагача дарак бўлмади. Кўпчилик бетоқат бўлиб автобусдан
тушди, бировлар сабрсизлик ўтини совутиш мақсадида нари-бери юра бошлашди. Гадой топмас сўқмоқлар орқали чегарадан ўтказиб қўювчи аравакашлар эса сал нарида бир имога илҳақ
бўлиб қараб туришибди. Автобус ҳайдовчиси руҳи синган бир аҳволда қайтди. Йўловчиларнинг “Нима гап, яқин орада жиламизми ё йўқми?” деган саволларига қисқа қилиб:
-Автобусга чиқинглар, гап бор, – деди. Ҳамма чиқиб, жой-жойига ўтиргач, янгиликни маълум қилди:-Ишнинг ишкали чиқиб қолди. Қаттиқ текшириляпти. Бож тўлашга тайёрланиб туринглар.
-Ҳов акахон, биз унақага келишмаганмиз. Сиз бизни савдогар эмас, сайёҳ деб теп-текинга олиб ўтишга ваъда бергансиз, – деди олдинда ўтирган йигит.
-Бож тўласак уйимиз куяди-ку!-деб бақирди Ободхон уни қўллаб.
-Мен бўладиган гапни айтдим. Келишадиган танишлардан биттаси ҳам йўқ, бошқа одамлар ўтиришибди. Эпласаларинг ўзларинг бориб гаплашинглар. Мен пулларингнинг бир қисмини қайтариб бераман, – деди ҳайдовчи.
-Ў, ўғил бола! Эркакнинг гапи бунақа мағзава бўлмайди, – деди биринчи қатордаги йигит жаҳл билан. – Биз-ку, гаплашамиз. Лекин сиз пулимизни тийин-тийинигача қайтарасиз.
-Сал ўпкангни босиб гапир, – деди ҳайдовчи аччиқланиб. – Нима, бу дунёда битта сен эркакмисан? Бор, гаплаш, олиб ўт! Пулингни икки ҳисса қилиб қайтармасам итнинг боласи бўлай! Ҳайдовчи чўнтагидан халтача чиқариб кафтига нос тўкди-да, сўнг тилининг тагига ташлаб, пастга тушди.
-Ким мен билан боради? – деди йигит. – Пул олмайдиган божхоначи ҳали туғилмаган бу дунёда. Битта китобда ўқувдим, пора олмайдиган одам йўқ, пора беролмайдиган моллар бўлар
экан. Бу акамиз шунақаҳилидан. Эркакликка даъвогар йигитга яна икки киши қўшилгач, мардонавор тарзда йўлга тушдилар.
Улар ўзларича ҳайдовчига жаҳл қилиб боришарди, унинг онасию хотинию қизларини эшакками, итгами рўпара қилиб сўкинишдан тилларини тийишмасди. Аслида-ку, иблис уларни қўлларидан тортиб, судраб бўлса-да шу йўлга солмоқчи эди. Иблиснинг бахтини қарангки, бу бандалар унинг енгилгина турткиси билан сапчиб тура қолишди. Ҳайдовчининг гапига кирсалару, молларини ҳисоб-китоб қилиб, бож тўлашга тайёрланиб ўтирсалар иблис бечора аламдан бошини қайси тошга уриб ёрарди. Ҳар тугул, унинг боши ёрилмайдиган бўлди. Иблисга итоат этган вакиллар ҳайъати йўлга тушгач, Ободхон яна тилга кирди:
-Шилта аралашган иш доимо шунақа бўлади. Ҳаромнинг касофати ҳаммага баравар уради. Иблис девори (қисса). Тоҳир Малик

-Қайси ҳаром? – деб ажабланди Махсума.
-Ўзингизни билмаганга олманг, оповси, учинчи қаторда ўтирган опачангизни айтяпман.
-Вой,ҳали у?..
-Ғирт ўзгинаси. Бозорда имловдим, тушунмадингизми? Қийшиқ кўз ўлгур менга бермаган молини унга ярим нархига берди-ку? Ичкари кириб чиққанини кўрмай ғафлатда қолибсиз-да?
-Унақамасдир, кетаётганимизда эри билан хайрлашиб йиғловди-я?
-Ҳали кўриб турасиз, автобусдан тушиши билан эрининг бўйнига осилиб, “соғиндим акажоним”, деб йиғлаб беради. Эр деганам шунақа аҳмоқ бўладимией! Махсума “вой ўлай”, деди-ю, бошқа гап қўшмади. Баъзилар одамлар кўп тўпланадиган жойни маҳшаргоҳга қиёслашади. Бир учи чегара манзилига тақалган машиналар карвони маҳшаргоҳ эмас. Орадан қанча йиллар ўтиб
маҳшаргоҳда тўпланиш олдидан бир имтиҳонга ўхшаш ҳаракат халос. Қайта тирилган бандалар маҳшаргоҳда Яратган ҳукмини кутишиб дир-дир титрасалар, бундагилар божхоначи билан бўлажак учрашувдан титрайдилар. Унда дўзахга рўпара бўлишдан қўрқадилар. Бунда пулдан ажралишдан. “Пулдан ажралиш ташвиши дўзах азобига рўпара бўлишдан ҳам аянчлироқ!” Иблис уларнинг юракларига шундай деб ёзиб қўйган.
Яқиндагина шердек юриш билан олға кетган вакола ҳайъатининг қуруқ қайтаётганлари юришларидан маълум эди. Ободхон буни англади-ю, шарт ўрнидан турди.
-Бу латтачайнарлар билан иш битмайди, кетдик!
-Қаёққа? – деб ажабланди Махсума.
-Ана, чегарадан аравакашлар ўтқазиб қўйишади. Озгина чиқим қиламизу бу автобус ўлгур жойидан силжигунича биз уйда бўламиз. Ободхон автобусдан тушубоқ аравакашларга қараб имлади. Улардан иккитаси илдам етиб келгач, савдолаша бошлади. Аравакашлардан бири Ободхон айтган нархга кўнди иккинчиси эса кўл силтаб нари кетди. Махсума бошқалар ҳам шундай қилишармикин, деб автобусдагиларга қараб-қараб қўйди. Бошқалар “чиқмаган жондан умид”, деганларидай божхона ходимлари билан келишув орзусида ўтирганлари учун Ободхонга қўшилмадилар. Махсума ҳам “Кўпчилик нима бўлса мен ҳам шу” деган қарорга келай деганида Ободхоннинг бир чимирилиб қарашию бир нордон гапи билан унга қўшила қолди.
Автобус юкхонасидан молларини олиб аравага ортишгач, Ободхон кира ҳақини қайтариб беришни ҳайдовчидан талаб қилди.
-Мен божхона билан ўзларинг келиша олсаларинг қайтариб бермоқчи эдим, – деган ҳайдовчи балога йўлиқақолди.
-Қанақа эркаксан, ўзинг, белингда белбоғинг борми, бўлмаса иштонимни ечиб бера қолай,
кийиб ол. Икки ҳисса қилиб қайтариб бераман, девдинг-ку, ўл-а, эркак бўлмай. Бу гапдан бўзариб кетган ҳайдовчи чўнтагидан бир даста пул чиқариб унга узатди:
-Ма, тўйгунингча ол, виждонсиз. Сен ўтган сафар “пулим етмай қолди” деб ҳаммасини тўламагансан. Иккинчи шу автобусга яқинлашганингни кўрайин…
-Нима қилардинг? Гапир, гапинг ичингда қолмасин. Биз бормиз, сенинг тирикчилигинг ўтиб турибди. Бу шалоқ аравангни пишириб е! Энди мен амирликка қатнайман, беминнат самолётда
бориб келаман, билдингми? Ободхон шу гапларни айта туриб керакли пулини санаб олгач, қолганини қайтарди. Ҳайдовчининг “сен тушадиган самолёт ҳам хароб бўлади”, деб минғирлашдан бошқа иложи қолмади. Аравакаш аравасини номи кўча деб аталган лекин ўйдим-чуқур бўлиб ётган дала йўлига ҳайдади. Арава усти мол билан тўлгани сабабли аёллар пиёда кетдилар.
-Сен бизни лақиллатдинг, шумтака, – деди Ободхон, – Ҳали ҳисоб-китобда дод демайсан. Яёв юришимни билганимда сўраганингнинг ярмисини ҳам бермасдим.
-Молингиз кўп бўлса айб мендами, женгеше? – деди аравакаш.

-Аравангни каттароқ қилсанг ўласанми? – деди Ободхон.
-Эгасига айтаман, энди келишингизга каттароғини ясаб қўяди, – деб минғирлади аравакаш. Шу тарзда айтиша-айтиша номи дарё аталгани билан эни ўн қадам ҳам чиқмайдиган анҳор соҳилига етдилар. Оқимга қарши яна озгина юрилгач, олти хонадондан иборат қишлоқчага кириб бордилар.Арава учинчи хонадон сари бурилди. Икки хонали пастак уйнинг ёнидаги темир дарвоза ланг очиқ эди. Атрофда девор бўлмагани ҳолда бундай дарвозанинг мавжудлиги Махсумани ажаблантирди, Ободхон эса эътибор бермади. Ҳовлининг этаги анҳорга тақалган. Анҳор узра беш-олти қатор қалин сим тортилган, ҳар бир симга катта сават кажава илиб қўйилганди. Соҳилда эса эски бир қайиқ лопиллаб турарди.
Расмий харитада бу анҳор давлат чегараси ҳисобланарди. Анҳор ёқасида мижоз кутиб ўтирган кажава эгаларининг вазифалари эса аҳли тужжорни бир мамлакатдан иккинчисига ўтказиб кўйишдан иборат эди. Минг йиллар аввал бир кишининг тантилик билан айтиб юборган “эркак битта гапиради!” деган гапи мақолга айланган. Замонга беш кетиш керак, энди хотин киши ҳам битта
гапирадиган бўлди: Ободхон йўлда айтган аҳдига содиқ қолиб, аравакашнинг ҳақидан чегириб қолди. Бу орада кажава эгалари унга яқинлашишди.
-Булар билан келиша олсангиз нариги қирғоққа ўтказиб қўйишади, – деди аравакаш норози оҳангда.
-Нега мен келишарканман? Сен билан ўша қирғоққа ўтказиб қўйишни гаплашганман.
-Эсингиз жойидами женгеше, арава дарёдан сузиб ўтмайди-ку?
-Унисини билмадим.
-Женгеше, ҳамма арава шу ергача келади. Анҳорнинг нариги бетида ўзингларнинг машиналаринг бор.
-Менга ақл ўргатма, буни ўзим ҳам биламан. Сен молларимни битта-битталаб елкангда ташиб бўлсаҳам ўтказибқўясан.
Ободхон гапини тугатмай, ҳовлига кажавали мотоцикл патиллаб кириб келди. Бири ҳарбий, яна бири милиция кийимидаги икки киши мотоциклни Ободхондан ярим қадам берида тўхтатди.
-Бошимга чиқариб тўхтата қолмадингда аравангни, – деди Ободхон аччиқланиб.
-Давлат чегарасида нима бўляпти? – деб сўради милиция кийимидаги йигит, сўнг аравадан тушириб қўйилган молларга қараб ўзича хулоса чиқарди:- так, так… контрабанда!
-Қанақа банда? Ўзинг кимсан? – деди Ободхон уни жеркиб.
-Биз давлат чегараси хизмати ходимларимиз. Ҳужжатларингизни кўрсатинг.
-Аввал ўзинг кўрсат.
-Биз бошқа давлат одамларига ҳужжатимизни кўрсатмаймиз. Сен ҳужжат кўрсатмасанг ҳам ҳаммаси равшан. Сен… – йигит шундай деб Махсумага қараб олди, – бу хотин ҳам сен биланми?
– Ободхондан жавоб кутмай аравакашга қаради:-сенам шулар билан биргамисан?
-Мен буларни танимайман. Бу уй тоғамники, меҳмонга келганман. Ҳозир икки қоп буғдой ортиб уйимга кетаман, – деди аравакаш.
-Сен боравер, – деди йигит аравакашга, кейин кажава эгаларига қараб бақирди:-сенларга томоша борми, жўналаринг!Ҳозир ҳаммангни олиб бориб турмага тиқаман!-Бу таҳдиддан кейин
улар соҳил томон юрдилар. Йигит эса қошларини чимириб, Ободхонга қаради:-Сенлар Давлат чегарасини бузишда айбланасанлар. Жиноят кодексининг ўттиз саккизинчи моддаси, энг камида беш йил ўтирасанлар. Молларинг давлат ҳисобига мусодара қилинади. Агар молларингнинг ичида қорадори топилса жиноят кодексининг етмиш учунчи моддаси билан
отиласанлар. Йигит худди жиноят кодекси моддаларини сув қилиб ичиб юборган каби ишонч билан гапирдики, Махсума уни эшитиб ҳушини йўқотаёзди. Йигитнинг гаплари шунчаки
огоҳлантириш эмас, балки суд ҳукми бўлиб туюлиб қўрқувдан ранглари оқарди. “Вой шўрим!” деб йиғини бошлаб юборди.

Тохир Малик